“ЁЗУВЧИНИНГ БОЛА-ЧАҚАСИ ЙЎҚМИ?!”


“ЁЗУВЧИНИНГ БОЛА-ЧАҚАСИ ЙЎҚМИ?!”

-Мавлуда опа, СИЗ ўзбек адибалари ичида ўзбек фантастика жанрининг асосчиларидан бирисиз. Аммо бугунги кунда фантастика жанри ўзбек адабиётида камайиб бораяпти. Бунинг сабаби нимада деб биласиз?

-Ўзбек фантастикаси асосчиси деб эътироф этганингиз учун раҳмат. Лекин бу унчалик тўғри фикр эмас. Ўзбек фантастикаси жанрига устозларимиз Ҳожиакбар Шайхов, Тоҳир Малик, Рустам Обид, Эркин Усомонов, Соҳиба Абдуллаевалар асос солишган десак, тўғри бўлади. Соҳиба Абдуллаеванинг “Телетушкўрсатгич” фантастик ҳикоялари “Фан ва турмуш” журналида эълон қилинганида мен мактабда ўқир эдим. 

Нафақат, фантастика жанри, балки умуман олганда ўзбек прозасида оқсашлар сезиляпти. Бу бежизга эмас. Қайси соҳада моддий манфаатдорлик бўлмаса, шу соҳа ривожланмайди. 

Ҳозирги кунда босма нашрлар бошидан кечираётган буҳрон прозаик асарларни ҳам четлаб ўтмаяпти. Қоғоз қиммат, китоб ўқийдиганлар сони кундан кунга камайиб боряпти. Ҳозир кўпчилик китобларни ҳам интернет орқали ўқияпти. Керак бўлса, интернетда аудио китоблар ҳам кўпайиб кетган. Одамлар китоб ўқишга ҳатто эриниб қолишган. Бу жуда ҳам ачинарли ҳол. Ёзувчилар асар ёзиш ўрнига сценарий қоралашга ўтиб кетишган. Чунки бунинг учун улар каттагина қалам ҳақи олишяпти. Илгари ёзувчи битта китоби чиқса, унга уй ёки машина сотиб оларди. Энди сериал сценарийси учун шундай ҳақ тўланяпти. Ёзувчилар – у катта адиб бўладими, ҳаваскор-бошловчими, ёнидан пул тўлаб китоб чиқаряпти. 

Айтингчи, ёзувчининг оиласи, бола-чақаси йўқми? Уларни боқиш, ўқитиш керакмасми? Айниқса, шартнома асосида ўқишга қабул қилинган талабалар кам деганда бир йилга ўттиз миллион контракт пули тўлаши керак. Ёзувчи ёзган асарини пул тўлаб чиқарса, бу пулни ким тўлайди? Бола-чақасини ким боқади? Хотинига “Худо хоҳласа, асарим бестселлер бўлиб кетса, пулнинг ўзи оқиб келади!”, деёлмайди.  

Давлатимизнинг қилаётган саъй-ҳаракатларига қарамай, одамлар китоб ўқимаяпти. Мактабда мажбурий адабиётни аранг ўқишади. 

Кунларнинг бирида таксига чиқдим. Таксичи қаерда ишлашимга қизиқди. “Бекажон” газетасида ишлашимни билгач, “илгари онам бу газетани роса яхши кўриб ўқир эдилар” деди. “Ҳозирчи, ҳозир нега ўқимайдилар?” деб сўрадим мен. У эса мени хайрон қолдирганча, “ҳозир онамнинг бунақа бекорчи нарсаларни ўқишга вақтлари йўқ, улар ҳар куни Қуръон китобини ўқийдилар!” деди. Яъни, халқимизнинг аксарият аҳолиси бадиий адабиётни “бекорчи нарса” деб тушунади. Аммо улар олди-қочди, ўта саёз сериал ва теленовеллаларни кўришга вақт топишади, бадиий адабиёт, газета-журнал улар учун “бекорчи нарса”га айланяпти. Аксарият ноширлар ҳам диний адабиётларни чоп этишга ўтиб олишди. Чунки халқ асосан шундай мазмундаги адабиётларни сотиб оляпти. Бизда китобхонлик маданияти ўта паст даражада. 

Менимча, китобларни босишни, ўқишни, тарғиб қилишни давлат сиёсати даражасига кўтариш керак. Янги ёзилган, янги чиққан китоблар бепул реклама қилиниши керак, деб ўйлайман. Нега биз одамлар соғлиғи учун зарарли бўлган ичимликларни, фастфудларни бир айлантирганда беш-олти марталаб кўрсатамизу, битта китоб рекламасини қила олмаймиз. Ҳамма нарса пулга бориб тақаляпти. Пул тўлаган ўзи хон, кўланкаси майдонми? Мажбурий адабиётларни ўқиш бўйича танловлар ўтказилди, танловда ғолиб бўлган китобхонларга машиналар совға қилинди. Лекин бу ҳам халқимизни бадиий адабиёт ўқишга қизиқтира олмади. Чунки нафақат мумтоз адабиёт, ҳозир янги ёзилаётган асарларни ҳам биз кенг кўламда тарғиб қилишимиз керак. Халқ агар шу китоб яхши асар эканини билса, албатта, ўқийди. Бизда янги чиққан асарларни тарғиб қилиш тизими яхши ишламаяпти, деб ўйлайман. 

Эътибор қилсам, чет эл ёзувчиларининг асарларини давлатнинг энг олди сиёсий газеталарида “21 асрнинг энг зўр асари”, “21 аср шедеври”, “Бу асарни бутун дунё ўқияпти” дея тарғиб қилишар экан. 

АҚШда биргина фантастика жанрида ёзилган асарларга иккита мукофот таъсис этилган. Бундан ташқари яна бир нечта майда мукофотлар ҳам бор. Англияда, бошқа Европа давлатларида ҳам шундай. Янги асар чиқиши билан уни ҳамма каналларда, энг нуфузли газета-журналларда тарғиб қилишади. Ёзувчилар билан мусоҳабалар ўтказишади. 

Фантастика жанри бугун йўқ ҳисобида. Чет элларда ҳам шундай. Чунки ҳаёт, тараққиёт ёзувчилардан анча тез илдамлаб кетяпти. Биз фантаст ёзувчилар тараққиётни қувиб етиб улгурмаяпмиз. Шу билан бирга бу аҳоли ўқимишлилик даражасига ҳам боғлиқ. Фантастика жанри одамдан билимни талаб қилади. Бу жанрда ижод қилувчиларнинг аксарияти, олим эканликлари бежиз эмас. Бир пайтлар Ўрта Осиёда фантастика жанри фақат бизда – Ўзбекистонда бор эди. Бу билан биз фахрланар эдик. 

Ҳожиакбар Шайхов Ёзувчилар уюшмасига ишга ўтганларидан кейин шу ерда Фантастика бўлимини ташкил қиламиз, деган эдилар. Аммо улар вафот этганларидан кейин бу ишлар ҳаммаси қолиб кетди. 

Ўзбек прозаси каби фантастика жанрида ёзилган асарлар ҳам адабиётшунослар таҳлили-тақризига муҳтож. Лекин улар ҳам биз каби ёзувчилардан узоқроқ юришга ҳаракат қилишади. Чамаси, “шунинг асарига тақриз ёзсам, гап тегиб қолмасмикин?!” деган хавотирда бўлишади, шекилли. Аммо ўша Халқаро семинарларда мени ижтимоий муаммоларни кўтарганим учун, Соҳиба Абдуллаевани асарларидаги миллий руҳ учун рус адиблари мақтар эдилар.   

Адабиёт шу халқнинг энг қудратли идеология қулолларидан биридир. У юртдошларимиз маънавиятини бойитиш билан бирга, ёш авлодни тарбиялайди, миллий қадриятларимизни авайлашга, уни асрашга ўргатади. Ёмондан яхшини ажратишни ўргатиш билан бирга, китобхон дунёқарашини кенгайтиради. Шу боис адабиёт мафкуравий курашда муҳим ўрин тутади. Агар биз ёшларимизга китоб ўқишни ўргатсак, улар ҳам бошқа диний оқимларга кириб кетмайдилар, йўлларидан дашмайдилар.  

“АЛҲАЗАР”ГА МЕНИ ЧАҚИРИШМАДИ!” 

-СИЗ мистика жанрининг ҳам моҳир устасисиз. Хусусий телеканалларни ҳисобга олмаганда давлат телеканалларида ва ўзбек киносида мистика жанрига эътибор сустлигини қандай изоҳлайсиз?

“Алҳазар” теленовелласи ҳақида қандай фикрдасиз?

-Мистика халқимиз яхши кўрадиган жанр. Шу боис ҳам мен кейинги пайтларда мистика жанрида кўпроқ ёзяпман. Билмадим, илгари ҳам фантастика ва мистика жанрига эътибор ҳаминқадар эди. Негадир адабиётшунос олимлар бизни ёзувчи сифатида тан олмас эдилар. Биз ўзбек адабиётининг ўгай боласига ўхшардик. Чет давлатларда аксинча, фантаст ёзувчиларга, фантастик асарларга эътибор ҳам, талаб ҳам кучли бўлган. Нафсиламрини айтганда, ўзбек фантастикаси асосчиси Ҳожиакбар Шайховнинг асарларини ҳам аввал бошда чоп этмаган, асарлари Москвада рус тилида эълон қилинганидан кейин бу ерда босишга рухсат беришган экан. 

Ҳожиакбар Шайхов ҳаммамизга биринчи китобимизни чиқаришга ёрдам берганлар. Сафимиз кенгаяётганидан ҳурсанд бўлар эдилар. Ўшанда Ўзбекистонда ҳа Халқаро Фантаст ёзувчилар семинарлари ўтказила бошлади. Бизнинг ҳам кўкрагимизга шамол теккандай бўлди. Унда Озод Мўмин, Ҳасан-Ҳусан Турсуновлар, Абдуқаюм Йўлдошев, Муҳаббат Йўлдошева ва каминанинг асарларига юқори баҳо берилди. Ҳаммамизнинг ҳикоя ва қиссаларимиз Иттифоқ миқёсидаги танлаган асарлар тўпламига киритилди. Раҳматли устозимиз Хожакбар Шайхов бундан жуда суюнган эдилар. Афсуски, устозимиз бу дунёни эрта тарк этдилар. Агар ўзлари бўлганларида биз фантаст ёзувчилар ҳам балки бирон бир давлат унвонларини олган бўлардик. 

Менимча, Ўзбекистонда мистика-фантастика жанрига ҳамон ўша эски қараш устувор бўлиб турибди. Аслида бу жанр адабиётнинг энг илғор, энг қизиқарли йўналишларидан бири. Ўша пайтларда ҳеч қайси ёзувчи айтолмаган гапни фантаст ёзувчилар айта олардилар. 

АҚШлик фантаст ёзувчи аёл Урсула Ле Гуин ўзининг “Ўрмон учун, тинчлик учун бир сўз” (“Слово для леса и мира одно”)  номли асарида Вьетнамдаги урушни тасвирлаган эди. У ердаги сиёсий воқеаларни бошқа сайёрага кўчирган, аммо асар орқали ўша пайтдаги сиёсий тенденция ва сиёсий лидерларни таниб олиш қийин эмасди. Ўша йили адибанинг бу асари АҚШда фантастик асарлар учун бериладиган бирваракайига иккита “Ньюбюла” ҳамда “Хьюго” мукофотларига сазовор бўлган эди. 

Устозимиз Ҳожиакбар Шайхов ҳам “Фантастика жанри – реал ҳаётда рўй бераётган воқеаларни заррабинда кўрсатгандай, катталаштириб кўрсатиб беради” дер эдилар. Шу билан бирга инсон руҳиятини теран очиб беришда бу жанрнинг имкониятлари беқиёс. 

Энди ўзбек киносида мистика, ҳусусан фантастика жанрига эътибор камлигига сабаб, бу масаланинг молиявий томони, деб ўйлайман. Фантастика жанри катта ҳаражатни талаб қилади. Шу билан бирга кўп амаллар компьютер графикаси ёрдамида бажарилади. Бизда шу соҳа ҳам оқсаяпти. Бизда тегишли тажриба ва билимга эга бўлган компьютер усталари йўқ. Уларнинг иштирокисиз фантастик-мистик киноасарлар кулгили бўлиб қолади. 

Масалан, менинг болалар учун ёзган “Электрон бола, Ёвуз Малика ва биз” номли саргузашт-фантастик қиссам асосида фильм яратишга рухсат берган эдилар. Аммо масала маблағга бориб тақалди. Чунки уни суратга олиш учун бутун бошли сайёра макетини яратиш керак эди. Унда геометрик қоидалар чироқлар каби ёниб, шаҳарни безайди, ўзи юрар йўлкалар, Куб сворийлар, Лога – логарифм, Трапеция бола, Цилиндр бола, Физиклар ўлкасидаги Электрон болалар, Лампочказорларни яратиш керак эди. Табииийки, бўлажак фильмга оддий кинога қанча пул ажратилса, шунча маблағ ажратишди. Аммо бу билан мазкур фантастик фильмни ишлаб бўлмасди. Шу сабаб бу асар асосида кино ишланмади. Афсус, у болаларни илм олишга чорлайдиган яхши асар эди. Яқинда уни лотин алифбосида чоп этиш ниятидамиз. 

Режиссёрларимиз бир-иккита мистика жанрида кино ишлашга уринишди. Лекин очиғи, ўхшамади. Киносаноатида мистика, фантастика, триллер жанри энг қиммат ва энг кўп кўриладиган фильмлар сирасига киради. Шу боис ҳозирча, сабр қилиб турганимиз маъқул.

Энди “Алҳазар” теленовелласига келадиган бўлсак, киноижодкорларимиз ҳаракат қилишяпти. Актёрларимиз ҳам бу жанрда ўзларини синаб кўришга ошиқишяпти. Ҳатто “Алҳазар”да Халқ артистлари ҳам иштирок этаётганларини кўриб, ҳурсанд бўлдим. 

Бироқ Мистика жанрини ижодкорлар бир томонлама олиб чиқишяпти. Биз каби шу соҳани чуқур биладиганларга мурожаат қилишмади. Мазмунан у “Иқрор”, “Оталар сўзи”га ўхшаб қоляпти. 

Аслида Мистика жанри одамларни – биз билмайдиган ва тушуна олмайдиган олам ва шу оламда яшовчи мавжудотлар билан таништиради. Уларни тушунишга уриниб кўради. 

Бу оламнинг ҳам ўз қонуниятлари борлигини уқтиради. Дунё, олам жуда мураккаб тузилган. Бу дунёда инсон нигоҳидан пинҳон қилинган нарсалар жуда кўп. Мистика жанри шу парданинг бир четини очиб кўрсатишга уринади. Астрал латиф оламни тушуниш бизга ҳаётимизда рўй бераётган воқеаларни тушунишга ёрдам беради. Улардан бири фикримизнинг моддийлиги ва унинг астрал латиф оламда яшаб қолишидир. У яхши фикр бўладими, ёмон фикрми, ҳаётимизга ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. “Алҳазар”да эса марҳумнинг қотилдан қасос олиши асосий мавзуга айлантирилган. Аслида тақдир кечмишимизга таъсир қиладиган номоддий омиллар жуда кўп. 

Агар мени “Алҳазар” лойиҳасида муаллиф ёки маслаҳатчи сифатида қатнашишга таклиф қилганларида албатта, бунга рози бўлган бўлардим. Афсуски, улар мени ёки мен каби шу жанрда ижод қилаётган адибларни таклиф қилишмади. 

“ФАНТАСТИКА ЖАНРИНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ ЖУДА КЕНГ!”

-Ўзингиз сирли ҳодисалар ҳақида кўп ёзасиз, аммо ҳаётда шунақа воқеаларга шахсан дуч келганмисиз?

-Сирли ҳодисаларга жуда кўп марта дуч келганман. Асарларим реал воқеалар асосида ёзилган десам, кўпчилик бунга ишонмаслиги мумкин. Лекин бу ҳақ гап. 

“Сўнгги кун” романида асосан у дунёдаги ҳаёт ҳақида ҳикоя қилинади. Мен уч кун қабрда ётиб, тирилган одам билан шахсан учрашганман. Сирли ҳодисани шахсан ўзларининг оғизларидан эшитганман. Қабрга тириклайин кўмилган отин аёлнинг қизлари “Сирли олам” таҳририятига келган. Бундан ташқари диний ва илмий адабиётларни ҳам ўқиб чиққанман. 

Ноёб қобилиятли кишилар одамларни даволаганларига ўзим гувоҳ бўлганман. Қўрқув туфайли фалаж бўлиб қолган қиз, кўзўнгимда юриб кетган. Гапира бошлаган. 

Қўшнимизнинг уйларида полтергейст ҳодисаси (бебош руҳлар ўйини) бўлган. Ёдингизда бўлса, “Сирли олам” таҳририяти қошида илмий гуруҳимиз бўларди. Улар сирли ҳодисаларни ўрганар эдилар. 

Қўшнимизнинг уйи нотинч бўлавергач, илмий гуруҳ аъозларини уларникига таклиф қилганман. Уларникида бир ойда учюзта лампочка куйган. Охири лампочка сотиб олмай қўйишган, телевизорнинг ёруғида ўтирар эдилар. Қандайдир куч янги-янги либосларни қирқиб кетарди. Бир йил улар иссиқ овқат ея олишмаган, консервалар билан тирикчилик қилишган. Чунки ўша куч овқатга кир содасини, туз ёки шакар солиб қўярди. 

Илмий гуруҳни олиб келган куним ўша номаълум жонзотлар менинг уйимга келишган. Бўйлари икки метр, худди тулкига ўхшашади. Ўз тилларида нималардир, деб гапиришган. Узоқдан туриб, кўкрак қафасимни шундай сиқишганки, мен нафас ололмай қолганман. Ва ўша дамда қўрққанимдан икки мартадан қўшнимизникига қайтиб чиқмасликка сўз берганман. Ўшанда улар биздан анча ривожланган ва мураккаб тизим эканликларига тан берганман. 


Мен бошимдан ўтган сирли ҳодисаларнинг ҳаммасини туркум мақола қилиб, “Бекажон” газетасида чоп этганмиз.  

“ТАНАМИЗ ҲАМ АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИ!”

-Ўтган йили юбилейингизни нишонлаганингизга қарамай, ёш кўринасиз. Баайни япон аёллари каби хушқомат, тетиксиз, кўз тегмасин. Бу муайян йога билан шуғулланиб, парҳез тутишингизданми ё наслданми?

-Авваламбор наслга боғлиқ. Шифокорлар ҳам шундай деб таъкидлашади. Лекин одам ўз-ўзига эътибор қилмаса, наслингиз ҳам сизга ёрдам бера олмайди. 

Эътибор қиламан, аксарият ҳолларда бизнинг аёлларимиз ҳам, эркакларимиз ҳам ўзларига эътибор қилишмайди. Аёлларимиз “эримга кўп фарзанд туғиб берсам бўлди!” деб ўйлашади. Аммо ундай эмас. Одам ўзи учун ҳам ўзини асраши керак. Агар кимдандир бирон асбобини ишлатиб туриш учун олсангиз, уни ўзидай қилиб қайтариб беришга ҳаракат қиласиз. Бизга берилган тана ҳам Аллоҳнинг омонати, уни ўзига имкон қадар яхши ҳолатда қайтаришимиз керак, деб ўйлайман. Масалан, тўй-томошаларга борадиган бўлсам, аёлларнинг бетартиб овқатланаётганларига эътибор қиламан. Ортиқча вазн, биринчи навбатда соғлиғимиз учун зарарли. Мен вақтида дам олишга, газланган ичимликларни ичмасликка ҳаракат қиламан. Фастфуд, сосиска ва колбаса маҳсулотларини емайман. 

Руҳий тарбия, ибодат ҳаммамиз учун керак. У хотиржам бўлишимизга ва ҳаётда тўғри қарорлар чиқаришимизга ёрдам беради. 

-Фантаст адибларнинг кўп асарлари йиллар ўтиб ҳаётда ҳаққоний воқеликка айланган. Шу сингари СИЗнинг ҳам хаёлотингиз маҳсуллари келажакда амалга ошишига ишонасизми?

-АҚШда фантаст адиблар асарларини Техника университетларида мажбуран ўқитишар экан. Чунки унда келажакда амалга ошиши мумкин бўлган назариялар баён қилинади. Алексей Толстойнинг “Инженер Гариннинг гиперболоиди” номли асари бор. Унда муаллиф лазер нури ҳақида фикр юритади. Мана йиллар ўтиб, адибнинг башорати амалга ошди. 

Мен кўпроқ мистика жанрида ижод қилганим боис, ҳозирча бундай нарсага гувоҳ бўлмадим.

-Вақт машинасини ихтиро қилганингизда ва ўтмишга қайтиш имконингиз бўлганида, нима қилган, ҳаётингизда рўй берган қайси воқеаларни ўзгартиришга уринган бўлардингиз?

-Жуда ҳам яхши савол. Мен айнан шу саволингизга жавоб бериш учун бутун бошли асар ёзганман. У газета саҳифаларида “Замонлар аро дарбадар” деган ном билан чоп этилди. Ҳозир шу китобни нашрга тайёрлаяпмиз. Китоб ҳаридоргир бўлиши учун уни “Марҳумнинг қайтиши” деб номламоқчимиз. 

Инсон ҳаётида кичик хатоликлар бўлиши табиий. Лекин у тақдирига таъсир қиладиган шундай бир хато қиладики, бунинг учун бир умр тўлов тўлашига тўғри келади. Масалан, математик амалда битта жойида хато қилсангиз, шу мисолнинг ҳамма жараёнида хато кетади. Инсон ҳаётида ҳам шундай хатога йўл қўйиши мумкин. Асар қаҳрамони ўша ягона мудҳиш хатони топишга муваффақ бўлади. Шундай кейин ҳаётидаги ҳамма воқеалар изига тушади. 

Асарнинг асосий ғояси шу. Ўша хатоликни топиш ва вақт машинасида ўтмишга бориб, шу хатони тузатиш. 

Аслида вақт жуда ҳам баҳсли мавзу. Ўтмиш ўтиб кетиб бўлган, келажак ҳали келмаган бўлади, ҳозир эса бир сонияда ўтиб кетади. Дейдиларки, Вақт аслида йўқ нарса! 

Коинотшуносларнинг айтишларига қараганда, Коинот марказида вақт нолга тенг бўлиб қолар экан!

-Телепатияга оид асарингиз фильм бўлиш арафасида деб эшитдик. Укангиз ҳам режиссёр экан. Шу борада батафсил гапириб берсангиз.

-Режиссёр Акмал Иброҳимов менинг укам бўлади. Амакимнинг кенжа ўғиллари. Бизнинг оиламизда санъаткорларни унча қадрлашмайди. Шу каби бизни ҳам техника олийгоҳларида ўқишимизни истаганлар. Лекин укам ҳам, мен ҳам айтганимизда туриб олганмиз. Ижодий имтиҳонларга укам билан бирга тайёрланар эдик. Сабаби, у рус мактабида ўқиган. Шунга қарамай, Санъат олийгоҳининг Режиссёрлик бўлимига аъло баҳолар билан кирди. Шу вақтгача у, “Ўзтелефильм”да ижод қилади ва қатор сериалларни суратга олди. “Қисмат битиги”, “Тугун”, “Изқувар”, “Изқувар-2”, “Жиноят жазосиз қолмайди” каби детектив сериаллари энг кўп томошабин йиғди.  

“Телепат ёҳуд у дунёдан қайтган йигит” асарини Раъно МАҳмудова сценарийлаштирганларига анча бўлди. Гап шундаки, асар жуда катта даврни - Шўро ҳукуматининг охирги йиллари ва Мустақил Ўзбекистонимиздаги дастлабки йилларни қамраб олган. Уни кино қилишимизга шу нарса ҳалақит беряпти. Яъни, бутун бошли тузумни қайтадан тиклаш масаласи. 

Шу 80-йилларни, Армия ҳаётини акс эттириш кераклигини кўриб, кўпчилик чўчияпти. 

Ёдингизда бўлса, ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида ҳарбий хизматларда “бобойчилик” (дедовщина) роса авж олган эди. Ҳарбийдан жуда кўп темир тобутлар келган. Асарда шу воқеалар, шу билан бирга ўзбек аскарларини хизматдан Мустақил Ўзбекистонга қайтариб олиб келган кишилар ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. “Телепат...” фантастик асар бўлиши билан бирга ўша пайтдаги бир қатор ижтимоий муаммоларни ўз ичига олади. Аммо келгусида бу масала ижобий ҳал бўлишига ишонаман.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.

Суҳбатдош ҳақида қисқача маълумот:

Мавлуда Иброҳимова - Нигина Ниёз (паспортда Ибрагимова Мовлюда Хусановна) Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган.
     ТошДУнинг «Журналистика» факультетини тамомлаган.
     1991 йили “Руҳсиз одамлар” илк фантастик тўплами минг нусхада босилиб чиққан.
   1995 йили “Қора қизнинг кўз ёшлари” номли мистик қиссаси илк марта Нигина Ниёз тахаллуси билан чоп этилган.
   1998 йилларда “Полвон қиз” (“Пахмоқ қизнинг бахти”) номли қиссаси “Шарқ юлдузи” журналида босилган.
     2011 йили “Арвоҳ жазман”, “Хотинимни мен ўлдирмадим”, “Аросатда қолган қиз” номли мистик қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилган.
     У «Сирли олам» журналида бўлим муҳаррири, “7 Мўъжиза” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Ҳозирда “Бекажон” газетасида фаолият юритиб келмоқда.

Манба: "Ижод чашмаси" журнали, 2023 йил, № 11 (22) сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот