Холбиби Садинова (1957 – 2024)


  Холбиби Садинова – 1957 йилнинг 14 Декабрь куни Навоий вилоятидаги энг катта туман ва Навбаҳор туманининг энг катта қишлоғи – Янгиқўрғонда ўқитувчилар оиласида туғилган. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатган.
   Рус тили ўқитувчиси бўлиш, у тилни мукаммал ўрганиш истаги кучли бўлгани учун Республика рус тили ва адабиёти институтига ўқишга кириб, уни 1979 йилда "За отличную учебу" кўкрак нишони билан тугатган. Иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, кейин боғча мудираси, ХТБда методист, инспектор, сўнг эса Навоий давлат педагогика институтида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 
   1996 йил вилоятда биринчи, Республикада учинчи бўлиб очилган янги типдаги ўқув муассасаси – Навоий академик лицейига директор этиб тайинланган. 1996 йилда "Халқ таълими аълочиси", 2001 йилда "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси, 2001 ва 2006 йилда "Мустақилликнинг 10 ва 15 йиллиги" кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
   2001 йилда вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-ҳунар бошқармасига бошлиқ ўринбосари - "Маънавият ва маърифат бўлими" бошлиғи бўлиб ишга ўтган. Нафақага чиққанидан кейин яна 5 йил Навоий индустриал-иқтисодиёт коллежида директор ўринбосари бўлиб ишлаган. 
   Холбиби Садинова бўш вақтларида ижод билан ҳам шуғулланиб турган. Ижод намуналари Навоий вилояти ва туман газеталарида, 1994 йилдан вафотига қадар "Шарқ юлдузи", "Саодат", "Санам" журналлари, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати", "Бекажон", "Репетитор" ва бошқа матбуот нашрларида эълон қилинган. 2006 йилда "Сен ҳеч кимга бермаганим" номли шеърий тўплами чиққан.
  Холбиби Садинова 2024 йил вафот этган.
Мен сени олисдан севиб яшадим.
Усмон Азим.

Қанча осмон билан ернинг ораси,
Ўт билан оловда борми ўхшашлик?
Энди орамизда минглаб масофа,
Эҳ, ёшлик, ёшлик...

Сен ширин тушдайин ўтдингу кетдинг,
Дилда хотиралар, бошимизда қор.
Йигитнинг қўлидан музқаймоқ олмоқ,
Кинога боришлик ор эдида, ор.

Замон бошқа эди, замонлар қолоқ,
Битта мактуб билан кўнгил тўларди.
"М.с.с." ёзилган парча қоғозни,
Мактуб деб ташувчи кимдир бўларди.

Нома ўқиларди кимсасиз жойда,
Кимсасиз жойда ҳам қизарарди юз.
Ногаҳон дуч келса севган юраклар,
Ерга боқиб ўтиб кетар эди кўз.

Бегона кўзлардан яшириб ҳисни,
Жавобсиз қоларди  қанчалар нома.
Ўтган, қайтганида парда ортидан,
Боқсам, сирим билар эди бир хонам...

Ҳаётимга яна кириб келдинг, Ишқ,
Яна ўчган ўтга ўзни ташлайман.
Ёнингда тургандек сезиб тафтингни,
Мен Сени узоооооқда севиб яшайман.

Холбиби САДИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот