Маҳмуд Номозовга табрик
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, таниқли ўзбек эстрада қўшиқчиси, бастакор - Маҳмуд Номозовни таваллуд топган куни муносабати билан муборакбод этамиз!
Маҳмуд Номозовга мустаҳкам соғлик, Бойсун чиноридек узоқ умр, оилавий тотувлик, ижодий ва ижобий парвозлар тилаб қоламиз!
Маълумот: Маҳмуд Алматович Номозов 1960 йилнинг 8 май куни Сурхондарё вилояти Узун туманида дунёга келган. Шу тумандаги 58-сонли ўрта мактабда ўқиган. Илк мусиқий саводни мактабдаги мусиқа тўгарагида олган. Ўқувчилик пайтларидан жамоа хўжалиги қошида очилган “Райҳон” ашула ва рақс ансамблида яккахон хонанда бўлиб ишлаган. Мусиқага бўлган қизиқиши туфайли 1977 йил мактабни битиргач, Тошкентдаги Низомий номидаги педагогика институтининг мусиқа факультетига ўқишга кирди. Бу даргоҳни аъло баҳоларга битириб, ўзи таълим олган мактабга мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишга келди. Ушбу мактабдаги ўн икки йиллик педагогик фаолияти давомида юзлаб шогирдларига мусиқага муҳаббат туйғусини сингдирди. Мактабнинг мусиқа тўгараги аъзолари туман, вилоят ва республика миқёсларидаги кўрик-танловларда доимо фахрли ўринларни эгаллаб келишган. Маҳмуд Номозов ўзининг илк ижодий фаолиятини мактаб саҳнасида қўшиқчи сифатида бошлаган бўлса-да, кейинги фаолияти давомида, хусусан, мактабдаги ўқитувчилик йиллари Сурхондарё вилоятининг мусиқий фольклорини ўрганишга катта эътибор қаратган. Таъкидлаш лозимки, ўзида достончилик ва терма жанрининг минг йиллик анъаналарини мужассам қилган бу мусиқий меросни ўрганиш ишлари ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларида ўзбек миллий мусиқаси тараққиётидан четда қолиб келаётган эди. Унинг бу бўшлиқни тўлдириш, жанубий вилоятларнинг бахшичилик анъаналарини мусиқий маданият доирасига қайта олиб кириш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, 1991 йили унинг Бахшиёна қўшиғи дунё юзини кўрди. Бахшичилик анъаналари йўлида яратилган бу қўшиқ бетакрор таронаси, замонавий мусиқа йўналишларига ҳамоҳанглиги билан тезда мусиқа ихлосмандлари ва мутахассислар назарига тушди. Замонавий ўзбек эстрада қўшиқчилигининг халқ оҳангларига ошно бўлиш жараёни айни шу қўшиқдан бошланди, эътироф этиш мумкин. Ижодий жараёнга фаол аралашиш истаги 1994 йили Маҳмуд Номозовни пойтахт Тошкентга етаклаб келди. Ўзбекистон радиосининг “Ёшлар” каналида мусиқа муҳаррири бўлиб ишлай бошлади. Бу орада Маҳмуд Номозовнинг қизғин ижодий фаолияти бошланди. Бирин-кетин „Гулдона“, „Оҳу-во“, „Ойбулоқ“, „Гулпари“, „Жўражон“, „Ойпари“, „Сурхон уфориси“, „Оғамжон“ каби қатор халқона қўшиқлар дунё юзини кўрди. Деярли ҳар йили „Туркистон“, „Истиқлол“ саройларида янги концерт дастурларини мухлислари эътиборига ҳавола қилиб келмоқда. Унинг „Она юрт оҳанглари“, „Нигоҳ“, „Соғинч“, „Дил фасли“, „Куз сонатаси“, „Ойпари“, „Юртим шамоли“, „Гулноржон“, „Чархпалак“, „Кўза афсонаси“, „Бахшиёна“ каби ўнлаб мусиқий альбомлари аудио ва видео шаклида ўн минглаб нусхада мухлислар қўлига етиб борди. Ҳиндистон, Жанубий Корея, Германия, Швейцария, Россия, Туркия мамлакатларида гастроль сафарларида бўлиб, ижодий учрашувлар ўтказди. Маҳмуд Номозовнинг ижодий ва меҳнат фаолияти халқимиз ва ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланди. У 2000 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2009 йили Ўзбекистон халқ артисти, 2010 йили Қорақалпоғистон халқ артисти унвонларига сазовор бўлди. Ижодий фаолияти давомида ўнлаб шогирдлар етиштирди. Айни кунларда Маҳмуд Номозов ижодий фаолият билан бирга кенг жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этмоқда. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси қошидаги Бадииий кенгаши ҳамда “Ниҳол” давлат мукофоти ҳайъат аъзоси сифатида ўзбек мусиқасининг тараққиётига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда.