Ғоявий омил


  Турли даврларда, турли маконларда халқи қудрати ва улуғворлигини ўзида мужассам этадиган буюк сиймолари бўлади. Улар ўзи мансуб бўлган халқнинг рамзига, давлатнинг тимсолига айланиши муқаррар. “Бизнинг куч қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, биз қурдирган иморатларга назар солинг” деган мазмунидаги битиклари, марказлашган давлат барпо этишдек буюк хизматлари билан донг қозонган соҳибқирон Амир Темур ана шундай шахслардандир. Унинг ўз халқи орзу-мақсадлари, улуғ ва қутлуғ ғоялар йўлидаги собитқадамлиги ва камарбасталигига тарих шоҳид.
  Амир Темур ва темурийларнинг давлатчилик, илм-фан, маданият, бунёдкорлик, бошқа соҳалардаги улкан ва бой меросини ўрганишга қизиқиш жаҳон миқёсида тобора ортиб бормоқда. Юртимизда ва хорижда темурийларнинг дунё тамаддунига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб асарлар яратилмоқда, илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Булар Соҳибқирон шахсияти ва уни шакллантирган замин, тарихий шарт-шароитга доир янги-янги қирраларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
   Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончни англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак. Бобоколонимизнинг қудратли давлат, адолатли жамият барпо этиш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, барқарорлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга оид эзгу тамойиллари бугун Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини асосий мезонига айланган.
 “Амир Темур даври башар тарихи инкишофининг энг олий нуқтасидир. Дунё яратилгандан буён Темурникидай давлат барпо бўлмаган. Бобил ва Эрон ҳукмдорлари, ҳатто Искандар ҳам бу буюк жаҳонгир қаршисида бир соя кабидир”. (Ибн Халдун)
  “Оврупалик муаррихлар ваҳший, жоҳил деб тасвирлаган бу зот аслида ундай эмас эди. Оврупаликлар Темурнинг Ўрта Осиёда давлат арбоби сифатидаги фаолияти билан умуман танишмасдан, унинг ҳукмронлигини ўта адолатсизлик билан тасвирлаганлар. Ахир, у халқини тараққиётнинг юқори босқичига олиб чиққан даврнинг ўта маданиятли вакили эди... Оврупо конституция ҳақида оддий тушунчага ҳам эга бўлмаган кезларда ана шу “вахший”нинг давлатида конституциявий қонунлар мажмуаси – тузуклар мавжуд бўлган ва амалда қўлланилган”. (Дмитрий Лагофет)
  “Амир Темурни Чингиз ила бир сафга қўйиб, уни ваҳший, золим, қароқчи деб атаган кишиларнинг фикрлари икки бор хатодир. У, аввало, Осиё саркардаси эди. У ғолиб аскарлари ва қуролларидан замонасининг таомилича фойдаланган. (Ҳерман Вамбери).
  “Тарихда шундай инсонлар бўладики, улар ҳали ҳаётлигидаёқ миллий доирадан чиқиб, бутун инсоният эътибори қаратилган шахсга айланадилар. Буюк Амир Темур инсоният тарихидаги ана шундай буюк зотлардан бири эди” (Жан Пол Ру)
  “... Агарки назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назму-насрни андоқ хуб маҳалу мавқеъда ўқубтурларким, анингдек бир байт ўқуғани минг яхши байт айтқонча бор.” (Алишер Навоий)
 Мутафаккирларнинг бу мулоҳазалари соҳибқирон сиймоси борасида муайян тасаввуротнинг пайдо бўлишида муҳим омил бўлиши ҳақ. Соҳибқирон Амир Темур фаолиятидаги ватанпарварлик туйғусининг ўзиёқ, ғоя тарғиботида муҳим фактор бўлишини инкор этиб бўлмайди. У керак пайтда қаҳрли ва меҳрли, керак пайтда муҳаббатли ва мурувватли ҳукмдор сифатида тарихга халқимиз қалбу онгига муҳрланган сиймодир.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот