МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗ ВА МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЧИЛИГИМИЗ ТИМСОЛИ


        “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир... Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга  эришиш-да, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз...”

                    Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикасининг Президенти. 
    
    Бугунги кунда Курраи заминдаги 7000дан зиёд тиллар ҳамда лаҳжалар мавжуд бўлса, улар ўзининг ҳуқуқий мақоми ва жаҳон аренасида тутган ўрни, қўлланиши доирасига кўра уч турга, яъни халқаро тилларга (инглиз, француз, испан, рус, араб, португал, немис тиллари), давлат тили (ўзбек, қозоқ, болгар, қирғиз, турк ва бошқа тиллар), маҳаллий тилларга (на халқаро, ва на давлат тили мақомига эга бўлган тиллар: хакас, юкагир, орочи, ненец, нанай сингари минглаб турли-туман тиллар)га бўлиниб кетади.
     Турган гапки, ҳар бир халқ ўзининг она тили янада юқори поғоналарга кўтарилишини чин дилидан истайди. Агар маҳаллий тиллар даражасидагина қўлланаётган бўлса, чинакам давлат тили мақомига кўтарилиб олиши, модомики давлат тили деган ғоятда юксак мақомга эга бўлса, уни халқаро даражага кўтариш ниятида,  тинимсиз равишда ўзининг Она тилини янада такомиллаштириш, мавқеи, обрў-эътиборини кўтариш мақсадида олға интилаверади.
    Она тилимиз – ўзимизнинг ўзбек тилимизга баҳо берадиган бўлсак, 1989 йилга қадар у амалда учинчи даражадаги, яъни, қуйи  маҳаллий тил даражасига тушириб ташланган эди. 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниши эса ўзбек тилини учинчи босқичдан иккинчи босқичга кўтарди, яъни маҳаллий тилдан, давлат тили даражасига кўтариб олиб чиқди. 
    Ҳақиқатан, давлат тили мақоми нисор этилиши миллатнинг эрк йўлидаги илк қадами эди, бу яқинда эришилажак истиқлол хабари эди гўё. Мустақиллик йилларида суверен давлатимизнинг расмий алоқа воситаси сифатида она тилимиз янгича мақом касб этди, юқори даражага эришди. Чунончи, тарихда биринчи марта ушбу тилда давлатнинг асосий бош қонуни, ҳурриятнинг ҳуқуқий ҳимоячиси – Конституция ёзилди. Давлат мадҳияси шу тилдаги матн асосида ижро этилди. Жуда ҳам кўплаб расмий ҳужжатлар, қонунлар, умумдавлат миқёсидаги иш қоғозлари шу тилда ёзилди ҳамда пул купьюраларида ўзбекча сўзлар пайдо бўлди. Миллий қомус ва кўплаб луғатлар нашр қилинди. Буларнинг бари мисли кўрилмаган ҳодисалар эди. Шунингдек, тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлаш, унинг сўз бойлигини ошириб бориш, софлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар бир зум ҳам тўхтамади.
    2016 йилнинг 13 май куни бўлса Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони шу Ота юрт ва ўзга давлатларда яшаётган Ватанни, миллатни севувчи ҳар бир инсонни ғоятда қувонтириб юборган эди. Чунки, бу фармон бизнинг Она тилимизни иккинчи поғонадан  юқорироққа, энг биринчи поғонага чиқиб олган жаҳон тиллари қаторига қўшилишига ҳуқуқий асос, пойдевор сифатида хизмат қилади. Халқаро минбарларда ўзбекнинг тилида маъруза ва нутқлар жаранглайдиган кунлар ҳам ўзини унча узоқ куттириб қўймади. 2017 йилнинг сентябрида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев қардош Қозоғистон Республикасининг бошкенти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида қатнашиб, ўзбек тилида сўзлаган бағоят сермазмун-сертаҳлил нутқидаги қуйидаги сатрлар бизнинг қаддимиз, қадр-қимматимизни бир поғона юксалтириб юборди: “...Ислом олами жаҳон фани ҳамда цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси билан фахрланишга тўла-тўкис даражада ҳақлидир. Хусусан, Марказий Осиёнинг ҳудуди Шарқ Ренессансининг энг йирик марказларидан бири сифатида бутун дунёда ниҳоятда маълум ва машҳур бўлган”.
    Назаримда, мазкур жуда нуфузли анжуман тағин бир ёрқин, фараҳбахш ҳақиқатниям бутун дунё ҳамжамиятига яна бир карра эслатгандай бўлди. Жаҳонда узоқ ўтмиши, унда яшаб ўтган буюк аждодлари ва улар қолдирган илмий ҳамда маданий мерос билан ғурурлана оладиган халқлар камдан-кам топилади. Ўзбек халқи ана шундай бахтиёр халқлардан бири ҳисобланади. Бунинг устига эса ўша ўзбек энди жаҳон минбарларида ҳам ўзбекча гапиряпти.
     Миллий руҳ аввало тилда яшайди, бас ўзбек ўқувчисига биргина сўз олам-олам маъно бериши мумкин, чунки бу ҳолда ўша сўз контекстда – ўша сўздан баҳраманд бўлувчи, тингловчи, ўқувчи, уқувчининг шу миллий заминда шаклланган билими, дунёқараши, хулқ-атвори, феъл-сажияси сингариларнинг контекстида қабул қилинади... 
     Ҳар қандай сўзнинг ўзи – рамз; ё бирор тушунчани, фикрни, ё ҳаётда мавжуд предметни, ҳодисани ифодалайди. Сўз билан ифодаланадиган тушунча ва реал предмет ўртасида ҳеч қандай бевосита ўхшашлик, боғлиқлик мавжудмас. Сўз ифодаланувчи нарсанинг фақат нутқ ё имло (ёзув) кўмагида фойдаланиладиган белгисидир, холос. Шу сабаб турли шароитда кун кечирган, тирикчилик қилган, яшаган этнослар уларни турли сўзлар билан ифодалаганлар. Агар сўз предметга бевосита боғлиқ бўлганида эди, муайян предметни барча халқлар бир хилда атаган бўлардилар. Мана шундай ҳолатга асосланиб, биз тилни ўзига хос белгилар ва рамзлар тизими сифатида баҳолашимиз ҳам мумкин.
    Тарих саҳнасида ўзбек тили не-не машаққатлар билан омон қолди. Ахир, Биринчи Президентимиз ҳам ниҳоятда кўп марталаб таъкидлаганидек, тил ҳар қандай миллатнинг руҳидир, тил ўлса, миллат ҳам тамом бўлади.
    Бунга мисоллар озмунчами? Сибирь халқларини бир ўйлаб кўринг, уларнинг тиллари барҳам топиши билан исмлари ҳам ўзгариб кетди. Бир бутун Европа тилларининг шаклланишида етакчи тилнинг вазифасини бажариб келган буюк лотин тили, барча Шарқ тилларининг улуғ бобоси деб атаганимиз санскритча ҳам тамоман тугаб битди. Ёки яқин ҳудудларимизда ўз вақтида тиллар самосида кенг қулоч ёйиб тараққий этган сўғд тили, паҳлавий, парфиён тилларининг ҳам аччиқ кечмишини бир ўйлаб кўрайлик. Шимолий Америкадаги алгонкин тилларининг микрооиласига кирувчи массачуси ва могикан тиллари тақдириям  буткул йўқлик билан якунланди. Ёки қадимги Бобилдаги беҳад ва беҳудуд даражада кенг тарқалган аккад тили, эрамиздан аввалги III асрдан бошлаб милодий IV асрга қадар Ғарбий Осиёда яшаган оромийлар тили, қадимги Финикиядаги финикий тили, қадимги миср тили негизида пайдо бўлган копт тили каби тиллар тақдири ҳам йўқлик билан якун топиб, тарихнинг катта саҳнасидан тушиб қолди. Шунинг учун ҳам тилимизнинг бугунги ривожи ва жаҳон тиллари орасида ўзининг ҳақли равишда эгаллаган муносиб ўрни учун беадад даражада шукр, ғурур-ифтихор қилмоғимиз даркор.
    Тилимизнинг бугунга қадар эсон-омон келишининг асосий сабаби халқимизнинг ўз она тилини жонидан севиши, ардоқлаши билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, бу масала хусусида бундан минг йиллар муқаддам улуғ бобокалонимиз Маҳмуд Қошғарий шундай муҳим фикрини айтган эди: “Худо давлат қуёшини турк (ўзбек – Б. И.)лар буржида яратди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни эса турк (ўзбек) деб атади, мулкка эга қилди, уларни замонамизнинг (асл) хоқонлари қилиб кўтарди. Замон аҳлининг ихтиёр жиловини шулар қўлига топширди, халққа бош қилди, буларни тўғри йўлда юришга қодир қилиб қўйди. Буларга қарашли кишиларни бўлса ғолиб қилди. Уларга қарашли барча кишилар ўз мақсадларига етиб, бебошлар ҳалокатидан қутилди. Уларнинг (туркларнинг) ўқларидан сақланмоқ учун уларнинг хатти-ҳаракатларини мустаҳкам тутмоқ ҳар бир ақлли кишига лойиқ ва муносибдир. Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл – уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар (айнан) бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар. Ҳатто улар шу тил туфайли ўзларининг паноҳида турган бошқа одамларнинг гуноҳини ҳам кечиб юбораверадилар.
Ишончли бир бухоролик олимдан ва нишопурлик бир ишончли олимдан шундай эшитган эдим, улар (бўлса) бу сўзни пайғамбар алайҳис-саломга нисбат бериб, санади билан айтган эдилар: Пайғамбар алайҳис-салом қиёмат белгилари, охирзамон  фитналари ва ўғуз туркларининг хуружи ҳақида гапирганларида, шундай деган эдилар: “Турк тилини ўрганинг, чунки уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этади”.
     Ҳадиснинг тўғри ёки тўғри эмаслигининг жавобгарлиги эса айтган кишилар бўйнига. Агар тўғри бўлса, турк (ўзбек) тилини ўрганиш вожиб (зарур)дир; ҳадис тўғри бўлмаган тақдирда ҳам уни ўрганиш зарурлигини ақл тақозо қилади” (Девону луғат-т-турк (Туркий сўзлар девони). – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2017, 14- бет).
     Тил – миллат, халқнинг ҳамияти, давлат тили – миллатнинг ҳамияти. Ўзингизга ҳам ғоятда яхши маълумки, ҳамият ҳамиша ҳифзу ҳимоя қилинадиган, кўз қорачиғи янглиғ қўриқланадиган бебаҳо, беқиёс тушунча ҳисобланади.
     Қадимги Хитойнинг улуғ мутафаккири Конфуцийдан “Агар Сизга махсус ваколат бериб, нималарни кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифа деб ҳисоблаган бўлар эдингиз”, деб сўрашганида,  донишманд «Тилни тартибга келтириш энг зарурий вазифадир”, деб жавоб берган, фикр-мулоҳазаларини қуйидагича ифодалаган эди: “Агар нутқ воситалари бир тартибга келтирилмаган бўлса, турли нарсалар ўртасидаги тартибда ҳам уйғунлик йўқолиши мумкин. Ўзаро уйғунлик мавжуд бўлмаган жойда бу вазифаларни самарали амалга ошириб бўлмайдиям. Бу амалда бажариладиган ишларнинг чинакам кафолати ҳисобланади-да. Қилинадиган бари саъй-ҳаракатларнинг амалга ошиши кафолатланмас экан, турган гап-ки, маданият ва мусиқа ҳам мутлақо гуллаб-яшнамайди. Агар маданият ҳамда санъат гуллаб-яшнамаса, ҳуқуқий тартиботга ҳам анча-мунча путур етади. Ҳуқуқий тартибот ишламай қолса, халқ қўли ва оёғини ишлатишни билмай қолади. Демак, тил айтилган ишни тўғри амалга ошириш учун керак. Шунинг учун ҳар қандай оқил инсон бу ишни ниҳоятда муҳим ва долзарб деб билади”. 
   Жуда кўп асрлар муқаддам айтилган ушбу пурмаъно сўзлар бугунги беҳад мўрт, таҳликали, мураккаб ҳаётимизнинг ҳақиқати эканлигига сира шак-шубҳа бўлиши ҳам мумкин эмас.
    Шўролар замонида қачондир жаҳон бўйлаб ўзбекча, бизнинг она тилимизда сўзлар жаранглашини хаёлимиз шоҳкўчаси тугул, торгина кўчалари, ҳатто оддий сўқмоғига ҳам келтира олмасдик. Бугун бўлса бутун дунёнинг ўнлаб мамлакатларидаги 70дан зиёд университетлар, 600дан ортиқ мактабларда ўзбекнинг тили қунт билан ўрганилмоқда. Ўзбекнинг тили ва адабиёти бўйича илмий тадқиқот ишларини амалга ошираётган чет эллик олимлар сони ҳам йил сайин кўпайиб бормоқда. Она тилимиз эришган мавқе бўлса, турган гапки, бизга беҳад ғурур ва ифтихор бағишлайди.  Она – ўзбек тилимиз дунёда гаплашувчилар сони бўйича, ХХ аср интиҳосидаги 40- ўриндан, 2020 йилга келиб 27- ўринга чиқди...
     Ўтмишда мамлакатимизга хиёнаткорона бостириб кирган ҳар қандай мустабид борки, аввало, азалий миллий қадриятларни, мустамлакага айлантириб олинган миллат она тилини, демакки, миллат руҳини ҳам батамом синдириб ташлашга тинимсиз тарзда ҳаракат қилиб келган. Чор Россиясининг роса босқинчи генерали Михаил Скобелев (1843 –  1882) ушбу масала хусусида шундай бир машъум тавсияни берганди: “Миллатни йўқ қилиш учун уни қириб ташлаш шарт эмас, унинг маданиятини, санъатини, тилини йўқ қилиб ташласанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди”. 
   1898 йилнинг 6 ноябрида Туркистон генерал-губернатори С. М. Духовский вилоятлардаги ҳарбий губернаторларга маҳаллий маъмурият ҳамда рус амалдорлари ўртасидаги ёзишмаларда рус тили давлат тили сифатида эълон қилинишини билдиришни ва бу тадбир муҳокамадан ўтгунига қадар оқсоқол, мингбошиларнинг идораларига зудлик билан руслар мирзалари тайинланиши зарур эканлигини жиддий равишда уқтирган эди. Генерал-губернатор вилоятлардаги ҳарбий губернаторларга жўнатган кўрсатмасида  “Энди ерлилар рус, фақатгина рус мактабида ҳар қандай фаолият учун зарур билим ва малакалар ўчоғини кўришсин. Улар мадраса ва мактаблардаги билим эндиликда давлат ва ижтимоий тузумга яроқсиз эканини ҳис қилишсин”, дея русчани ўзлаштириб олган мусулмонлардан бошқарувнинг барча соҳаларида, нисбатан паст лавозимларда кенгроқ равишда фойдаланишни тавсия қилган эди. 
    1899 йил февралида Туркистон генерал-губернаторининг ёрдамчиси, генерал-лейтенант Н. Иванов шаҳарлар бошлиқлари, мингбоши, қози, бошқа мансабдорлар, мударрислар иштирокида биринчи марта ташкил этилган ўзига хос бир маъруза кечасида мадрасаларда рус тилини махсус предмет, фан сифатида жорий этишни ҳам таклиф қилган эди.
     Бундай ғоятда узоқни кўзлаган ёвузликнинг асл моҳиятини теран равишда англаб етган ва янги кулфатларнинг олдини олиш зарур эканлигини чин дилидан ҳис қила олган маърифатпарвар, тараққийпарвар зиёли боболаримиз – жафокаш, жонкуяр жадидлар миллатнинг буюк маданияти, минглаб йиллик улуғ тарихга эга санъати ва тилини асраб қолиш, халқнинг кўзини очиш мақсадида газеталар, театр, мактаблар очиб эл-юрт аҳли орасида илм-маърифат тарқатишга киришганлар. Халқнинг ўзлигини англашга интилишидан ҳамда жадидларнинг янада фаоллашувидан бениҳоя жиддий равишда хавфсираган ҳамда ваҳимага тушиб қолган Туркистон генерал-губернаторининг махфий равишдаги буйруғи тайёрланиб, шахсан вилоят ва волостлар раҳбарларига жўнатилган эди. 
     Ўша буйруқда улар ўз болаларининг ўқиши учун мактаблар очмоқчи эканларми – рухсат берилсин, дарслик яратмоқчиларми – бемалол ва хотиржам ёзаверсинлар. Аммо, битта шарт билан: ҳар бир вилоят мактабларида дарслар ўша ернинг лаҳжасида олиб борилсин, яъни шевасида ўтилсин. Мактаблар учун дарсликлар ва қўлланмалар ҳам айнан ўша шевада ёзиладиган бўлсин... 
     Махфий буйруқдан кўзланган энг асосий мақсад – эл-юртни якдил ҳамда яктил этувчи ўзбек адабий тилининг яратилишига мутлақо йўл қўймасликдан иборат эди. Бу ҳужжатда турли-туман ҳудудларда истиқомат қилганлиги боис, шева ҳамда лаҳжалари ила маълум бир даражада фарқланувчи ўзбекларни бирлаштира олишга қодир ўзбекнинг қудратли адабий тили ўша чор Россияси  ижтимоий-сиёсий манфаатларига мутлақо зид эканлиги очиқдан-очиқ қайд этилганди... Ўзингиз биласиз, ҳатто айрим бир қишлоқ аҳолисининг шеваси ҳам бир-биридан маълум фарқланади. Турли хил шевалар бирлашиб, лаҳжаларни ташкил этади. Ҳар бир лаҳжа (қарлуқ, ўғуз, қипчоқ)да бўлса юзлаб шевалар мавжуд. Уларнинг барчаси адабий тилимизнинг пойдеворини ташкил этади. 
     1906 йилдан бошлаб Россия Давлат думасида ғайрируслар (яъни туркий халқлар) маорифи муҳокамаси ғоятда жиддий тус олган эди. Россия маориф вазирлигидаги корчалонлар мусулмон халқлари учун очилаётган давлат тасарруфидаги рус ва рус-тузем мактабларида она тилини (татар, ўзбек тили) кирилл алифбосида ўқитишни талаб қилган эди. 1883 йил 10 апрелидан барча туркий миллатларни ягона бир адабий тил атрофида жипслаштиришга киришган “Таржимон” газетасида ушбу ёвуз ташаббусга қарши бир қатор мақолалар босилганди. 
     Ўша кезларда давлат ва жамоат арбоби, Дума аъзоси Садри Мақсудий қонунчилик идораси бўлган мажлисда бундай деганди: “Эй ғуспадалар, ақла мурожаат эдинг! Бизим ўз алифбомиз вор: ҳам диний, ҳам дунёвийдир. Русчани ва франсузчани ўқиймиз, лекин ўз алифбомизни ҳеч бир вақт, ҳеч бир ўринда тарк этмаймиз! Бу ишда мантиқсизликками таажжуб эдалим ёхуд изҳор ўлан ҳақоратгами ниҳоятда ҳайрон ўлалим?!” (“Таржимон”, 1909 йил, 10- сон; “Тафаккур” журнали, 2016 йил, 2- сон, 72- бет).
     1909 йилги Думада ҳам яна ўша масала (“Ғайрирусларнинг давлат тасарруфидаги мактабларида таълим-тарбия қайси тилда олиб борилиши керак?”) жиддий муҳокама қилинган эди. Унда “туркистонлиларнинг ўз адабий тили йўқлиги” сабабли таълим-тарбия рус тилида олиб борилсин, деган бемаъни бир кўрсатма берилганди. Бу кўрсатма эса, турган гапки, туркийзабон зиёли ва педагогларда кескин норозиликни уйқусидан уйғотиб юборганди. 
     “Таржимон”нинг 1911 йил 4 мартида босилган Исмоил Гаспирали қаламига мансуб “Чиғатой дили” сарлавҳали мақолада қуйидаги фикрларниям ўқиймиз: “Самарқанд, Фарғона, Сирдарё қитъаларининг шевалари эски чиғатой шевасидир. 
     Бу шева адабий ўлдиғи бутун жаҳона маълум, машҳурдир. Ҳаттоки турк шеваи адабияларнинг энг қадими ва мабдаи ўлдиғи лисониюн олдида масдақдир (тасдиқлангандир). Тавтазонийлар, Аҳмад Яссавийлар, Али Қушчи, Алишер Навоий ҳамда соирлари вужуда келтирмиш Туркистон дили нечук “тилсиз”, “адабийсиз” от ўлунур?! Рус миллатинин лисони адабий ўлмадиғи замонларда эса Ломўнўсуф, Пушкин сингари рус адибларининг вужудидан уч ва тўрт юз сана муқаддам (“Муҳокамат ул-луғатайн” рисоласина боқ!) Чиғатой, яъни Туркистоннинг дили форсийя фойиқ (ғолиб) бўлиндиғи даъво ўлинур-да, бугун Туркистон белисондир, дея насил ҳукм ўлинур?! Киев, Мусқва балдаларинда рум ила лотин лисонинда бирорта раҳбон школаси таъсис эдилмасдан муқаддам Бухоро ҳамда Самарқандда илми тибб, ҳайъат, фалсафа, таърих, жуғрофия, ҳандаса ва соира дарс ва таҳсил эдилур. Улуғбеклар, Форобийлар, Ибн Синолар сингари турк ҳукамоси етиштур-да, буюкларнинг аҳфоди (яъни, авлодлари) бу кун нечук тилсиз от ўлунур?!” (“Тафаккур”, 2016 йил, 2- сон, 73- бет).
      Тараққийпарвар боболаримиз маданият тушунчаси изоҳига ҳам алоҳида диққат-эътиборларини қаратган эдилар. Улар жуда  кўп бора фақат ўзгаларнинг кийим-бошларини кийиб олиш ҳамда чала ярим чет тилида сўзлашишгина маданият бўлиб қолмасдан, бу маданиятсизликнинг бир кўриниши эканлиги хусусида ёзган  ва маърузалар қилгандилар. 
     Маърифатпарвар жадидлар ёшларни чет тилларни жудаям қунт билан ўрганишга даъват этиш билан бирга, она тилининг софлигини асраш масаласида ҳам тинимсиз жон куйдирган эдилар: “Садойи Туркистон” газетасининг 1914 йил 11 май сонида босилган “Индамас” тахаллусли муаллифнинг “Маданият тўлқинлари” сарлавҳали мақоласи бундан 110 йил муқаддам эмас, гўё 2024 йилнинг ўзида ёзилгандек таассурот қолдиради кишида: “Баъзи ёшларимизга ўхшаш усти ялтираган, ичи бўлса қалтираган бўлуб, бошлариға Еврўпо қалпоғини кийиб “маданият!” “маданият!” деб оғизларини ўта кўпуртуруб, оз-моз мусулмонча чала ярим русчада сўйлашуб ўзгаларга кулги бўлуб юрмак маданият бўлмай, масхарабозликнинг бир шўъбасидир”. 
    Маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат ҳам тилимиз масаласига алоҳида урғу қаратиб, қайғуриб, асарларида миллат, Ватан тараққиёти тил ривожи билан бевосита боғлиқ эканлигини ўта кўп бора эътироф этганди. Жумладан, “Тилимиз” сарлавҳали мақоласида қуйидаги фикрларини ҳам билдирганди: “Дунёнинг энг бой, бахтсиз бир тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча. Шоирлик қилмоқчи эмасман, сўзнинг тўғриси шудир. Дунёнинг энг бой тили туркчадир, энг бахтсиз тили ёнаҳўл (яна шу) туркча-дир... ...Навоий ёлғиз йиғламоқнинг турларини кўрсататурғон туркча сўзларнинг шунчасини ёзадир: Инграмоқ, синграмоқ, ингичкирмоқ, йиғламоқ, йиғламсирамоқ, ўкирмоқ, сиқтамоқ.
      Мана сизга биргина ҳодисанинг еттита тури учун отким, ораларинда ингичка айирмалар бордир...
   Араб, форс, рус, немис, француз тилларидан қай бирининг сарф (грамматика) китобларини олиб қарасак, кўрамизким бир сўзни ясамоқ учун бир қанча сўзлар ёзилғон, ундан сўнг шул қоидадан ташқари қолғон (мустасно) сўзлар деб тўрт-беш сўз кўрсатилғон. Турк сўзларинда эса, бундай сўз топилмайдур. Юсупсизлик деган ҳоллар (яъни, истиснолилик ҳоллар) туркийча сарфда сира йўқдур. Тилимизнинг авжи тўғрисида ҳам бойлиги, тугаллиги билиндими? Эмди сўзни туркчанинг бахтсизлигина кўчираман. Турк тилимиз шунча бойлиги ва шунчалар даражада тугаллиги билан бахтсизликдан асло қутула олмамишдир. 
     Турк тили дунёнинг энг бахтсиз тилидир. Туркчанинг бахтсизлиги араб босқини билан боғланмишдир. Араблар босдиқлари бизим ўлкамизга (“араблар томонидан босиб олинган ўлкага” демоқчи) ёлғуз ҳукуматларини эмас, динларини ва йўсунларини-да танитғон, олинғон эдилар. Мусулмонликнинг туби, томири Қуръон билан ҳадисдир. (Мана) Шунинг учун янги мусулмонлар арабча ўрганишни ўзларига вожиб деб билдилар, ўқидилар, ўргандилар, севдилар. Бундан кейин форсча ва туркча арабча бўғувига кириб қолдилар...
     Дунёнинг энг бой тили бўлғон туркчамиз ёлғуз арабча қумруқлар (зуғум) билан эмас, форсича тепкилари билан даҳи эзилмишдир...
     Туркча бахтсиздир. Минг йиллардан бери эзила келмишдир. Лекин (асло) битмамишдир. Битмас, яшамишдир, яшар. Негаким бойдир. Туркча яшамишдир. Яшар, лекин ўзини араб, форс тиллариндан қутқара олурми, йўқми? Сўзни бу ерга етиргач, бармоғимни яранинг ўзагина босмиш бўлдим. Бу сурдиғимға икки турли жавоб келари белгиликдир. Ҳа, йўқ... 
    ...Турк тилини севамиз, лекин тили қабо (орқада), адабиёт тили эмас, дўққи (қўпол), мусиқаси тотсиздир... деганларнинг... бир-икки таёқ еб, қувилмоқлари керакдир, лекин турк тили бахтсиздир» (“ИШТИРОКИЮН” газетаси, 1919 йил 12 июндаги 32- сони. “ҲУРРИЯТ газетаси, 2019 йилнинг 22 октябри, 38 (1150)- сон).
     Абдулла Авлоний ҳам “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” номли машҳур китобида “Ҳивзи лисон деб ҳар бир миллат ўз она тили ва адабиётини сақламагини айтилур. 
     Ҳар бир миллатнинг бу дунёда борлиғини кўрсатадурган оинаи ҳаёти унинг тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдур. 
    Ҳайҳот, биз туркистонликлар эса миллий тилни асрамоқ бир тарафда турсун, кундан-кун унутмакдамиз ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярмиға арабий-форсий уланган, илмоқ қилиб бир четига рус тилини ҳам ёпиштирмоқдадурмиз. Яхши қўшнингдан олгунча, ёмон уйингни қидир, демишлар. Буюк боболаримизга етишган ва яратган муқаддас тил ва адабиёт бизларга ҳам камлик қилмас. Уйимизни қидирсак, ахтарсак йўқотганларни топармиз... 
      Умумий миллий тилни сақламоқ ила баробар хусусий, оғиз орасидаги тилни ҳам сақламоқ лозимдур...” дея нидо қилганида буюк маърифатпарвар бобомиз минг бора ҳақ бўлган эди. 
     Ушбу фикр барча маконлар, замонлар, этносларнинг барчасига баб-баравар тааллуқлидир. Тиллар ҳам одамларга ўхшаб кетади. Улар ёнма-ён яшайди, бир-бирларига у ёки бу даражада таъсир қилади, ўзгаради, ривожланади ё ўлиб кетади. Асл фарқ шундан иборатки, одам оламдан ўтган пайтида марсия тўқийдиганлар ва йиғлайдиганлар бўлади. Минг йиллар яшаган бирор тил ўлганида эса йиғи-сиғи қилиб, мотам тутувчи бирон-бир кимса қолмайди...
Ўтган минг йиллар мобайнида 500 тилда гапирувчилар қолмаган бўлса, кейинги 100 йилда 1000 (мингта) тил ўлиб кетди.
     Ҳозирги ниҳоятда мураккаб замонда бутун дунё бўйича ҳар бир ойнинг ўзидаёқ ғоятда кам сонли этносларнинг иккитаси, шу тилда сўзлашувчи бирорта ҳам киши тирик қолмагани туфайли тарих саҳнасидан тушиб кетишга мажбур бўлаётгани жафокаш жадидлар, тараққийпарвар аждодларимиз ақл-заковат кўзи билан нақадар узоқ даврларни, бугунги кунларни – XXI аср ибтидосини бемалол кўра олганларидан яққол далолат бериб турибди. 
     Чор Россияси томонидан бошлаб берилган тил сиёсати шўро  замонида ҳам давом эттирилаверганидан ўзингиз ҳам бохабарсиз. Масалан, ХХ аср 20- йилларида Туркистонда фаолият кўрсатган Ҳарбий озиқ-овқат ишчи отрядларининг рус миллатига мансуб аскарлари маҳаллий аҳолидан зўрлик билан йиғиб олинган озиқ-овқатлар ҳамда ем-хашакни бир парчагина тилхат асосида, ҳатто олинган вақт-соати ва ўз ҳарбий қисми рақамини кўрсатмасдан, олган маҳсулоти ҳажмини камайтириб, баъзан эса тилхат ўрнига бир парча қоғозга “Христос қайта туғилди”, “Янги йил билан!” ва бошқа шу сингари бемаъни ёзувлар орқали бериб, ўзбекларни масхаралаганлар (Фарғона вилоят Давлат архиви, 435- фонд, 1- рўйхат, 122- иш, 10- варақ). 1921 йилда эса озиқ-овқат солиғини йиғиб юрган қизил армиячилар, белгиланган меъёрдан 3 – 4 бора кўпроқ маҳсулотни олиб, аҳолининг рус тилини билмаслигидан “унумли” равишда фойдаланиб, патта ё тилхат ўрнига бир парча қоғозга сўкиниш ёки ҳақоратомуз гап-сўзларни ёзиб: “Худо ўтган йили берган, бу йил ҳам беради”, деб деҳқонларнинг қўлларига тутқазиб қўйганлар (ЎзР МДА, Р- 31- фонд, 2- рўйхат, 110- иш, 56- варақ). Бунақа мисолларни эса керагича келтириш мумкин...
      ХХ аср 80- йиллари иккинчи ярмидан Ота маконимизда миллий истиқлол, озодлик ва ҳуррият учун қўйилган дастлабки дадил қадамлар ўзбекнинг асл ўзлиги учун, ўзбекнинг ўзининг она тилини бир амаллаб хавф-хатардан асраб қолиш мақсадидаги ҳаракат, уриниш ва интилишлар шаклида ўзини намоён этган эди. 
     Айни ўша пайтларда “Наманганская правда” газетасида бош муҳаррир сифатида “ниҳоятда жўшқин” фаолият кўрсатган “улуғ оға”лардан бири вилоят партия қўмитаси биноси эшигида менга беҳад гина-таъна аралаш шундай деб қолган эди: “Слушай меня, Бахтияр! Почему ваши узбеки придумали ешё одно новое слово “Музкаймак”? У нас есть же очень хорошое слово “Мороженое”. Миллатлараро муносабатлар беҳад чигаллашиб, мавжуд ҳолатдан норозилик унсурлари аста бош кўтара бошлаган ғоятда мураккаб бир даврда унга унинг она тилида кескинроқ жавоб қайтаргудек бўлсам, миллатчиликда, “улуғ оға”га беписандликда айбланишим ҳам турган гап эди-да. Аслида-ку, мен керакли гапларни қидириб чўнтагини ковлайдиганлар тоифасидан эмасман. Бу сафар бўлса яхшиси “бало-қазодан ҳазар”, дея индамай қўя қолгандим. Унга гап қайтармагандим-у, лекин биринчи марта ўзимнинг уйимда, ўз Ота юртимда ўзга миллат вакилидан ўзимнинг она тилим ҳақида таъна эшитганим учун дилим жуда қаттиқ оғриди. Чунки, Қозон давлат университетида деярли уч йил мобайнида рус, қирғиз, украин, қозоқ, татар ҳамда хорижлик студентларга рус тилида “Россия тарихи”дан лекция ўқиганимда ҳам ҳеч ким Она тилимга ўз тилини теккизмаган эди. Аксинча, “У ёки бу ҳолат, у ёхуд бу нарсалар ўзбекчада қандай айтилади?” деган саволларга асосли жавобимдан кейин “Ўзбек тили беҳад жарангдор, жуда чиройли тил экан”, деган самимий эътирофларни кўп бора эшитганман. 
     Лекин, буниси, яъни “улуғ оға”дан эшитганларим ҳали бир ҳолва эканлиги эса бир неча кундан кейин маълум бўлганди... 
     Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида” қонуни қабул қилиниши арафасида эса “гўзал” Наманган шаҳрининг қоқ юраги, яъни шундоқ марказида ўрнашган Сиёсий маориф уйида вилоятимизнинг барча туманларидан таклиф этилган 700дан зиёд ўзбек тингловчиларига юқоридан “Миллатлараро муносабатлар тантанаси” деган мавзуда рус тилида маъруза ўқиш топшириғи олинди. Наманган давлат педагогика институтининг жуда моҳир русийзабон доцентлари Виолен Джанович Казаков ҳамда Михаил Шоломонович Исхаковнинг ўзбекнинг ўша замонда росаям урф бўлган мадҳияси – бош қўшиғидаги “Ассалом, рус халқи – буюк оғамиз, Ассалом доҳиймиз – Ленин жонажон”дан бошланиб, “Улуғ рус халқи, бахтимизга бўл омон!” идеологияси руҳи билан бағоят қондириб ва кўллатиб суғорилган келажакда миллатлар ва тилларнинг бирлашиб кетиши, шу сабабдан миллатчилик ёмон эканлиги ва интернационализмнинг яхшилиги, руснинг тили ҳам Ўзбекистонда Давлат тили бўлиши зарурлиги ҳақидаги оташин лекцияларини сираям эътироз билдирмасдан “мириқиб” тинглаб ўтирган юртдошларимдан бирининг сабр-тоқати, навбат Бахтиёр Исоқов деган ўзбекнинг лекторига келган пайтида, агитация ва пропаганданинг ниҳоятда қудратли босими ва тазйиқига мутлақо бардош беролмай қолган эди. 
     Маъруза бошлаганимдан кейин беш дақиқаларча вақт ўтгач, залнинг охирги қаторларидан бирида ўтирган худди ўша бесабр овозининг борича “Ҳей, бу ёғи энди ўзбекча бўлаверсин!” – дея қичқириб юборганди. Мен ҳам ўйлаб-нетиб ўтирмасдан, юқоридан берилган топшириқниям “унутиб”, фикр-мулоҳазаларни ўзбекча, онам ва отамнинг тилида давом эттира бошладим. Кўз қиримни эса астагина президиум томон ташласам, агитация ва пропаганда (тарғибот ва ташвиқот) ишига масъул партия ходими ўта гезариб, қўлидаги соатига хўмрайганича қараб ўтирибди. Унинг маърузам туфайли бузилиб қолган ва расво бўлган кайфиятига асло парво қилмасдан, “Ўртоқлар! (Ўша замонда барча расмий мулоқотларда тингловчиларга қарата шундай мурожаат қилинар эди, “хонимлар ва жаноблар” эса гўёки хорижда ёки ўтмишда яшашарди. – Б. И.). Тенглик, дўстлик ҳамда қардошлик деган улуғ тушунчалар фақат тенглар ўртасидагина бўлади. Мана, сизлар ва бизнинг ўзимиз ва фарзандларимиз хорижий тилларни айнан бизнинг ўзимизга, ўз юртимиз тараққиёти, келажагига фойдали бўлгани сабабидан ҳам ўта катта қизиқиш билан ўрганаяпмиз. Вилоятимиз ва шаҳримиз ҳудудида 40 – 50 йиллар мобайнида ёки бутун умри бўйи яшаб келаётган бошқа миллатларнинг вакиллари ҳам ўзбекнинг тилини ўрганиб қўйишса, уларнинг ўзларига унчалик ёмон бўлмасди!” – дейишим биланоқ, мен томонга ўқрайиб қараб ўтирган худди ўша йиғинга мутасадди ўзбек, гўё уни қўққисдан чаён чақиб олгандай, ўрнидан ниҳоятда шиддат билан сакраб туриб, ўзи олдида турган микрофон орқали ўзбек тингловчилари томонга қарата бор овози билан: “Товарищи! Дорогие товарищи! Такие слова, которое вам говорит лектор, не являтся генеральной линией нашей родной, великой и могучей коммунистической партии. Это очень личное, но одновременно политически неправильное, также собственное мнение товарища Исакова!” – дея бор овози билан ҳайқирган эди. 
     “Ўзгаларнинг тошидан кўра ўзингникининг пахтаси қаттиқ тегади”, деганлари ҳам рост экан. Эртасига айнан шу муаммога дахлдор ўзим тайёрлаган маърузани кўтариб олиб вилоят партия қўмитасига келдим. Менга рус тилида маърузани тайёрлаб келиш топшириғини берган бўлим бошлиғи, уни аста варақлай туриб, тўсатдан «ўзгалар ҳам ўзбек тилини ўргансалар ёмон бўлмасди», деган жумлага кўзи тушиб қолиб, ранги ҳам қордек оқариб кетган эди. Қўлидаги қизил қалами билан жумла устидан чизиб ташлагач, менга қарата: “Бу жудаям катта сиёсий хато!” дея дўқ урган эди. Маъруза обком секретари (вилоят раҳбари) томонидан ўқилиши, биз залда ўтириб уни мақтаб, аввал чапак, кейин бўлса қарсак чалишимиз, сўнгра эса роса олқишлашимиз керак эди. Агитация-пропаганда бўлимининг бошлиғи – ўзбек “сиёсий ҳушёрлик”ни ўз қўлидан бермаганлиги туфайли ҳам бўлажак ниҳоятда “катта муаммо”нинг олди олиб қолинган, жанжал бартараф этилганди. 
     Бу воқеалардан кейин эса ўзбекни “музқаймоқ” учун танқид қилган ўзга этнос вакилини кечириб юборган эдим. Лекин, ҳар йили “Тил байрами” арафасида ўзбек тилининг асл Давлат тили мақомини олишига қарши жон-жаҳди билан курашган, рус тили ҳам шундай мавқени эгаллаб олишини хоҳлаган, иккитиллилик тарафдори бўлган ўзимизнинг “интеллигент” («зиёли») ўзбеклар ўзимизга кўрсатиб қўйган “ҳунарлар” бот-бот эсга тушиб туради. 
    Бу, ҳанузгача кўнгилни хижил қиладиган воқеалардан бир ҳафталар ҳам ўтар-ўтмасдан матбуотда 1- моддаси “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб аниқ-тиниқ қилиб битиб қўйилган, бугун бўлса 35 ёшини нишонлаётган нақ 30 моддадан иборат ҚОНУН эълон қилинган эди. Натижада эса, халқимизнинг беҳад муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлганди. Бу Ота маконимизнинг минглаб йиллик тарихидаги том маънодаги буюк воқеалардан бири эди. Бу ҳодиса бўлса, ўз-ўзидан ҳам аёнки, коммунистик (большевистик, атеистик) идеологиянинг маънавий ҳаётимизда ўзининг яккаҳокимлик, мутлақ ҳукмронлик мавқеини йўқотиб қўйиб, ўзи экстремистик, террористик хатти-ҳаракатлар воситасида зўравонлик билан эгаллаб олган ўрнини бизнинг асл миллий ғоямизга бўшатиб беришга мажбур бўлганлигидан яққол далолат берарди...
     “Ўткан кунлар” кимларгадир гина ва таъна қилиш, “Аканг қарағай ҳам, ўша замонларда она тилимизнинг энг юксак мавқеи учун кучи етганича қаттиқ курашган”, қабилидаги писанда учун эмас, ўша кунларни унутмаслигимиз даркор, “мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир” деган маънода эсланди. 40 – 35 йил муқаддам ўзининг она тилини асраб қолишга ва хасталикка дучор этилган ўзбекнинг асл она тилига ғамхўрлик қилишга уринган анча-мунча фидойи инсонлар ташкилотлар, муассасалар, ўқув даргоҳларида тегишли ташкилотлар, хизматлар ходимларининг дўқ-пўписаси, тазйиқларга дуч келганлиги, уларни ХХ аср 30 – 50- йилларидаги сингари аксарият кўпчиликнинг, яъни оломоннинг қўли орқали бадном қилишга ўта қаттиқ уринилгани, тиришилгани ҳам зинҳор ёдимиздан кўтарилмаслиги зарур...
     Сўз – миллий ҳодиса. Қовун ё қоғоз, той ё тупроқ ўзбеккаю ҳабашга, испану японга бир хилда кўрингани билан, уларнинг ҳар қайсиси бу нарсаларнинг барини ўз тилида бошқача-бошқача ном билан атайди, демакки, олам-жаҳонни ўз сўзлари билан англайди, фарзандларига, ўзгаларга англатади, тушунтиради, билдиради.
     Она тилини ҳимоя қилиш Ватанни муҳофазалаш қилиш билан тенг эканлигиданам бохабарсиз. Бу ғоя шунчаки баландпарвоз сўзлар мажмуи эмас ва ҳеч қачон ўз мавқеи ва аҳамиятини йўқотмайди. Тарихда Ота юрти, Она ватани ва унинг юраги бўлмиш тилини ҳимоя қилишга отланган, ва керак бўлса, ўз жонини фидо қилган инсонлар бўлган, бор ва бўлаверади ҳам. 2019 йилнинг сентябрь ойида Россия Федерациясининг Ижевск шаҳрида удмурт олими Альберт Разин ўзига ўт қўйиб, жонига қасд қасд қилди. Мавжуд маълумотларга биноан, ўз удмурт миллати ва Она тили йўқолиб бораётганига чидай олмаган ўша олим мазкур фожеага қўл урган. Ўлимидан сал олдинроқ Альберт Разин удмурт тили билан бирга миллий маданияти, урф-одатлари йўқолиб бораётганлиги, удмурт миллатига мансуб кишилар ўз исм-фамилиясиниям руслаштириб, она тилида мулоқот қилмаётганликлари  ва бу кетишда яқин вақт ичида удмурт тили ўлик тиллар таркибига киришидан ташвишда эканлигини билдирганди (“Инсон ва қонун”, 2019 йил 5 ноябрь).
     Тақдирига “Сўзнинг ортидан бетиним қувиш битилган, бу аччиқ қисматдан асло юзини ўгирмаган” Қозоғистон халқ шоири, академик Ўлжас Сулаймонов “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган (2019 йил, 16 апрель) “Сўз миллат қиёфасини белгилайди” номли суҳбатида шундай мулоҳазаларини билдирганди: “Инсониятнинг ўтмиши, кечган юзлаб минг йиллик тарих динозаврларни топиш билан ўлчанмайди, ғорлардаги ҳар хил битикларни ўқиш билан, археологик қазилмаларни ихтиро қилиш билан белгиланмайди, башарият тарихининг сир-асрорлари уларга беркитиб қўйилган эмас. Инсониятнинг тарихи сўзларга муҳрлангандир. Сўзларда инсониятнинг бутун билими, тафаккури ва ҳаёти мужассам. Сўз инсоният босиб ўтган барча йўлларни худди маёқ сингари ёритиб туради. Бир томчи сув бутун денгиз ҳақида маълумот бера олгани сингари битта сўз ҳам бир халқ ҳақида бемалол маълумот бера олиш қудратига эга. Сўз, у қозоқчами, ўзбекчами, шумерлардан, санскрит тилларидан қолган сўзми, палеолит, неолит давридан ёхуд ибтидоий жамоа тузумидан қолган минг асрлик сўзми, улар барчаси бугунги кунга қадар яшаб келмоқда ва ҳар битта сўзнинг замирида бутун халқнинг тарихи, маданияти ва маънавияти яшаб келмоқда. Одамлар сўз ўткинчи, алмашиб туради, қисқагина вақт яшаб, сўнгра нобуд бўлади, оламдан ўтади деб ўйлашади, йўқ, сўз асло ўлмайди, у башариятнинг бутун босиб ўтган йўли ҳақида абадулабад сўзлаб турувчи сўнмас маёқдир!”
Бир донишманд олимнинг фикрича, “Сўзнинг томирларида қон оқса, юраги уриб турса, кўзи кўриб, қулоғи эшитса – ўша сўз тирикдир”.
     Қуръони каримда инсоннинг яратилиши, кейинчалик унга қайтиши, одамга тилнинг ато этилиши қуйидагича равишда қайд этилган: “Ўлик эканингизда сизни тирилтирган, сўнгра сизга (яна) ўлим берадиган, кейин сизни тирилтиргач, сиз ҳузурига қайтариладиган Аллоҳни қандай инкор этасиз?!” (Бақара сураси, 28- оят); “Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лабни пайдо қилмадикми?!” (Балад сураси, 8 – 9- оятлар).
     Сўзда овоз, сув ва нурга хос хусусиятлар мужассамдир. Сув бирор идишга қуйилганида, нур бирорта буюмга тушганида ўша нарсаларга хос аксланади. Сўз-чи? Сўз ҳам шундай. У ҳам ким томонидан ҳар хил оҳангда айтилади ва шу боисдан ҳам турлича таъсир кучига эга бўлади. Айни бир сўзнинг ўзи дарак, сўроқ, ундов, буйруқ, пичинг, кесатиқ каби маъноларни англатади.
     Ҳар бир жонли мавжудотни бошқарадиган боши, кўрадиган кўзи, эшитадиган қулоғи, ҳаракатланадиган оёғи ҳам борлигини ўзингиз ҳам ниҳоятда яхши биласиз. Бу аъзоларнинг бирортасига путур етгудек бўлса, бутун жонли вужуднинг бутунлигига, бир меъёрда ривожланишига ҳам, албатта зарар етади. Ана шу нуқтаи назардан тил ҳам гўё жонли мавжудот. У ҳам ривожланади, доим ҳаракатда бўлади, даврлар ўтиши билан ўзгаради, ўлади ҳам. Шу ўринда “ривожланмоқ” деган сўз ҳам фақатгина ижобий маънони англатмаслигини қайд этишимиз зарур. У салбий маъногаям эга. Масалан, “касаллик ривожланди”, “одам савдоси ва коррупция ривожланмоқда”, деймиз-да. “Тараққиёт” сўзи бўлса кўпроқ олға интилиш ва хатти-ҳаракатни билдиради. 
    Шунинг учун ҳам буюк олим Вильгельм фон Гумбольдт ҳар қандай тил энергия (фаолият) эканлигини таъкидлаган эди. Унинг фикрига кўра, “Тил халқ руҳининг зоҳирий намоён бўлишидир; халқнинг тили унинг руҳидир ва халқнинг руҳи унинг тилидир, Булардан-да бир-бирига айнан мос бошқа бирор нарсани тасаввур қилиб бўлмайди”.
     ... Жанубий Корея фуқароси Ким Сон Им (унинг ўзбекча исми – Сайёра) НамДУ Тарих факультети бакалавриат ва магистратура босқичларида 6 йил ўзбек тилида таҳсил олган эди. Бизнинг она тилимизда чиройли талаффузда жудаям аниқ ва тиниқ гапиради. Анъаналаримизни ҳам яхши билади. Шу боисдан ҳам Наманган вилояти телевидениеси орқали бир неча йил мобайнида эфирга узатилган “Кўз тегмасин” номли ток-шоуда корейс қизимизнинг ўзига хос ҳакамлик ҳамда экспертлик хизматидан унумли тарзда фойдаланганмиз. Ким Сон Им кейинча Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институтининг Этнология бўлимида тарих фанлари доктори, профессор Адҳам Аширов раҳбарлигида стажёр-тадқиқотчи, изланувчи сифатида ҳам фаолият кўрсатган. 
     Наманган аҳолиси маданияти, тили, урф-одат, маросимлари бўйича диссертациясини ёзаётган Томассо (унинг ўзимизча қўйиб олган ўзбекча исми – Толмасбой) Тревисани бундан бир неча йил муқаддам вилоятимизда 4 ой яшаб, ўз илмий ишига маълумотлар  тўплаган эди. У – асли италиялик. Рим университетида ўқиётган чоғида немис тили ва адабиётини жиддий ўрганган. Кейинчалик эса Германияда яшаб, университетда фаолият кўрсата  бошлагач, у ерда ўзаро ўзбек тилида гаплашаётган (!) немисларга қизиқиб қолиб, бизнинг она тилимизни ҳам яхшигина ўзлаштириб олган. 
    Томассо бизнинг Ота қишлоғимиз – Паромонга меҳмонга борган пайтида ҳамқишлоқларимиз унга, чет эллик бўлганлиги учун, рус тилида мурожаат қилишса, у “Сиздан илтимос! Мумкин бўлса, ўзбекча гапирсангиз!” – дер эди. Агарда ўзбек тили нормаларини бузиб гапираётган кишилар билан мулоқот қилишига тўғри келиб қолса, “Марҳамат қилиб, сал секинроқ ўша сўзни яна бир марта такрорласангиз. Менинг назаримда, Сизнинг она тилингизда бу ибора, атама мана бундай талаффуз қилиниши керак эди”, – дея ўз суҳбатдошига эътироз билдиришдан ва ўзбекнинг шевадаги ўзбекчасини тўғрилашдан ҳам мутлақо тортиниб ўтирмасди. 2018 йилдан бошлаб эса худди ўша, ўзбекчани айрим бир ўзбеклардан ҳам яхшироқ биладиган, Томассо Тревисани Италиядаги Неаполь университетининг профессори лавозимида фаолият кўрсатмоқда. 
     Ким Сон Им ҳам, Томассо Тревисани ҳам инглиз тилини жудаям яхши биладилар. Бир куни корейс қизи ва итальян йигити қайси тилда мулоқотга киришишини яқинроқ билиш мақсадида уларни бир-бирига таништирган эдим. Очиғини айтганимда, улар инглиз тилида ўзаро суҳбатлаша бошласалар керак, деб ўйлаган эдим. Лекин, натижаси эса кутилмаган, мени ҳайратга солган, бениҳоя қувонтирган учрашув содир бўлган эди. Улар ётсирамай бутун умр бўйи бирга улғайган, деярли ҳар куни кўришиб юрган ўзбеклар сингари бизларнинг она тилимизда “Яхшимисиз? Сиз каерликсиз?” дея ўзаро танишиб олганларидан кейин, мириқиб мулоқот қила бошладилар. Мен эса уларнинг ўзаро мулоқотига аралашмасдан, четроқда кузатиб ўтириш билан чекланган эдим. 
    Дунёдаги энг бебаҳо неъмат – вақтни юксак қадрлайдиган итальян ва корейснинг чамаси бирор соатлик гурунгидан кейин уларга “Нега сизлар инглизча гаплашмадинглар?” деган саволни бергандим. Улар бўлса худди аввалдан келишиб олгандек, “Домла! Инглиз тили Ўзбекистон, унинг халқи ҳақидаги сўзларнинг барча чиройи, оҳанги ҳамда руҳини беролмайди. Гўзаллиги ва бойлиги жиҳатидан ўзбек тили инглиз тилидан ҳам баландроқ туради”, – дея жавоб қайтарган эдилар. 
     Шунга ўхшаган бир воқеа 2003 йили Тошкентда Темурийлар тарихи музейининг мажлислар залида ўтказилган бир халқаро илмий-назарий конференцияда ҳам юз берган эди. Бу анжуманда ўзбек тилини жуда яхши биладиган япон, корейс, француз, немис олимлари иштироки ҳам кўзда тутилганди. Конференция ишини бошлагач, бирин-кетин минбарга кўтарилган ўзбекнинг академик, профессорлари, доцентлари рус тилида доклад қила бошладилар. Менинг маърузам ҳам, турган гапки, рус тилида тайёрланган эди. Дастлаб “иккинчи она тилимизда”ги лекция ва докладларнинг шакли эмас, мазмун-моҳиятига асосий эътиборни қаратганлигим туфайли чет эллик олимлар юзидаги таажжубни, савол аломатини англамабман ҳам. Хорижликларнинг сал-пал бўлса-да, бузилган кайфиятининг асосий сабаби ҳақида ҳам ўйлашга киришдим. 
     Тўсатдан ўзимнинг ўзбек эканлигим, ушбу халқаро анжуман эса Москва ёхуд узоқ Владивостокда эмас, мустақил Ўзбекистон бошкенти – Тошкентда бўлаётганлиги ёдимга тушиб қолди. Орим уйғониб, қайсарлигимам тутиб қолганди. “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган “Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро анжуманларда давлат тили, шунингдек, қатнашчиларнинг ўзлари танлаган тиллар анжуманнинг иш тили ҳисобланади”, деган 9- моддасидаги ҳуқуқий норма дарҳол эсимга тушиб қолганди. Менинг навбатим келганида минбарга кўтарилишимдан олдин президиумда савлат тўкиб ўтирган раҳбариятга “Мен ўз давлатимизнинг тилида, отам ва онамнинг тилида гапираверсам майлими?” – деган савол билан мурожаат қилдим. Улар бўлса меҳмонлар олдида ноилож қолиб, базўргина “Можно” (“Мумкин”) деган рухсатни берган эдилар. 
     Воқеанинг ибратли жиҳатиям менинг маърузам тугаганидан сўнг содир бўлган эди. Жанубий Кореядаги Пусан университети профессори (афсус, унинг фамилиясини ёдимда сақлаб қолмаган эканман) мен эндигина тарк этган минбарга кўтарилган заҳотиёқ, “Исоқов домлага жудаям катта рахмат! У бизнинг Ўзбекистонда эканлигимизни эсимизга солиб кўйди!” деса бўлади-ми! Аёл – профессорнинг залда ўтирганларга қарата, “Ҳурматли ўзбеклар! Биз ҳозирга қадар ўзимизни Россияга келиб қолдик шекилли, деб ўйлаб ўтирган эдик. Биз Сизларга ўзбек тилида маъруза қиламиз. Ўзбек тилини билмайдиган ўзбеклар бўлса ўзларига таржимон топиб олсин!” – дея ўзбек ҳамда корейс халқ эртакларидаги ўзаро ўхшашлик, яқинлик, унинг халқларимиз дўстлиги ва келажакдаги ҳамкорлигига беминнат хизмат қилиши масаласига бағишланган нутқ сўзлагани, маъруза қилгани тез-тез ёдимга тушиб туради... 
Шу ўринда “Бобурнома”гаям мурожаат қилсак, биз қаламга олган воқеани эслашдан мурод янада ҳам ойдинлашган бўларди: “Бу дегонлардин ғараз элга санги кам урмоқ эмас, баёни воқеи бу эдиким, мазкур бўлди. Бу битилганлардин мақсуд ўзини орттирмоқ эмас, рости бу эдиким, мастур бўлди”. “Бобурнома” табдилига биноан: “Бу айтганларимдан мақсад элга таъна қилмоқ эмас, воқеанинг ҳақиқати шу эдики, бу ерда ёзилди. Бу битилганлардан ният ўзимни улуғламоқлик эмас, рости шу эдики – ёзилди”.
    “Этнология” тиллар каталогида 2022 йилда 142 тил оиласига мансуб 7151 тил қайд этилиб, уларнинг фақат 95таси давлат тили мақомига эга эканлиги кўрсатилган. Бу умумий миқдорнинг 1,3 фоизини ташкил қилади. Демак, Ер юзидаги 98,7 фоиз тиллар ўз ҳудудида давлат тили мақомига эга эмас. 54 мамлакатда инглиз, 35тасида француз, 27тасида араб тили давлат тили мақомига эга. 1996 ҳамда 2000 йилларда ЮНЕСКО томонидан “Дунёда йўқолиш хавф-хатарининг остида турган тиллар Атласи” (“Атлас мировых языков, находящихся под угрозой изчезновения”) ҳам яратилган. Унда эса бугунги кунда Европада 50та, Сибирда 40та тил ва ниҳоятда хавфли ҳолатда турган Америка ва Австралия қитъаларида эса 1000га яқин кичик элатларнинг тиллари йўқолиб бораётганлиги башариятга маълум қилинган эди. Ўша атласнинг охирги, 2015 йилги талқинида эса жаҳонда 2500 тил қолганлиги кўрсатилган. Охирги уч авлод яшаб ўтган даврда эса 200дан зиёд тил батамом йўқ бўлиб кетганлиги қайд этилган.
    Лингвистлар фикрига биноан, тилларнинг ярми икки авлод умрича вақт мобайнида буткул йўқолиб кетади. Ҳозирги даврда 1500 тилда вакиллари сони 2500дан камроқ бўлган элатларгина гаплашади. 1400дан зиёдроқ тил эса бугун йўқолиш арафасида, бошқачасига айтганда, ҳалокат ва ўлимнинг ёқасида. У тилларда гаплашувчи кишилар билан бирга уларнинг тиллари ҳам кўҳна тарих  саҳнасини абадийга тарк этади ва тарихга айланиб қолади. 
    Тил ишлатиладиган ўн учта соҳа мавжуд: хўжалик ишлари, сиёсий-ижтимоий соҳа, бадиий адабиёт, фан, ҳужжатларни юритиш, ахборот, эстетик таъсир воситалари (театр, кино…), халқ ижоди, маориф, турмуш, ўзаро ёзишмалар, диний маросимлар, ҳарбий соҳа. 
     Мана шу соҳаларнинг ҳаммасида тил ҳаракатда бўлгандагина унинг келажаги ҳақида гапириш мумкин...   
    ЮНЕСКО талқинига кўра, ҳар қандай тилнинг яшовчанлик даражаси тўққизта мезон бўйича белгиланиб, ундан энг муҳими, қўллаб келинаётган тилнинг айнан она тили сифатида аждодлар мероси сифатда авлодларга ўтиб келаётганидир. Агарда болалар тилни она тили сифатида ўрганмай қўйсалар, бу тил йўқолиб кетиш хавфи остида, бу тилни фақат кексаларгина билса, у йўқолиб кетиш арафасида турибди, деб эътироф этилади. 
     Ўзбек тили мазкур мезонлар бўйича яшовчанлик даражаси  энг юқори бўлган тилларнинг қаторида туради. Ушбу мезонларга тилнинг болалар томонидан она тили сифатида ўрганилиши, шу тилда оммавий ахборот воситаларининг доимий нашр этилиши, кино ва театрларнинг мавжудлиги, шу тилнинг расмий бошқарув ишларида фойдаланилиши каби бир қатор омиллар  киради. Мана шу мезонларнинг энг муҳимларидан тағин бири эса ушбу тилда яратилган ёзма адабиётнинг яшаб келаётгани ҳисобланади. Она тили бор, мавжуд экан, унинг воситасида мулоқот қилувчи этнос ҳам  кун кечиришда эмас, бемалол яшашда ҳам давом этаверади. 

    Бахтиёр ИСОҚОВ, Наманган давлат университети Ижтимоий фанлар факультети тарих кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди, “Меҳнат шуҳрати ордени” соҳиби. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот