ЎЗГАЛАРГА АТАЛГАН ВА МАШҲУРЛИККА ЭЛТГАН РОЛЛАР
- Салом, шоҳ! Танишганимдан бағоят хурсандман!- Барча ишчилар ҳафтада икки кун дам олади. Биз, шоҳлар эса дам олиш кунларисиз, кеча-ю кундуз тиним билмай ишлаймиз.
- Хато қиляпсиз, бу ижтимоий масала. Ажралишларингиз билан кўрсаткичларимизни кескин пасайтирмоқдасиз. Ажралишларингизни чорак охиригача тўхтатиб туришингларни талаб қиламан! Ундан кейин хоҳлаганча ажрашаверинглар!
- Эҳ, Марфуша, ғам-ғуссага не ҳожат?
- Буюраман, ҳамма рақсга тушсин!
Бу жумлалар барчамизга таниш.
Энг машҳур актёрларидан бири, театр ва кинода юздан ортиқ ролларни ижро этган Юрий Яковлев ҳам комедия ("Гусар балладаси", "Иван Василевич касбини ўзгартиради", "Тақдир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг!", "Кин-дза-дза"), ҳам драматик ("Телба", "Хавфли бурилиш", "Ердаги муҳаббат") жанрлар устаси эди.
Вахтангов номидаги театрнинг энг гуллаб-яшнаган даврида етакчи артист бўлган.
Юрий Яковлевнинг бизга ёд бўлиб кетган афсонавий ролларига аслида қай тарзда таклиф қилингани ҳақида қисқача маълумот.
"Иван Василевич касбини ўзгартиради", 1973 йил.
Фильмда бош ролни ижро этувчи актёр бир вақтнинг ўзида аҳмоқ уй бошқарувчиси ва шоҳ Иван Грозний ролини ўйнаш имкониятига эга эди. Режиссёр Леонид Гайдай ўз фильмларида кўп марта ролларни маромига етказиб ижро этган комик актёр Юрий Никулин бу ишни аъло даражада уддалашига ишонарди.
Бироқ машҳур актёр ва қизиқчи бу таклифни рад этган. Бунинг сабаби фақат циркнинг узоқ муддатли гастролларга кетиши эмас эди. Никулин Михаил Булгаковнинг "Иван Василевич" пьесаси экранлаштирилиб, "токчага қўйиб қўйилиши"га ишонарди, чунки ўша пайтда муаллифнинг асарлари чекланган нусхада нашр этилганди.
Юрий Яковлев эса таклифни мамнуният билан қабул қилди. У роль учун жуда кўп нарсаларни ўйлаб топди: Буншанинг овсарларга хос тарзда гапириши ҳамда Иван Грознийнинг ўт чақнаган нигоҳини акс эттира олиш қобилиятини намоён қилди. Актёр шоҳона телпаги остидан доим сочлари чиқиб қолаётганини кўргач, ҳеч иккиланиб ўтирмасдан, қайчини қўлига олганча, соч тутамини шартта кесиб ташлаган.
"Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг!", 1975 йил.
Бош қаҳрамон Ипполит ролини аслида Олег Басилашвили ўйнаши керак эди. Аммо актёр ўша пайт бир вақтнинг ўзида иккита оғир йўқотишни бошидан кечирган: отаси ва дўсти – Ленинграддаги БДТ саҳнасидаги ҳамкори Ефим Копелян вафот этганди. Театр репертуари ҳам зудлик билан ўзгартирилган, Басилашвилининг янги йил комедиясида суратга тушиши учун унда руҳий ва жисмоний мадори қолмаганди.
Суратга олиш жамоаси эса қиш манзарасига "боғланган" эди. Реквизит учун Ипполитнинг Басилашвили қиёфасидаги суратини тайёрлаб қўйган Элдар Рязановнинг бошқа актёрга мурожаат қилишдан ўзга чораси йўқ эди. Элдар Александрович кейинчалик кўп йиллар давомида Яковлевнинг бир дақиқа ҳам инжиқлик қилмаганини миннатдорчилик билан эслаб юрди. Яковлевнинг ҳақиқий исмини билмаганлар уни кўчада кўришганда "Ана, Ипполит келаяпти", дейишган.
Интернет хабарлари асосида Усмон ЭРАТОВ тайёрлади.