Толиб Каримов (1940 - 2023)


     Ўзбекистон халқ артисти - Толиб Каримов 1940 йилнинг 7 Февраль куни Тошкентда туғилган.
    1961 йилда А. Н. Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтининг "Актёрлик" факультетини тугатгач, 1961—63 йилларда институт йўлланмаси билан Кўқондаги Ҳамза номли театрда актёр сифатида ижодий фаолиятини бошлаган. 
   Бу театрда у С. Аҳмаднинг "Ҳасан-Ҳусан" комедиясида милиционер, Одил Ёқубовнинг "Олма гуллаганда" асарида Азиз, Лазутиннинг "Сержант милицияси" асарида сержант ва бошқа бир неча ролларни ижро этди. 
   Т. Каримов 1963 йилда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига ишга ўтиб, узоқ йиллар давомида театрда фаолият кўрсатиб келган. Шу даврда у ғарб драматурглари, рус ва бошқа қардош халқлар, шунингдек ўзбек драматургларининг асарлари асосида саҳналаштирилган қирқдан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнаган. У яратган Йўлчи (Ойбек, "Қуғлуғ қон"), Ғофур (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), генерал Колотов (Л. Шейнин, "Мудҳиш айбнома"), Азиз (С. Азимов, "Замон драмаси"), Чўпон (Софокл, "Шоҳ Эдип"), Улуғбек (Шайхзода, "Мирзо Улуғбек"), Дарвеш (М.Карим, "Ой тутилган тунда"), шоҳ Маъмун (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний"), Пиночет (Бичков, "Мен Чилига ишонаман"), Абресков (Л. Толстой, "Тирик мурда"), Азизбой (Иззат Султон, "Истеҳком"), Ҳожидарға (Т. Тўла, "Нодирабегим"), профессор Иванов (А.Сафронов, "Юрак операцияси"), Аҳмад Танбал (П. Қодиров, "Юлдузли тунлар"), Мирзакарим Қутидор (И. Султон, "Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари"), Ҳусайн Бойқаро (Уйғун, И.Султон "Алишер Навоий"), Амир Темур (А. Самад, "Соҳибқирон Темур") ва бошқа образлар актёр ижодида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро каби ҳукмдорлар, Йўлдош Охунбобоев, Пиночет каби давлат арбоблари образларини яратиш Толиб Каримовдан катта иқтидор ва масьулиятни талаб этарди. Актёрдаги баланд бўй, қадди-қомат, ўзига хос файзли ташқи қиёфа буюк ҳукмдорлар ва таниқли давлат арбоблари образларини гавдалантиришда қўл келган, У ўзига берилган ролни ниҳоятда жонли, ҳаётий тарзда ҳаққоний акс эттиришга эришган. Бу ўринда яна унинг ижросидаги Мирзакарим Қутидор («Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари"), Азизбой ("Истеҳқом"), Тантибойвачча ("Қутлуғ қон"), Аҳмад Танбал ("Юлдузли тунлар") каби образларнинг жозибаси, ҳаққонийлигини алоҳида таъкидлаш зарур. 
    Мустақиллик йилларида Сайд Барака (А. Орипов, "Соҳибқирон"), Доктор Тавин (А. Кассоно, "Етти фарёд"), Имом (О. Ёқубов, "Бир кошона сири"), Толиб (Ҳ. Муҳаммад, "Хотинлар гапидан чиққан ҳангома"), Сайд Обид (М. Шайхзода, "Мирзо Улуғбек") каби образларни яратган. Толиб Каримов ижодини телевидениесиз тасаввур қилиб бўлмайди. У Ўзбекистон телевидениесида тайёрланган ўттиздан ортиқ телепостановкаларда асосий ролларни ижро этган. Жўра (Ғ. Ғулом, "Ёдгор"), Ғуломжон (М. Исмоилий, "Фарғона тонг отгунча"), Низомжон (С. Аҳмад, "Уфқ"), Навоий (И. Махсумов, "Навоий Астрободда"), Й. Охунбобоев (Ҳ. Нўъмон, Ш. Шораҳмедов "Ота"), Қаландар Қарқоний (О. Ёқубов, "Улуғбек хазинаси"), Фиридун (М. Иброҳимов, "Шундай кун келади"), Сирожиддин (Ў. Ҳошимов, "Hyp борки, соя бор"), Қосимбек (П. Қодиров, "Бобур"), Карим Жамолович (Э. Усмон, "Қўриқхона"), Ҳакимбойвачча (Ойбек, "Қутлуғ қон"), Қосимжон (Ў. Ҳошимов, "Инсон садоқати"), Масиддиқ (А. Абдумўминов, "Шикоятга ўрин йўқ"), Азимжон (Ҳ. Нўъмон, "Ёшликда берган кўнгил"), Мухторов (Иван Лe, "Тоғ оралиғида"), Ролле (Шиллер, "Қароқчилар"), Наимий (А. Мухтор, "Уч опа-сингиллар") ва бошқа образлар актёрнинг катта салоҳият эгаси эканлигидан ёрқин далолат беради. Шунингдек, у "Оталар сўзи — ақлнинг кўзи" телекўрсатувларида ҳам кўплаб асосий ролларни ижро этган. Умуман телепостановка, телеспектакль, видеофильм ва республика радиосида берилган радиоспектаклларда фаол қатнашиш Т. Каримовнинг кенг санъат мухлисларига яқиндан танилишида етакчи омил бўлган. 
     Толиб Каримовга 1987 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилган. 
    "Қутлуғ қон" спектаклида Тантибойвачча ролини ижро этгани учун у 1989 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлган. Актёр 1997 йилда "Меҳнат шуҳрати"ордени билан тақдирланган.
   Ўзбекистон халқ артисти - Толиб Каримов 2023 йил вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот