Дунёни Ўзбекистонга олиб келаман


   Суҳбатдошимиз - миллий кулолчилигимизни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаётган, "Дўстлик" ордени соҳиби, мусаввирлик санъати ва сополчилик касбини уйғунлаштирган, карикатуралари билан танилган, Фарғона вилоят, Риштон туманида музей ва мактаб очган ҳунарманд тадбиркор, рассом кулол уста - Тоҳиржон Ҳайдаров. 
- Мусаввирлик санъатига қизиқишингиз ҳаётингиз мазмунига айланибди? Суҳбатимизни шундан бошласак.
- Эсимни таниганимдан бери мусаввирликка қизиққанман. Мактабни битирганимдан  сўнг рассомлик соҳасида ўқишим учун етарлича шарт-шароит бўлмаган. Болалигимдаги орзуйим ўша пайтдаги Тошкент Давлат Театр ва рассомлик санъати институтида таҳсил олиш бўлган. Иш фаолиятимни дастлаб, дадам билан биргаликда савдода бошлаганман. Ҳарбий хизматга бориб келгач, ўқиш учун Тошкентга кетганман. У ерда Темир йўл институтининг машинистлик мутахассислигида ўқидим.
   6 йил давомида ўқиб, ишлаб юрганман. Рассомликка бўлган меҳр, иштиёқ барибир устунлик қиларди. Қишлоққа қайтиб келгач, Риштон туман кутубхонасида безатувчи рассом бўлиб ишлаганман. Шу даврда ижодга киришиб, карикатуралар чизишни бошлаганман. Чизганларимни "Муштум" ва "Ёшлик" журналларига топширганман.
- Нечанчи йилларда?
- 1987 йилдан бошлаб дастлабки асарларим "Муштум" журналида чиққан. Шу тариқа ишларим бошланиб кетган. "Ёш куч" журнали ва "Туркистон" газетасида асарларим чиқа бошлади. Риштонда Кулолчилик заводи мавжуд бўлиб, унда камида икки ярим минг нафар одам ишларди. Ўша заводда ишлайдиган Наби Қодиров камина фаолият юритаётган кутубхонага келиб турарди. Иттифоқо, у билан танишиб қолдик ва Наби ака менга устозлик қилган. Кулолчилик сополларига карикатураларимни туширганман. Бу ишим тасодифан рўй берган. Наби ака ўзининг ҳам суратини чизиб беришимни сўраганда, қоғоз топа олмай, тасвирни игна билан сополга туширганман. Наби Қодиров сополни бир ҳафтадан кейин пишириб олиб келганда, сополдаги санъат асари менга ёқиб қолди. Шу йўсинда карикатураларимни сополга тушира бошлаганман. 1987 йилдан то ҳозиргача кулолчилик билан шуғулланаман. Карикатураларим 1991 йил 6 майдан 21 майгача "Ёшлар уйи"да кўргазмага қўйилган ва жуда катта шов-шув билан ўтган. Кўргазмамга "Ёшлар иттифоқи" ҳомийлик қилган. Улуғ адибимиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси - Саид Аҳмад ҳам келган. Кўргазмадаги суратларда Чингиз Айтматов, Карим Баҳриев, Амирқул Каримовнинг ҳам суратлари ўрин олганди. Аъзам Ўктам (Аъзам Худойбердиев) деган шоир бор эди. Уни, Ўзбекистон халқ шоири - Муҳаммад Юсуф, бундан ташқари ўша даврда ким машҳур бўлса, ҳаммасининг суратларини чизганман. Ҳар битта карикатураларимнинг тагига кулгили шеърлар ҳам ёзганман. Хонандалардан - Шерали Жўраев, Охунжон Мадалиев, Абдурауф Олимов; киноактёрлардан - Ўзбекистон халқ артистлари - Эркин Комилов, Теша Мўминов, Ғани Аъзамов ва  Ўзбекистон халқ ёзувчиси - Комил Яшин; қизиқчилардан - Ҳожибой Тожибоев,  Обид Асомов, Эргаш Каримов, Роза Каримовани чизганман. Буларнинг ҳаммаси уйимда сақланади. Асарларимни кўргазма қилганимда, карикатураларимни кўрган Ўзбекистон халқ ёзувчиси - Саид Аҳмад машҳур қизиқчи -  Муҳиддин Дарвишов менга "Тоҳир сопол" деб тахаллус қўйишган. Бошида бу гап лақабдек эриш туюлди, очиғи, ўргана олмадим. Бора-бора кўникиб кетдим. Ҳозир эса, аксинча, мени "Тоҳир сопол" дейишмаса, хафа бўладиган бўлиб қолдим! Ўшанда ўзим билмаган ҳолда янгилик яратибман. Олдин ҳеч ким игнада сополга карикатура чизмаган экан!
- Бошқалар нимада чизишган?
- Улар махсус қаламда чизишган. Мен эса игнада чизганман. Игнада нақш туширишни бошладим. Алишер Навоийнинг асарларига суратлар чизардим. Шу зайлда ўзимнинг йўналишим ва услубимни яратиб, бошқа рассомларга тақлид қилмайдиган бўлдим. 
   "Муштум"нинг 70 йиллигидаги тадбирда ҳам ўз асарларим билан қатнашдим.
 Маҳоратим ва тажрибам ошгани сари мумтоз санъатга мурожаат қила бошладим. Бобур, Фурқат, Муқимий асарларига миниатюралар ишладим. Буюк алломаларнинг сиймосини чизишга киришдим. Навоий, Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк бобокалонларимизнинг қиёфасини сополга туширганман. 
   Миллий қаҳрамонларимиз, буюк ва тарихий шажараларимизга қизиқдим. Бобурийлар, Хоразмшоҳлар, Бухоро хонликларига оид шажараларни топиб, сополда акс эттирдим. Дастлаб, Қўқон хонликларини, сўнгра, Амир Темурни, кейинчалик Бобурийларнинг суратларини сопол идишларда акс эттирдим. 
- Ўзига хос ўзбек миниатюрасини ҳам шакллантираётган экансиз-да?
- Ўзбек миниатюраси санъатида, асосан, бетакрор мусаввир - Камолиддин Беҳзоднинг асарлари ва услубидан фойдаланганман. Мақсадим - миллий санъатимизга ҳиссамни қўшиш.
- Музей ташкил қилиш ғояси Сизда қачон пайдо бўлди? 
- Шу юртда камол топаяпмизми, аввало, ўз Ватанимизга хизмат қилишимиз керак. Мамлакатимизга ҳавас қилишимиз керак. Ўзимизни кашф қилишимиз лозим. Америка ё Бразилиядан келиб, бизни кашф қилиб кетишмайди. Ўзимиз нималарга қодирлигимизни англаб, ўзлигимизни намоён қилишимиз зарур. Бу ҳар бир одамнинг бурчи! Кўргазмаларимни дунё миқёсидаги кўргазмаларга олиб бормаганман. Шунақа халқаро кўргазмаларга мени ҳам чақиришган, бироқ бормаганман. Мен дунёга чиқмайман, дунёни Ўзбекистонга олиб келаман, дея аҳд қилганман ва бу ниятимни рўёбга ошириш учун туну кун жон-жаҳдим билан меҳнат қиламан. Мақсадим ҳосиласидан бири - халқимиз ва келажак авлодларимиз учун музей ташкил қилдим. Токи, бошқа давлатлар ҳам бизнинг юртимизга ҳавас кўзи билан боқишсин. Қачонгача ўзга мамлакатларга ҳавас қиламиз? Биз дунё аҳлига бебаҳо ва ноёб миллий санъат асарларимиз дурдоналарини намойиш этишимиз, бунинг учун музейлар ташкил қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Ҳунармандчилик ривожланса, хорижий сайёҳлару санъат ихлосмандлари ҳам юртимизга келаверишади. 
- Музейингиз ташкил топганига қанча муддат бўлди-ю, томоша қилиш учун келиб кетадиган кишилар сони нечоғли кўпайди?
- 2005 йил ҳокимнинг қарори асосида ер ажратишган. Ерни олиб, шу ерда миллий услубда музей ташкиллаштирдик. 8-10 йил давомида ўзимизнинг маблағимизни сарфлаб, музейимизни барпо қилдик.
   Музейнинг очилиш маросимини 2016 йилнинг 2 сентябр кунига белгилаган эдик. Бироқ ўшанда биринчи Президентимиз Ислом Каримов, кейин дадам оламдан ўтишди.  Пировард натижада, тантанали маросимлар кўнглимга сиғмади ва очилиш маросими қолдирилди.
   2011 йил президентнинг шахсан ўзлари мени "Дўстлик" орденига тавсия қилгани, ҳунармандлардан саноқли инсонларгагина бу мукофот насиб бўлгани, бу мукофот мен учун юксак фахр экани сабабли, президентимиз музейимизнинг очилиш маросимида иштирок этишини жудаям хоҳлагандим.
   Хуллас, музейни 2017 йил 27 августда очдик. Ҳозир кунига 50-60 та одам музейга келади. 
 - Музей фақат сопол ва суратлардан ташкил топганми ё бошқа тарихий ашёлар ҳам борми?
- Бор. Масалан, қадимий Қўқон аравани топиб, келтирганман. 200 йиллик тарихга эга. Буни 4 авлоддан олиб келдим. Асл ҳолича турибди. Эски хумларни топганмиз. Яқинда қадимги пичоқ чархини топдик.
- Музейингиз пулликми?
- Келган кишилардан пул сўрамаймиз. Лекин бир хиллар "Қанча тўлаймиз?", - деб сўрашади. Бу музей Республикада рўйхатдан ўтган биринчи хусусий музейлиги билан ҳам таҳсинга лойиқ. Қолаверса,  ҳунармандчилик мактабини ҳам очдим. Мазкур  ҳунармандчилик мактабини кенгайтираяпмиз. 2 йил аввал Тошкентда, ўтган йили Май ойида Андижоннинг Хонобод шаҳрида ва Фарғона Давлат университетида Кулолчилик мактабини ҳам очдик. 
- Шогирдларни ўқитиш масаласи қандай бўлаяпти? Танлаб олаяпсизларми?
- Танлаб олмаяпмиз. Келганларини ўқитаверамиз.
- Уларда сурат чизишга қобилият бўлиши керак-ку. Ўқиш пулликми?
- Пулсиз. Биз шундай қилдикки, шогирдликка номзод келдими, у билан оғзаки шартнома тузамиз. Шунча чизганингга фалонча бераман, дейман. Қолаверса, Республикада биринчилардан бўлиб, қаровсиз ётган ертўлада инновацион мактаб ҳам очганмиз. У ерда кулолчилик, темирчилик, адрасчилик, чеварчилик ўргатилади. Ҳам қаровсиз жой яшнади, ҳам ёшлар ҳунар ўрганаяпти. Фарғона давлат университетида "Санъатшунослик факультети" ва "Кулолчилик бўлими" очилгани барчамизни қувонтирди. Ҳозир 20 та бола ўқияпти. Ўғлим Темурбек ўқишга биринчилардан бўлиб ўтди. Ҳозир 1-курсда ўқияпти. Маълумотим олий эмаслиги учун университетга ишга олишмади. Амалиётни мен эмас, ўғлим ўтаяпти. 
- Айтишларига қараганда, кутубхона ҳам очмоқчи экансиз?
- Ҳа, ҳокимнинг қарори билан кутубхона очишни мақсад қилиб қўйганман. Ҳозирча 2000 тача китоб тўплаб қўйдик. 
- Кутубхона ва китоблар харажати ўзингизнинг ҳисобингиздан амалга оширилаяптими?
- Ўзим ва дўстларим, ака-укаларим ёрдам беришди. Ёзувчи, шоирлардан ҳам жуда кўп китоблар олганман. Уйимга келишганида 5-10 та китоб кўтариб келишади. Кўп нарсалар ёрдам билан бўлади. Айниқса, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий  кутубхонаси директори - Тешабоева Умида Олимжоновна анча кўмаклашгани учун миннатдормиз! 
- Ўғилларингиз ҳам сизга ёрдам беришаяптими?
- Ўғилларим энг яқин суянганларим. Ҳозир невараларим ҳам ёнимга келаяпти. Шогирдларим жуда кўп. Бешта фарзандим бор. Учтаси қиз. Иккитаси ўғил. 11 на неварам бор. Энг катта неварам 10-синфда ўқийди. У ҳам кулолчиликка ўқияпти. 3 та қизимни эса узатиб бўлганман. 
- Сопол ясаш учун, одатда, махсус тупроқдан фойдаланишади. Тупроқларни қаердан келтираяпсизлар?
- Ҳа шундай, сополга мўлжалланган тупроқ ҳамма жойда ҳам бўлавермайди. Фақат Риштоннинг марказида бор. Сопол оловда қанча кўп тобланса, шунча мустаҳкам бўлади. 1000 даражагача иссиқликда қиздирилади. Инсоният барибир сополга интилаверади. Чунки инсоннинг таркибида ҳам, сополнинг таркибида ҳам тупроқ бор.
- Бўёқларни қандай танлайсиз? 
- Ўзининг махсус бўёқлари бор. 900-1000 даражада қиздирилганда кутилган ранг ҳосил бўлади, бўлмаса балчиққа ўхшаб туради. 
- Чет элликлар билан ҳамкорлик ҳам қилаётган экансиз?
- Ҳа куни кеча хорижликлар, аниқроғи Туркияликлар билан шартнома туздим.
- Уларнинг талаблари сизни қаноатлантирдими?
- Улар катта буюртмага шартнома тузишни таклиф қилишганди. Олмадик. Аввал ишни кичикроқ буюртмалардан бошлайлик. Кейинчалик катта иш олармиз, дедик. Ҳозирча, 5000 долларлик шартнома туздик. 
- Ишларингизга улкан ривожлар тилаб қоламиз!

   Маъруфа Солиева суҳбатлашди.
2020 йил.  

   Маълумот учун: Тоҳиржон Ҳайдаров 1961 йилнинг 18 Август куни Фарғона вилоят, Риштон туманидаги Жалойир қишлоғида туғилган.
  Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад 1990 йил Тоҳиржон Ҳайдаровга Тоҳиржон сопол деган тахаллусни қўйгани сабабли, дўстлари уни Тоҳиржон сопол деб аташади.
  Тоҳир Расулович Ҳайдаров 2011 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
   Меҳнат стажи 40 йил. Кулолчилик фаолияти билан 1986 йилдан ишламоқда.
  1997 йилдан Республика хунармандлари уюшмаси аъзоси, 2002 йилдан Республика бадиий академияси аъзоси.
  Т. Ҳайдаров Республикада биринчи бўлиб сопол идишларга оддий игна билан миниатюра чизиш санъат услубини олиб кирди ва ҳозиргача унинг ишлаб чиқарган санъат асарлари 3 мингдан ошиб кетди. 
  Т. Ҳайдаровнинг асарлари асосан: Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳофиз Шерозий, Жалолиддин Румий, Умар Ҳайём каби улуғ алломалар ва Амир Темур, Қўқон хонлиги шажаралари ҳамда Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент, Қўқон шаҳарларидаги тарихий обидаларини сопол лаган ва вазаларга игна билан чизади. 
  Ҳозиргача уй музейига дунёнинг кўплаб мамлакатларидан, жумладан, Америка, Англия, Германия, Япония, Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан, шунингдек Республикада яшаётган кўплаб санъат ихлосмандлари ва ёшлар катта қизиқиш билан томоша қилишмоқда. 
   1997-2018 йилларда кичик устахона ташкил этган. Шогирдлари 100 нафардан ортиқдир.    Унинг шогирдлари ҳозирда Республика ва жаҳон миқёсидаги мусобақалар ва кўрик-танловларда юқори натижаларга эришмоқда.
  2011 йил август ойида бўлиб ўтган Республика ҳунармандлари кўргазмасида ўз шахсий кўргазмаларини ташкил қилган. Бундан ташқари Республикамизда ўтказилаётган “Наврўз”, “Мустақиллик” ва бошқа байрамларда ўзининг ижодий ишлари билан мунтазам равишда  қатнашиб келмоқда.
  2010-2016 йилларда Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари учрашувларида ташкил этилган кўргазмада мувоффақиятли қатнашган.
  Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун ўтказилган, “Ташаббус-2012” кўрик танловида туманда 1-ўрин, вилоятда 2-ўринни эгаллаб қимматбаҳо совринларни олишга муяссар бўлган.
 Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро туризм, анъанавий ҳунармандлар, мустақилликка бағишлаб ўтказилган “Истиқлол туфайли эъзоз ва эътибор топган ҳунарманд” кўргазма савдосида фаол қатнашиб, Ўзбекистон Бадиий академиясининг дипломи билан тақдирланган.
   2013 йил 10 сентябрда Хитой халқ Республикаси раиси Си Цзинъпин юртбошимиз билан Самарқанд шаҳрида ўтказилган ҳунармандлар кўргазмасига ташрифида Т. Ҳайдаров томонидан сопол лаганларга игна билан ўймакорлик услубида ишланган асарларини томоша қилиб, муносиб баҳолашган.
 Сўнгги уч йилда 100 та турли ўлчамдаги сопол вазалар, 1050 та сопол  товоқлар,   3153 тадан ортиқ бошқа турдаги санъат даражасидаги сопол буюмлар жамланмаларини тайёрлаган.
 2016-2018 йилларда Республикамизда ўтказилаётган турли тадбирларда ўз кўргазмалари билан мунтазам қатнашиб келмоқда.
   Вилоят, туман  ва қишлоқ худудларида ўтказилаётган спорт мусобоқалари ва бошқа тадбирларга ҳомийлик қилиб келмоқда.
  2014 йилнинг 21 декабр ойида бўлиб ўтган сайловда Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати этиб сайланган. 
   2018 йил 26 август куни Республика Ҳунармандлар уюшмасининг фаҳрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот