Галия Измайлова таваллуд топган кун (1923-2010)
Галия Баязитовна Измайлова 1923 йил 12 февралда туғилган. Балет раққосаси, балетмейстер, хореограф ва педагог. Ўзбекистон халқ артисти (1951). Ўзбекистон Республикаси балет мактаби (Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби)ни (1941), Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (1961)ни тугатган. 1941 йилдан Навоий театрининг етакчи балет солисти. 1977-85 йиллар бош балетмейстер. 45 дан зиёд роллар ижро этган.
Дастлабки роллари - Семурғ (“Оқ билак”), Мария, Зарема (“Боқчасарой фаввораси”). Асосий роллари: Гулнора (“Раққоса”), Кармен (“Карменсюита”). Лайли (“Лайли ва Мажнун”), Чундари (“Севги тумори”), Эгина (“Спартак”) ва бошқа. “Оққуш кўли”, “Наврўз”, “Шаҳризода”, “Севги тумори”, “Кашмир афсонаси”, “Севги афсонаси”, “Боқчасарой фаввораси”, “Эсмеральда”, “Орзу”, “Князь Игорь”, “Бўрон”, “Фауст”, “Зебинисо”, “Умар Хайём”, “Ал Фарғоний” каби операларнинг рақсларини саҳналаштирган.
Измайлова янги турдаги ўзбек мумтоз рақс мактаби асосчиларидан. У Фарғона, Бухоро, Хоразм халқ рақслари ва Европа рақсининг ижобий таъсирида замон мумтоз рақс миниатюраларининг яратувчиси ва моҳир ижрочиси сифатида танилган. М. Равелнинг “Болеро” балет, шунингдек, М. Ашрафийнинг “Дилором” операси учун “Сўғдиёна”, “Ҳинди”, “Араб” ва “Фарғона” каби мустақил хореографик миниатюралар яратган. Измайлова “Баҳор”, “Лазги” ва бошқа ансамлларда кўпгина рақслар саҳналаштирган. Дунёнинг 35 дан зиёд мамлакатларида гастроль сафарларида бўлган. Измайловага бағишланган “Умрга тенг рақс” фильми суратга олинган (1984).
Давлат мукофоти (1950), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970). “Шуҳрат” медали (1997), “Дўстлик” ордени (1998), "Меҳнат шуҳрати" ордени (2003) билан мукофотланган.
2010 йил 2 Октябрь куни вафот этган ва Чиғатой қабристонига дафн қилинган.