Маънавият — ҳаётимиз гултожига айлансин!


 Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак. 
Ш. Мирзиёев 

     Умр инсониятга берилган энг бебаҳо неъмат. Уни қадрлаш, эъзозлаш, шукрона келтириш ва ҳаёт гўзалликларидан завқ олиш учун ҳам инсонга маънавият-маърифат даркор. Маънавиятсиз инсон жоҳил ва нафосат оламига бегонадир. Гўзаллик дунёни қутқарар экан, маънавият инсониятни яхшилик занжири билан боғлаб, эзгулик пойига чорловчи улуғ қудратдир.  
     Мамлакатимиз Президентининг республика маънавият ва маърифат кенгашидаги сўзлаган нутқи “Адолат” СДП Фарғона вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида ва жойлардаги бошланғич партия ташкилотларида чуқур ўрганилиб, келгуси вазифалар белгилаб олинмоқда. Мамлакатимиз раҳбари ўз маърузаларида маънавият, маърифат, маданият ва санъат аҳлини ўйлантириб келаётган жуда кўп муаммоларга эътиборларини қаратганликлари ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Маънавият ҳақида ўйлар эканман, шўхлик қилсак, бувижоним: “Гуноҳ бўлади, уят бўлади”, “ Қўшнилар эшитмасин”, “Овоз чиқариб кулманглар, оҳиста кулинглар”, “Оғзингни очиб эснама, шайтон кириб олади”, -  деган сўзлари ёдимга келади. Мана шундай оила остонасидан бошланган тарбия мезони ўзбек халқининг қудратини, маънавиятини, маърифатини дунёга таратиб, жаҳон аро намоён этмадими?  Бугун ҳаётимизга соя мисоли кириб келаётган оммавий маданият бизни асрий қадриятларимиздан мосуво этаётгандек. “Ўзим учун ҳам яшай”, деб чойхона-ю ресторанларда гап-гаштакда юрган буви-ю оналаримиз, чойхоналарни макон қилган оталаримиз, спа-салонларни доимий мижозига айланиб бораётган айрим ёшларимиз, ҳатто “хожи оши” қилиб, шоҳона дастурхон тузаётган ота-оналар, бобо-ю бувилар, оила катталари ёш авлод ҳақида ўйлашга, улар билан машғул бўлишга вақтлари етмай қолаётгандек гўё... 
     Ёдингиздами, биз мактабда таҳсил олган даврларимизда устозларимиздан олдинда кетаётган бўлсак, оҳиста тўхтаб, саломлашиб, уларни ортларига ўтар эдик. Улардан олдинда юриш тарбиясизлик эди. Устоз отангдек улуғ, деган ҳикмат қон-қонимизга сингиб кетган эди. Бугун устозини ёқасидан олаётган ёки бемалол, уялмай ҳақорат қилаётган ўқувчиларни ёки уларнинг ота-оналари, яқинларини салбий муносабатларидан ёқа ушлаймиз. Ахир фарзанднинг тарбияси, ёш авлоднинг келажаги сизу биз учун муҳим эмасми? Кибру ҳавога, катталарга беписанд муносабатда камолга етаётган жигарбандларимизни ўзимиз “меҳрибонлик” билан манқурт қилиб қўймаяпмизми?  Бир онаизор ҳузуримга келиб, узоқ кўз ёш тўкди. Тақдири азални кошки ортга қайтариш менинг измимда бўлса. Ачиндим. Аёл узоқ йиллар бир шаҳардаги телефон тармоқлари идорасида мижозлар бўлимида ишлаган экан. Якка ёлғиз, кўзининг қораси бўлган жигарбандининг тўкис ҳаёти учун телефон тўловлари учун тўланган пулларни ўзлаштириб, давлатни, халқни мулкига хиёнат қилиб келган экан. Ўғли камолга етиб, эндигина 18 ёшга тўлган чоғида гиёҳванд моддалар билан қўлга тушиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган экан. Боламнинг бир йигит умри мени хатойим туфайли завол бўляпти, дейди шўрлик она. Бу ҳаддан зиёд меҳрнинг аччиқ оқибати эмасми?  Қўштепа туманида халқ “кўзойнакли амма” деб қадрлайдиган бир кайвони онахон билан суҳбатлашганимда, уларга жуда ҳавасим келди. Она дўппи тикиб, 10 фарзандига бош бўлиб, ҳаммасини олий маълумотли қилиб ўқитибди, уйлаб, жойлабди. “Болаларимни бировнинг ҳаққига хиёнат қилмасликка, ёлғон сўз ишлатмасликка ўргатдим. Болаларим ҳар бир сўмни қадрига етишади. Ҳар қанча қийинчиликларга бардошли қилиб тарбиялаганим учун ўзим ҳам, болаларим ҳам қийинчиликларнинг ортидаги роҳатни кўриб турибмиз”.
     Янги йил арафасида “Адолатли қайнона” кўрик танловининг Фарғона вилояти босқичида иштирок этдим. Очиғи, бу танлов давомида ўзим ҳам катта маънавий озуқа олдим. Ҳаёт тажрибаларидан сабоқ олдим. Ҳар бир онахоннинг ҳаётий тажрибалари, ўгитлари бир олам маъно. Ўз ҳунари орқали фарзандларини ҳалол, пок боқиб, ўстириб, оила риштасини мустаҳкам тутаётган, таълим-тарбияда миллий қадриятларимиз дурдоналари бўлган ривояту ҳикоятлардан, мақоллардан фойдаланиши таҳсинга сазовор. Оила саодатининг бунёдкори бўлган Учкўприклик Раънохон опа Эргашеванинг ноёб ривоятлару халқ лапарларини мукаммал билиши, қойилмақом ижросини кўриб ҳайратимиз ошди. Ўзбекистон туманилик Муҳаббатхон опа Ғафурова эса, қадимий ҳунармандчилигимизни тиклаб, юзлаб хотин-қизларга, ёшларга касбу кор ўргатаётгани баробарида оила саришталиги, бирдамлиги, рўзғор тутиш, оила бюджетини юритиш ҳақидаги сабоқлари яна бир эътирофга лойиқ. Халқимизнинг маърифатли оналарини ҳар бир сўзи биз учун ҳаёт мактаби.  Маънавият ва маърифат инсоннинг қадрини улуғлайдиган хилқат. 
     Президентимизнинг республика маънавият ва маърифат кенгашидаги маърузалари биз учун дастуриламалга айланиб қолади. Биз Ҳазрат Навоий бобомизнинг, Имом Бухорий ҳазратларининг издошларимиз. Тўмариснинг жасорати, Нодирабегим, Увайсийнинг заковати бизнинг қонларимизда гупуриб турибди. Шундай элмизки, биз Эзгулик курашларида маънан ғолибликни истаймиз. Фарзандларимизни эса, оммавий маданият қурбонига айланишига асло йўл қўймаймиз. Бу бизнинг, партиямизнинг, ҳар бир миллатдошимизни бирлаштирувчи кучига айланишини дилдан истаймиз!

Шаҳноза ҒАНИЕВА,
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот