НАВРЎЗ – ЯНГИ КУННИНГ ТУҒИЛИШИ...


НАВРЎЗ – ЯНГИ КУННИНГ ТУҒИЛИШИ...

    Тонг. Қушларнинг “чуғур-чуғур”и оламни тутиб кетди. Тошкент субҳидамда жуда сокин бўлади. Анҳордан таралаётган майин нам ҳаво вужудингизга ором бағишлайди. Кенгроқ жойга чиқиб қарасангиз, шарқ томондан кўтарилаётган қуёшга кўзингиз тушади. У бир неча дақиқа осмонга кўтарилишга мадори етмай қизариб туради. Сўнгра махобатли тоғлар уни елкаси билан бошига кўтаради, осмонга — кўк гумбазли олам бағрига чиқариб қўяди. Кейин янги кун туғилади. Яна бутун борлиқ жонланади. Унинг тафтидан бор олам уйғонади, ҳаракатга тушади. Ҳар тонг бу мўъжиза такрорланаверади. Биз бормизми, йўқмизми, янги кун, бугунги кунлар шу тариқа янги саҳифасини очаверади.
   Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий ҳазратларининг “Танбеҳ-ул ғофилин” деб номланган китобларида ҳакимлардан бири айтадилар: “Агар киши эрталаб турса, тўрт нарсани ният қилмоғи лозим: Биринчиси, Аллоҳ унга фарз қилган нарсаларни адо этишни, иккинчиси, Аллоҳ қайтарган нарсалардан қочишни, учинчиси, муомалада бўладиган кишиларга инсоф қилишни, тўртинчиси, ўзи билан хусуматчиларнинг орасини ислоҳ қилишни. Агар мана шу ниятлар билан тонгни кутиб олса, нажот топишига, солиҳлардан бўлишига умид қилинади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳга ибодат этувчи бўлсангизлар, у зотнинг неъматларига шукур қилинглар”. Қуръони Каримнинг Наҳл сурасидаги ушбу оятни нафис сўз устаси, шоир ва олим, раҳматли устозимиз  Анвар Исроилов меннинг қулоғимга қуярди. Устоз шунчалар эҳтирос билан бу суранинг тавсирини қилардики, ҳар тонг меннинг ҳаёлимга ана шу сўзлар қайта-қайта келаверади: “Аллоҳ тонгларни оттириб қўйибди, Қуёш ва Ойни туну кунни ёритсин деб осмонга чиқариб, ёқиб қўйибди, мусаффо ҳавони жамлаб қўйибди. Бор оламни инсон учун, ризқ-рўз омборига айлантирибди. Ҳаммаси бандаси учун, ҳаммаси  сиз билан биз учун, бизнинг саломатлигимиз, фарзанду зурриётларимиз саломатлиги  ва кам бўлмаслиги учун. Унга шукур қилинг”, – дер эди устоз.
    Аллоҳга шукур! Яна янги кун бошланди. Янги ишлар, янги режалар… 1990 йилнинг 21 март куни “Наврўз” узлуксиз хайрия кўрсатуви бир кеча-кундуз давом этди. Бу ҳақиқий ўзликни англаш бонгига айланди.
    Бутун Ўзбекистонинг шаҳар ва қишлоқларида, хонадонларда байрам шукуҳи давом этди. Юртимиз биринчи марта ҳақиқий байрам қилди. Шу билан бирга, беморлар ҳолидан хабар олдилар, етим-есир, бева-бечораларга кўмаклашдилар. Қариялар зиёрат қилинди. Байрамга тайёргарлик баҳонаси билан бутун республика катта ҳашар майдонига айланди. Миллионлаб дарахт кўчатлари экилди, қишлоқлар обод бўлди, ариқ-зовурлар тозаланди, айтиш жоиз бўлса, ишга яроқли бор фуқаро бу эзгу ишлардан четда қолмади. Ҳар бир инсон ўз ихтиёри, ўз юрак амри билан Наврўзга пешвоз чиқди. Бу гўёки, совуқ-қаҳратон қишдан эсон-омон баҳорга етганлик шукронаси эди. Маънавий жиҳатдан ёки сиёсий баҳо берадиган бўлсак, Ўзбекистон халқи ҳақиқий маънода руҳан озодлик кунини кутиб олаётганга ўхшарди. Янги кунни ўз овози ва ҳайқириғи билан қўлга киритаётганликларидан дарак берарди.
     1990 йил, 22 март соат тўққизда узлуксиз “Наврўз” хайрия кўрсатуви учун ажратилган вақт ниҳоясига етди. Аммо одамларнинг Ўзбекистон телевидениесига келиб-кетиши тинмасди. Гўё барча ғафлат уйқусидан уйғонганга ўхшарди. Эртаси куни эрталабдан кела бошлаган меҳмонлар “Пахтакор” метро бекати майдонига йиғилиб, телемарказга кириш иштиёқида навбат кутиб туришибди. Кўрсатувни яна бир соат давом эттиришга тўғри келди. Техник муҳандислар телевизион дастгоҳлар ишдан чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу хайрия тадбири 25 соат давом этганидан сўнг тўхтатишга қарор қилинди. Ҳаттоки, олиб орувчи сифатида менинг якуний гапларимга ҳам имконият қолмаган эди. Барча ташкилотчилар, олиб борувчилар студия ўртасига йиғилдилар. Тадбирга якун ясаш, фикрларга нуқта қўйиш менинг зиммага юклатилди: “Азиз дўстлар! “Наврўз” узлуксиз кўрсатувининг, Наврўз байрамининг ҳақиқий муаллифи сиз ҳалқимиз бўлдингиз. Сиз минг йиллик Наврўзимизни қайта тикладингиз. Ўзбекнинг инсонни севишдек улуғ қадрияти ўзини қайта намоён қилди. У ҳақиқий инсонпарварлик бонгига айланди. Мана, фақат бу оқшом йиғилган хайрия маблағларимиз салкам ўн миллион сўм бўлди. Бу сизнинг саҳоватингиз, меҳр-муҳаббатингиз, меҳрибонлигингиз рамзидир.
     Биз сиздан бир умрга қарздормиз!
     Наврўзингиз — янги кунингиз муборак бўлсин!
Уйғонди эзгулик ишқида дилим,
Уйғонди яшармоқ истаган диёр,
Уйғонди эзгулиқ қилғучи элим,
Уйғонди Наврўзни қилиб ихтиёр,
Юртим боғларида гуллайвер бодом.
    Шу пайт юзлаб оналаримиз ўзлари билан менга кийдириш учун олиб келган тўнларини елкамга ташлай бошладилар. Бу илтифотларни нокамтарлик бўлмасин, дея режиссёр Мели Маҳкамов кўрсатишни тўхтатди. Телевизион марказ ўз чироқларини ўчирди. Чунки бунча вақт давомида, Ўзбекистон тарихда бетўхтов кўрсатув олиб борилган эмас эди.  Натижада телевизион жиҳозлар ишдан чиққан эди. Мени эса елкамга ташланган ўнлаб тўнлар босиб қолди. Соатга қарадим, ўндан тўққиз дақиқа ўтган эди. Роппа-роса йигирма беш соату тўққиз дақиқа “Наврўз” узлуксиз кўрсатуви давом этган эди. Бу улкан зафар телевидение тарихида ҳар бир ижодий ва техник ходимларнинг бетакрор ютуғи бўлиб, қалбимизга муҳрланган эди.
    Мен таъзим қилиб, устозларимга, ҳамкасбларимга ва барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилдим. Шу пайт раисимиз Наим Ғойипов мени четга чақирди. Зудлик билан Марказкомга етиб боришим кераклигини айтди. Раисимизнинг хизмат машинаси тахт турарди. Мени матбуот котиби Ирисмат Абдуҳолиқов кутиб олди. У мени олтинчи қаватдаги бир хонага таклиф қилди. У ерда филология фанлари доктори Бахтиёр Назаров билан ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимовлар бор эди. Улар мени “Наврўз” узлуксиз кўрсатуви яхши ўтганлиги билан қутлашди. Ирисмат Абдуҳолиқов мени бошлаб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг бииринчи секретари Ислом Абдуғаниевич Каримов хонасига олиб кирди. Биринчи котиб ёрдамчиси Георгий Крайнов ичкарига кириб кетди. Бироздан кейин қайтиб чиқди. У кирар экансизлар, деганидан сўнг, аста ичкарига кирдик. Менинг руҳимда бироз қўрқув, шу билан биргаликда, Ислом Абдуғаниевич кўрсатувимизга қандай муносабат билдирар эканлар, деган ҳадик бор эди.
     Ассалому алайкум, Ислом ака!
    Ваалайкум ассалом, келинглар, — деб биз томон Ислом Абдуғаниевич юра бошлади. Ирисмат ака эшик ёнида қолди. Мен эса у томонга юрдим. Сўнгра дедим: “Ислом Абдуғаниевич, Наврўзингиз муборак бўлсин!” Ўзингизга ҳам муборак! — деб Ислом ака мени маҳкам қучоқлаб бир кўтардида, сўнг ерга қўйди. — Ҳақиқий байрам бўлди. Сизлар халқимизнинг руҳини юксакларга олиб чиқдингиз.
    Раҳмат — дедим мен.
    Бир рўйхат тайёрланглар. Наврўзда ишлаганларнинг ҳаммасига ҳукумат мукофотлари бериш керак. Бу кишига қандай мукофот берамиз? — деб Ислом Абдуғаниевич тўпланганларга қаради.
     Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонига тафсия этамиз, Дадахон Ёқубов шунга муносиб, — деди Ўзбекистон Республикаси  Президентининг матбуот котиби  Ирисмат Абудуҳолиқов.
    Йўқ, бу йигитга Ўзбекистонинг энг катта унвонини бериш керак — деди биринчи котиб. — Ҳозир энг катта унвон қайси?
    Халқ артисти катта унвон, лекин бу киши артист эмас, — деди Ирисмат ака. — Санъат арбоби ҳам…
    Ҳа, Дадахон Ёқубовга Ўзбекистон санъат арбоби унвонини беринглар, — деди Ислом Абдуғаниевич. — У бундан каттароғига ҳам муносиб.
    Мен четда хаёл суриб турардим. Бу қандай омад, қандай бахт?! Бирданига арбобга айлансам-а! Рафиқам Ферузабону ҳаяжонланганидан хушидан кетиб қолса керак, отам Ёқубжон отачи?! Ҳукумат раҳбари билан учрашганимга ишонмайди ҳам. Бу мен учун бутунлай янги кун, янги дамлар…
    Раҳмат Ислом Абдуғаниевич, Наврўзимизга йўл бериб, бутун жамиятни бирлаштирдингиз.
    Сизга ўхшаган ёрдамчиларим бор экан, ҳамжиҳат ва меҳридарё халқимиз бор экан, биз, албатта, мақсадимизга етамиз. Менинг номимдан барча ҳамкасбларингизни Наврўз билан қутланг, уларга менинг саломимни етказинг.
     Биз биринчи котиб ҳузуридан олам-олам қувончлар билан чиқдик. Мен эса, гўёки елкамдан икки қанот ўсиб чиққандек, парвоз қилардим…
    Омад ҳам қизиқ нарса бўлар экан. Бир келса, қатор-қатор келаверади. “Наврўз” узлуксиз кўрсатуви мени машҳур қилиб юборди. Бир ёқда халқ депутати этиб сайландим. Мана, яна ҳам зўр янгилик. 1990 йил 4 май куни Ўзбекситон Республикаси Президентининг биринчи ва иккинчи рақамли фармонлари эълон қилинди. Биринчи рақамли фармон “Кўп болали оналарга бериладиган имтиёзлар тўғриси”да, иккинчи рақамли фармон эса “Наврўз умухалқ байрами якунлари тўғриси”да эди. Иккинчи фармон икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида “Ўзбек халқининг қадр-қимматини, унинг азалий анъаналарини қайта тиклаш, аҳолининг ёрдамга муҳтож, ногирон, қариялар, боқувчисини йўқотганлар, етим-есирларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртаси дўстлик, ҳамжиҳатлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш ҳамда “Наврўз” узлуксиз кўрсатувини юқори савияда ўтказишдаги фидокорона меҳнатлари учун маданият ва санъат намоёндаларига ҳукумат мукофотлари берилсин”,— дейилган бўлиб, ушбу ҳуддатдан эллик нафардан ортиқ ижодкор ва ташкилотчилар турли ҳукумат унвонларига сазовор бўлган эдилар. Улар орасида камина Дадахон Ёқубов, ёзувчи Элбек Мусаев, режиссёр Мели Маҳкамов Санъат арбоби унвонига, яна бир қанча ижодкорлар мукофотланган эдик.
     Фармоннинг иккинчи қисмида эса Бу йилдан, яъни 1991 йилдан бошлаб, 21 март  Наврўз умумхалқ байрами деб эълон қилинганлиги, Ўзбекистон тарихида биринчи марта халқимизнинг энг қадимий, энг гўзал анъанаси давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги эътироф этилди.
    Бутун Совет Иттифоқи сиёсий бошбошдоқликлар гирдобига ғарқ бўлган, бир қатор республикаларда фуқаролар уруши юз бераётган, Иттифоқ давлати тарқаб кетишга келиб қолган, ижтимоий-иқтисодий муаммолар юқори чўққига кўтарилган, айтиш жоиз бўлса, сиёсатдонларнинг, кўпчиликнинг “Қайта қуриш”дан хафсаласи пир бўлиб турган, фуқароларнинг кўнглига байрам сиғмай, тушкунлик кайфияти босган бир пайтда Ўзбекистонда янги умумхалқ байрами дунёга келди. Наврўз қуёши кўнгилларга янги кун олиб келди. Бутун халқ шоду хуррамлик билан Наврўзни нишонлади. Республика аҳолиси дини, миллати, эътиқодидан қатъи назар, Наврўзни омонлик, умид, дўстлик, тинчлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик байрами сифатида қабул қилдилар. Бир ой давомида жойларда ўтказилган байрам бутун мамлакатни бирлаштирди. Барча Наврўзнинг эзгу ғояларини, инсонпарварлик ва меҳр-шафқат анъаналарини ҳурмат билан қарши олди.
     Мен ҳам оддий бир ижодкор, шу мамлакатнинг фуқароси сифатида ана шундай хайрли ишларга озми, кўпми ҳисса қўшганлигимдан, одамлар руҳиятини сеза оладиган журналист эканлигимдан, анироғи, эл-юрт корига яраганлигимдан ҳурсандман.Оламни гулларга кўмиб, янги кун келди. Наврўз келди. У ҳамиша бор бўлсин!

Дадахон ЁҚУБОВ, Ўзбекистон санъат арбоби.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот