БЛОГЕРЛАР ОСМОННИНГ УСТУНИГА АЙЛАНГАНМИ?


  Яқинда ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида хизмат машинасини чеккага қўйиб ҳожатга кетган ГАИ ходими тўғрисидаги видео тарқалди. “Баҳодир брат” тахаллуси билан фаолият кўрсатаётган блогернинг видеосини кўриб журналист сифатида илк бора қалбим оғриди. Негаки, биз иш фаолиятимиз давомида қўлимизда нуфузли идоранинг ваколатли гувоҳномаси бўлатуриб ҳеч бир ходимни бу даражада сўроққа тутмагандик. Уларнинг  шаънини таҳқирлаб, қадр қимматини ерга уриб, обрўсини тўкмадик.  Чунки биз журналист мақомига эришиш учун минг машаққат билан Олий ўқув юртига ўқишга киргандик. Беш йил давомида аудиторияда “игна билан қудуқ” қазидик. Йиллар давомида қўрғошин ҳарфларни битта-битта териб матн тузиб матбуотда ёритдик. Бу соҳанинг ҳуқуқий жиҳатларини мукаммал ўрганиш учун Республика Бош прокуратураси Олий Ўқув Курсларида малака оширдик. Ҳар қандай ҳуқуқбузар, ҳар қандай жиноятчи бўлмасин – у аввало инсон эканини унутмаслигимиз лозимлигини бизга ўргатишган.
  Буларчи? Ҳақиқатдан ҳам уларнинг видосини кўриб юрагим эзилди. Забардаст ўзбек матбуоти, ўзбек журналистикаси ўз ўрнини мана шундай чаламуллаларга бўшатиб бераётганига ич-ичимдан ачиндим. Хўш, на саводининг, на мутахассислигининг тайини бўлмаган ушбу блогерларнинг  қилаётган ишлари қайси мантиққа тўғри келади? Тўғри, уларнинг ахборот олишга, уни матбуотда ёритишга ҳуқуқи бордир, аммо ҳожатга чиққан хизматдаги ходимни тергов қилишга, унинг жаҳлини чиқариб, қуюшқондан чиқишга мажбурлашга ҳаққи бормикин? Уларга бу “ҳуқуқ”ни қайси ваколатли ташкилот бериб қўйибди? 
  Видеонинг биринчи қисмига изоҳ берилган иккинчи қисмини кўрсангиз, ва унда айтилган ҳар бир жумлага мантиқий ёндошсангиз блогерлар  “изоҳ” ўрнига ўзларининг ҳақиқий башараларини ўзлари очиб берганининг гувоҳи бўласиз. 
   Видео: “Азизлар, сизларга яна бир қизиқарли ролик қилиб беришга ҳаракат қиламиз”, сўзлари билан бошланган. Эътибор бердингизми, сизнинг тасаввурингиздаги “ҳақиқатгўй” блогернинг иши қонунбузарликни кўрсатиш, кимгадир ёрдам бериш, кимнингдир бузилган ҳуқуқини тиклашга кўмаклашиш эмас, балки, давлат ходими калака қилинган “қизиқарли” видеоси билан омма эътиборини жалб қилишдир.
  Хўш, хизматдаги ходимнинг ҳожатга чиқишига ҳаққи йўқми? Қолаверса, у хизмат машинасини катта йўлга кўндаланг қўйиб кетгани йўқ-ку! Шунингдек, бу мавзудаги иккичи видео “ҳар эҳтимол”га қарши “страховка” сифатида ишланганини ҳам блогерларнинг гап сўзларидан англаса бўлади. Уларнинг бири: “Аслида улар уч-тўртта эди, йўлнинг нарги чеккасига ўтиб турникка тортилаётганди,”деса, иккинчиси эса: “Улар дарахтларга осилаётганди, шу жойини видеога ололмадик”, дея қўшимча қилади.
  Ажабо, бир эмас, икки блогернинг қўлида видеокамера, қолаверса, телефон бўлатуриб шундай “қизиқарли” ҳолатни туширмаслиги мумкинми? Бу ошкора туҳмат эмасми? Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлган бўлса, унда нима учун биринчи видеода бу ҳақда лом-мим, дейилмади. Нима учун қолган ходимлар кўрсатилмади. Қолаверса, ходимларнинг турникка тортилиши ҳеч қайси қонунда таъқиқланмаган-ку!
 Блогерларнинг қуйидаги жумлаларига диққат билан ЭЪТИБОР БЕРИНГ: “...ўшандан кейин кечирим сўраб, узр энди, биздан ўтди, кечиринг, деганида Баҳодир акам уни кечириб видеони чиқармасди!” Хўш, бу ошкора иззатталаблик, аниқроғи таъмагирлик эмас-ми? Қолаверса, нима учун давлат ходимлари блогердан рухсат сўраб ҳожатга чиқиши керак экан? Йўлда қистаганида ҳожатга чиққан бўлса нима учун блогердан кечирим сўраши керак экан??? Нима, блогерлар осмоннинг устунига айланганми?  
  Давлат ходимининг шаъни, қадр қимматидан кўра видео остига ёзилган изоҳлар муҳим эканини блогерларнинг ўзлари беихтиёр тилга олишган: “Лекин комментарий бомба бўлган, икки мингдан ортиқ комментарий. Комментарийни кўрсангиз кулиб-кулиб чиқиб кетасиз”,-деса, иккинчиси: “Ўн саккиз соатда бир юз эллик минг просмотр бўлди, бу ёмон натижа эмас”, деяпти.
  Англаяпсизми, ўн саккиз соат ичида бутун дунё бўйлаб бир юз эллик минг одам ўзбек давлати ходими устидан кулиши, қолверса, шу сабаб Ўзбекистонннинг  халқаро миқёсда обрўсига путур етиши ёмон натижа эмас экан.  Мана сизларга блогерларимизнинг фикрлаши. Мана сизларга блогерларнинг ўзбек давлатига қилаётган “хизмат”и. Президентимиз томонидан блогерлар фаолияти қўллаб-қувватланаётган бир пайтда миннатдор бўлиш ўрнига айрим мана шундай блогерларнинг ўз чиқишлари билан давлатимизни халқаро миқёсда обрўсизлантираётгани инсофданми? 
 Уларнинг давлат ходими устидан кулиб лайк тўплашга етган ақли наҳотки халқаро обрў, имидж деган тушунчаларга етмаган бўлса?! Ахир видео остида битта ходимнинг эмас, балки бутун соҳанинг, видео бутун дунёга тарқалган экан, демакки, нафақат соҳа, балки бутун ўзбек миллатининг шаъни, қадр қиммати ётибди-ку!  
  Наҳотки, буни ҳеч ким ўйлаб кўрмаган бўлса? Ватанпарварлик деса томлаб асарлар битадиган публицист журналистларимиз қани? Миллатпарварлик, деса жумлаларни қаторлаштириб ташлайдиган мухбир-у мухбирчалар қани? Депутатлар қани? Бир кунга беш минг олти юз сўм етишини ҳисоблаб кўрган, халқнинг “кўп гўшт еб” қўяётганидан нолиётган депутатларимиз ватан обрўси, миллат шаъни ҳеч қандай гўштга, ҳеч қандай пулга ва ҳеч қандай лайкка тенг келмаслигини бир оғиз айтиб қўйса бўлмасмиди? Нега ҳамма жим? 
 Ёки ҳақиқатдан ҳам блогерлар осмоннинг устунига айланган-у, ҳожатга чиқиш учун ҳам улардан рухсат олишимиз керакми? Балки, мени демократияни, сўз эркинлигини бўғишда айбларсиз. Агарда демократия -ҳожатга кирганни таъқиб қилиш, сўз эркинлиги  ҳожатга чиққаннинг устидан кулиш бўлса – тупурдим бунақа демократияга ҳам, сўз эркинлигига ҳам!!!
 
Мирзабек ЖАПАҚОВ, ҳуқуқшунос журналист. Хоразм.