Шоира, олима, адиба - Гуландом Тоғаева сиймосига чизгилар
Шоира, олима, адибанинг ижодий ҳаёти нимадан бошланади? Қачон кўз очиб, куртак тугади? Оқ қоғозни қоралаганлари – илк машқларини юрак ютиб, газета-журнал редакциясига олиб борган куниданми? Ёхуд, биринчи шеъри, ҳикояси, мақоласи эълон қилингандан кейин асл ижоди барг ёзадими? Ёки, бадиий асарни, китоб деб аталган сеҳрли дунёни яхши кўриб унга боғланиб қолган дамлардан эътиборан ижоди қаноатланадими?
Биобиблиографик мажмуаларда кўпинча адибни илк асари чоп этилгандан бошлаб ижодий ҳаёти палак ёзди, дейилади. Аслида ҳам шундаймикан? У, аслида, қалдирғоч, самара, илк муваффақият нишонаси эмасми? Ўқиб кўриб, маъқул топиб, чоп этилиши – дастлабки қутлуғ қадам.
Илк ижодий одим хусусида сўраганимда Гуландом Тоғаева чуқур ўйга толиб қолди. “Қайдам...”, “Нима десам экан”, дегандек хотира авроқларини варақлашга тутинди. Энг тиниқ, асл ҳиқиқатлар хотираларда яшаркан. Шеърлар китоби қўлёзмасини ўқиш учун олиб келганида илк шеърининг туғилиши билан боғлиқ ҳолатларни эслаганларини сўйлаб берди. Мактабнинг биринчи синфига ўқишга борганига бир ойми, икки ойми ўтган экан. Муаллима китоб саҳифасига катта қилиб чизилган суратни болаларга кўрсатиб, “Унда нима тасвирланган, номини айтинг”, дея вазифа берибди. Синфдошларидан кимдир “баҳор” дебди. Бири “гул”, бошқаси “очилган гул”, деб атабди. Гуландом “гулнинг табассуми” дея таъриф берибди.
Гуландом Тоғаевада гўзалликни ҳис этиш туйғуси ўша аснолардан кўз очган бўлса ажабмас. Етти ёшида дилида ниш урган туйғу йиллар ўтган сари кўкариб борди. Чақмоқ чақинидан дув-дув тўкилган хўрсиниқларни ҳовучига йиғди. Деворларда қолган булбул панжасининг изларидан маъно ўқиди. Кўнгли тоғ қушлари бўлиб учгандек бўлади. Дов-дарахт боғларнинг тушлари мисоли гуллайди.
“Ухлатиб юрибман дил оғриқларин, Хаёлнинг енгига артиб-артиб” дейди шоиранинг лирик қаҳрамони “Жуволдиз инида жовидан яшар” шеърида.
Гуландом – исми-жисмига монанд шоира. Исми форсча бўлиб, гулбадан, гул монанд, хушбичим маъноларини англатади. Йиллар ўтгач, ҳаёт ёлғиз гуллар, боғ-роғлар, тоғлар, ирмоқлару булоқлардан иборат эмаслигини, қўлларга санчилган тиканлар, тавонга қадалган чақир, чўгир тиканакларни кўриб, ҳис эта борди. Улар шеърларига кўчиб ўтди.
Бугунги кунда Гуландом Тоғаева шоира, олима, таржимон сифатида илмий-адабий жамоатчилик назарида. Зукко олималик билан солиҳ шоиралик Гуландом Тоғаева салоҳиятининг қўш қаноти. Олима-тадқиқотчилиги шоиралигидан, поэтик изланишлари эса илмий кузатишларидан қувватланади. Шу билан баробар ҳар икки омил бири иккинчисини шуълалантиради, бар-бирига кўрк, файз, жозиб шукуҳ бағишлайди.
Гуландом Тоғаева “Ўзбек матбуотида тасаввуф таълимотининг ёритилиши: муаммолари, тамойиллари, шакллари” мавзуида филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлади (2007 йил). “Чақмоқ хўрсиниқлари” (1995), “Муҳаббат асри” (2004), “Мен излаган кема” (2016), “Ўн етти ёшлилар мамлакати” (2017) номли китоблари босиб чиқди. Сўнгги йиллардаги серзаҳмат ижодий изланишларини сара, кўнгилтортар намуналари жамланган “Сувайдога йўл” (2019) мажмуаси юзага келди.
Гуландом Тоғаева тасаввуф илмининг ўзбек вақтли матбуотида ёритилиши масаласига бағишланган тадқиқотида Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Сўфи Оллаёр сингари мутафаккирлар ижоди, адабий-бадиий, ижтимоий-фалсафий мероси қай тариқа ифшода этилганлигини теран ўрганган. Бунинг учун ўтган асрдаги матбуот органларини, кундалик нашрларни объект қилиб танлаган.
Академик Ботир Валихўжаев, профессорлар Абдуқодир Ҳайитметов, Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулов, Ориф Усмон, Ҳамиджон Ҳомидий, филология фанлари номзодлари Ёқубжон Исҳоқов,Султонмурод Олим мақолалари, суҳбатлари, асарларининг тил ва услубий хусусиятларини, мавзу-масалага ёндошиш ва ифода йўсинларини, ижодий индивидуалликларини таҳлил ва тадқиқ этган.
Биринчи фаслда масалага ретроспектив йўсинда ёндошган. Хусусан, Туркистонда чоризм ҳукмронлиги давридан ХХ аср охиригача ўзбек матбуоти ҳаётида кечган тасаввуф таълимотининг акс эттирилиши масаласига қисқача экскурс қилинади. Ўзбек олимларининг мақола, суҳбат ва асарларига таянган ҳолда ижодий ўзига хослигини, илмий-назарий тафаккур тарзини ўрганади. Бу борада қадимий қўлёзма манбаларни ўқиш, ўзлаштириш малакасини нечоғлик эгалланганига тасаввуф илмини қанчалик билиши ва таснифланишига, масала қирраларини нечоғлик объектив холис ёритилишига кенг тўхталган.
Маълумки, ўзбек фани, адабиёти, маданияти тасаввуф илми асосида ривож топган. Жаҳон цивилизацияси-тамаддунида мумтоз мавқе ва маснадга эга. Профессор Нажмиддин Комиловнинг “Тасаввуф”. Биринчи китоб. (Тошкент; 1996), “Тасаввуф. Иккинчи китоб, тавҳид асрори (Тошкент, 1999) асарлари Гуландом Тоғаеванинг асосий тадқиқот объектига айланган.
Диссертациянинг “Тасаввуфий адабиётни ўрганишда матбуотнинг аҳамияти” номли иккинчи фаслида умумбашарий қадриятлар (адолат, ҳақиқат, аҳлоқий покдомонлик, виждон сингари)ни ҳимоя қилишга қаратилгани, тарғиб ва ташвиқ этилганлиги масаласига диққат-эътиборини йўналтиради. Сўфийлик илмида маънавий-ахлоқий қадриятлар халқимиз ҳаётининг мағиз-мағзига сингиб кетганлигини алоҳида таъкидлайди.
“Тасаввуф масалаларига оид матбуотдаги чиқишларнинг шакл ва услублари” фаслида олимларимиз (Абуқодир Ҳайитметов, Нажмиддин Комилов, Ориф Усмон, Ёқубжон Исҳоқов, Ҳомиджон Ҳомидий)нинг илмий-назарий тафаккур тарзи, мавзу-масалани ёртишдаги маҳорати масалалари таҳлил этилади.
Гуландом Тоғаева хоҳ илмий изланишларида, хоҳ поэтик ижодида бўлсин, ҳамиша янгиликка интилади. Мавзу-масаланинг янги қирраларини топиш ва ёритишга шеърий изланишларида эса янги бадиий ечимлар топишга, ёритишга, образлар воситасида фикрлашга катта рағбат, иштиёқ кўрсатади. Айниқса илмий-ижодий майлларида адабиётшунослигимизда кам ўрганилган, эътибордан четда қолиб келаётган муаммоларни тадқиқ этиш биринчи планда туради. Кейинги йилларда эълон қилинган илмий-публицистик мавзудаги “Матбуот ва тасаввуф”(2006), “Миллий тафаккур поэтикаси қирралари”(2010), “Эзгуликнинг бадиий инъикоси”(2010) каби китобларида ҳам ана шу муҳим мавзулар муҳокамасига катта эътибор қаратилган.
“Умр – бу изҳори дил учун имкон...” дейди шоиранинг лирик қаҳрамони “Яшаш нима ўзи, тириклик нима” шеърида. Кўнгил чиғириғидан сизиб чиққан кечинмалар, кайфият ва руҳоний ҳолатлар суратини чизиш, ҳис-туйғулардан унган фикрларни бадиий умумлашмалар шаклида ифодалаш шоира шеърларининг бош хусусияти. Шу маънода бугунги лирикамизда фикрсизлик ҳасталиги кучайган, фикрий қайтариқлар, образлар такрори тобора болалаб бораётган бир пайтда ҳар бир шеърида янги фикр айтишга интилади.
Куйгулигимми, бу суйгулигимми,
Ёки бу дунёдан тўйгулигимми,
Мен айтиб қолайин дегулигимни,
Аллоҳ рози бўлсин муҳаббатимдан.
Юлдуз йиғлагани ойга боради,
Тоғ-тош йиғлагани сойга боради,
Менинг йиғлаганим қайга боради,
Аллоҳ рози бўлсин муҳаббатимдан.
Шоиранинг “Сенинг альбомингга” туркуми, “Устоз Нажмиддин Комил ўгитлари”, “Лайли ва Мажнун достонига шарҳ”, “Она ҳақида сўз”, “Мен етиб келганда асрим пойига”, “Чўлпон”, “Бугун менг қуруқ қўлман дунёнинг хирмонида”, “Бир юлдузман ой ёнида юрмаган”, “Шабнам каби умрим бердим саболарга” сингари ўнлаб бадиий тўкис шеърлари Гуландом Тоғаеванинг кейинги йиллардаги заҳматкаш изланишлари самарасидир.
Байрамлар кўчамдан ўтмай ҳам қўйган,
Энди дил сендан сўз кутмай ҳам қўйган,
Эртакда экан-ку ёрилтошлари,
Ҳозир тош ҳеч кимни ютмай ҳам қўйган.
Баҳорда куртакдай кетгайман яшнаб,
Кузда япроқ каби бўлгайман хазон.
Қанийди шу тошлар ютсайди мени,
Қадрсиз бўлмасдим балки ҳеч қачон.
Гуландом шеърларида табиат хоссалари, ҳолатлари, кўринишлари шунчаки поэтик фон яратиш, манзаралар суратини чизиш билан кифояланмайди. Аксинча, табиат хоссалари жонли вужуд сифатида шеърларида яшайди. Бизга қараб тургандек туюлади. Сўзлашишга, фикрлашишга ошиқади. Гуландом шеърларида гулларнинг жовдир-жовдир кўзлари бизга тийран боқади. Атиргул тикани дағал кафтларда дил розини ёзади. Маъсум нигоҳи билан лирик қаҳрамон ғамларини, “руҳ алифбосини” ўқишга, ўкинч маъноларини уқишга, тушунтиришга интиқ. (“Ҳисларнинг хазонларига бош уради”, “Учса қанотидан тўкилади пар”, “дарахт гулларига девор тиз чўкиб суқланар”, “Кукулайди девор, баргин тўкар қуш, Занжи кеча-садо, кўзинг юмасан”, “Биёбон гардига чирманган мазмун”, “Гардун нарвонидан ой тушиб кетар”, “Майсалар кипригида шабнам ўкинчи, дилида дарди кўп, тилидаги ўтинчми”, “Шабнамлар, соғинч бўлиб ёғилади саҳарларда”). Лирик қаҳрамон кўнглида баҳор силкинар; бинафшалар куртакка тилмоч, боғлар пинжида исиниб олар; кўзининг тошларини ёриб наъматак кўз очар; Вахшивор тоғлари Фарҳод мисоли довқур елкасида кетмон кўтариб кириб келар шеърига.
Шудринг эпкинида шовуллар кўнгил,
Ҳар бутоқ, ҳар ғунча ёрмоқда шингил.
Шарбат шаббодага қуйилиб тикил.
...Чўлнинг жимжилоғи куртак тугади шиғил...
Гуландом шеърларида табиат унсурлари хўрсинади, кулади, йиғлайди, хаёлга толади, куйлайди, ғам-ташвишга ботади, интиқ соғинчда кимнидир кутади, азоб чекади, уялади, кимдандир, нимадандир тортиниб, кўзларини беркитади, шивирлайди, жимжит жолаларини яширади. Улар инсоний хислат-хусусиятлар касб этган. Энг муҳими, одамларнинг фикрлари, кечинмалари, ҳис-туйғуларини ўзига сингдирган бир вужуд сифатида жонланади.
Мен кимнинг Ушалган сўзи эканман,
Ким таниши учун тақилган халқа.
Булбул панжасининг излари қолган
Бу девордан ортиб Не дегум Халққа?!-
дейди шоиранинг бадиий қаҳрамони бир ўринда. Ёки :
Дилхоҳим, дилхоҳим, дил шода-шода,
Силкишса софоллар тўкилар дўп-дўп,-
Поралар нўш этар нозик шаббода
Сандувоч силкийди шохлардан куф-суф.
Дилхоҳим, дилхоҳим, дил шода-шода,
Дандонлар намида қоқи отар ниш.
Новвотлар шимиган нозли ҳавода
Юрак, топилади сенга ҳам юмуш...
- дея дил изҳорларини тўкади.
Маҳзун дил изҳори кейинги йиллар аёллар шеъриятида, айниқса, Ойдин Ҳожиева, Гулчеҳра Нур, Ҳалима Худойбердиева, Энахон Сиддиқова, Ҳалима Аҳмедова, Гулбаҳор, Гулноза Мўминова, Ибодат Ражабова, Фароғат Камол, Дилрабо Мингбоева изланишларида ёрқин намоён бўлаётгани, бадиий психологизмнинг теран ифода имкониятлари тобора кенгайиб бораётгани шаҳодатидир. Шеъриятимиз ўзининг азалий ва адабий ўзанларига қайтмоқда. Шоиранинг “Қаламга” шеърида ана шу бетакрор ўзанлар шукуҳи сезилади:
Қаламим,бурчакда ётма энди жим,-
Чунки юрагимга Элим кўз солган!
Сўйла,мен кимларнинг боласи эдим,-
Улар Қалам билан дунёни олган!
Соат аниқлиги,фикрат кенглиги,
Бахтнинг сибизғаси уйқунгни бузсин.
Қаламим учида турган авлодим,
Кимсан, жамолингни айла тажассум!...-
Мафкуравий андозалардан четланиб, кўнгил деб аталган бекарон мавони синчков ўрганиш, чуқурроқ ва холис ёритиш сари юз тутди. Унинг қутлуғ нишоналари сифатида кўнгил адабиёти бўй кўрсатиб бормоқда. Қаддини ростлаб ўзбекнинг кўнгил дунёсини бадиий-фалсафий кашф этиш ҳодисаси сезиларли, салмоқли йўналиш олди.
Кўнгил-уммонлар, осмонлар қадар бекарон ҳадсиз, ададсиз. Кўнгил – борлиқ билан йўқлик дунёларининг туташган меҳвари. Уларнинг чеки-чегараси қалб қутбидан бошланади. Ўн саккиз минг олам оша яна кўнгилга келиб боғланади. Кўнгилдан ранг, маъно, жило олиб, аниқ шакл-шамойил касб этади. Шахснинг табиат, жамият билан боғлиқлиги ришталарини, сир-синоатларини бадиий-эстетик, ижтимоий-фалсафий тадқиқ қилиш ижодкорлар зумрасига ҳамиша янги-янги вазифалар юклаб келади. Адиблар истеъдодининг куч-қувватини, имкониятларини кўз-кўз этиш биробарида бадиий сўз маданиятидаги ўрни мавқеи, маснадини ҳам белгилаб беради.
Қувонарлиси, Гуландом Тоғаева изланишлари ана шу катта тўлқинга эш. Поэтик образларининг оҳорлилиги, ўзига хослиги, айниқса, эътиборли. Табиат хоссаларию гўзаллик ҳолатларида инсоннинг яратувчанлик меҳнати самараларини кўрамиз (“Инсон кафтларида гуллаган гуллар” сингари). Уларга қалб ҳарорати, меҳри сингдирилганини ҳис қиламиз. Гуландом шеърларидаги гўзаллик яратувчи одамлар (боғбон, деҳқон) ўз умрини боғ-роғларда, яшноқ гулзорларда давом эттираётгандек туюлади. Поэтик образлари (куртак, дарахт,тош, сув, хазон, япроқ, чақмоқ, тупроқ, шуъла ва ҳ.к.) зиммасига бадиий мазмун юклайди. Улар одамларга хос хислат-фазилатларни зоҳир этади. Бу шоиранинг бадиий психологик таҳлил санъатини эгаллаш йўлидаги жиддий ютуғи.
Истеъдодли шоира Гуландом катта ижод йўлига чиққан. Ҳали олдинда катта довонлардан ўтишдек серзаҳмат изланишлар масъулияти бор. Сара поэтик образлари айнан ўзи яратган шеър боғининг сархил гуллари бўлиб қолишига (устоз Ойбекнинг “Наъматак” шеъри монанд) тилакдошмиз.
Нўъмон Раҳимжонов,
филология фанлари доктори, профессор.