ОРЗУ


Мен дунёни ўзгартиролмай,
Ўзгартирдим унга қарашни.
Мен дунёдан деб:
Ортда қолмай,
Ўйлайман корига ярашни.

Яхшилигим йўқолиб кетмас, 
Ёмонлигим ҳам қолдирар из. 
Ҳар иккиси қучоғим етмас,
Бўлиб қайтар сўрамай изн.

Мен қўлимни кўксимга қўйиб,
Дўст-ёримга: 
- Уйғонинг, дейман.
Сиз қанчалик ёлворманг куйиб,
Дунё демас: 
- Ғамингни ейман.

Қўлларингиз дуога очиб,
Уни қабул қилинг ҳолича.
Баҳор келар ифорлар сочиб,
Барг ёзади, 
Гуллар олуча...

Пишгунича бормизми, йўқми,
Мевасини орзулайверинг,
Эртангиздан кўнглингиз тўқми,
Ризқ бергувчи Аллоҳимдан, денг,

Интиқ бўлиб нур, зиёларга,
Эшик - деразангиз очинг ланг.
Бўйлайверар ҳур дунёларга,
ОРЗУ билан мени табрикланг!

Юрагида орзуси борнинг,
Умри узун бўлар, инонинг.
Гули бўлса кулар баҳорнинг,
Меваларин ишқида ёнинг.

Мен дунёни ўзгартиролмай,
Дунёларга айланиб шодман.
Орзу-ҳавас билан андармон,
Мен гўёки мангу ҳаётман!


Умида Абдуазимова.