Юмшоқой исмли типратиканча
Типратикан боласини юмшоғим дейди, Қўнғиз боласини оппоғим дейди. Халқ мақоли.
Бир бор экан, бир йўқ экан. Ям-яшил, гўзал ўрмонда типратиканлар оиласи яшар экан. Бу оила жуда аҳил-иноқ, озода ва қувноқ, меҳрибон ва кўнгли оқ типратиканлардан иборат экан. Оиланинг катталари: Ота типратикан ва Она типратиканлар бўлиб, уларнинг тўртта фарзанди бор экан. Катта ўғилнинг исми Ўлмасвой, иккинчи ўғилнинг исми Толмасой, учинчи ўғилнинг исми Ёқимтой, кенжатойи эса қиз бола бўлиб унинг исми Юмшоқой экан. Юмшоқойнинг кўзлари катта-катта, чиройли худди олмос каби ярақлаб турар экан. Ота типратикан ер юзидаги барча оталар каби эртадан кечгача оиласи бахтли ва фарoвон ҳаёт кечириши учун тиним билмай ишлар экан. У ўрмон бозорида сотувчи бўлиб ишлаб бўш вақтларида ўрмондаги жониворларга пойафзаллар тикаркан. Она типратикон ҳам ер юзидаги барча оналар каби болалар тарбияси-ю, уй юмушлари билан банд бўлар экан. Ўлмасвой, Толмасвой, Ёқимтой ва Юмшоқойлар эгизак болалар бўлгани учун битта мактабда, битта синифда ўқишар эканлар. Уларнинг мактаби “Ўрмон болалари мактаби”бўлиб, Типратикановлар шу мактабнинг иқтидорлилар синфида ўқир эканлар. Типратикан онани бутун ўрмон аҳли ҳурмат қилиб “Чевар хола” деб аташар экан. Типратикан хола моҳир тикувчи ва тўқувчи экан. У ўзининг хилма-хил игналари билан бир-биридан бежирим либослар тикар, қиш фасли келганда яна тиконларини қўлга олиб ўрмон аҳлига иссиқ пайпоқлар, шапкалар, қўлқоплар, ҳатто пальтолар тўқиб берар экан.
Она типратикан ҳар куни мактабга болаларини ўзи олиб борар, ўқиш тугагач эса яна ўзи қайтариб олиб келар экан. Кунлардан бир кун болаларига ”Болаларим мен бугун бозорга бориб тикаётган кийимларим учун тугмалар олиб келишим керак. Шу сабаб мактабдан ўзларинг қайтишларингга тўғри келади. Ўзларинг кела оласизларми? – деб сўрабди. - Ҳа, ўзимиз кела оламиз – дебди болалар. - Фақат йўлда ярамас бўридан эҳтиёт бўлинглар!. Бўрини кўришларингиз билан тўнларингизнинг ичига кириб олинглар, айниқса одамларнинг кўзига ташланмасликка ҳаракат қилинглар, йўқса одамлар сизларни тутиб олиб эркатой болаларига эрмак ўйинчоқ қилиш учун олиб кетади” дебди. ”Биз сизни тушиндик, хавотир олмай бозорга бораверинг” – дебди типратикончалар. Ўша куни Она типратикон бозорга бориб келибди. Уйга қайтиб кичкинтойлари учун ширин пишириқлар пиширибди. Сўнгра дарвоза олдидаги тўнкага ўтириб болаларини кута бошлабди. Қўшнилари Тошбақаевларнинг болалари дарсдан қайтиб келишибди аммо, унинг асалтойлари кўринмабди. Қуёновлар, Олмахоновларнинг болаларини ҳам уйларига кириб кетишибди. Шунда юраги ваҳимага тушган Она типратикан мактаб томон югурибди. Йўлда сингилчаси Юмшоқойни излаб топаолмай юрган ўғилчаларини кўрибди. Улар Онасини кўриб йиғлаб юборишибди. Уларнинг айтишича Юмшоқой уйга қайтаётиб орқароқда қолиб кетибди. Олдиларидан ўтаётган қатор-қатор машиналардан биридан одамлар тушиб уни олиб кетишдими? ёки одамлардан қочаман деган хаёлда ўрмоннинг бошқа томонига адашиб кетиб қолдими? билаолмай жиғибийрони чиқиб акалари дод-фарёд қилиб синглисини қидириб юришган экан. Шунда Она типратикан болаларини тинчлантирибди ва Ота типратиканга қўнғироқ қилибди. Улар аввало мактабга қайтиб ўқитувчилардан Юмшоқойни суриштиришибди, афсуски улар, болалар шу жумладан Юмшоқой ҳам мактаб дарвозасидан чиқиб кетганини айтишибди. Ота типратикан милицияга борибди. Милиция ходимлари Юмшоқойни суратларини олиб қолиб, ўша заҳоти қидирув эълон қилишибди. Бутун ўрмон аҳли Юмшоқойни қидиришга тушибди. ”Қизалоғимни ярамас бўри еб кетган бўлсачи? ёки одамлар уйларига олиб кетиб эрка – тантиқ болалари қийнаётган бўлса-чи? -дия ўз тасаввуридан ўзи қўрқиб кетган Она типратикан ҳушидан кетиб йиқилиб тушибди. Ўрмон Ички ишлар бошқармасининг полковник Лочиновга қарашли ўткир кўз, жасур учар ходимлари - ўрмон қушларини ёрдамга чақиришибди. Улар дастлаб мактаб йўлидага барча биноларга ўрнатилган кузатув камераларини текшириб чиқишибди. Йўлнинг энг серқатнов жойида, диққатга сазавор нуқтада жойлашган Олашақшақовларга тегишли дўконнинг кузатув камерасининг тасвирлари текширилганда одамлар миниб юрадиган 458 рақамли ”Матиз” авто- машинасининг эгаси автоуловини тўхтатиб Юмшоқойни қўлларидан тортиб, зўрлик билан машинасига соат 13.45ларда олиб кетгани қайд этилган. ”Лочин” тезкор гуруҳининг ходими Қайтмас Қўрқмасов тезлик билан тасвирдаги “Матиз”эгаси яшайдиган уйни топди. Уйда икки нафар бола бўлиб, улар Юмшоқойни жонсиз ўйинчоқ деб ўйлаб, бир-бирига қараб тепишар, устидан қум сепишар, гоҳ тоғарачага сув солиб сузишни ўргатмоқчи бўлишар, Юмшоқой ея олмайдиган шўр бодиринг, шўр памидорларни мажбурлаб оғзига тиқишар эди. Хуллас Юмшоқойнинг аҳволи ғоят аянчли эди. Кечга бориб одам болалари чарчаб ухлагани уйларига кириб кетишди. Юмшоқойни эса эшик ёнидаги тахта қутичада қолдиришди. ”Лочин” тезкор гуруҳи ходимлари ярим тунда махсус тўр халтачага Юмшоқойни солиб Типратикановлар хонадонига учиб келишди. Ўша тунда барча ўрмон аҳли Типратикановлар уйи ёнида уларга ҳамдард бўлиб, тўпланиб туришган эди. ”Лочин” тезкор гуруҳи ходимларнинг ёрдамида уйига қайтган Юмшоқойни кўриб барча қарсак чалиб юборди. Она типратикан қизчасининг овозини эшитиб кўзини очибди. Ота типратикан Юмшоқойни олиб ўрмон шифохонасига кетди. Чунки унинг юзлари кўкариб кетган, бурунчасидан, қулоқчасидан қон оқар эди. Одамларнинг болалари тепганда оғир жароҳатлар олган эканда бечорагина. Эртаси куни анча ўзига келган Юмшоқойни кўргани уйдагилари, синфдошлари, қўшнилари шифохонага келишди. Олдида туни билан бедор ўтириб чиққан Ота типратиканга қизи қорни жуда-жуда оч қолганини айтди. Ҳали лабларидаги жароҳатлари битмагани учун унга онаси пишириб келган суюққина бўтқани қошиқчада ичиришди. Бўтқани ичиб бўлгач Юмшоқойнинг биринчи бўлиб сўраган савол шундай бўлди: Отажон, Онажон айтингларчи одамлар ва уларнинг болалалари шунчалик ёмонми? Она типратикан жавоб берди: Йўқ Юмшоққинам одамларнинг ҳаммаси ҳам ёмон эмас, фақат уларнинг айримлари биз жониворларга нисбатан бераҳим бўлади. Улар ўз болаларига бизнинг ҳам жонимиз борлигини, бизнинг ҳам кўзларимиз, бошимиз, оёқларимиз, қўлларимиз биров азоб берса оғриши мумкинлигини тушинтирмайди, халос. Ҳа, одамларнинг орасида меҳрибонлари жуда кўп, мана масалан, болалигимда бир одам мен адашиб катта йўлга чиқиб қолганимда авайлаб олиб келиб ўз ўрмонимизга ташлаб кетган. Бир сафар бутун ўрмонга ёнғин тушганда одамлар ўрмонни асраб қолишган. Эҳ, нимасини сўрайсан одамлар орасида ҳам ҳар хили учрайди. – Яна бир савол берсам майлими? - деди Юмшоқой. – Айтинг-чи отажон бу дунёда яхшилар кўпми ёки ёмонлар?-дия сўрабди. Шунда Ота типратикан қатъий жавоб берибди: Бу дунёда албатта яхшилар кўп. Яхшилик доим ёмонлик устидан ғалаба қилиб яшайди. Шунда Юмшоқой”Яшасин яхшилар!. Яшасин яхшилик!”, - дебди. Зулфия МЎМИНОВА