ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРГА ҚАРАМЛИК
Қўлимиздаги хатар ЁХУД ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРГА ҚАРАМЛИК нималарга олиб келади?
Интернетдаги ижтимоий тармоқларга қарамлик гарчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий реестрига касаллик сифатида киритилмаган бўлса-да, бутун дунё бўйича юз миллионлаб одамлар ушбу хасталикдан азият чекаётганидан ҳам, уларнинг аксарияти ёшлари эканидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бир қарашда хавфсиз туюлган ижтимоий тармоқлар руҳий зўриқиш ва асаб касалликларга олиб келиши мумкин.
Дарҳақиқат, тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, инсоннинг табиий ҳолатини йўқотиб, бирор нарсага ҳаддан ташқари берилиб кетиши иш жойида ҳам, оиласида ҳам муаммолар туғилишига сабаб бўлиши билан бирга, унинг ўзига, саломатлигига зиён етказади.
Бугунги кунда уяли телефон, компьютер, интернет, ижтимоий тармоқлар нималигини, улар қандай имконият ва қулайликларга эгалигини, тадбир жоиз бўлса, ҳали мактаб остонасига қадам қўймаган ёш бола ҳам билади. Чунки глобаллашув даврида, интеллектуал авлод асри, дея аталган XXI асрда яшаяпмиз. Майли узоққа бормайлик, оилада катта ёшлилар - ота-онаси, ака-опаси қўлидаги мобиль алоқа воситасига ёпишиб олиб, нималар билан бандлигини бола кўриб турибди, ҳатто ёш оналар чақалоғига алла айтишга эриниб, боласига қўл телефонига ёзиб олинган аллани қўйиб бермоқда.
Яқин-яқин вақтгача глобал тармоқ чиндан ҳам инсоният учун чинакам эзгулик манбаи ҳисобланар эди. Интернет билимларнинг битмас-туганмас хазинаси жойлаштирилган дунё кутубхонаси сифатида тан олиниши билан бирга, айнан унинг шарофати билан осонгина иш топиш, янгиликлардан хабардор бўлиш, қизиқарли китобларни ўқиш ёки бошқа керакли маълумотларни олиш барчага қўл келарди.
Хўш, бугун биз интернет шарофати билан нималарни кўраяпмиз? Техника ва технологияларнинг юксак тараққиёти бир томондан ажойиб қулайликлари билан оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилса, иккинчи томондан айнан ўзи билан боғлиқ муаммоларни инсоният олдига кўндаланг қилиб қўяр экан. Бундай дейишимизга сабаб ижтимоий тармоқлар шунчаки оммалашиб қолмади, балки оммавий тарздаги қарамликни ҳам келтириб чиқарди. Бугунги кунда баъзи одамлар шахсий аккаунтига кирмасдан, янгиликлар лентасини доимий кўриб чиқмасдан, виртуал дўстларнинг фотосуратлари ва “постлари”ни кўздан кечирмасдан тура олмайдиган даражага келишди. Агар дастлаб ижтимоий тармоқлар ҳақиқатда бор бўлган, лекин маълум сабабларга кўра алоқа узилиб қолган одамларни қидириб топиш вазифасини ҳам ўтаган бўлса, бугунги кунда ижтимоий тармоқдаги саҳифалар эгаларининг дўстларидан 90 фоизи виртуал, яъни уларнинг ҳақиқатан бор-йўқлиги, ҳаётда аслида кимлигини, мақсад-муддаоси нималигини билмайди, чунки илгари умуман учрашмаган ва қачондир учрашиши ҳам даргумон.
Янада ажабланарли томони шундаки, ижтимоий тармоқларга кўрган кишини қўрқувга соладиган воқеа-ҳодисаларни жойлаштирувчилар сони ошиб бораяпти. Айтайлик, кимдир автомобиль ҳалокатига тасодифан гувоҳ бўлган экан, шуни қўлидаги телефонида шошилмасдан тасвирга олиб, ижтимоий тармоққа “онлайн” тарзида тўғридан-тўғри узата бошлашини қандай тушуниш мумкин? Ахир тасвирга олиш эмас, биринчи навбатдаги вазифаси, бурчи жароҳатланганларга ёрдам кўрсатиш-ку! Майли, ёрдам кўрсатиш қўлидан келмас, имкони йўқ экан, буни вазиятдан келиб чиқиб оқлаш мумкиндир, лекин автоҳалокатга учраганларнинг фожиали ҳолатини четдан туриб бошқаларга намойиш этиш оддий инсонийликка ҳам тўғри келмайди.
Уйига ўт тушган аёл норасида боласи билан тириклайин ёнаётган бўлса ёки тепа қаватдан кимдир ўзини пастга ташламоқчи бўлиб турсаю рўй бераётган фожиани ҳис этмаслик, бамайлихотир тасвирга олиш ёхуд тўғридан-тўғри ижтимоий тармоққа узатиш учун ўша одамнинг юраги тошдан бўлиши керак, назаримизда.
Ноодатий кўринишдаги воқеа-ҳодисани қўл телефонида тасвирга олиб, интернетдаги ижтимоий тармоққа жойлаштириш, шу орқали бошқаларни ҳайратга солиш ва бундан ўзи ҳам завқланиш аллакимлар учун шунчаки эрмак, ҳатто инсон ҳаётидан-да муҳимроқ бўлиб бораётгани аслида фожиа эмасми?
Мана бунга эътибор қаратинг! Тасвирга олиш мақсадида объектив йўналтирилган йигит муз устида (дарёми, кўлми ё катта сув ҳавзасими, буни тавирда аниқ кўриб бўлмайди) секин-аста кетаяпти, экран ортидаги шериги эса унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини қўл телефонида видеога олаяпти. Бирдан муз ёрилиб, олдинда ҳаракатланаётган йигит сувга тушиб кетди. Жон ҳолатда бақириб, шеригини ёрдамга чақирди.
Шериги эса негадир қутқаришга шошилиш ўрнига тасвирга олишда давом этаверди. Сувдаги йигит ҳар қанча уринмасин, муз устига чиқа олмади, ҳатто боши сув юзасида кўринмай қолди. Наҳотки чўкиб кетган бўлса? Йўқ, қайтадан муз ёриғида пайдо бўлиб, базўр муз устига чиқиб олишга муваффақ бўлди. Ўлимдан зўрға қутулиб қолган йигит шеригига “Нега менга ёрдам бермадинг, чўкиб кетишим мумкин эди-ку”, деб бақирди. “Эсинг жойидами, видеога олиш билан банд бўлсам, сенга қандай ёрдам бераман? Биласан, буни ижтимоий тармоқда миллионлаб одамлар томоша қилади”, деб жавоб қайтарди шериги. Ва чиндан ҳам ушбу тасвир ижтимоий тармоқда томошабинлар энг кўп кўрган видеолавҳалардан бири сифатида тилга тушди...
Руҳшуносларнинг таъкидлашича, аксарият вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказишга одатланган кишилар, айниқса, ёшлар уларни бу оламдан чиқаришга қаратилган ҳар қандай уринишга қаршилик қилишар экан. Хўш, оқибати нимага олиб келади? Теварак-атрофидаги реал ҳаётдан, яқинларидан, таниш-билиш, дўстларидан узоқлашади, ҳаттоки овқатланиш, ўзига қараш, дам олиш, табиий эҳтиёжлари учун сарфлаш лозим бўлган вақтини ҳам ижтимоий тармоқларга бағишлайди. Иш ёки ўқиш билан банд бўлган чоғида ҳам электрон почтасини, ижтимоий тармоқдаги саҳифасини кўришга интилади. Асосий эътибори ишга-ўқишга эмас, смартфонига қаратилади.
Бундай носоғлом интилиш ва виртуал суҳбатдошлар билан ҳаддан ортиқ мулоқот қилиш кўплаб муаммоларга олиб келади ва буни замонавий психологлар ижтимоий тармоқларга қарамлик, деб атайди.
Албатта, барча бирдек интернет ва ижтимоий тармоқларга қарамликка учрайди, деб бўлмайди. Шахсий саҳифаларига фақат муҳим хабарга жавоб бериш, керакли манзилни билиш, телефон рақами ёки маълумотни юбориш учун ҳафтасига бир ёки икки марта кирадиган кишилар устуворликка эга бўлиб, улар назарда тутилган қарамликка дучор бўлишмас экан.
Виртуал олам мутахассисларининг сўзларига кўра, яна шундай шахслар борки, улар ўзларида интернетда мулоқот қилиш истагини сезмайди, бироқ ҳафтасига 3-4 марта янгиликларни кўриш ва шу билан зерикишни йўқотиш учун саҳифаларига киришади. Бундай хатти-ҳаракатларни меъёр деб ҳисоблаш мумкин, аммо бўш вақтни бундай сарфлаш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Чунки 4-5 ойдан кейин айнан ўша одамлар ижтимоий тармоқларда «ўтиради» ва уларда ҳақиқий қарамлик ривожлана бошлайди.
Учинчи гуруҳга кирувчи шахслар эса энг кўп сонли бўлиб, камида ҳар 20 дақиқада бир марта ўзларининг аккаунтига ташриф буюриши кузатилади. Улар доимий равишда хабарларни кутиш ҳолатида бўлиши ва мутлақо фойдасиз ёзишмаларни соатлаб давом эттириши иш ҳақида, уй юмушлари ва бошқа вазифаларини унутиб юборишига олиб келар экан.
Ёлғиз ва тортинчоқ одамлар ижтимоий тармоқларга қарамликка кўпроқ дучор бўлишар экан. Чунки уларда ҳақиқий суҳбатдошлар билан мулоқот етишмайди. Бунга ўз тенгдошлари билан тил топиша олмайдиган ўспиринлар ва чақалоғи ухлаб ётганда бўш вақтларини ижтимоий тармоқда ўтказадиган ёш оналарни ҳам киритиш мумкин. Уларнинг барчаси ижтимоий тармоқларга шунчаки қизиқиш бўйича охирги чизиқни қачон босиб ўтишини ва ва қарамлик бошланишини ҳатто сезмайди.
Хўш, ижтимоий тармоқларга қарамлик нимага олиб келади?
Ижтимоий инқироз
Биринчидан, виртуал суҳбатдошлар кўпайиши кўпроқ вақтини “онлайн” тарзда ўтказишга ва ҳақиқий одамлар билан камроқ мулоқот қилишга олиб келади. Кўпчилик буни ёлғизлик туфайли, деб оқлайди. Руҳшунослар эса аксарият ҳолларда ушбу ёлғизлик ёлғон эканини пайқашган, чунки бу одамлар жамиятда яшашади, таълим олиш учун ўқув муассасаларига боришади ва бирон жойда ишлашади, демак, кимлар биландир дўстлашишга имкони бор. Аммо виртуал ҳаёт уларни айнан қарамлик сари олиб боради. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги мулоқот ва бошқа хатти-ҳаракатлар шунчалик ўзига хосдирки, унга қарам одам ҳамма нарсани — иш, оилавий ва бошқа мажбуриятларни қурбон қилишгача бориб етади.
Бундай алоқаларда бўлишга мойил кишилар иш жойини йўқотиш хавфига дуч келишади. Гарчи йирик компаниялар аллақачон ходимлари учун интернетга киришни чеклаб қўйишган ва муайян сайтларга кираётганлари диққат билан кузатиб борилаётганига қарамасдан, бу ижтимоий тармоқларга қарамликдан асраб қолмайди. Айниқса, уйда виртуал алоқалардан воз кечиш ва виртуал дўстларнинг янгиликларини томоша қилишдан ўзини тийиш янада қийин. Айнан шунинг учун бугунги кунда ёш оиладаги эр ёки хотиннинг ижтимоий тармоқларга бўлган қизиқиши туфайли ажрашишлар сони кўпайиб бораётгани қайд этилмоқда.
Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, шахс таназзулига олиб келади. Қарам киши ўзини хароб қиладиган “машғулот”га шунчалик берилиб кетадики, у ташқи дунёдан мутлақо узилиб қолади ва атрофида қизиқарли, жонли ва ранг-баранг ҳаёт кечаётганини пайқамайди...
Хотира ва диққатни жамлаш билан боғлиқ муаммолар
Интернетда узоқ чўзилган мулоқотлар чоғида инсон мияси тез, катта бўлмаган, ажратилган қисмларда тез маълумот олишни бошлайди. Шу сабабли киши диққат-эътиборини узоқ вақт бирор нарсага қандай жамлаш кераклигини унутади. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги устма-уст юкламалар одамда гиперфаоллик синдромини ривожлантиради, бунда бир вақтнинг ўзида бир нечта ишни бажаришни истайди (масалан, бир вақтнинг ўзида мулоқот қилиш, қисқача ёзиб олиш, учрашув белгилаш, ҳужжатларни ўрганиш).
Ушбу жараёнларнинг натижаси — бу китоб сюжетига ёки берилган топшириққа эътиборни жалб қила олмасликдир, чунки мия доимо бошқа нарсалар билан банд. Бу ҳолатни шифокорлар «сузувчи» эътибор деб ҳам айтишади. Бу, айниқса, ҳали тафаккури етарлича шаклланмаган болалар ва ўсмирлар учун хавфли.
Интеллект пасайиши
Айтиш мумкинки, «в контакте», «твиттере» ва бошқа ижтимоий тармоқларда 8-10 соатлаб вақт сарфлаганимиздан кейин бизнинг миямиз фақат мақсадсиз ва мутлақо бемаъни маълумотни ҳазм қилиш билан шуғулланади. Мия фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун унинг олдида доимо интеллектуал вазифаларни қўйиш муҳим. Масалан, адабиёт намуналари ўқиш, ақлни чархлайдиган кроссвордларни ечиш, илмий фаолият билан шуғулланиш, яъни билимларни бойитиш лозим бўлади.
Шу билан бир қаторда, маънисиз маълумотларнинг оқими нафақат интеллект машқига ҳисса қўшишга нолойиқ, балки қарамликка дучор бўлган одамнинг атрофидагиларга нисбатан қизиқиши, қалбидаги ҳамдардлик ва раҳм-шафқат туйғуси йўқолишига ҳам олиб келади ва бошқаларга бегоналашаётганини ҳис қила бошлайди, бу келажакда, албатта, унинг руҳий ҳолатига таъсир қилади.
Ахборотга қарамлик
Бу никотин, алкоголь ёки гиёҳванд моддаларга ружу қўйишдан кам фарқ қиладиган ҳақиқий қарамликдир. Виртуал суҳбатдошлар билан мулоқот қилиш ёки бошқаларнинг фотосуратларини кўриш орқали завқланиш даражасига етади ва ҳеч бўлмаганда бир кун давомида бу алоқани йўқотиб, у ҳақиқий “синиш”ни бошдан кечиради: асабийлашади, тажовузкор бўлади, хотиржам ухлай олмайди.
Чарчоқ ва стресс
Доим ўзгариб турадиган таассуротлар, маълумотлар кетма-кетлиги ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб қолган одамда муқаррар равишда стресс ривожланишига олиб келади. Энг хавфлиси, бу сезилмайдиган, суст сурункали стресс бефарқлик, бирон-бир сабабсиз доимий чарчоқ ва уйқусизлик муаммолари билан бирга келади. Агар ўз вақтида аниқламаса ва даволамаса одам руҳий тушкунликка тушиб қолиши мумкин, бундан фақат касалхона шароитида даволаниш қутқара олади.
Шу ўринда ижтимоий тармоқларга қарамликка қарши қандай курашиш керак, деган савол туғилади. Аввало, бундан халос бўлиш ва чинакам ҳақиқий ҳаёт кечиришни бошлаш учун инсон руҳан тайёр бўлиши лозим. Ижтимоий тармоқлардан воз кечиш қийин бўлса, бунга қадам-бақадам киришиш, яъни дастлаб 1 соатга, кейин 30 дақиқага чеклаш, тармоқдаги сайтни тўсиб қўядиган махсус дастурлардан фойдаланиш қўл келади. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини тозалаш орқали виртуал дўстлар рўйхатини қисқартириш ва ҳаётда ҳеч қачон кўрмаган, шунчаки суҳбатга вақт ажратадиган кераксиз одамларни ўчириб ташлаш ҳам мақсадга мувофиқ.
Руҳшуносларнинг маслаҳатига кўра, агар юқоридаги усуллар ижтимоий тармоқларга қарамликка қарши курашишда ёрдам бермаса, ҳақиқий ҳаётга қайтариш учун йўл топадиган мутахассис билан боғланиш лозим бўлади.
Мухтасар айтганда, глобаллашув жараёни шиддат билан кечаётган бугунги кунда ижтимоий тармоқларга қарамлик, улардаги таҳдид ва тажовуздан ўзимизни ва фарзандларимизни асраш учун доим огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз талаб этилади.
Суюндик МАМИРОВ, «Адолат» газетасининг мухбири.
2020 йил.