Гуландом Тоғаева


   “Шуҳрат“ медали соҳибаси, филология фанлари номзоди, шоира - Тоғаева Гуландом Жуммаевна 1972 йил 1 январда Сурхондарё вилоятининг Денов (ҳозирги Олтинсой ) туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида туғилган. Маълумоти олий - 1994 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг "Журналистика" факультетини, 2008 йилда Тошкент Молия институтининг молия инженеринги факуьтетини тамомлаган.  
   Гуландом Тоғаева меҳнат фаолиятини 1995 йили Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ватандош» радиостанциясидан бошлаган.   
    1996 йилдан ЎзТВ мусиқий ва дам олиш кўрсатувлари дирекцияси муҳаррири лавозимида ишлаган кезларда миллий қадриятлар тарғиботига бағишланган “Тарих сарҳадлари” номли қадриятларни тараннум этувчи ва “Ёшлигимнинг олтин сози” каби  миллий оҳангларни ўзида намоён  этган қатор кўрсатувларни тайёрлади. 1996 йилдан  Ўзбекистон  телевидениеси “Ассалом, Ўзбекистон!” студияси муҳаррири, 1997 йилдан эса  мазкур дастурнинг  катта муҳаррири лавозимида фаолият юритган.           
     Гуландом Тоғаеванинг меҳнатлари биринчи Президентимиз томонидан юксак баҳоланиб, 1999 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
   2006 йилдан 2014 йилгача Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканалида ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий дастурлар бош муҳарририятининг катта муҳаррири  вазифасида ишлаган.
   У кўп йиллик иш фаолияти даврида мамлакат ва жаҳон саҳнида рўй бераётган муҳим сиёсий-иқтисодий, ижтимоий воқеа-ҳодисаларни мунтазам кузатиши ва уларни таҳлил қилиши асносида теран  сиёсий тафаккур ва касбий маҳорат соҳиби эканини намоён этди. Унинг муаллифлигида тайёрланган “Тараққиёт йўли”, “Табаррук замин”, “Эркин иқтисодиёт”, “Тараққиёт ва  фаровонлик сари”, “Соғлом келажак” каби мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳа ҳамда жамият ҳаётини демократлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган туркум кўрсатувлар томошабинлар  эътиборини қозонди.
    Гуландом Тоғаева телерадиокомпаниянинг етакчи ходимларидан бири сифатида фаолият юритган. У бугунги кун журналисти олдида турган вазифаларни яхши англайди ва ўз устида тинимсиз изланади.  Айниқса, “Маҳалла” телеканали янги очилган пайтда ўзининг йигирмадан ортиқ лойиҳалар тақдим этган ва лойиҳавий тафаккур салоҳияти кучлилигини намоён этган. 
   Унинг барча лойиҳалари ижодкорлар томонидан қўллаб-қувватланди ва ўз даврида улар “Маҳалла” телеканали эфир мундарижасини бойитди. Жумладан, унинг муаллифлигида тайёрланган “Халқ виждони” ток-шоуси ҳамда “Чироғи ёниқ уй” телелойиҳалари томошабинлар томонидан юқори баҳо олди.  Сўнг “Аждодлар хазинаси,” “Шукрона”, “Илм қудрати”,“Саодатли умр”, “Умрбоқий қўшиқлар,” “Сиз соғинган қўшиқ”каби қатор кўрсатувларни катта маҳорат билан тайёрлаган. “Маънавият дарғалари” рукнида тайёрланган ҳар бири икки қисмли Чўлпон, Қори Ниёзий, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода каби олим ва ижодкорлар ижодига бағишланган филмлари мухлислар томонидан яхши кутиб олинди ва ойнаи жаҳоннинг олтин фондидан жой олди. У мингга яқин “Умрбоқий қўшиқлар” ретро кўрсатуви тайёрлаб, ўзбек мусиқа санъатининг йўқолиб бораётган қўшиқлари ва тароналарини эфирга узатган. 
  Гуландом Тоғаева салоҳиятли шоира ва олима сифатида ҳам мухлисларга яхши таниш: “Чақмоқ хўрсиниқлари”(1994), “Муҳаббат асри” (2004), “Мен излаган кема”(2017), “Ўн етти ёшлилар мамлакати” (2018), “Сувайдога йўл” (2019) каби шеърий тўпламлари ва “Матбуот ва тасаввуф” (2006), ”Эзгуликнинг бадиий инъикоси” (2009), “Миллий тафаккур поэтикаси қирралари” (2009) каби илмий брошюралари ва “Tasavvuf adabiyotining o`zbek matbuotida yoritilish masalalari” (2023) монографияси муаллифи, 700 га яқин мақолалари Республика матбуотида эълон қилинган. Шулардан саккизтаси чет эл матбуотида чоп этилган. 
   Гуландом Тоғаева 2007 йилда “Ўзбек матбуотида тасаввуф таълимотининг ёритилиши: муаммолари, тамойиллари ва шакллари” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. 
     Айни пайтда ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлиб, Mohiyat.uz асосчиси ва етакчи муаллифидир. У тайёрлаган материаллар қайси мавзу ва жанрда бўлишидан қатъи назар теран таҳлилга, нозик журналистик кузатувга  эгалиги билан алоҳида  ажралиб туради.
    Гуландом Тоғаева жуда узоқ йиллар телевидениедаги асосий ишидан ажралмаган ҳолда бир нечта олий таълим ташкилотларида педагогик фаолият олиб борган. 2023 йил 14 январдан бошлаб, Чирчиқ давлат педагогика университетининг Гуманитар фанлар факультети Ўзбек адабиётшунослиги кафедрасининг доценти сифатида фаолият олиб бормоқда. Бу жабҳада ҳам Гуландом Тоғаева малакали устоз, етук педагог сифатида ўзини намоён қилиб келмоқда. Айни пайтда факультетдаги “Ёш ижодкорлар” тўгарагига бошчилик қилиб, талабалар орасида маънавий-маърифий билимларни кенг тарғиб қилмоқда.  Бир сўз билан айтганда,  шоира ва олима, етук ижодкор Гуландом Тоғаеванинг  илмий-ижодий ва педагогик ишлари таҳсинга сазовор.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот