ИЛИНЖ


   ЎзМУнинг журналистика факультетида Нилуфар Жабборова ва Нурхон Элмирзаеваларга сабоқ берганимдан шодман. Улар қалин дугона бўлишлари билан бирга ўз қобилияти, қизиқиши, журналистик салоҳияти билан ажралиб туришарди. Ҳар иккаласи ҳам бугунги кунда қалами ўткир истеъдод соҳибаларидан. Дилидаги шодлигу аламини қўлидаги қалами орқали ифодалашга қодирдирлар.
   Нилуфарнинг қалбида ўзи ишлаётган "Гулхан" каби оловбардорлик, яловбардорлик бор. Орзу йўқолса, умид қолади, умид йўқолса ишонч қолади, ишонч йўқолса, илинж қолади, илинж йўқолса ҳеч нарса қолмайди, - деган мазмунда Ўткир ака Ҳошимовнинг бир фикри бор эди. Илинж энг сўнгги умид. Ҳаёт аталмиш синов ва сийловлар тажаллиси ўз жилоси-ю жилваси билан сизни алдаб-авраб умрингизни кемиради, емиради, вақтингизни ейди. Келиш ва кетиш фалсафаси ҳаётга ҳисобот. У билан сирлашгингиз келади баъзан масрур, баъзан маҳзун қилади. Лекин сизга изн бермайди. Унинг ўз оқими, ўз йўриғи бор. Муаммоларга дуч келганингизда, беихтиёр, Эй ҳаёт, сенга ўзи не керак, дея илинж аталмиш сўнгги бекатда тураверасиз. Шеърни тинглаб шунга амин бўлсангиз, сизга гап йўқ. Нилуфарнинг ушбу шеърида ҳикмат бор, у мазмундор, тагдор ёзади. Ишонч ҳосил қилинг. Марҳамат.

   Раҳимбой Жуманиёзов - Нотиқлик санъати академияси таълим муассасаси раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент.  

Сўнгги умид, энг сўнгги илинж,
Бир сўз билан узилди бари.
Қўлга кетиш чиптасин тутиб,
Кор қилмасдан ҳеч қандай ўтинч
Ҳаёт қилди ўзидан нари.

Қотиб қолган нигоҳни кўриб,
Изтироб ҳам сўрайди узр.
Қани бари бекор бўлса-ю,
Залолатнинг бағридан юлиб
Олган тожин кийгизса ҳузур.

Қарорларга имзо қўяр пайт
Сендан кўнгил сўрамас тақдир.
Илдиз отган сабрингни кўриб,
Армонларни этганча пайванд
Истеҳзо-ла қилади таҳқир.

Иймонингни кўтариб баланд,
Виждонингга юқтирмайин гард.
Энди ғамни қувдим деганда,
Вужудингни этганича банд,
Орсизларча ёпишаркан дард.

Кундан-кунга емрилар сабр,
Вақт юракка илгандек илмоқ.
Тутиб турар ёлғиз ирода,
Кимга ҳикмат, кимгадир жабр
Кўксингга ғурурни қадамоқ.

Таскин топар ногоҳ шууринг,
Ором берар Ҳақни ўйламоқ.
Оғир, оғир, қанчалар оғир,
Томирлари узилган умринг
Озлигини сезиб яшамоқ...

Адолат, деб ҳайқирар юрак,
Умидларин узяпти тилак.
Ҳеч одиллик қила олмасанг,
Сўнгги сўзга фақат ростин айт:
Ҳаёт! Сенга ўзи не керак?!
Нилуфар ЖАББОРОВА.