Болалигимда телеэкран орқали намойиш этиладиган “Сирли сандиқ” кўрсатувини ҳар бир сонини қолдирмай кўрардим. Бошловчининг ҳар бир сўзни дона-дона, аниқ ва тиниқ талаффуз қилиши, бир маромда тутилмай гапириши кишини ҳайратга соларди. Кейин эса бу телебошловчининг “Алифбо сабоқлари” кўрсатувида араб ёзувидан ўтаётган дарсларини кузата бошладим. Телесабоқ жуда оддий ва тушунарли қилиб ўтиларди. Аммо, негадир ўша пайтда биз бу кишининг исмлари билан эмас, Сирли сандиқ, деб атар эдик. Университетга кириб ўқий бошлаганимизда бир куни аудиторияга Раҳимбой Жуманиёзов савлат тўкиб кириб келдилар. Шу пайт кўпчилигимиз, “Вой, Сирли сандиқ-ку”, деб юборганмиз. Бизнинг курсимизга ҳам шу инсонинг сабоқларини олиш насиб этди. Айнан шу устозимиз бизга, “Ҳар бир журналист, у қайси вилоят, туман ёки шаҳарда туғилиб ўсганидан қатъий назар адабиий тилда гапириши шарт ва зарур”, деб уқтирар эдилар...
Устознинг болалик хотиралари ҳали ҳеч қайси нашрда ёритилмаган экан. Бугун биз биринчилардан бўлиб “Гулхан” журнали саҳифаларида Сирли сандиқ соҳибининг болалик хотиралари ҳақида суҳбатлашдик.
СИРЛИ САНДИҚДАГИ ХОТИРАЛАР
Сирли сандиқ номи билан машҳур иқтидорли олим ва педагог, филология фанлари номзоди Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ иштирок этган даврага кирсангиз, тадбирда қатнашсангиз устознинг нотиқлик қобилиятига қойил қоласиз. У киши “Халқ даҳосининг кўзгуси”, “Эски ўзбек ёзуви”, “Алифбо сабоқлари”, “Халқ ижоди – ҳақ ижод”, “Алифбо”, “Нутқий маҳорат”, “Туркий савод”, “Донг қозонган достон”, “Ҳарфлар тилга кирганда”, “Дил – қулф, тил – калит”, “Ҳарфлар гулшани”, “Тошкентдан гапирамиз”, “Нотиқлик санъати” каби кўплаб китоблар муаллифи.
Шунингдек, “Алифбо сабоқлари”, “Ғазал бўстони”, “Сирли сандиқ”, “Муқаллидлик майдонида”, “Иқтидор” номли бир нечта интеллектуал-телевизион кўрсатувларнинг муаллифи ва бошловчиси сифатида танилган устоз ҳозирги кунда “Нотиқлиқ санъати академияси” таълим муассасасининг директори вазифасида фаолият кўрсатмоқдалар.
БОБОМНИНГ САБОҒИ
Мен 1960 йил Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Хосиён қишлоғида туғилганман. Оилада беш ўғилмиз – мен ва укаларим Икромбой, Давронбек, Баҳромбой, Азимбой. Отам – Маткарим Жуманиёзов тракторчи, онам – Пошшахон Матёқубова она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлиб, таълим соҳасида 55 йил ишладилар. Биз бувим ва бобом (онамнинг ота-оналари) билан бирга яшардик. Бувим – Розияжон Муҳаммадшариф қизининг кўзлари ожиз бўлса-да, бизни овозимиздан тезда таниб олар ва кўп китоб ўқиттирардилар. Гоҳида бувимнинг йиғлаб ўтирганларини кўриб қолардим. Кейинчалик билсам, бувимнинг тўнғич фарзанди – Холмурод тоғам урушга кетганича қайтмаган, у кишидан фақатгина “Бедарак йўқолди”, деган хат келган экан. 45 йил эшикка кўз тикиб, тоғамнинг келишидан умидвор бўлган бувижоним кута-кута ахийри армон билан оламдан ўтдилар...
Бобом – Матёқуб Матжон ўғли кичкина укам Икромбойни кўп эркалатар, унга кўп ширинликлар берардилар. Кунларнинг бирида бобомга “Менга ширинлик бермайсизми?” деб жаҳл қилдим. Бобом эса “Ахир сен катта боласан-ку!” дедилар. Шунда “Менга ширинлик бермасангиз, сиз ҳам чой ичмайсиз”, дедим-да, электр чойнакни токдан узиб олиб, қўлимда кўтарганча ҳовли томон югурдим. Бобом хавотирданми ёки жаҳли чиққаниданми, билмайман, мени қувлаб, тутиб олишга роса ҳаракат қилдилар. Уддасидан чиқолмагач, укамни ёрдамга чақирдилар. Қўлимдаги иссиқ чойнакка эътибор ҳам бермай югураверибман. “Қўлга тушганим”дан сўнг бобом иссиқ чойнакни олар экан, юзимга аямай бир шапалоқ туширдилар. Кейинроқ етиб келган ойим ёнимни оламан, деб бобом билан тортишиб қолди. Шунда бобом, “Фарзандларинг сен учун азиз бўлса, набираларим мен учун Худойимнинг энг қадрли туҳфасидир. Лекин бола одоби билан азиз”, деб ранжиган эди. Бобом билан онамни ноқулай аҳволга солиб қўйганим учун ҳозиргача ўша қилган ишимдан уялиб юраман.
Бобом доимо мени ёнларида олиб юрардилар. У киши билан муқаддас қадамжоларга тез-тез зиёратга борардик. Калтаминор, Исломхўжа минораси қадамжоларига борганимизда пештоқлардаги араб ёзувидаги битикларни кўриб, бу ерда нима деб ёзилган экан, дея жуда қизиққанман. Шу сабаб бўлди-ю бобомдан араб ёзувини ўрганишга киришдим...
ЧУЧУК ТИЛИМ НЕ ҚИЛДИ?
Мен қишлоғимиздаги 22-мактабда ўқиганман. Онам шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлардилар. Бу ерда ҳамма онамни ҳурмат қилишини кўриб, ич-ичимдан ўқитувчи бўлишни, мени ҳам “Устоз” деб чақиришларини орзу қилардим. Мактабга чиққан бўлсам-да, лекин “Р” товушини талаффуз қилишга қийналар эдим. Аррани айя, маррани майя, тракторни тяктой... деб айтардим. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. “Алифбе” байрамида устозим Бибижон Отажонова ҳар бир ўқувчига биттадан ҳарфни бўлиб бердилар. Аксига олиб менга “Р” ҳарфи тушди. Мен шу ҳарф билан бошланадиган шеър айтишим керак эди... Тадбир бошланишидан олдин ўқитувчим бир такрорлаб оламиз, деб катта залда ҳамма болаларни бир қатор қилиб тизиб чиқдилар. Бошимизда ўз ҳарфимиз шакли туширилган қоғоздан ясалган тож. Ҳаммамиз бирма-бир шеърларимизни айта бошладик. Шу пайт залга кириб келган ойим тожимдаги “Р” ҳарфини кўриб юзлари тундлашди. Сўнг ўқитувчимга секингина нимадир дедилар. Ўшанда устозим “Вой, эсим қурсин. Исми Раҳимбой бўлгани учун “Р” ҳарфини бергандим”, дедилар. Кейин менга бироз тикилиб турдилар-да, “В” ҳарфидаги синфдошим билан шеърларимизни алмаштириб, тез ёдлаб олинглар, дея тайинладилар. Шеър атиги тўрт қаторли бўлгани учун қийналмай бирпасда ёдлаб олдим. Осон ёд олган бўлсам-да, негадир менга “В” ҳарфининг шеърини айтиш анча қийинроқ туюлди. Тадбир бошланди. Залга одам шунчалик тўлиб кетдики, ўриндиқлар етмагани учун кўпчилик тик турган ҳолда томоша қила бошлади. Шеър айтиш навбатим келганда мени қаттиқ ҳаяжон босди. Ўзимни бир амаллаб қўлга олдим-да, шеъримни баланд овозда айтиб бердим. Шеър мана бундай эди:
Валибойда зўр ит бор,
Бўйнида тасмаси бор.
Кўриб қолса бирон ов,
Олиб келади дарров.
Мен эса:
Валибойда зўй ит бой,
Бўйнида тасмаси бой.
Кўйиб қолса биён ов,
Олиб келади дайёв, –
дея баланд овозда ўқиган эдим, залда “гур” этиб кулги кўтарилди. Олдинги қаторда ўтирган Қадамбой оға деган устозим менга қараб, “Амалладинг, Ейимбой”, дедилар. Кўзларим ёшга тўлганича онамнинг ёнига югуриб бордим: “Онажон, нега мен шеър ўқиганимда ҳамма кулди?” деб сўрадим. Шунда онам, “Болам, сен шеърни ҳаммадан чиройли ўқидинг. Худо хоҳласа, менинг оғлим келажакда эл танийдиган инсон бўлади. Чунки энг машҳур инсонларнинг кўпчилиги болалигида шеърларни худди сендек ўқиб беришган экан”, дедилар. Шунда мен кўзимдаги ёшларни артиб, қувонганимча “Худога шукуййй”, дедим. Кейин эътибор қилсам, “Р” ҳарфи учун ёд олган шеъримда атиги биргина – ракета сўзи бор экан. Шошганидан ўқитувчим аҳамият ҳам бермабдилар. Орадан шунча йил ўтди. Аммо бу шеър мен учун шунчалар қадрдон бўлиб қолдики, ҳаттоки набираларимга ҳам кулиб айтиб бераман.
Ҳамма фанлардан аъло баҳоларга ўқирдим. Шунинг учун мактабни тамомлаш арафасида мени олтин медаль олувчилар рўйхатига киритишди. Бизнинг синфдан икки ўқувчининг номзоди берилди. Аммо ҳар бир синфдан атиги биргина ўқувчига олтин медаль бериларди. Баҳоларимнинг аъло бўлганлиги сабабли олтин медаль менга берилади, деган хаёлда кўнглим тўқ эди. Лекин олтин медаль менга эмас, синфдошимга берилди. Шу воқеадан бир неча кун ўтиб, онам уйга бўшашибгина кириб келдилар-да: “Ўқитувчилар хонаси”да ўтиргандик. Математика ўқитувчинг бирдан, “Ким менинг аълочи ўқувчимнинг баҳоларини ўзгартириб чиқди?” деб қичқириб юборди. Кўнглим бир нимани сезгандек “шув” этиб кетди. Ўрнимдан туриб журналга бориб қарадим. Не кўз билан кўрайки, “5” баҳоларингни “3” га ўзгартириб чиқишибди. Ишни жуда пухталик билан қилишибди. Бешнинг бош тарафини ўчириб, осонгина учга айлантириб қўйишибди. Ўқитувчинг сени яхши билгани учун баҳога синчиклаб қараб сезиб қолибди. Бир жойда ишлаб туриб, кўзингга тик қараб, адолатсизлик қилишса одамга алам қиларкан”, дедилар. Ўшанда мен олтин медаль ололмаганим учун эмас, онамнинг кўз ёшларини кўриб, ноҳақликдан дилим оғриган...
ДОМЛАСИ ИЧИДА
Мактабни тамомлагач, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетига ҳужжат топширдим. Аммо икки йил ўқишга киролмадим. Мактабда аъло баҳоларга ўқиб, китоб мутолаасидан бош кўтармаган ўғлининг ўқишга киролмаётгани ота-онамни ҳайрон қолдирарди. Мен ўзимни ҳеч нимани билмайдиган, билимсиз одамдек ҳис қилардим. Тушкунликка туша бошлаганимни кўрган ота-онам ҳужжатларимни олиб, Олий таълим вазирлигига боришди. Вазирликдаги Афанасев деган киши ота-онамнинг шикоятларини эшитиб, ҳужжатларимнинг чеккасига бир нималар деб ёзиб берибди. Шундан сўнг мени ўқишга қабул қилишди. Лекин юрагимда аллақандай ҳадик ва қўрқув бор эди. Сабаби, филологияда ўқийдиганларнинг билими жуда кучли, уларнинг ичида ўқий олмайман, у ерда таҳсил олган тақдиримда ҳам беш йиллик ўқишни амаллаб тамомласам керак, деб ўйлардим. Дарсларга қатнашиб, бир неча кун устозлар-у талабаларни кузатиб кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Бу ерда ҳаттоки ўзининг исм-шарифини ҳам тўғри ёза олмайдиган талабалар талайгина эди. Мен ўтган вақтимга, ютқазган йилларимга эмас, худди мендек адолатсизлик сабаб ўқишга киролмай, қийналиб юрган тенгдошларимга ачинганимдан йиғладим.
Эски ўзбек ёзувини ўрганишга бўлган иштиёқим кундан кунга кучайиб борарди. Ҳар куни бир нечта янги сўзларни ўрганиб, ёзиб чиқардим. Тан олиб айтаманки, кирилл ёзувидан кўра, араб ёзувини ҳуснихат даражасида ёзардим. Араб ёзувини мукаммал ўрганганим сари бир нечта китоб ва ўқув қўлланмалар чоп эттира бошладим. Уларнинг орасидаги “Эски ўзбек ёзуви” номли китобим ўша йиллари 500 минг нусхада нашр этилди.
Дўстларим билан Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрига бордик. Мўлжалланган ишларни бажариб, ул-бул харид қилиш мақсадида бозор ораладик. Бозор эшигининг ёнида китоб сотиб ўтирган отахонга кўзим тушди. Китоблар орасида ўзимнинг “Эски ўзбек ёзуви” номли китобимни кўриб қувониб кетдим. Отахоннинг ёнига бориб китобимни кўрсатиб: “Отахон, китобингизни нархи қанча?” деб сўрадим. У киши менга бошдан оёқ разм солди-да, менсимаган оҳангда “50 сўм!” деди. “Ахир бу китобнинг асл нархи 2 сўм-у 80 тийин бўлса. Инсоф сари барака, отахон. Майли, сизнинг ҳурматингиз учун шу китобга 30 сўм бераман”, дедим. Шунда отахоннинг росманасига жаҳли чиқиб: “Сен бола ниманиям тушунардинг. Бу сен ўйлагандек оддий китоб эмас. Бу китобнинг домласи ичида”, деди қатъий қилиб. Отахон бу гапи билан китобнинг услубий ва метадологик жиҳатдан ўзи ўргатишга қулай эканлигини тушунтирмоқчи бўлди. Ёнимдаги дўстларимдан бири кулганича, “Ота, қўлингиздаги китобни мана шу боланинг ўзи ёзган”, деди. Отахон эса қовоғини уйганича: “Мен билан ҳазиллашманглар, бу бола ким бўлибди? Жуманиёзов деганлари соқоллари мана бу ергача тушадиган мўйсафид”, дея қўлини қорнига қўйиб кўрсатди. Шу тобда дунёда мендан бахтли инсон йўқ эди. Кўз нуримни тўкиб ёзган китобимни улуғлаётган отахоннинг сўзлари менга мингта мукофотдан афзал эди...
Йиллар ўтиб менга телеэкран орқали юртдошларимга араб ёзувидан сабоқ бериш бахти насиб этди. Ўша пайтда “Алифбо сабоқлари” кўрсатуви минг-минглаб мактублар келадиган дастурга айланганди. Онам ҳар гал кўрсатувни кўрганларида, “Болам, мен фақат ўзимдан кичик бўлганларга дарс берганман. Сен эса телеэкран орқали катта-ю кичикка сабоқ беряпсан. Шунча олимлар, тажрибали устозлар турганда бу бахт фақат менинг ўғлимгагина насиб этди”, деб қувонар эдилар. Кўча-кўйда ёши улуғ кишиларнинг “Устоз, сизнинг кўрсатувингиз орқали араб ёзувини ўрганяпман. Муқаддас “Қуръони Карим”ни қийналмай ўқияпман. Умрингиздан барака топинг”, деган сўзларини эшитганимда дунёдаги энг бахтли инсонга айланар эдим...
Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА.