Асқад Мухтор таваллуд топган кун (1920 - 1997)


   Асқад Мухтор 1920 йил 23 декабрда Фарғона шаҳрида туғилган. 11 ёшида отадан етим қолиб, болалар уйида тарбияланган. Мактабни тугатгач, Асқад Мухтор Ўрта Осиё давлат университетига (1938) кириб ўқийди. Сўнг Андижон педагогика институтида ,,Ўзбек адабиёти“ кафедрасининг мудири бўлиб ишлайди. Асқад Мухторнинг Тошкентга келиши унинг фаолиятида янги саҳифа очди. У Республика газеталари таҳририятларида бўлим мудири, масъул котиб, „Шарқ юлдузи“ журналида бош муҳаррир (1960—1965), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб (1957) бўлиб ишлади. “Гулистон” журнали ва ,,Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ ҳафталигига муҳаррирлик қилди. Асқад Мухтор “Тилак”, “Тонг эди”, “Тотли дамлар” сингари илк шеърлари (1935— 1938)да шеъриятнинг мақсад ва вазифасини, шоирнинг жамият олдидаги бурчини аниқлаб олишга интилди. У шеъриятга “Қалбга қанот”, “Дардга даво” берувчи деб қаради. Шоир иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан “Ғалаба ишончи”, “Жангчининг байрам кечаси”, “Туғишганлар қайтди”, “Соғиниш” сингари қатор шеърий асарларини яратиб, халқни фашист босқинчиларига қарши курашга ундади. Ватан гўзалликларини, туганмас бойликларини, халқ ҳаётидаги катта ўзгаришларни тасвирловчи “Пўлат қуювчи” (1947), “Ҳамшаҳарларим” (1949), “Раҳмат, меҳрибоним” (1954), “Чин юракдан” (1965) шеърий китобларини ёзди. Ёзувчининг “Дарёлар туташган жойда” (1950), “Қорақалпоқ қиссаси” (1958), “Бухоронинг жин кўчалари” каби қиссаларида, „Опа-сингиллар“ (1955), “Туғилиш” (1963), “Давр менинг тақдиримда” (1964), “Чинор” (1973), “Аму” каби романларида замонамизнинг муҳим муаммолари ўз ифодасини топган. „Чин юракдан“ (1956) шеърий китоби, „Ҳаётга чақириқ“ (1956), “Дунё болалари” (1962) ҳикоялар тўпламлари ўзбек болалар адабиёти хазинасини бойитди. Асқад Мухтор “Мардлик чўққиси” (1948), “Яхшиликка яхшилик” (1949), “Самандар” каби пьесалар ҳам ёзган. Софокл, Р. Тагор, А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, В. В. Маяковский, М. Горкий, Т. Шевченко, А. Блок, А. Корнейчук асарлари Асқад Мухтор таржимасида ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланган.  Лирик шоир, таниқли адиб, моҳир таржимон сифатида ўзбек маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган Асқад Мухтор Ҳамза номидаги республика Давлат мукофоти  (1972) ва ,,Ўзбекистон халқ ёзувчиси“ унвони  (1980)га сазовор бўлган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1995). 
   1997 йил 17 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот