"Зита ва Гита"даги чалкашликлар


  Ҳинд киноижодкорларининг машҳур "Зита ва Гита” мумтоз фильмини ҳаммамиз ҳам болалигимиздан севиб томоша қилиб келамиз. Ҳозирги кунда ҳам мазкур фильм ўз қимматини йўқотмаган. Аммо шундай бўлса-да, кинодаги чалкашликлар, хусусан, таржима борасида йўл қўйилган хатолар хусусида қуйида тўхталиб ўтмоқчимиз.
    70-йилларнинг охирида бу картина дастлаб рус тилига ўгирилгач, ўзбек дубляжининг "моҳир усталари” ҳинд тилини билмасликлари ёки рус тили осон бўлгани сабаб, рус тилидаги хатоларни такрорлашган.  
   Ҳинд тилидан аслида "SEETA aur GEETA” дея номланган ва 1972 йил тасвирга олинган бу фильм таржимада "Сита ва Гита” бўлиши керак! Бироқ таржимон "З” ҳарфини қаердан олгани ёки қаерда кўргани мавҳумлигича қолган... 
 Ҳаттоки, Википедиядек обрўли интернет қомусининг рус тилидаги саҳифасида ҳам (https://ru.wikipedia.org/wiki/Зита_и_Гита) режиссёр Рамеш Сиппининг  (Seeta Aur Geeta,  урду سیتا اور گیتا)  "Зита ва Гита” фильми дейилган (гарчи инглиз тилида Сита деб аниқ ёзиб қўйилган бўлса-да).
  "Рамаяна”да Рам маъбуди ва унинг рафиқаси Сита хусусида сўз боради. Ҳиндларнинг барча адабиётида ёки бошқа фильмларида "Зита” деган исмни учратмайсиз.
 "Сита ва Гита” фильми комедия жанрида олинган бўлса-да, ўша давр анъанасига мувофиқ тарзда жангари саҳналар ва қўшиқ ҳамда рақсларни керагидан ортиқ ишлашган. Энг ажабланарлиси, муштлашув пайтида ҳеч кимдан қон чиқмаслиги. Деворларни синдириб йиқилган кишиларнинг боши темирдан шекилли, ҳеч қайсисининг боши қонамайди. Мушт текканда эса, ҳар қандай кишининг бурни қонаса-да, уларнинг бирортасид бундай ҳолни кўрмай, булар одамларми ёки киборгларми, деган хаёлга борасиз. Яна бир эътиборни тортадиган жойи, ҳинд киносининг муштлашув саҳналарида деярли бир хил "биш-биш, тиш-тиш” каби товушлар эшитилади. Аслида бу фондаги товуш Ҳиндистоннинг "Рекорд” компанияси томонидан 1964 йилда ёзиб олинган бўлиб, деярли барча ҳинд киноларида, шу жумладан, "Сита ва Гита”да ҳам шу овоздан фойдаланилган. Бундан ташқари, қаҳрамонларнинг мушти ёки тепкиси рақибга тегмасдан туриб, уларнинг 2-3 метр нарига учиб кетишини кўриб, ҳаттоки хитойлик кунг-фу усталари-ю японларнинг каратэ усталари ҳам ёқа ушлашлари табиий! Чунки зарбани теккизмасдан, яқин масофага етганда, рақибни учириб юбориш усули ҳали мавжуд эмас. Тўғри, руҳий таъсир ёки биоқувват ё биомайдонга таъсир ўтказувчи жангчилар хусусида эшитганмиз, аммо улар бу усулни қўллаганда, рақиби йиқилиб тушади, аммо 2-3 метр нарига учиб кетмайди!
   Хуллас, кинода бу каби йўл қўйилган чалкашликлар физика қонунларига ҳам мутлақо зид! 
  Қон оқиши керак бўлган саҳналарда (ўқ узилганда ёки пичоқ санчилганда) эса, қон ўрнида фойдаланилган қип-қизил "бўёқ” ҳаётдаги қонга мутлақо ўхшамайди. Чунки, аввало, қон оққанда қип-қизил ранг бироз фурсат ўтиб жигарранг тусга киради, қон теккан либос эса тўқ қизил рангда бўлади (фильмда эса маймунжон рангидаги  бўёқдан фойдаланилган). Шу жиҳатларни эътиборга олсак, ҳинд режиссёри чинакам қоннинг рангини ё кўрмаган ё бўлмаса рангларни ажратиш қобилияти йўқмикан, деган ўйга борасиз.
    Гарчи бу тахлит хатоликлар талайгина бўлса-да, камчиликлар фильмнинг қимматига айтарли салбий таъсир кўрсатмаган ва ҳалигача ёшу кекса мухлислар томонидан бирдек севиб томоша қилиб келинмоқда!   
 
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР. 
Манба: "Сабо" газетаси, 2016 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот