КЎНГИЛЛАР БАЙРАМИ
Хуш келдинг, Наврўз! Феруза ОРИПОВА
КЎНГИЛЛАР БАЙРАМИ
Қишдан толиқиб чиққан инсонлар баҳорнинг фараҳбахш кунларида она бағридек иссиқ бўлган қуёш тафтидан, аҳён-аҳёнда эсиб турган майин шаббоданинг оромбахш ҳузуридан, ариқларда жилдираб оқаётган зилол сувнинг жилвасидан, болакайларнинг шўх-шодон қийқириқларидан завқ оладилар. Кексалар яшил либосга бурканаётган дарахтларга, она тупроққа, бетакрор ва санъаткор табиатга таъзим қила “Наврўзга ҳам етиб келдик, бу ёғи хотиржамлик, ризқ-насиба мўл. Илоҳим, омонлик-сомонлик ҳеч кўрмайлик ёмонлик” – дея шукроналик билдирадилар.
Наврўз юртимга хуш келдинг! Яхшиям сен борсан, қадамларинг қутлуғ бўлсин. Сен туфайли бободеҳқон тилагида ижобат, момолар дуосида эзгулик, бемор кўнглида умид, гўдаклар кулгусида нур, қизлар орзусида нафосат бўй чўзади. Наврўзим, сен билан юртга тўкинлик, хотиржамлик, ризқ-насиба кириб келади. Сенинг ташрифингдан она замин уйғонади, дарахтлар куртак ёзади, жилғаларда ҳаёт суви оқади. Наврўзим, инсонлар орзу-умидларини сен билан боғлайдилар. Чунки сен янги куннинг, янги йилнинг, янги орзу, янги умиднинг бошланишисан.
Билсанг агар сен менинг болалигимсан. Шууримга сингган энг гўзал хотирамсан...
Эсимда момом раҳматли ҳовлимиз ёнидан оқиб ўтадиган анҳорга бош эгиб турган мажнунтол дарахтидан ҳар йили Наврўз кунлари эринмай сочимга сочпопуклар ясаб берардилар. Бобом раҳматли биз набиралар учун варрак ясар ва ўзи ҳам бизлар билан бирга адирга варрак учиришга чиқардилар. Қўшни болалар билан - менинг варрагим энг баландга учади – дея баҳс бойлашардик. Чунки кимнинг варраги ҳавода йўқ бўлиб кетса, демак унинг орзулари ушалади, деган ширин хаёллар бўларди бизда.
Наврўзим – сен эзгулик ва шукроналик айёмисан. Биз болалар қуёш тафтини ҳис қилган кунлардан бошлаб кўчадан кирмасдик. Тўптош ўйнардик. Қувлашмачоқлар ўйнаб борлиқни қийқириқларга тўлдирардик. Сумалакнинг қайнашига ўхшаб ёғаётган ёмғирдан, ёмғирдан сўнг осмон гумбазини тўлдирган етти рангдаги камалик жилосидан, ер бағирлаб учаётган қалдирғоч парвозидан, тандирга ёпилган иссиқ нон исидан хайратланардик. Оналаримизнинг сенинг шарофатинг билан тайёрлаган кўк сомсаю, кўк чучваралардан еб тўймасдик, анҳор бўйидаги ялпиз ҳидларидан маст бўлардик.
Ҳовлимизда катта дош қозонда ҳар йили қилиниши анъанага айланган сумалакнинг асли номи серманак эканлигини, болаларига емиш тополмаган она бўш қозонга бир кафт буғдой билан бир сиқим тош солиб гўёки овқат тайёрлаётгандай овозини чиқариб қозон ковлагани, туни билан унсиз йиғлаб оллоҳга илтижо қилгани, эрталаб қараса қозонда бир ажойиб сеҳрли таом борлигини, момом раҳматлидан эшитганмиз.
Наврўз байрамида бизларнинг шўхликларимизни ўзларини офтобга солиб ўтирган қишлоқнинг нуроний отахонлари кузатиб ўтирар, баъзан эса наврўз билан боғлиқ ривоятлар айтиб, ҳатто наврўз байрамини нишонлашга рухсат бермаганликлари сабабли қаттиқ азоб чекканлари ҳақида ҳам ҳикоялар қилиб берардилар. Улар - болаларим шукрки мустақиллик бизларга жуда кўп имкониятлар берди. Мустақилликни асранг, сиз учун очиб берилган кенг йўлни, ёруғ кунларни қадрига етинг. Юртни, юртбошимизни эъзозланг, у кунлар энди эртак бўлсин сизларга – дердилар. Ростдан ҳам биз учун у ҳикоялар ҳудди эртакдай эди...
Наврўзим – сен поклик, азизлик, бағрикенглик тимсолисан. Сен дилларни-дилларга, элларни-элларга бирлаштирадиган азиз айёмсан.
Азиз замондош! Наврўзи бор юртда яшашнинг ўзи бир бахт, ўзи бир тахт, ўзи бир омад эмасми? Келинг, энди сизу-биз асрлар силсиласидан омон чиққан улуғ айёмимизни асраб-авайлайлик. Барчангизга кўнгиллар байрами наврўз қутлуғ келсин.