Ўзбегимнинг тупроғи - момо ерим
Исроф. Менинг назаримда бу сўзнинг ёнида, қадрига етмаслик, инсофсизлик, лоқайдлик, нонкўрлик, бемеҳрлик ҳатто, бешафқатлик, нобуд қилиш, йўқ қилиш, вайрон қилиш деган сўзлар туради.
Халқимизда “Нимани хор қилсанг ўшанга зор бўласан”, деган ҳикматли гап ҳам бор. Бу ҳикматдан қўрқмайдиганлар, хор бўлишдан қўрқмайдиганлардир. Ҳовлисида 10-15 сотихдан кўпроқ ери бўла туриб, бу хазинадан унумли фойдаланмайдиган ҳамқишлоқларимиз, ер юзи аҳолисининг етмиш фоизининг бир қарич ҳам томорқа ери йўқлигини билармикин?
Ҳукумат даражасида томорқа хўжалигини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган қарорлар, халқнинг тўқ ва бадавлат яшаши, фаравон умр кечириши учун дастуриламал эканидан хабардормикин? Албатта йўқ. Хабари борлар ерга, ҳовлисидаги томорқага хазина деб, қараб, шу сабаб ҳам бой-бадавлат яшамоқда. Кундан-кунга, йилдан-йилга томорқани парваришлаш тажрибаси ошиб, элимиз дастурхонини кўркига айланмоқда. Сурхондарёда 10 сотих еридаги иссиқхонага лимон экиб 80 миллион сўм даромад кўраётган оилани, Тошкент вилоятида 4 сотих ерга бодринг экиб 40 миллион сўм даромад қилаётган, 20 сотихли иссиқхонадан 130 миллион сўмдан зиёд даромад олаётган оилаларни кўрдим. Томорқадан фойдаланишни Андижонликларга чиқарганда, 16 сотих томорқадан унумли фойдаланиб, иссиқхонани йилдан йилга кенгайтириб, замонавий уйлардан ҳам сотиб олишади. Фарзандларни ўқитиб, келажагини ҳам таъминлайди. 16 сотих ери бор одам энг қимматбаҳо машиналардан миниб юради. Андижонликнинг вақти режалаштирилган, ёзда иссиқни, қишда совуқни баҳона қилиб, телевизорнинг рўпарасида ёнбошлаб ётмайди. Балки, уларда ҳам бордир, замону-макондан нолиб, оғирни устидан, енгилни остидан юрувчилар, аммо мен кўрмадим. Республикамизнинг қишлоқларида ерни қадрловчилар кўп. Афсуски, лоқайдлар, ҳали ҳам “Олма пиш-оғзимга туш” деб турганлар талайгина. Томорқадаги ерга ишлов беришни билмайдилар. “Билмайдиганлар бу - билишни хоҳламайдиганлар “ - деди суҳбатларда Ўзбекистон Қаҳрамони, Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова. Ахир бу учун катта илм керак эмас-ку! Озгина ҳафсала бўлса, бас. Еримиз жаннат. ” Ерни боқсанг, ер сени боқади” - деган нақл бор.
Ер юзида 800 миллиондан зиёд аҳоли тўйиб овқатланмайди.
2018 йилда дунёда очарчиликдан азият чекувчилар сони 915 миллион кишини ёки сайёрамиз аҳолисининг 12 фоизини ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2019 йилдагига нисбатан 40 миллион кишига кўпайган. 2020 йилда очликдан қийналаётганлар сони 60 миллионга етган. Бу ҳақда, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти хабар бермоқда.
Мен бу хабарларни ўқир эканман, кўз ўнгимга ижтимоий тармоқларда суратлари намойиш этилаётган: ахлат уюмлари ёнида, бутун дунё аҳлига озғин қўлчаларини чўзиб “Нон беринг!” деб, илтижо қилаётган гўдаклар, боласини бағрига босиб, бир парча нон, бир қултум сув сўраётган оналар, егулик излаб ўзга юртларга томон хору-сарсон кетаётган эгилган бошлар, нон ҳиди келаётган мамлакатлар соҳилига етай деб, қайиқларга оғирлик қилиб, бола-чақаси билан чўкиб кетаётган минг-минг оилалар келади.
БМТнинг фикрича, дунёда очарчилик муаммосининг кескин авж олиши ҳарбий можаролар ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқдир.
Азиз юртдошим, бир лаҳзага бўлса-да ўша очликка маҳкум гўдакларнинг ота-онасини ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг! Йўқ!
Ҳа, ҳатто тасаввур қилиш қўрқинчли! Бола нон сўраса-ю, ота-она иложсиз бўлса... ҳатто, ўйлаш оғир!
Муҳтарам замондошим, элдошим ҳовлингиздаги олтиндан қиммат ерга эгилинг! Тупроқни ҳидланг! Ундан бараканинг ҳиди келади. Ундан райҳонларнинг, жамбилларнинг бўйи келиши сизга боғлиқ эмасми? Тўкинлик, бахтиёрлик хонадонингизни тарк этмаслиги виждонингизга ҳавола эмасми?!
Бир ҳовлида меҳнатга яроқли икки одам яшаса-ю ҳеч бири кетмон ушлашни билмаса, ҳовлиларидаги ерга ишлов берилмаса, қўйхона, молхонадан чиққан чиқиндиларни увитиб, шарбат қилиб дарахтлар озиқлантирилмаса, суғорилмаса, таглари юмшатилмаса, боғ қаердан боғ бўлсин? Томорқа қаердан томорқа бўлсин?
Қўшимча даромад қаердан бўлсин? Қўшимча даромадсиз ким орзу-ҳавасига етиши мумкину, ким бой бўлиши мумкин?
Бу қаровсизликдан қотиб, тош метинга айланган ерларнинг уволи тутмасми? Дангасалик туфайли битта-битта қуриб, йўқолиб кетаётган бол томувчи боғларнинг заволи урмасми? Ахир бу ернинг исрофи, болангизнинг оғзига тегиб турган неъматнинг исрофи эмасми?
Она ер. Ҳа, биз ўзбеклар ер сўзини она сўзига қўшиб айтамиз. Ўзбекнинг далалари бор экан, у ҳеч қачон зориқмас. Не ейман - деб, ториқмас. Бировнинг қўлига қарамас. Ўзганинг боғларига ўғринча қайрилмас. Бегонанинг хирмонига қўл узатиб ғуруридан айрилмас.
Момо ер. Биз ўзбеклар ер сўзини момо сўзининг ёнига лойиқ кўрамиз. Момо – онамизнинг онаси. Момо - отамизнинг онаси. Момонинг рўмоллари ўпилган-ку, этакларида намоз ўқилган-ку, букчайиб қолган елкасига меҳрлар ёпилган-ку. Қани момо ердан қарздорлик туйғумиз? Момодан уялмоқ керак! Биз момо ер олдида, момомиз олдида уятдан қизаргандек қизармоғимиз керак эмасми?!
Қиш қиличини қайраб турган феврал ойида Сурхондарёга бордим. Ҳосилга кирган лимонзорлардан кетгинг келмайди. Балки жаннат гулларининг хушбўйи шундай бўлар. Лимон гулларининг ҳидини тиббиётчиларимиз “Ароматерапия” - деб номлаб, айниқса қиш чоғи асаби толиққан беморларга лимон экилган иссиқхонага кириб ярим соат, бир соат ўтиришни тавсия қилишар экан. Лимоннинг ўзи-ку неча хил дардга даво. Дастурхонидан лимон аримайдиган рўзғорга касаллик келмайди. “Иш иштаҳа очар, дангаса ишдан қочар” деган халқ мақолимиз бор. Бир йил томорқадан яхши даромад кўрган оила кейинги йил бундан кўпроқ фойда олади. Кейинги йил аввалги йилги хатоларни такрорламайди. Тажриба секин-секин тўпланади. Тажриба эса муваффақият гарови. Чет элда тажриба катта пулга сотилади. Сурхондарёлик тадбиркор деҳқонлар эса лимончилик бўйича орттирган тажрибаларини қўшни вилоятлардан келган дўстларига ҳам бажонидил ўргатишмоқда.
“Ҳар йил баҳорда хонадонма-хонадон юриб, аҳолига томорқадан тўғри фойдаланиш йўл-йўриқларини тушунтирамиз, кам таъминланган оилаларга полиз экинларининг уруғларигача тарқатамиз. Пири бадавлат кексаларимизни тажриба алмашишга олиб борамиз. Минг афсуски, баъзи оилалар ишни охиригача етказмайди. Кўчатларни қуритиб, томорқани тақрон ер қилиб, ”Нега бизга ҳеч ким қарашмайди, маҳалладан бераётган ёрдам пули бизга доимий берилса нима қилади?” - деб, нолишдан тўхташмайдиганлар ҳам бор” - дейди, Сурхондарё вилояти “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мавлуда Қобулова. Бундайлар томорқадан фойдаланиш учун ҳатто уриниб ҳам кўришмайди.
“Боласини бирорта ҳунар бермасдан катта қилаётган одам, ўғрини боқаётган одамдир “, - дейди донишманд Конфуций.
Азиз юртдошим, донишманднинг бу сўзларини эгаси бўлиб қолмайлик. Ўғри биринчи ўғриликни, аввало ўз уйидан, “кичкина ўғрилик”дан бошлайди. Сўнгра, ота-онасининг чўнтагига қўл суқади. Қўни-қўшниникига сўроқсиз киради. Сиз сезиб қолганингизда эса анча кеч бўлиб қолмасин. Сиз дод-дейсиз, ”Уруғ-авлодимда ўғри йўқ эдику?! - деб. Кечирасиз, авлодингизда ўғриликни сиз бошлаб бердингиз. Сиз ўсмир болангизга текин томоқликни ўргатдингиз. Ҳунар бермадингиз. Деҳқончиликни ўргатмадингиз. Томорқада ёнингизга олиб ишлатмадингиз. Ўғил бола бўлиб, қурилишни билмайди, бир нарса бузилса тузатишни билмайди. Девор ўпирилса сувашни билмайди. Дераза синса, бошқа ойна қўйишни билмайди. Бозор қилишни билмайди.
Қизингиз-чи? “Қизи ўнга кирди, онаси сонга кирди” - деган мақолни бекорга айтишмаган доно халқимиз. Ўнга кирган қизингизга бирор ҳунар бермадингизми, демак сиз ҳам бир “шумғия”ни боқмоқдасиз.
Оғир ишларни эркакларга чиқарган. Дармон-дори кўкатлару қизил лавлаги, бўлғор қалампири, помидор, бодринг, бақилажон, патисон, қалампир, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, картошка, мош, ловия, нўхат каби рўзғорга ҳар кунлик сабзавотларни томорқада парваришлаб, дастурхонга барака киритиш аёлларга ҳам жуда ярашади. Маҳсулотларни чиқитга чиқармай, тежаб-тергаб, иқтисод қилишга ўргатиш, қиз боланинг фаросатини шакллантириш оиладан бошланади. Йўқса у ойнанинг олдидан кетмай қолади. Ойнага кўчага чиқишдан олдин қаралади. Бўяниб, ясан-тусан қилдими, кўчага чиққиси, кимгадир ўзини кўз-кўз қилгиси келади. Бир, икки, уч марта кўчага мақсадсиз чиққан қизни тўртинчи марта тўхтатолмайсиз. Кўча уни сиздан шундай тортиб оладики, бир ҳафтанинг ичида сизга тик қарайдиган, гап қайтарадиган бўлади. Бир ой ичида эса сизга қандай яшаш кераклигини ўргата бошлайди. Ёқа ушлаб улгурмайсиз. Сиздан катта-катта пул сўрайди. Табиийки, ҳар кун у айтган пулни топиб бера олмайсиз. У сизни қолоқликда, қизғанчиликда, пастликда айблаб, кўчага чиқа бошлайди. Тамом.
Томорқада ишлаш фақат эркакнинг ё аёлнинг иши эмас, ҳамманинг иши. Томорқаси бор одам иш излаб кўчага чиқиш шарт эмас. Қуёшни томорқада кутиб олаётган, кечга бориб ҳосилнинг чўғини кўриб шодланаётган одамнинг хонадонига камбағаллик деган тушунча йўламайди.
Ўзбегимнинг тупроғини - момо ерим деймиз. У гўё болаларига нон узатиб турган сахий, пири бадавлат момога ўхшайди. Биз унинг қўлларини оғриқларини олайлик, кўзимизга суртиб ардоқлайлик. Ахир нон узатган қўлларни тишламайдилар.
Зулфия МЎМИНОВА.
2020 йил.