Шифокорнинг ҳакалак отган нафси


   Хайр эҳсон, закотини касалхоналарда даволанаётган хаста болалар учун атаётган юртдошлар! Илтимос, оиласи муҳтож касал болалар рўйхатини сўраб олиб, (балки ўзингиз сўраб-суриштириб) атаганингизни ҳақдорнинг онасига (ёки бирга олиб ётган қаровчига ) топширинг! Бўлими мудирини яхши танимай туриб ишониб унинг қўлига бериб келманг! Ҳатто йўлингизни тўсса ва ўта ишончли кўринсада. Бир нечта оналар бизга шикоят билан чиқишди. Касалхоналарнинг бирида бўлим мудираси бўлиб ишловчи Н. хоним 20 март куни роса байрам қилган. Ҳақиқий муҳтожларнинг баъзилари бир четда қолиб эҳсонларни ўзининг хос беморларига улашган. Яна қандай қилиб денг, ҳар бир касалга бериладиган маблағни тенг ярмини ўзига олиб қолган. Агар ёлғон бўлса Н.хонимдан асосли раддия кутаман. Менинг ҳам гувоҳларим бор. Ўзи Рамазон ойида касалхонада даволаниш учун ўзига хос танлов бор дейишганида ишонмагандим. Бироқ, аҳвол бундан ҳам бадтарроқ экан. Бўлим мудирининг "ишонган тоғи" бақувват шекилли умуман қўрқмайди. Шайтонлар тийилган муқаддас ойда ҳакалак отган нафсини тиёлмаяпти. Пули йўқ касалларнику одам ўрнида кўрмайди. Туркияга анализ жўнатишдаги ўйинлар ҳам алоҳида мавзу. Пала-партиш қон қуйиш оқибатида юқтирилаётган «гепатит С» ҳам бор. Туркияга илик кўчириш учун олиб келинган ўнта боланинг ҳаммасида аниқланган бу вирус. Тўғри ташхис қўйилмаганлик cабаб қийналаётган болалар ҳам бор… Туркияда рейтинги паст, ўлим кўрсаткичлари юқори бўлган «MS« клиникаси билан ҳамкорлик ҳам ўта оғриқли мавзу. Шунча яхши клиникалар турганда танловни қаранг! Ўзини ҳурмат қилган турклар боласини обормайди бу клиникага. Бизникиларга фарқи йўқ. Афсуски, бу нопокликлардан зада бўлган аксарият оналар қўрқоқ. Боламга зиён бериб қўймасин деб, мум тишлашади. Бу бебошликларга етти йилда еттита вазир ўзгарган ССВ ҳам жим. Чунки бутун бошли тизим чириб бўлган. Илтимос, эҳсонингизни бемор болаларнинг онасининг қўлига беринг! Н.хоним эса бу мақоламдан сўнг йиғиб терганидан касалхонага ҳеч бўлмаса битта плазма сақлаш учун музлаткич олиб берар.Бўлимда бошқа камчиликлар ҳам бор. Аллоҳ қалбини юмшар деган умиддаман. Акс ҳолда қайси касалхона, қайси бўлим ва шифокор эканини фактлар билан очиқ ёзаман. 

Муаззам Иброҳимова










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот