Қотил қўшни


 
 
Қотил қўшни

    Ёши қирққа яқинлашиб қолган бўлса-да, уйланиб, бола-чақали бўлишни хаёлига ҳам келтирмайдиган Сергей (исм-фамилиялар ўзгартирилди) ичкиликбозликка муккасидан кетди-ю, ўзига ўхшаган шерикларига қўшилиб, жиноятга қўл урди. Ҳукм ўқилди. У қилмиши учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Сергейнинг етмиш ёшни қоралаб қолган касалманд онаси эса ёлғизланиб қолди. Энди у тунлари мижжа қоқишдан қўрқар, уйқудалигида бу оламни тарк этиб кетса, қўни-қўшнилари хабарсиз қолишидан чўчирди. Шу боис бўлса керак, кундуз кунлари кўчага чиқиб, дарахт тагидаги ўриндиқда соатлаб ўтирар, балки ёлғизлигим учун Сергейни муддатидан олдин озод қилишар деган умид билан нурсиз кўзларини узоқ-узоқларга тикарди.
—Роза буви юринг, тушлик қиламиз, — дейишарди қўни-қўшнилари уни навбати билан уйларига таклиф қилишиб.
Кампир ҳар куни бировларникидан овқат еб юришдан истиҳола қилса-да, уйда бир қошиқ иссиқ овқат тутадигани йўқлигидан иложсиз қўшниларининг ортидан эргашарди. Шундай кунларнинг бирида Анора исмли қўшниси ҳам уни тушликка таклиф қилди.
—Юмшоққина шавла қилдим, маза қилиб еймиз, юринг, — деди у Роза кампирни қўлтиқлаб. Кампир имиллаб унинг ортидан иккинчи қаватга кўтарилди. Ичкарига киргач, ҳассасини эшик ёнига суяй туриб меҳмонхонада нотаниш бир йигит борлигига кўзи тушди.
—Меҳмонинг бормиди? Мен кейинроқ чиқа қолай, — деди у Анорага юзланиб.
—Йўғ-э, бу жияним Баҳром. Мени кўргани келибди. Бирга овқатланамиз, — Анора шундай деб кампирни меҳмонхонага бошлади. Ўзи эса овқат сузиш учун ошхона томон йўналди. Кампир Аноранинг жияни билан у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашар экан, унинг яқинда қамоқдан чиққанлигини билиб олди.
—Ўша ёқларда менинг Сергейимни кўрмадингми? — деди соддадиллик билан.
—Йўғ-э, нималар деяпсиз?! Қамалганларнинг ҳаммаси битта турмада ётишмайди-ку, — кулди Баҳром.
—Ҳа, тўғри айтасан, — маъюсланиб қолди кампир. — Болажонимни жуда соғиндим.
Баҳром ундан Сергей нега қамалганлигини ва неча йил озодликдан маҳрум қилинганлигини сўрай бошлади. Кампир ҳам эринмасдан айтди.
—Эғ-ей, энди қайтиши даргумон, — деди Баҳром узун ҳуштак чалиб. — Сиз ҳам анча қариб қолибсиз.
Кампир унинг нима демоқчи эканлигини англамади. Аммо дилида бир ғашлик уйғонди. Назарида Баҳром ўғли келгунича унинг ўлиб кетишига шама қилаётганди. Бу орада Анора овқат сузиб келди.
—Қани олинг, — деди кампирга меҳрибончилик қилиб.
Ўша куни Роза кампирнинг Анораникидан дили хира бўлиб чиқди. Негадир Аноранинг жияни унга ёқмаганди. Гўё атайлаб кампирнинг кўнглини чўктирадиган гаплардан гапиргандек туюлди.
     Қуёш уфққа бош қўйиб, ён-атроф ғира-шира бўла бошлаганда Роза кампир оҳиста уйи томон юрди. Учинчи қаватга кўтарилаётганда Роза Учинчи қаватга кўтарилаётганда Аноранинг уйидан бояги эркакнинг ҳиринглаган овози эшитилиб турарди. "Бу унинг жияни эмасов. Хушторига ўхшайди”, деган ўй кампирнинг хаёлидан ўтди.
     Ҳақиқатдан ҳам Баҳром Аноранинг ҳеч қандай қариндоши эмасди. Балки унинг собиқ жазманларидан бири бўлиб, тузилган машъум режа туфайли бу иккала нафс бандаси яна апоқ-чапоқ бўлиб олишганди.
—Кампирнинг ишончига киришинг керак, — дея гап уқтирарди Анора Баҳромга. — Шунда у сенга ўрганиб қолиб, бор-будини қўшқўллаб топширади.
—Эҳ-ей, бу узоқ жараён. Қолаверса, кампиринг мени ёқтирмади. Буни кўзларидан билдим. Яхшиси, уни тезроқ гумдон қилиш керак. Шунда уйга эга чиқиш осон бўлади.
—Ўғли-чи? — ҳайрон бўлди Анора.
—Она-боланинг руҳи самоларда учрашар балки.
—Сергей ҳам ўлиб кетади демоқчимисан?
—Ароқ енгиб қўйган у алкашни, ўша ёқлардан тирик қайтмаслиги аниқ.
     Анора Баҳромнинг ҳазилидан пиқиллаб кулди...
    Яна бир муаззам тонг отди. Кимлардир шод-ҳуррамлик билан, яна кимлардир турли ташвишлар билан янги тонгни қарши олдилар.
—Эгам ўзингга шукр. Отган тонгларингга шукр, — дея узоқ ибодат қилди Роза кампир. Сўнг наридан-бери нонушта қилган бўлди-ю, оёғини аранг судраб ташқарига йўналди...
Ўша куни негадир Анора кўринмади. Роза кампир ҳар доимги жойи — ёғоч ўриндиқда хаёл суриб ўтираркан, қўшнисининг деразасига қараб-қараб қўйишни канда қилмасди...
—Анора уйида йўқ шекилли, — деди Роза кампир ён томондаги қўшниси Зулайҳога.
—Қўшни вилоятга ота-онамни кўриб келишга бораман, деяётганди. Ўша ёққа кетган шекилли...
Орадан бирор ҳафталар ўтгач, Анора яна уйида пайдо бўлди. Ёнида ўша кунги жияни.
—Мамашка, қалайсиз? — деди Баҳром ўриндиқда ўтирган Роза кампирга.
—Ўзинг яхшимисан? — истамайгина у билан саломлашди кампир.
Ўша куни Анора "Ота-онамникидан ёнғоқ-майизлар олиб келганман, бирга еймиз”, дея Роза кампирни қўярда-қўймай уйига олиб кирди. Ичкарига киришгач, у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб ўтиришди. Роза кампир Анора дастурхонга қўйган майизлардан еди.
—Энди мен борай, — деди сўнг ўрнидан қўзғалмоқчи бўлиб.
—Йўқ-йўқ, ўтиринг, ҳозир қозонга шўрва солиб қўйдим. Бирпасдан кейин пишади. Биргалашиб еймиз, — деди Анора кампирнинг елкасидан тутиб. Сўнг аста Баҳромга кўз қисиб қўйди.
—Ҳа, борасиз-да, ўша ҳувиллаган уйингизга, — эътироз билдирган бўлди Баҳром. Роза кампир ноилож яна жойига чўкди. Бироздан сўнг шўрва ҳам пишди. Овқатланиб бўлишгач, Анора олдиндан тайёрлаб қўйилган уйқу дорисини ярим стакан шарбатга қўшиб, кампирга узатди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ аёл шарбатни ичиб юборди. Сўнг ҳаял ўтмай кўзлари ўз-ўзидан юмила бошлади.
—Уйимга кетаман, негадир уйқу босяпти, — деди у Анорага.
—Хўп, ўзим сизни кузатиб қўяман, — Анора шундай деб кампирнинг қўлтиғидан ушлади-да, учинчи қаватга етаклади.      Ўша куни кампир уйига кириши билан ўзини диванга ташлади. Уйқу дори карахтлигида ҳатто эшикни қулфлашни ҳам унутди. Бу эса Анора билан Баҳром учун айни муддао эди.
—Кампир тайёр, — деди Анора уйига келиб. Баҳром аста юқори қаватга кўтарилди. У кампирнинг уйига кираркан, из қолдирмаслик учун қўлига қўлқоп кийиб олди ва диванда турган ёстиқни олиб, чуқур уйқуга кетган кампирнинг юзига босди...
     Эртаси куни қўни-қўшнилар кампирнинг ўлимидан хабар топишиб, дарҳол тегишли органларга хабар беришди. Чунки юзи кўкариб кетган кампирнинг жасади унинг ўз ажали билан ўлганлигидан далолат бермасди. Дарҳол тергов ва суриштирув ишлари бошланди. Ўша куни кампирни охирги марта кўрган қўни-қўшнилар сўроқ қилинди. Булар орасида Анора ҳам бор эди. У кампирни ҳар доимгидек ташқаридаги ўриндиқда кўрганлигини айтди. Аммо уйига олиб кириб, меҳмон қилганлигини яширди. Чунки буни ҳеч ким кўрмаган деган хаёлда эди у. Бироқ тезда барча сирлар фош бўлди. Мол-мулк илинжида кампирнинг жонига қасд қилган сохта "ошиқ-маъшуқлар” бу машъум режани олдиндан тузишганлигини тан олишди. Ўша куни Баҳром кампирни бўғиб ўлдиргач, Анорани чақиради ва иккаласи кампирнинг бир жуфт тилла зираги ва узугини ҳамда ўлимлигига йиғиб қўйган пулларини ўмаришади. Лекин уларнинг асл мақсади бу эмас эди. Бошқалар кўз ўнгида ўзларини жонкуяр қўшни қилиб кўрсатиб, кампирнинг дафн маросимларини ўтказгач, унинг икки хонали уйини қандай бўлмасин, ўзларининг номига ўтказиш эди. Аммо уларнинг режалари чиппакка чиқди.
     Одил суд қотил қўшниларга қилмишларига яраша жазо тайинлади. Анора Дўстёрова ва Баҳром Алижонов узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Л. БОЗОРОВА,
Қашқадарё вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.
Манба: "Ҳуқуқ" газетаси.