10 та қизни асраб олган ота


  Мен мусулмонман, белимда белбоғим бор, камарим бор”, деб даъво қилаётган, аммо, аслида ташлаб кетган оиласидаги болаларига алимент тўлашга келганда ишлаб топаётган даромадини қизғаниб, қўйганлар ҳам яшайдиган замонамизда: ўнта қизни асраб, кўзидаги ёшини артаётган ота яшайди.
Мен эркакман, мен отаман”, деб бош кўтариб юрган баъзи бировлар ҳаётнинг қийинчиликларига дош беролмай оиласини ташлаб аллақаёқлардадир “қарға қуш” бўлиб сайр этиб юрган бугунги замонда Чирчиқ шаҳрида ўнта қизни асраб олган ота яшайди.
  “Мен мусулмонман, белимда белбоғим бор, камарим бор”, деб даъво қилаётган, аммо, аслида ташлаб кетган оиласидаги болаларига алимент тўлашга келганда ишлаб топаётган даромадини қизғаниб, меҳнат дафтарчасини бир корхонанинг энг кам иш ҳақи тўланадиган штатига – қоровулликка, боғбонликка топшириб қўйганлар ҳам яшайдиган замонамизда ўнта қизни асраб, кўзидаги ёшини артаётган ота яшайди.

“Жаннатга етакловчи фаришталарим”

  “Бу бола меники эмас”, деб ДНК текширувидан сўнг бола 100 фоиз ўзиники эканини исботлаган тиббий хулосани қўлига ушлаб туриб ҳам айёр тулкининг кўзларидек кўзи йилтиллаб турган “ота”лар бор заминда ўнта қизига — жаннатга етакловчи фаришталарим деб қаровчи валий неъмат яшайди.
  Ҳа, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри “Шодлик” маҳалласида истиқомат қилаётган Рустам ака Игамуратов ана шундай ОТА.
  Ўнта қизни тарбиялашдек нозик ишни бўйнига олишнинг ўзи бўладими? Яна у қизларнинг миллати ҳар хил бўлса. Гўдаклигиданоқ тақдир зарбасига учраб, ота-онасидан етим қолган ёки ярим етим қолган қизлар бўлса-чи?
  Улар ҳали вояга етмаган, ҳаёт деган довоннинг тошли, тиканли йўлларида юриб кўрмаган бўлса-чи?
  Одамзод учун энг мушкул вазифа бола тарбиясидир. Бола тарбияси ҳам иккига бўлинади: яъни ўғил бола ва қиз бола тарбияси. Ўғил бола тарбияси ҳам оғир, аммо қиз бола тарбиясида ундан-да масъулият кўпроқ.
  “Қиз боланинг ҳатто уйқуси ҳам тарбияли бўлиши керак”, дер эдилар момоларимиз. Илгари бу сўзнинг маъносини тушунмас эдим. Энди эса бу сўзлар замирида улкан ахлоқий тарбия мавжудлигини англадим. Бу дегани — қиз бола тўғри келган жойда ухлаб қолавериши мумкин эмас. Қиз бола кийикдек ҳушёр туриши керак, дегани экан.
  Чарчаган, толиққан ўғил болага ҳамма жойда бир пас мизғиб, ухлаб олиш мумкин экан. Масалан, пахта даласининг шийпонида, боғдаги дарахтларнинг  соясида, чўпон бола бўлса отнинг устида, тракторчи бўлса тракторни тўхтатиб, ариқ четидаги тутлар тагида. Қиз болага эса бу мумкин эмас. У толиққан бўлса ҳам чидаши керак. Уйга келганда ҳам ҳеч кимнинг кўзи тушмайдиган хонада — ўзининг хобгоҳида ухлаши мумкин. “Қиз бола шундай беғуборки, унга инс-жинс тегиши мумкин”, деб огоҳлантирар эди кексаларимиз.
  Қиз тарбияси гул тарбиясидан-да оғирроқ. Оламда икки кишининг фароғати бўлмайди экан, биринчиси қизи борнинг, иккинчиси оти борнинг. Чунки ҳар иккисининг орзуманди, хуштори кўп бўлади.

“Кел, болалар асраб оламиз”

  Рустам ака ва Гулнора опанинг иккита ўғли бор эди. Катта ўғли Руслан ҳарбий бўлиб ишлаб, нафақага чиқди, оилали, иккита фарзанди бор. Иккинчи ўғли эса талабалик пайти кутилмаганда вафот этди. Фарзанд доғи Гулнора опани эзиб ташлади. Унинг азобларига чора тополмаётган турмуш ўртоғи Рустам ака аёлига,  “Кел болалар асраб оламиз. Уларнинг хурсандчилигини кўриб, зора қайғулар унутилса”, деди. Гулнора опанинг кўзларида миннатдорлик учқунлари пайдо бўлди. Чунки у Игамуратовлар оиласига келин бўлиб келганда ҳам қайнотаси ва қайнонаси етим болаларни асраб олиб худди ўз боласидек тарбиялаб, сўнгра мустақил ҳаётга кузатганини яхши эслайди.
  Шундай қилиб улар “Янги ҳаёт” номидаги “Оилавий болалар уйи”га асос солди. Болалар уйи раҳбарининг ёши 55 дан ошмаслигини ҳисобга олган ҳолда директорликни олий маълумотли, оилали, узоқ йиллар ҳарбий бўлиб ишлаган ўғли Руслан Игамуратов номига ҳужжатлаштиришга келишишди. Русланнинг турмуш ўртоғи Лилия Игамуратова шу шаҳардаги 7-сонли мусиқа ва санъат мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Рустам ака, Гулнора опа ва келини Лилия тарбиячи бўлиб ишлашга аҳд қилди.
  Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан Истиқлол кўчаси 2-уй, 10-хонадонда яшовчи Руслан Игамуратовнинг “Оилавий болалар уйи”ни ташкил қилиш тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди ва рухсат берилди. Ҳар бир тарбияланувчининг таъминоти учун Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун тасдиқланган нормативларга мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзал, юмшоқ ўйинчоқлар, шахсий гигиенага, китоблар сотиб олишга, соғломлаштириш, мебель ва зарур жиҳозлар сотиб олишга ҳамда коммунал харажатлар учун тўловлар бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш ҳисобига амалга оширилади. Йил давомида фойдаланилмаган маблағлар олиб қўйилмайди ва уларни кейинги йилги мақсадлар ва болаларнинг эҳтиёжлари учун ишлатилади.
  Ушбу “Оилавий болалар уйи” шаҳар ҳокимининг ҳам уйи десак, тўғри бўлади. Чунки бу хонадон шаҳар раҳбарининг доимий ғамхўрлиги остида.
 — Рустам ака ва Гулнора опанинг барча қизлари шаҳримиздаги 15- умумтаълим мактабда ўқишади, — дейди “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилоромхон опа. — Ўқишлари яхши, ахлоқлари намунали. “Оилавий болалар уйи” тўғрисидаги ҳужжатлар қонунга мувофиқ бўлиши учун Игамуратовлар билан баҳамжиҳат ҳаракат қилганмиз. Номини маҳалламиз фаоллари билан келишиб “Янги ҳаёт” деб атадик. Минг шукр мақсадлар амалга ошди. Ушбу ишга киришгунимизча давлат томонидан шунча имтиёзлар берилганини ўзимиз ҳам билмаган эдик. Рустам ака ва Гулнора опа эса эзгу ишлари давлат даражасида қўллаб-қувватланаётганидан беҳад мамнун. Оиланинг ўзи ҳам жуда меҳнаткаш. 15 сотих ерида катта боғи бор. Боғда юздан ортиқ мевали дарахтлар ҳосилга кирган. Қизлар ота-онасига доимий ёрдамчи. Маҳалламизда “Оилавий болалар уйи” қизларининг етим эканинини ҳамма унутган. Кийинишлари ҳам миллий урф-одатларимизга мос. Қизларнинг бу хонадонда янги ва бахтли ҳаёти бошлангани чин бўлсин.
  Бу хонадонда меҳр, саранжом-саришталик  устувор.  Уйнинг катта қизлари уйқудан тургач, супур-сидир қилади. Биргаликда жисмоний тарбия машғулотларини бажаради, нонушта қилиниб, кунлик режалар тузилади.

Янги Ўзбекистоннинг янги оиласи

  Биз Рустам ака ва Гулнора опадан “Нега тарбиянгизга фақат қизларни олгансизлар?” деб сўрадик. Улар шундай деб жавоб берди:
– Аввало, шароитимиз кичикроқ. Ўғил болалар учун ётоқхона, ювиниш хонаси, ҳожатхоналар алоҳида бўлиши шарт. Бундан ташқари, тарбиячилар, педагог-психологлар ҳам алоҳида бўлиши керак. Бу имкониятлар ҳозирча бизда йўқ. Қолаверса, қиз болалар кўпроқ таъсирчан бўлади. Тақдир зарбасидан қаттиқ эзилади ва кўпчиликка қўшилиши қийинлашиб, руҳиятида одамовилик пайдо бўлиши мумкин. Биз қизларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратамиз. Бири тунда қўрқадиган, бехосдан чинқириб юборадиган бўлса, бошқаси тушида босинқираб йиғлаб қолади. Масалан, иккита кичкина қизимизда кечки энурез касаллиги аниқланган. Биттасида кўришнинг заифлашаётгани, яна биттасида ғилайлик бор. Бу камчиликлардан улар тушкунликка тушиб қолмаслиги учун алоҳида ­эътиборли бўламиз. Тиббиёт ходимлари билан биргаликда даволаш ишларини олиб борамиз. Улар орасида онаси вафот этганлари бор. Соғинч ҳиссини енгишда уларга оилавий бўлиб ёрдам кўрсатамиз. Янги келганлар оиламизга қўшилиб кетгунча барча ғамхўрлик қилади. Катта қизлар кичик қизларга кўмакчи.
  Бизнинг мақсадимиз бу қизларни мустақил ҳаётга тўғри тайёрлаш. Камолга етганда келадиган совчилар уларнинг қандайлигини биздан сўрайди, маҳалладан сўрайди. “Туққан эмас, боққан она”, деган гап бор. Уларни мусулмонлик урф-одатлари билан тарбиялаяпмиз. Розилиги билан мусулмонча исм беряпмиз. Мана яқинда Карина исмли қизимизни ўзининг илтимосига кўра, Кумуш деб атадик. Бирининг ота-онаси ичувчи, чекувчи ёки қамоқда, бошқасиники вафот этганини биламиз. Аммо бу ҳақда қизлар билан гаплашмаймиз. Катта бўлганида билиб олади, хулоса қилади. Улар энди бизнинг қизларимиз. Уларни бутун маҳалла “Рустам аканинг қизлари” дейди.
  Ҳа, Рустам аканинг ўнта қизи бор. Нақадар ёқимли гап.
  Аёлларни улуғлар ҳам улуғлайди
  Бу оила билан хайрлашар эканман, хотинини қиз туққани учун хўрлаётган, камситаётган, фаришта мисоли қизалоқларини ташлаб кетиб меҳрга зор қилган “оталар” ҳам ўз оналари аёл эканини бирор марта фикрлаб кўрганмикан, дея ўйлаб қолдим. Уларнинг ҳам оналари ёки опа-сингиллари  эркак томонидан таҳқирланса қай аҳволга тушаркан? Аёл зотини улуғлар ҳам  мўътабар ва азиз дея улуғлаганларини билармикан? Муқаддас китобларимизда ҳам инсонларнинг аёлларга адолатли муносабатда бўлишга даъват этилган.
  Президентимиз “Бу мамлакатда мен раҳбар эканман, бирорта аёл хўрланмайди”, деди. У кишининг қарори билан 2020-2021 ўқув йилларида олий таълим даргоҳларига контракт асосида ўқишга кирган, аммо кам таъминланган, боқувчисини йўқотган қизларнинг 817 нафарининг тўлов контрактлари давлат ҳисобидан тўлаб берилди.
  Кейинги чиқишларида Президентимиз ушбу қарорнинг ижроси ўзини оқласа, кейинги ўқув йилларида бу ёрдамни икки баробар оширишларини таъкидлаб ўтди.
  Оналарни улуғлаган, хотин-қизларни ҳурмат қилган, иззатлаган юрт доим гуллаб-яшнаган, маънавий жиҳатдан юксалган. Аёллар эъзоз топган хонадон эл орасида ҳурмат, эътибор ва қадр ­топаверади.

Зулфия МЎМИНОВА, шоира.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот