Мавлуда Иброҳимова (Нигина Ниёз)


   Мавлуда Иброҳимова - Нигина Ниёз (паспортда Ибрагимова Мовлюда Хусановна) 1962 йилда зиёлилар оиласида Тошкентда туғилган. 
   1979 йили Тошкентдаги Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) туманидаги 165-ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугаллаган. Мактабда-ёқ адабиётни яхши кўрар, шеър ва ҳикоялар машқ қиларди. Мактабда қандай воқеа бўлса, ҳаммасини шеърга солар ва бунинг учун синфдошларидан калтак еган вақтлари ҳам бўлган. Ота-онаси ундаги бу иқтидорга дастлаб унчалик эътибор қилишмаган. У ўзича кутубхоналарга ёзилиб, китоблар ўқирди. Боғчага борадиган пайтида онасидан шеърлар ёдлатишларини сўрарди. Меҳмонлар келиши билан билган шеърларини ёддан айтаверар экан. Болалигида қоғозларни жуда яхши кўрган. Бир сафар ҳатто, дадасининг имий ишлари қўлёзмасини қўйнига яшириб, боғчага олиб кетган экан. Гап қоғоздами ёки бошқа нарсадами, билмаймиз, ёзувчи бўлиши ўшанда-ёқ тақдирига битилган экан. 
   165-мактабда уларга Мавжуда Қўзибоева – Тўлан Қўзибоевнинг аёллари адабиётдан дарс берган ва унинг иқтидорига алоҳида эътибор қаратган. Унга Умарали Норматовнинг танқидий асарларини ўқишга берарди. Мактабда-ёқ у олийгоҳ талабалари дарсликлари билан танишган экан. 
   Биринчи шеъри 1978 йили “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасида босилиб чиққан. Сўнгра “Қобилият” номли ҳажвияси чоп этилган ва унга бутун Ўзбекистондан хатлар келган. 
   Катта синфга ўтгач, “Фан ва турмуш” журналини катта қизиқиш билан ўқирди. Евгений Мартиновнинг “Каллисто” фантастик асари унинг дунёқарашини буткул ўзгартириб юборди. Коинот сирлари, сарҳадсиз юлдуз буржларининг бирортасида биз каби одамларнинг яшаши уни жуда ҳаяжонга соларди. Ундан кейин Александр Беляевнинг “Одам амфибия”, “Профессор Доуэлнинг боши” асарлари уни буткул сеҳрлаб қўйди. Жаҳоннинг забардаст фантаст ёзувчилари Герберт Уэллс, Айзек Азимов, Рей Брэдбери, Клиффорд Саймак, Алфред Бастер, Урсула Ле Гуин асарлари билан танишиб чиқди. Ўзбек фантаст ёзувчилари Ҳожиакбар Шайхов, Тоҳир Малик, Маҳкам Маҳмудов, Қудрат Дўстмуҳамедов, Соҳиба Абдуллаеванинг асарларини битта қўймай мутолаа қиларди.
   Ўрта мактабни битиргач, ТошДУнинг "Журналистика" факультетининг кечки бўлимига ўқишга кирган. Чунки у кундузги гуруҳда ўқишга баллари етмаганди. 
   Мактабда бошлаган фантастик қиссасини талабалик йиллари тугаллади. У ишда, навбатчиликда қолганида, қачон бўш бўлса, шу қиссасини ёзарди. Мавлуда жуда кўп ўқир, бадиий асарлардаги тасвирларга, ҳолат ифодасига, ҳикматли ибораларга алоҳида урғу берар, уларни бир қоғозга белгилаб, кейин дафтарига кўчирарди. Бўш қолиш, ҳеч нима қилмаслик у учун фожиа эди. Умри зое кетаётгандай туюлаверарди. Ҳатто касалхонада ётганида ҳам қўлида қалам ва китоби бўларди. Сабаби, жуда кўп ўқиши кераклигини биларди. 
   1983 йили “Илмус сайёрасига ғаройиб сафар” номли фантастик қиссасини тугаллаб, Тоҳир Маликка олиб борган. У киши Мавлудани табриклаган ва қиссани яна қайта ишлаш кераклигини тушунтирган. Мавлуда шу қиссасини тўрт марта бошдан-охиригача қайта ишлаган. Ўшанда Тоҳир аканинг ўзлари ҳазиллашиб: “Шунча қайта ишлаганингиз етади. Энди ёғи чиқади!”, - деганлари ҳалигача ёдида. Бу асари 1988 йили “Чўлпон” нашриётида “Биринчи дарс” номли тўпламда босилиб чиққан. 2000 йили у “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан алоҳида китоб ҳолида чоп этилган. Ўша кезлари у Бирлашган “Кино” таҳририятида мухбир бўлиб ишлар эди. 
   1988 йили фантастик ҳикоялари билан Бутуниттифоқ фантаст Ёзувчилар анжуманида иштирок этган. “Тўртинчи ўлчов” номли ҳикояси семинарда юқори баҳо олган ва 1990 йили иккита фантастик ҳикояси рус тилида Москвадаги “Молодая гвардия” нашриёти томонидан чоп этилган тўпламга киритилди. 1991 йили эса “Истеъдод” номли ҳажвий-фантастик ҳикояси йилнинг энг яхши асарлари сафидан жой олиб, “Молодая гвардия”нинг “Фантастика-91” антологиясига киритилган. 1992 йили “Фариданинг иқрори” фантастик ҳикояси фин тилида босилиб чиқди, “Истеъдод” поляк тилига таржима қилинди. 
   1991 йили “Руҳсиз одамлар” илк фантастик тўплами “Ёш гвардия” нашриётида минг нусхада босилиб чиқди. Негаки мамлакатимизда юз берган ўзгаришлар нашр ишларига ҳам таъсир қилган ва китоби атиги минг нусхада чоп этилган эди. Афсуски, ҳозирда адабий алоқаларимиз у даврдагидай эмас. Худди шу йили у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган ва “Сирли олам” журналида иш бошлаган. Устозлари Тоҳир Малик, Мурод Хидир, Ҳожиакбар Шайхов, Рустам Обид, Эркин Усмонов унинг ижодида катта ўрин тутишади. Мавлуда улардан кўп нарсани ўрганган. Ҳалигача қаттиққўл устозларидан миннатдор. Илоҳим ўтганларимизни охиратлари обод бўлсин!
   1983 йилда уни турмушга узатишди. Аммо бефарзандлик туфайли, уларни ажратиб юборишди. Иккинчи марта каттароқ ёшда турмуш қурди. Аммо барибир фарзандли бўла олмади. Бироқ унинг оиласи бўладими, йўқми, аёл ёзувчиларга жуда қийин. Бунинг боиси, қайсидир қайноқ лавҳани ёзаётган пайтида уни тўхтатиб қўйиб, овқат қилиш, картошка артиш, меҳмон кутиш, уй тозалашга тўғри келади. Фикр бўлинади. Рўзғор юмушлари туфайли ижод қилишга кам вақт қолади. Оиласи тўкис, кўп фарзандли ижодкор аёлларга янада қийин, деб ўйлайди Мавлуда. 
   Кунларнинг бирида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хуршид Дўстмуҳамедов: “Сиздан умидимиз катта, оилам, фарзандларим йўқ, деб қайғурманг, сиз истеъдодли ёзувчисиз”, - деб уни юпатган эди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган “Ўсаётган фикр” мақолаларида унинг ҳам ҳикояларига тўхталиб ўтган эди. Аммо оила ҳам ижодкор учун муҳим. Одамлар қалбини чуқурроқ тушунишга ёрдам беради. 
   1995 йили “Қора қизнинг кўз ёшлари” номли мистик қиссаси “Ёзувчи” нашриёти томонидан илк марта Нигина Ниёз тахаллуси билан чоп этилди. Мавлуда ўша кезлари Алексей Толстойнинг “Упир” асарини ўқиган. “Қора қизнинг кўз ёшлари” биринчи мистик асари бўлиб, унга Толстойнинг таъсири катта. У бунинг учун астрал олам ҳақида жуда кўп маълумотлар тўплаган. Асарини илмий гипотезалар асосига қурган. Унда одамлар йўл қўйган хатоликлар туфайли юз берган ҳалокатли ҳолат қаламга олинади. Дунёдаги ёндош олам ва бизнинг оламимиз ўртасидаги мувозанат бузилиб, ёндош олам вакиллари ердаги инсонларга тазйиқ ўтказа бошлайдилар. Негаки, улар инсонларга нисбатан анча мукаммал тизимдирлар. Унда инсоннинг ўйламай қилган ишлари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги баён қилинади. 
   Нигина Ниёз тахаллусини олганлигининг сабаби, Мавлуда одамлар ўртасидаги қувват-ахбор таъсирига ишонади. Умуман, ёзувчилар бежизга тахаллус олмайдилар. Мавлуда ҳам ўзлигини ҳимоя қилиш учун тахаллус олган ва шу пайтгача Нигина Ниёз ўзи эканини кенг оммага ошкор этмаган эди. Чунки бизни минглаб одамлар ўқийди. Минглаб кишилар биз ҳақимизда минглаб фикрларни билдирадилар. Фикр эса моддийдир. Шу билан бирга Нигина – кичкина деган маънони ҳам билдиради. Мавлуда жисман кичкина одам, аммо қалбан буюк инсон. Ниёз эса Худонинг инояти деган маънога эга. Демак, Мавлуда Худонинг кичкина инояти демакдир ва бундан жуда хурсанд бўлади. 
   1995-96 йилларда у ҳинд фалсафий адабиёти ведалар билан танишган. Швецияда таржимонлар марказида ишлаган. Шу билан бирга Хитой файласуфларининг, Ницшенинг асарлари билан танишган. Сўфийликни ҳам ўрганган. Ёзувчи фалсафани яхши билиши керак, деб ҳисоблайди. Фалсафа оламни, одамни англашга ёрдам беради. Акс ҳолда ёзганларингиз қуруқ воқеалар ривожи ёки “Турмуш чорраҳасида” рукнида ёзиладиган дудмал ҳикояга ўхшаб қолади. 
   Шу йиллари Мавлуда Борхес, Акутагава, Камью асарлари билан танишган ва адабиётга бўлган муносабати, услуби буткул ўзгарди. Унинг назарида зерикарли асарлар яхши асар ҳисобланмайди. Асар ҳам қизиқарли, ҳам юки оғир бўлиши, ўзига хос сюжет асосида қурилишига эга бўлиши керак. Муҳими, Сиз кўраётган олам. У оламни Сиз қандай кўраяпсиз ва одамларга нималарни айтмоқчисиз, уларни нималардан огоҳлантирмоқчисиз? Ёзувчи – жамият кўзгусидир! Шу билан бирга ёзувчи ўзига хос, бошқаларникига ўхшамайдиган образларни ярата билиши керак. Модерн усулида ёзилган “Биллур боғдаги учрашув” ҳикояси “Ёшлик” журналида босилиб чиққан ва ижодкорлар орасида катта қизиқиш уйғотган. “Аросатда қолган қиз”, “Кўринмас одам ёхуд ажаб савдолар” ҳикоялари қурилиши, ғояси жиҳатидан ўзи учун ҳам янгилик бўлган. “Аросатда қолган қиз” номли ҳикояси ҳам ижодкорлар билан бир қаторда ўқувчиларга ҳам манзур бўлди.
   1998 йилларда “Полвон қиз” (“Пахмоқ қизнинг бахти”) номли қиссаси “Шарқ юлдузи” журналида босилди ва журналнинг бош муҳаррири Омон Мухтор унга юқори баҳо берган. Шу йиллардан бошлаб унинг асарларига ўзга хос маъжоз кириб келди. Мавлуда ўзига хос, бошқа асардаги қаҳрамонларга ўхшамайдиган образларни яратишга, шу вақтгача қабул қилинган қолиплардан қочишга ҳаракат қилди. Сўз санъати бу бошқалар топа олмаган ташбеҳларни, ўхшатишларни, ибора ва ифодаларни топиш эканини тушунди. Тил масаласига алоҳида эътибор бера бошлади. Одатий ибораларни қўллашдан бироз чекинди. 
   2004 йилда ношир Эркин Юсупов билан танишган. Эркин Юсупов Мавлуданинг “Савдойи қиз” номли қисса ва ҳикоялар тўпламини чоп этишга ёрдам берган. Кейинчалик Шодмон Отабек бу китобга киритилган ҳикоя ва қиссаларга катта баҳо берган ва ушбу китоб ҳақидаги фикрларини “Ҳуррият” газетасида эълон қилган. 
   “Сўнгги кун” хаёлий қиссаси ҳақида алоҳида тўхталишимиз керакки, бунинг учун у узоқ йиллар меҳнат қилган. Бир асарнинг ёзилишига албатта, бир нарса туртки бўлади. Асар ёзилишидан олдин у “Қалб кўзи” газетасига у дунёдаги ҳаёт ҳақида “Марҳумлар ҳикояси”, “Умр шоми етгач”, “Жон чиққанда кўрганларим” номли туркум мақолалар тайёрлаган. Диний ҳамда дунёвий китобларда ўқиганларини, эшитган воқеа-ҳодисаларни шу туркумга жамлаганди. Уларни бир ягона сюжетга солиш фикри уйғонди. Бу жуда қизиқарли, аммо мунозарали мавзу эди. Кутганидай “Сўнгги кун” асари уни китобхонларга янада яқиндан танитди, асар қўлма-қўл ўқилди, лекин шу билан бирга унинг атрофида баҳс-мунозаралар ҳам бўлди. Шу боис асарнинг иккинчи китоби анча кечикиб ёзилди. У “Мериус” нашриёти томонидан 2015 йили чоп этилди. “Сўнгги кун”нинг иккинчи китоби ҳам китобхонлар томонидан яхши кутиб олинди. Китобда ўзи истагандай бир руҳият бор. Мавлуда Иоганн Себастьян Бахнинг орган мусиқасини тинглаганида ўзини худди руҳий оламларда юргандай ҳис қиларди. Китобхон уни ўқиб, шу каби руҳий ҳолатга тушишини истаган. Бунга тамомила эришган ҳам, деб ўйлаймиз. Шу билан бирга мақсади, у дунёдаги ҳаётни ёзиб, шов-шув қилиш эмас, бундан пировард мақсади, одамларни ёмон ишлардан тийилишга ундаш, эзгу ишлар қилишга чорлашдир. Зотан, манбаларда ҳам ўлим энг яхши тарбиячи экани таъкидланади. Бу асар Мавлудага улкан муваффақият олиб келди. Шундан кейингина китобхонлар Мавлуда Иброҳимовани Нигина Ниёз сифатида таний бошладилар. 
   2011 йили “Чашма-принт” нашриёти томонидан “Арвоҳ жазман”, “Хотинимни мен ўлдирмадим”, “Аросатда қолган қиз” номли мистик қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилди. Бу китобларга ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзига хос ҳикоя ва қиссалари киритилган. Аслида, китобхонларни қизиқтириш ва унинг савдосини таъминлаш мақсадида ноширлар китобларини шундай номлашни маъқул кўришган. 
   2017 йили “Ноширлик ёғдуси” нашриёти томонидан “Бир кунлик куёв” номли ҳажвий қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилди. Негадир унга “ҳажвия” сўзини қўшмаслигини тайинлашди. “Пахмоқ қизнинг бахти” ҳам аслида ҳажвий қисса, негадир Омон Мухтор ҳам “ҳажвия” деган сўзни қўшмасликни тайинлаган.
   Бу орада Мавлуда “7 Мўъжиза” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлади. Ҳозирда “Бекажон” газетасида фаолият юритиб келмоқда. Мавлуда ҳанузгача сирли ҳодисаларни ўқиб-ўрганишда давом этмоқда. Сирли ҳодисалар ёритилган мақолаларини “Сеҳр ва тақдир” номли туркум рисолаларга киритган. Бу туркумдаги рисолаларнинг саккизта сони 2005 йилдан бошлаб, 2016 йилга қадар “Мериус” нашриёти томонидан чоп этилди. Кейин бу туркум рисолаларни ҳам икки жилдга келтириб, нашрдан чиққан. 
   “Мериус” нашриёти билан ҳамкорлик қилишининг сабаби, уни ҳеч ким танимаган пайтда, бошқа нашриётлар ҳомийлик қилишни истмаган дамда улар Мавлудага ёрдам қўлини чўзишган. Шунингдек, ўша кезлари нашриёт бош муҳаррири бўлган Асрор Самад “Сўнгги кун” асари ҳеч қандай босимларсиз чоп этилишига ёрдам қилган. Ҳусусий нашриётлар китобнинг сотилишига қараб, қалам ҳақи тўлашади ва китобни режага киритиб, йиллаб кутишга мажбур қилишмайди. Афсуски, ҳозирда давлат нашриётлари ҳам муаллифлардан китобни чоп этиш учун пул сўрашади. Бу ачинарли ҳол, албатта.  
   “Телепат ёхуд у дунёдан қайтган йигит” номли икки жилдли асари “Мериус”нашриёти томонидан 2017 йилда чоп этилди. Асар қисқартирилган ҳолда “Бекажон”да босилди ва у ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган эди.
Ҳозирда “Замонлар аро дарбадар” асари нашрга тайёрланяпти. Бу асар ҳам “Бекажон” газетаси саҳифаларида эълон қилинган ва у ҳам ўз ўрнида мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. 
   Эндиги ниятимиз ёзувчиларга, босмадан чиқаётган асарларга алорҳида эътибор қаратилса, уларни таржима қилиш ишлари йўлга қўйилса яхши бўлар эди. 
   Ўзбек адибалари ҳам Халқаро семинар ва анжуманларда иштирок этсак, деган эзгу ниятлари бор.     










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот