ЁЗУВЧИЛИК БУ - МАШҒУЛОТ ЭМАС!


Шаҳодат Исаханова:
“ЁЗУВЧИЛИК   БУ  - МАШҒУЛОТ  ЭМАС!”

   Ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин тутган таниқли адиба Шаҳодат Исаханованинг “Кечиккан бахт”, “Она”, “Сирли тилак”, “Илинж”, “Антиқа зиёфат”, “Лайлаклар”, “Қирқ кокилли келинчак” номли ҳикоялар тўпламлари ва “Бибихоним”, “ Турон маликаси” номли романлари чоп этилган. Шу  романлар  асосида яратилган саҳна асарлари эса томошабинлар томонидан қизғин  кутиб олинди. 
* * *
- Шаҳодат опа, биз сизни ўзбек адабиётининг қалами ўткир адибаси сифатида яхши биламиз. Шу чоққача чоп этилган ҳикоя, қисса ва романларингизда аёл қалбининг жозиб кўринишларини маҳорат ва жонкуярлик билан очиб бергансиз ва китобхон эътиборини қозонгансиз. Насрда ёзиш осон эмас. Ижод жараёнида сизга нималар кўпроқ ёрдам беради, истеъдодми, кўп мутолаа қилишми ёки тажрибами?
- Менимча, ижодкорга аввало истеъдод ёрдам беради. Истеъдоди бўлмаган одам расм чизишни ўргангани билан истеъдодли мусаввир каби камалакнинг етти хил рангидаги етмиш хил жилони кўра ололмайди ёки овозидан бошқа истеъдоди бўлмаган ашулачи мусиқа оҳангларидаги там-тамларни, қочирим, жилва ва нағмаларни куйга сололмайди. Худди шунингдек, истеъдодсиз ёзувчи ҳам бадиий дунёнинг турфа ва сирли қирраларини илғашга, айтмоқчи бўлган фикр билан тасвирларни  омухта этишга, яъни, сўзлар хазинаси сандиғининг калитини топишга  ожизлик қилади. Кўп мутолаа эса табиийки, истеъдодни сайқаллаштиради, тажрибасини оширади.    
- “Насрда ижод қилиш баайни белга белбоғни бойлаб ва таъбир жоиз бўлса, қилични осиб, жанг майдонига киришдек гапдирки, ўша чопонни кийдириб ва ўша белбоғни боғлатиб ва ўша қилични осдириб кузатадиган Аёл зоти учун ғайритабиий ҳаракатдек туюлади ва бу ғайритабиий ҳаракат баҳоли қудрат ҳаётий ҳаракатга айланиб қолаётганига ҳам гувоҳмиз” деган эди ёзувчи Шукур Холмирзаев ва бир неча адибалар қаторида сизнинг ҳам номингизни тилга олган эди. Бу гапларга сиз қандай муносибат билдирасиз? Ҳақиқатдан ҳам адабиёт майдонига кириш жанг майдонига киришдек гапми?
- Бу ерда Шукур ака “Ижод аёллар учун эркакларга нисбатан оғирроқ кечадиган жараён” демоқчи бўлганлар, шекилли. Чунки кўпчилик эркак ижодкорлар негадир ёзувчиликни эркакларнинг машғулоти деб ўйлашади ва буни аёл ижодкорларга нисбатан ғайритабиий ҳаракат деб тушунишади. Мен “аёл ёзувчи”, “эркак ёзувчи” деган иборага қўшилмайман.  “Яхши” ёзувчи ёки “ёмон” ёзувчи бўлиши мумкин.  Адабиёт майдонига кириш жанг майдонига киришдек гапми деган саволингизга шундай жавоб беришим мумкин. Менимча, ҳаётнинг ўзи катта жанг майдони. Унинг ҳар жабҳасида ҳаёт-мамот кураши, ғолиблик жанги кетади ва қайси соҳада бўлмасин истеъдодли, маҳоратли, тажрибали жангчилар ғалаба қозонади. Уқувсиз, тажрибасиз, заиф талабгорлар эса майдон ғалвиридан тушиб қолишаверади. Истеъдодли ижодкорларнинг жанг майдонидан ноҳақ кетказилиши эса бу бошқа масала...  
- Ўзбек адабиётининг энг маҳоратли адибларидан бири Нурали Қобул ҳам қатор  тарихий романлар ёздилар ва бу асарлар шов-шувларга сабаб бўлди. Икки ёзувчининг бир том тагида умргузаронлик қилиб, ижод билан шуғулланишларингиз, оила, тирикчилик ва ҳакозо ўнлаб ташвишлардан ортиб, адабиёт оламида салмоқли ўрин эгаллашга интилишларингиз осон  бўлмаган. Бунинг учун ҳар иккалангиз ҳам бир-бирларингизни қўллаб-қувватлашларингизга тўғри келади, шундай эмасми? Сизнинг биринчи танқидчингиз Нурали аками?
- Яқинда бир ёзувчи дўстимиз ўз суҳбатида “Яхшиям умр йўлдошим ижодкор эмас, йўқса, умрим баъзи бир дўстларга ўхшаб, тортишувларда ўтарди” деди. Бошқаларни билмадиму, лекин биз умуман тортишмаймиз. Ижод билан алоқадор масалаларда эса фақат фикрлашамиз, холос ва бир-биримизнинг ёзганларимизни албатта, ўқиймиз.  Кўпроқ мен ўқийман, цензор сифатида, (ҳам ҳазил, ҳам чин). Ўзимникини эса ўқишга мажбур қиламан.  
- Кўплаб  ҳикояларингизда аёл муҳаббати нозиклик билан тараннум этилади. Аслида аёл муҳаббати  нималарга қодир?
- Тўғриси, саволни ўқигач, даъфатан ўйланиб қолдим. Нега аёл муҳаббати? Балки муҳаббат эмас! Чунки бир томонлама муҳаббат кемтик бўлади. Кейин мулоҳаза қилиб кўргач, саволингизни тўғри деб топдим. Чиндан ҳам эркаклар табиатан, ҳаёт аталмиш ушбу ҳилқатнинг эгалари, Инсон наслининг давомчилари ҳисобланганликлари боисми, улар севгига аёлларчалик урғу беришмайди. Уларнинг муҳаббати сокин ва яширин бўлади. Аёллар учун эса муҳаббат бу ҳаёт, бу бахт, бу қувонч... Аёл севгиси бор рўзғорда кам-кўст ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас, бир бурда нонни сувга ботириб еса ҳам асалу наввот тотини туяди. 
- Шаҳодат опа, таниқли режиссёр Сайфиддин Мелиев сизнинг ”Турон маликаси” романингиз асосида “Бибихоним” спектаклини саҳналаштирди.”Ўлан” номли драмангизни ҳам шу режиссёр саҳналаштирди. Ҳар гал спектакль намойиш этилганида томошабинлар зални тўлдириб ўтиришибди Яқинда Самарқанд Давлат драма театрида ҳам “Бибихоним” асарингиз саҳна юзини кўрди. Сизнинг тасаввурингиздаги Бибихоним саҳнада қай даражада ўз аксини топди? 
- Юртимиз қаҳрамонлари, тарихимизда унутилмас из қолдирган шахслар ҳамиша ижодкорларни илҳомлантириб келган. Бибихоним- Сароймулкхоним биз учун нафақат буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг завжаи муҳтарамалари, балки, биз аёллар учун йўлчи юлдуз каби маёқ бўладиган, ақлли, тадбирли, темурийлар салтанатини таназзулдан сақлаб қолишга ҳиссасини қўшган, бир сўзли, эътиқодига садоқатли, ҳар томонлама мукаммал, илҳомлантирадиган унутилмас сиймо. Тарихда маликалар кўп бўлган. Лекин тарих ғалвиридан ўтиб, оғизма-оғиз кўчиб, эли қалбида яшаб келаётган маликалар саноқлигина. Бибихоним ана шундай қаҳрамонларнинг гултожи. Дунё илмига улкан ҳисса қўшган буюк олим, шоҳ Мирзо Улуғбек тарбиясидаги улушининг ўзи ҳар қанча таҳсинга сазовор. “Турон маликаси” романи кенг қамровли. Унда Соҳибқирон вафотидан кейинги воқеалар, шаҳзодаларнинг тожу тахт учун бўлган курашлари, айни пайтда, ҳамма замон учун долзарб бўлган инсонийлик, меҳр-мурувват масалалари ёритилган. Илмнинг нодонликдан, яхшиликнинг ёмонликдан, эзгуликнинг  зулмдан устунлиги  ибрат қилинган. Менинг тасаввуримдаги Бибихоним саҳнада юз кўрсатганидан хурсандман. 
- Мукаммал одамни учратганмисиз? Комил инсон тушунчасини қандай тасаввур этасиз?
- Менимча, фақат фаришталаргина мукаммал бўлиши мумкин. Бандаси эса, “Беайб парвардигор” ёки “Одами соз, дунёда оз” деганларидай, (пайғамбарлар ва авлиёлардан ташқари) ожиз яратиқда! Ҳар томонлама мукаммал бўлиш бандасининг қўлидан келиши жуда қийин. Лекин инсонликнинг оддий қонун-қоидаларига риоя қилган, шартларини тўла-тўкис бажарган, маънавий фазилатли, сифатли инсонларни комил инсонлар қаторига қўшиш мумкин. Чин маънодаги инсонийлик маънавий юксак инсонлар феълининг ўзагидир. Маънавий юксаклик эса комилликнинг ўзидир. Комил инсонлар ҳамиша маёқлар каби кишилик жамиятини ёритгувчи чироқ вазифасини ўтаган. Комил Инсонлар орамизда кўп.
- Бадиий ижод кўнгил очар бир соҳами ёки қисматми?
- Мен учун ижод ҳам қисмат, ҳам руҳий эҳтиёж. Оддийроқ тушунтирсам, бирор бир яхши нарсадан ёки хабардан қалбингиз қувончга тўлган пайтдаги ҳолатни тасаввур қилинг, мен ёзсам худди ана шундай туйғу вужудимни тўлдираётганини ҳис этаман. Дунёдаги энг олий эзгуликлар, туйғулар, завқ-шавқ, орзу-умид, бахт қалбимда мужассам бўлади. Ўшандай лаҳзаларда мендан бахтиёрроқ, кучлироқ, қудратлироқ одамни чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Турмуш ташвишлари, яратган эгам ҳамроҳ қилиб қўйган бандаларнинг баъзан ўзлари билмаган ҳолда, баъзан эса атай, ёмон феъллари оқибатида етказган озори, яқинларинг  ва дўстларингнинг беоқибатлиги, ишонган, топинган одамингнинг хиёнати, омадсизлик ёки қўли калталик, хуллас, ҳаёт аталмиш сирли ҳилқатнинг барча майда-чуйда адолатсизликлари кўзимга жўн, ҳатто кулгили туюлади. Ҳалигина дунёи дун найрангларидан дол бўла бошлаган қаддим ўз-ўзидан адл тортиб, ўзгача ғурур, айрича мардонаворлик вужудимни тетиклаштиради, ҳузур бағишлайди. Менинг учун ҳаётнинг мазмуни ижод. Йўқса, ҳали-ҳануз айрича бир эътиқод билан қаламга меҳр қўймасдим.
- Мазмунли, маънили суҳбатингиз учун ташаккур. Сизга энг гўзал илҳомларни тилаб қоламиз.

Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот