ЎКТАМ ОВОЗЛИ БОШЛОВЧИ


   Мамлакатимиз телевидениеси тарихидаги эркак дикторларнинг биринчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, доцент, олий тоифали диктор Ўктам Жобиров ҳаёт бўлганларида шу куни, 12 Октябрда яна бир баҳорни қарши олган бўлар эдилар. Бугун номи чиққан сухандонлар ҳаммаси шу инсоннинг устахонасида тобланган. Гарчи уларни ўзларини ҳам, телевизордаги чиқишларини ҳам кўрмаган бўлишса-да, деярли ҳамма каналлардаги бошловчилар ҳам ўша устознинг йўлида, у яратган мактабга суяниб фаолият юритишяпти. 
    Ўктам Жобиров чекка қишлоқдан бахт излаб Тошкентга келар экан, уни қандай шарафлар кутаётганини албатта, билмаган. Балки шуҳрат, шону шараф ўз-ўзидан келмаслигини, бу йўлда жидду жаҳд қилиш, узоқ тер тўкиш кераклигини яхши билгандир. Ҳар қалай, аввал институт, кейин радио деган сирли даргоҳга қадам қўяркан, сухандон бўлишни, элу юртга яхшиликлар ва янгиликлар етказишни орзу қилиб, ўша даврнинг энг улуғ дикторлари Туйғуной Юнусхўжаева, Қодир Мақсумовлар устахонасига тушиб қолади. Тезгина, ярқ этиб шуҳрат осмонига чиқишга интилмай, касб маҳоратини пишиқ ва асосли қилиб ўргана бошлайди. Устозларини рози қилиб, уларнинг қўллаб- қувватлашлари билан турли эшиттиришларга бошловчилик қила бошлайди. 
  Сухандонлик! Бир қарашда жуда осондек, ҳамма ҳам эплай оладигандай кўриниши мумкин. Аммо бу шунчалик заҳматли касбки, оддий одам тасаввур ҳам қилолмайди. Баъзан битта ҳарф, биттагина товушни тўғри талаффуз қилишни ўрганиш учун қанча вақт кетади. Ахир сухандон мактаб боласи эмас, олий маълумотли мутахассиску! Шундай бўлса ҳам ўзимиз сезиб-сезмай юрган бир қанча камчиликларимиз борки, кундалик ҳаётда фазилат бўлиб ҳисобланиши мумкин бўлган бу кўриниш диктор, сухандон учун нуқсон ҳисобланади. Ҳаммамиз ҳам бу йўлдан ўтганмиз. Ўктам Мамажонович ҳам бундан мустасно эмаслар, албатта. Нафасни тўғри олиш, матн ифодасидаги паузаларни тўғри қўйишга олиб келади. Паузаларни тўғри қўя олишни билиш учун мантиқни пухта ўрганган бўлишингиз керак. Мантиқ эса бевосита урғу қоидасини тўғри ишлата билишга олиб келади. Шуларни ўрганиб келмаган бўлсангиз, бу устахонада қайтадан ўрганишингизга тўғри келади. Сирғалувчи товушларнинг алоҳида, сонор товушларнинг алоҳида талаффуз қоидалари ва меъёрлари бор. Буларни деярли ҳеч қайси институт ўргатмайди, фақат "саҳна нутқи" ўргатиладиган санъат ва маданият институтини ҳисобга олмаганда. Аммо бу ердаги таҳсил ҳам имтиҳондан имтиҳонгача! У ёғига ҳар бир актёр, диктор, бошловчи ўз устида ўзи тинимсиз ишлаши керак. Ўктам Жобиров бу соҳада катта бир мактабни, радиодикторлик мактабини кўрганлардан эдилар. 
   Радиода ҳамма эътибор микрофонга, унинг олдида турган дикторнинг овози ва талаффузига қаратилган бўлади. Айнан шу сабаблидан радиобошловчининг ҳар қандай кичик нуқсони ҳам яққол билиниб туради. Бизнинг тилда «радио мактабини кўрган» деган биргина ибора билан кўп нарсани ифода қилиш мумкин. Радиода шунчаки дикторлар эмас, турли жанрларга ихтисослашган турли даражадаги буюк дикторлар ишлашарди. (Минг афсус, бугун бу даргоҳда битта ҳам у мезонларга жавоб бера оладиган диктор йўқ!) Ўктам ака ана ўша улуғ бадиий сўз усталарининг қозонида қайнаган, тили куйган, юзи қизарган, иссиғи ошган. Аммо қўл силтаб кетмаган. Яна ва яна санъат ичига кириб боришга ҳаракат қилаверган. Танлаган йўлидан қайтмаслик охир-оқибат барибир инсонни улуғликка олиб боради. Машаққатлари пишитиб, ютуқлари қанот бўлади-да!
   Устоз Ўктам аканинг пешонаси ўзи азалдан ёруғ эканда. Бўлмаса, ён-веридагиларга насиб қилмаган толе уларга кулиб боқармиди? Радиода кўзи пишиб қолган ёруғ бир кунларда Марказий Осиё тарихида биринчи бўлиб Ўзбекистонда телевидение иш бошлайди. Тасаввур қилинг, ҳайбати чексиз бўлган Осиё кенгликлари! Қуёш юрти Ўзбекистон! Телевидение... Сирли, сеҳрли, эртакнамо бир тушунчалар ва тасаввурлар. «Уйингда ўтириб кино кўрармишсан!..» Телевидение энди фақат овоздангина ташкил топган нарса эмас. Бу ерда энди кўриниш, ҳусн, қадду-қомат ҳам зарур. Энди фақат чиройли овоз эмас, ўқиётган матнни етказиб бериш учун муомала, суҳбатни ушлаб, бошқариб тура олишлик ва бир қанча бошка лаёқатлар ҳам талаб этилади. Бу ерда энди сўз ва кўз ифодаси, матн ва фикр муштараклиги, эркинлик ва айни пайтда кўрсатув ҳажми ичида сиқиқликни сезиб туриш, атрофга эътибор ва меъёрларни ўлчаб туриш ҳам ниҳоятда зарур. Чунки ҳали эфирга ўрганмаган одамларнинг кутилмаган ҳатти-ҳаракатлари ёки гаплари пайдо бўлиб қолади, ҳали қарасанг "бешмингталик" лампа ёрилиб кетиши, бирор жиҳознинг овоз чиқариб йиқилиши ҳар бир сонияда ишни издан чиқариши, кўрсатувни "расво" қилиши мумкин. Буларни ҳаммасини диктор бошқариши керак. Режиссёр ёки муаллиф энди йўқ! Улар узоқда. Кўринмас ва қўл етмас жойда. Шу ерда бўлса ҳам вазиятга аралашолмайди. Биргина диктор ҳаммасини силлиқлаб, билинтирмай ўтказиб олиши керак. Бу сизга энди радиода «Сўнгги ахборот» ўқиш эмас! 
    Ўзларидан аввал телестудияга келиб, синовлардан ўтмаган икки-уч мутахассисларни айтмаса, Ўктам акани Ўзбекистоннинг биринчи теледиктори деб айтишим мумкин. Чунки қонуний «диктор» штатига ишга қабул қилинган одам айнан Жобиров Ўктам Мамажонович бўладилар. У пайтлар телевидение ҳам шаклланиб улгурмаган, дикторлик тушунчаси ёки дикторлар фаолияти ва ижоди ҳам худди шу аҳволда эди. Ҳар ким ўзи таклиф этилган кўрсатувларни олиб борар, орасида дастурни очиш ва кўрсатувлар тартибини эълон қилиш ишлари ҳам бажариб кетилаверарди. Аста-секин дирекция қошида «дикторлар гуруҳи» шаклланиб борди. Тўрт-беш нафар ёшлардан иборат бу кичкина гуруҳга ҳам раҳбар тайинланди. Бу илк раҳбар ҳам Ўктам Жобиров эдилар. Аввалига радио билан телевидениени баравар олиб бориб турган Ўктам ака энди, фақатгина телевидениеда ишлай бошладилар ва таҳририят, бўлимлардан тушаётган буюртмаларни дикторлар билан таъминлашга ҳам масъул бўлиб қолдилар. Шу тахлит, дикторлар иқтидори, хоҳиши, қизиқишига қараб, улар турли жанрлардаги кўрсатувларга бўлина бошладилар. Кимдир мусиқий кўрсатувларга, кимдир сиёсий-тарғибот руҳидаги кўрсатувларга ихтисослашди. Аммо ҳамма бирдай «Янгиликлар» информацион кўрсатувида ишлаши керак эди. Бу дикторларнинг тўғридан-тўғри лавозим мажбуриятларига кирар эди. Мажбурият бўлгани билан, узоқ йилларгача бу дастурни ўқиш ҳамма учун бирдай бўлмади. Чунки информацион кўрсатув деган тушунча ва ихтисоснинг ўзи ҳам йил сайин ривож топди, шаклу шамойил ҳосил қилди, бир кўрим ва тутимга эга бўлдики, энди телевидение ичида бир кўрсатув бўлган «Янгиликлар» нинг ҳам дикторларга нисбатан ўз талаблари ва меъёрлари пайдо бўлди. Кечагина мактабдан келган қиз ё йигитча энди «Ахборот» деб аталадиган информацион кўрсатувда чиқолмайди. Бу сиёсий, ижтимоий оммабоп кўрсатув даражасига кўтарилган дастурни олиб борувчи сухандон ишда, жамоатда, ўз ижодида чиниққан, пишиқ, теран фикрлайдиган сухандонлар орасидан танланарди. Буларни ким тайёрлайди? Албатта устоз сухандонлар ва биринчилар қаторида Ўктам Жобиров. 
    Радиода кўп устозлар қўлида ифодали ўқиш, тўғри талаффуз қилишни ўрганган бир қатор дикторларимиз ҳам, телевидениега келиб, барибир Ўктам ака қўлида қайта тайёрланарди. Санъат институтида тўрт йил "саҳна нутқи" предметини ўқиб келганлар ҳам айланиб келиб, Ўктам ака қўлида чархланади. Институт ёки радиодаги мутахассислар билим даражасига шубҳа қилиш йўқ. Аммо улар ўзлари билмаган телевидение ҳақида нимани ҳам ўргата олардилар. Ўктам ака эса энди камерани, унинг липиллаб турган кичкина «жинчироғини», ён деворда, ёки тўғрида турган камералар орқасидаги деворга осиғлик  «Микрофон» деган таблоларнинг эшитилар-эшитилмас «шиқ» этиб ёнганигача пайқайдиган етук диктор бўлиб қолган эди. Бир матнни ўқиётиб, ён томондан кўринтирмай бошқа бир қоғоз ташлаб кетаётган муҳаррир ё маъмурнинг «мана буни спортдан олдин ўқивораркансиз»... деган шивирини ҳам эшитар даражада универсал бўлиб кетган эди. Албатта, ишга қабул қилинган ёшлар Ўктам акага бириктирилар, ўз ишлари, ижодлари, рўзғорларидан вақт топиб, Ўктам ака ўшаларга беминнат сабоқ берардилар. Мана шу йўсин, ўн йилликлар мобайнида росмана мактаб, "Ўктам ака мактаби" яратилди. Ўзини телевидение дикториман деган кўзга кўринган диктор борки, мана шу инсоннинг шогирди деб ҳисоблайди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Агар шундай қилмаган ва ҳисобламаган бўлса, демак диктор бўлибдию, халқ орасида севимли бўлмабди. Матн ўқиб, кўрсатув олиб бораверибдию, «Отангга раҳмат!» ни эшитмабди. 
   Биз, Башар фарзандлари ҳам ҳар хил бўламиз-да. Амбицияларимиз кўп. Бировни «устозим» дейишга оримиз келадию, аммо ундан ўтиб кетолмай юрамиз. Одамлар уни яхши кўришаётганини кўриб ғижинамизу, ўзимиз бориб пинжига кира қолмаймиз, Валлоҳи аълам! "Уста, мана бу қанақа бўларди, буни қандай ўқисамийкин" деб сўрасак шохимиз синиб қолади гўё. Ўзимизку "ошқовоқ"ни ачитгимиз келмайди, бироқ устани ҳам устоз деб тан ола қолмаймиз. Шунақа, "осмондан оёқ узатиб тушган" шогирдларни ҳам сизлаб, "мулла" деб гаплашаверардилар, устозим. Ўктам Жобиров шунақа одам эдики, атрофидаги ҳамма одамга яхшилик қиларди. Ўзи камтар, имкониятлари чегарали, қинғир ишлар кўчасига йўламайдиган одам бўлишларига қарамай, қандай ёрдам бўлса қилиб кетаверардилар. 
  Шундай одам эдиларки, бировнинг юзига бақирмас, коскилик қилиб сўкмас, масхаралаб ҳақорат қилмас, паст кетиб лақаб тўқимас эдилар. Қўлларида ўн беш-йигирма одам ишлашига қарамай, улардан фойдаланишни ўйламас ва таъмагирлик қилмас эдилар. «Менга у керак эди, бу зарур эди, мана бунақа нарса қидириб юрувдим» деб шама қилмас эдилар. Ўзи умуман бировларнинг қўлига қарамас эдилар. Худди музейдаги ўрта асрлар одамига ўхшаган бир экспонат сингари инсон эдилар. Машина олиш учун  пул керак бўлиб қолса колхоз  даласига чиқиб пахта терардилар. Тўй қилиш учун ҳовлида иссиқхона қуриб, пешоналарини боғлаб меҳнат қилар, маҳсулотларини бозорга олиб чиқар эдилар. Фильмларга овоз бериш, навбатдан ташқари кўрсатув олиб борганлари учун оладиган гонорарлари ва институтда саҳна нутқи фанидан дарс берганлари эвазига оладиган иш ҳақи ҳисобига набираларни сийлардилар. Ўн олти йил қўлларида ишлаган бўлсам, на Ялта, на Сочига борганларини билмайман, эшитмаганман. Бир марта ҳам! Борган ерлари ота ҳовли, "Аввал" қишлоғи. Ўша ердаги дўст-ёрлари билан Шоҳимардонга борганлари! Умр телевидение, институт, фарзандлар, шогирдлар, талабалар ташвишида ўтиб кетди. Байрамдан байрамгача, тадбирдан тадбиргача иш, ижод, "ҳа, бўл— ҳа, чоп..."
  Бир куни мени чақирдилар-да : «Мулла, Шерзод  Пирматов ўртоғингизни  олиб," Нишон" туманида бир концерт бериб келмайсизми, а? Мен бу ерда жуда бандман. Бўлмаса ўзим ҳам бирга борар эдим. Бир раис ўртоғим байрам қилаётган экан. Ёрдам сўраб телефон қилди, дедилар. Табиийки, ҳўп дедим. Иккита машина бўлиб бориб, концертни "гурсиллатиб" бердик.  30- декабрь, байрам арафаси, томоша зўр ўтди. Идоранинг олд ҳовлиси, йигирма даража совуқда диргизлаб турган юпунгина арча... 
  Раис бува бизни меҳмон қилиб жўнатди. Хизмат ҳақимизни ҳам берди. Устозга жуда чиройли бир соатни совға қилиб бериб юборди. Мен соатга қўшиб ўз хизмат ҳақимни ҳам қўлларига тутқазгим келди. Фийсабилиллаҳ! Янги йил кирадиган кун эди. Балки уйга, болаларга ул-бул оларлар, деб ўйладим. - Бу нима, -дедилар. «Шунақа-шунақа, бу ўша, анув, олиб қўяверинг, -дедим. Устоз тушундилар. - Бу сизнинг ҳақингиз, мулла, дўстимнинг кўнглини олиб келибсиз, шу менга етади. Яна совғаям бериб юборибди,- дедиларда, пулни қайтиб бердилар. Покдомон устозим, Ўктам Жобиров! 
  Устознинг оилалари Насиба Жобирова бир куни телефон қилиб, менда гаплари борлигини айтдилар. Бордим. 
  Муслимжон, мен ҳам анча пишиб қолдим. Кўзимга ҳамма ўтган яқинларим кўринаверишади. Сиздан бир илтимосим бор эди. Менга бир нима бўлса, устозингизни олдиларига қўйинглар. Ҳозир янги гап чиқибди. Нима эмиш, вафот этганлар қайси туманда яшаса, ўша тумандаги қабристонга қўйилсин, деган буйруқ бўпти. Болаларим ҳам шунақа қиламиз, деб туришибди. Сиздан ўтиниб сўрайман, мен  ўлсам, устозингизнинг ёнгиналарига дафн этинглар. Буни фақат сиз уддалай оласиз, - дедилар. Нафас олиб, сенинг олдингда ўтирган одамни қаерга ва қандай дафн қилиш ҳақида гаплашиш жуда ноқулай ҳолат. Лекин бир нима деб юпатиш, хотиржам қилиш ҳам керакку. 
  Ҳўп, ҳўп бўлади, сиз бу ҳақда қайғурманг. Ҳали ўҳ-ҳўў бунга қанча вақт бор,- дедим. Аммо янга осонгина кўнмадилар. 
Сиз ўшаларни каттасини албатта, танийсиз. Менга бир ишонтирадиган гап айтсангиз яхши бўларди. Жуда кўнглим ғаш, - деб туриб олдилар. Шунчаки ҳар доимги гап билан ишонтириб кетишнинг иложи кўринмади. 
  Ҳўп бўлади, бориб, учрашиб, уларнинг аниқ гапларини олиб сизга айтаман, дедим. Ўша пайтда ишлаган бошлиқларини таниганим сабабли, Ҳожиакбар Расуловнинг булбул сайраб турадиган хоналарига кириб бордим. Жуда ажойиб одам. Кулиб туради. Мен уларга воқеани борича гапириб бердим. Улар ҳам шунчаки кимларгадир буйруқ бериб қўя қолмасдан, мен бориб учрашиб, ўзим ўша ерни кўрсатиб қўйишим кераклигини, бирон гап бўлганида зудлик билан қўнғироқ қилиб қўйишим кераклигини тайинладилар. Уларнинг ҳузурларидан чикиб, «Ваққос ота» қабристонига бордим. Мутасаддилар билан бирга қабр бошига келдик. Тиловат килдик. Кеннайи айтган «бир қарич» ерни мўлжалладик. Гапни бир ерга қўйиб, қўл сиқишиб хайрлашдик. Бу гапларни ҳаммасини оқизмай-томизмай Насиба опага етказдим. Кўп раҳмат айтдилар, кўз ёши, дуо қилдилар. Вақти-қазолари етган куни кеннайини васиятларига кўра устознинг ёнроқларидан қазилган қабрга қўйдик. Эркак қандай инсон бўлиши керакки, унинг беваси то сўнгги нафасигача эрининг қабри ёнидан жой олиб, унинг ёнгинасида абадий уйқуга кетишни орзу килса!.. Шунақа эдилар бизнинг устоз. 

Сафар қилиб кетдингиз боқийликка —
Ташлаб фонийликни. 
Танитиб бизларга камтарлик, ростлик,
Виждонийликни. 
Сўзни сўзладингиз, эгизлар айлаб унга
Ҳаққонийликни. 
Мақтадингиз ошкор, танқидда сақлаб
Пинҳонийликни. 
Шогирдларга буюриб садоқат, меҳрда
Давомийликни. 
Ихлосга эътибор, касбу салафларга 
Сомеъинликни. 
Элга улашдингиз байрам, тантана ва
Яхши ном билан,
Олиб кетиб сўнг сафарга фонийдан
Инсонийликни.
 
  Инсонийлик чўққисида юрган устозимнинг қалби  меҳр, муҳаббат, севги, садоқат, соддалик ва тўғрилик, камтарлик ва ҳоксорлик ила лиммо-лим эди...
* -Устоз олиб борган кўрсатувлардан бир шингили:
“Ахборот” информацион программаси;
“Янгиликлар” информацион программаси;
“Пахтазор мардлар майдони” кўрсатуви;
“Ноз-неъмат бунёдкори” кўрсатуви;
“Соҳибкор” кўрсатуви;
“Адабий альманах” кўрсатувлари;
Ишлаб чиқариш корхоналаридан тўғридан-тўғри репортажлар;
Меҳнаткашлар намойиши ва ҳарбий парадлар - 1 май, 9 май, 7 ноябрь;
“Янги йил” байрам дастури - жонли эфир;
“Қишлоқ хўжалик ходимлари қурултойи”;
“Меҳнат ғалабангиз муборак!” - йиллик пахта режасининг бажарилишига бағишланган байрам кўрсатувлари;
Иттифоқдош республикаларда ўтказиладиган “Ўзбекистон адабиёт ва санъат кунлари”ни бошқариш;
Кўпсерияли бадиий фильмларни дубляж қилиш ва илмий-оммабоп-хужжатли фильмларга овоз бериш. 

  Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ - Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот