Коррупция ва юлғичликни фош этган спектакль ўзбек саҳнасида


    Ҳамма замонларда ҳам порахўрлик, юлғичлик илдизини қирқиш жамият ва халқ фаровонлиги йўлидаги асосий масала бўлиб келган. Коррупция ҳар қандай мамлакат тараққиётини емиради, халқ ҳаётини издан чиқаради. Бу нарса ҳамиша адолат ва ҳақиқат тантанаси йўлида ғов бўлиб келган.
   Таниқли драматург, Адлия вазирлигининг “Инсон ва қонун” газетаси бош муҳаррири Қўчқор Норқобилнинг Ўзбек миллий академик драма театрида намойиш этилаётган “Тақдир синовлари” драмасида коррупциянинг илдизлари чуқур таҳлил қилинади. Энг муҳими, томошабинга ҳаётий, жонли манзаралар орқали кўрсатилади.
   Спектаклнинг ўзига хос жиҳати шундай иборатки, таъсирли воқеалар рамзий ифодалар ва одамлар орасидаги мураккаб муносабатлар талқини орқали кенг очиб берилади. Жамиятда ҳаддан зиёд талон-тарож авж олиб, инсонлар қалбида меҳр-оқибат, ҳалолликни улуғлаш туйғулари сўниб бораётганлиги биргина чўпон суруви атрофида бўлиб ўтаётган воқеалар орқали талқин қилинади. Шу билан томошабин жамиятда чуқур илдиз отиб борган порахўрлик, олғирликнинг умумий кўринишини ўта таъсирчан услубда намоён этади.
   Спектакль режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Маҳмудова. Мазкур спектаклда Ўзбекистон Халқ артистлари — Эркин Комилов, Саидкомил Умаров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар — Сайёра Юнусова, Рустам Каримов, Асадилла Набиев, Шодия Абдуқодирова ҳамда актёрлар Ўткир Менглиев, Миролим Қиличов ва бошқа маҳоратли актёрлар ўз ролларини маромига етказиб ижро этишган.
   “Тақдир синовлари” спектакли Ўзбек миллий академик драма театрида 6 февраль куни соат 18:30 да намойиш этилади. Барчангизни таклиф этамиз.