Қандилат Юсуповага табрик


    Ренессанс таълим университетининг хорижий тил ва адабиёт кафедраси доценти, филология фанлари номзоди, таржимон – Қандилат Юсуповани таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз!
Қандилатга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, энг эзгу истакларимизни тилаймиз!!! 
  Маълумот: Қандилат Юсупова 1986 йилнинг 8-декабрь куни Қирғизистон Республикаси, Жалолобод вилоятидаги Новкент туманида таваллуд топган. 2003 йил Андижон вилояти Пахтаобод туманига қарашли 29-сонли ўрта мактабни тамомлаб, 2004 йили Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг Инглиз тили филологиясига грант асосида ўқишга кириб, 2008 йили имтиёзли диплом билан тамомлаган. Ўқувчилик давридан бошлаб шеърлар ёзишни, бадиий асарлар мутолаасини яхши кўрган. 2001 йили илк шеърий тўплами “Кўзларингдан қўрқаман, шеърим” номи билан чоп этилган. Китобига сўзбошини Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев ёзган. Шундан кейин “Тор сеҳри”, “Ёруғ кунлар хумори”, “Оҳу фарёди” каби  қатор шеърий тўпламлари дунё юзини кўрган.
     2009–2012 йилларда Андижон вилоят, Пахтаобод Иқтисодиёт коллежида инглиз тили фани ўқитувчиси бўлиб иш фаолиятини бошлаган. 2014 йилдан бадиий таржима билан шуғулланиб, бир қатор жаҳон адабиёти асарлари – шеърлар, ҳикоя, эссе ва романлар таржимаси билан банд бўлган. Шу йиллар ичида Америка ёзувчилари О. Генри, Жек Лондон, Эрнест Хемингуэй, Шервуд Андерсон, Марк Твен, Теодор Драйзер, Англия ёзувчиларидан опа-сингил Бронтелар, Виржиния Вулф, Янги Зеландиялик адиба Кэтрин Мэнсфилд, Мексика шоири Октавио Пас, шунингдек, жаҳон шеъриятидан Эмили Дикинсон, Элизабет Браунинг, Сара Тиздал каби шоиралар ижодидан ўзбек тилига таржималар қилган. Таржималари юртимизнинг нуфузли газета ва журналлари “Жаҳон адабиёти”, “Маърифат”, “Ўзбекистон санъати ва адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Китоб дунёси”, “Ижод чашмаси” ва бошқа кўплаб нашрларда эълон қилинган.
   2016 йилдан 2020 йилгача Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманига қарашли 279 ва 49-сонли ўрта мактабларда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 2018–2020 йиллар Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети Хорижий тил ва адабиёти йўналиши магистратура босқичида таҳсил олган. 2020 йилдан 2023 йилгача Ўзбекистон Миллий университетида инглиз тили ва адабиёти фани ўқитувчиси лавозимида ишлаган. 2023 йилдан то шу кунга қадар Ренессанс таълим университетида филология фанлари номзоди, доцент лавозимида фаолият олиб бормоқда. 
  2024 йили “Эрнест Хемингуэй асарлари маъно ва услуб хусусиятларининг таржимадаги талқини муаммолари”мавзусида филология фанлари номзоди диссертациясини ҳимоя қилган. Америка ёзувчиси Эрнест Хемингуэй ижодидан “Тўқчилик ва йўқчилик” романи таржимаси 2020 йилда “Жаҳон адабиёти” журналининг январ-феврал-март ойи сонларида эълон қилинди, ёзувчи асарлари таржимасига бағишланган монографияси эса 2025 йил “Таржимада маъно ва услуб муаммолари” (Эрнест Хемингуэй асарлари мисолида) номи билан нашр этилган. Бир қатор илмий-бадиий мақолалари Америка, Ҳиндистон, Польша, Франция, Испания, Туркия, Россия каби давлатларда эълон қилиниб келинмоқда. Шунингдек, 2023 йили Туркия давлати Эге университетининг Адабиёт ва таржима факультетида малака ошириш амалиётини ўтаб, махсус сертификат билан тақдирланган.
   Оилали. Турмуш ўртоғи филология фанлари доктори, ЎзРФА Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи директори Жаббор Эшонқулов.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот