БИРИНЧИ МУҲАББАТ
БИРИНЧИ МУҲАББАТ
Тоғларда сакраган кийикча,
Анҳорга ташланган қийиқча.
Болалик сўнгида бир қўшиқ,
Бариси бўлакча-бўлакча,
Биринчи муҳаббат!
Гулларга ўрайди ҳар сўзни,
Таърифин ой дейди ул юзни,
Умрининг гули деб билади
Юракка қадалган бир изни –
Биринчи муҳаббат!
Куйласа куйдирар юракни,
Ҳайқириб айтади тилакни.
Сўраса дунёга алишмас,
Учрашган биринчи йўлакни –
Биринчи муҳаббат!
Менинг ҳам кўнглимга йўл солдинг,
Билмадим, ўнгда ё туш келдинг,
Баҳорга айланди боғларим,
Хуш келдинг, эй севги, хуш келдинг –
Биринчи муҳаббат!
1983 йил
Мунаввара УСМОНОВА