“ЛЎЛИ ОБРАЗИ ТАШРИФ ҚОҒОЗИМГА АЙЛАНГАН...”


  Бугунги кунда қизиқчилик соҳаси жуда ривожланяпти, десак хато бўлмайди. Чунки ҚВЗ каби кўплаб лойиҳалар орқали ҳар куни янги-янги сўз усталари пайдо бўляпти. Бу эса қизиқчилар орасида соғлом рақобатнинг кучайишига ҳам сабаб бўляпти. Кўпчилик қизиқчиларимиз ўзларининг самимий ҳазиллари ва ҳажвий кўрсатувлари орқали бу каби рақобатларга дош бериб, мухлислар меҳрини қозониб келишяпти. Ана шундай сўз усталаридан бири, элимиз суйган санъаткор Нодир Ҳайитов билан қилган суҳбатимиз қизиқчилик соҳаси, мухлислар, танқидлар ва шу ойнинг 20 санасида  бўлиб ўтадиган концерт дастури ҳақида бўлди.

- Концертга тайёргарлик жараёнлари қандай кетяпти? Нималарга улгурдингизу, нималарга улгурмаяпсиз?
- Тайёргарлик авжида. Вақт жуда тиғиз, қаттиқ тайёрланяпмиз. Концерт олди шошилиш, ҳаяжон ва югур-югурлардан чарчаяпмизу, аммо барибир завқли. Ҳозир шу жараёндамиз. Иложи борича ҳаммма нарсага вақт ажратишга ҳаракат қиляпмиз. Сабаби тўйларимиз ҳам бор. Аммо концерт олди иложи борича тўйларни олмасликка ҳаракат қиляпмиз.Ҳамма жараёнларга улгураётганлигимизнинг сабаби ҳам бор. Чунки аслида концертимиз  карантин бошланмасдан олдин бўлиши керак эди. Шунинг учун дастуримиз деярли тайёр эди, десам ҳам бўлади. Лекин шундай бўлсада, янги ҳажвиялар қўшимча қиляпмиз. Карантин даврида ҳам санаторияларга бориб, концертимиз дастурини синаб олганмиз. Қайси ҳазилларимиз халққа маъқул келади, қайсилари унчалик эмас, деган маънода. Репертуарларимизнинг деярли тайёрлиги бизга анча қўл келяпти, албатта. Акс ҳолда вақтимиз бунданда тиғиз бўлар эди.Лекин шунда ҳам уйга, бола-чақага вақт ажратолмаяпмиз. Бу ёқда “А кула” кўрсатувининг съёмкаларига ҳам анча вақтимиз кетяпти. Худо хоҳласа, концертимиз яхши ўтади, деган умиддамиз
- Агар сир бўлмаса концерт дастурингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз. Ўзига хос қандай қандай янгиликдлар бор, меҳмон санъаткорлар ҳам бўладими?
- Концертимизда олиб чиқиладиган ҳазиллар кўпроқ оилавий ва асосан сатирик йўналишда бўлади. Яъни  шунчаки кулгу эмас, балки ҳазилларимиз замирида катта муаммолар кўтарилади. Аммо бу сиёсий муаммолар эмас, маиший яъни одамларнинг қон-қонига сингиб кетган урф-одатларнинг ҳаётимизга  салбий таъсири ҳақида бўлади. Масалан, “одамлар нима дейди?” деган истиҳолаларнинг биз ўзбекларга одат бўлиб қолганлиги, бу иллатнинг ривожланишимизга, тараққиётимизга қанчалар ёмон таъсир қилаётганлигини халққа кўрсатишни мақсад қилганмиз. Шунинг учун  концертимизни ҳам “Одамлар инма дейди?” деб номладик.  Дастур меҳмони “Дўстим, дўстим соғиндингми, соғиндингми, болаликни...” деб куйлайдиган хонанда Осман Наврўзов  бўлади.

- Пандемиядан кейин ҳамма санъаткорлару қизиқчилар кетма-кет концертлар бераётган бир пайтда концерт зали тўлмай қолиши мумкинлигидан чўчимадингизми?
- Тўғри айтасиз, кўпчилик қизиқчилар кетма-кет концерт бераётган бир пайтда кунларни банд қилиш ҳам анча қийин бўлди. Концертимиз сал олдинроқ бўлиши керак эди. Аммо ҳамма кунлар банд қилиб қўйилганлиги учун 20-декабрга тўғри келди. Биз ҳам икки кун концерт берамиз, деган ниятда эдик, лекин зўрға бир кунга жой ололдик холос. Майли, шунисига ҳам шукр. Хавотир бор, албатта. Бундай ҳолат  ҳамма санъаткорларда бўлса керак. Чунки катта-катта санъаткорларда ҳам яъни санъат саройини худди ўзининг уйидек қилиб олган, яъни концерт беришдан чўчимайдиган, ҳар қандай шароитда ҳам зал мухлислари билан лиқ тўлишига ишонадиган санъаткорларда ҳам барибир хавотир бўлади. Шу боис биз ҳам бу хавотирлардан холи эмасмиз. Лекин концертимиз яхши бўлади, деган умиддамиз.
 
“ШУ САВОЛДАН ХАФА БЎЛАМАН”

- Биламизки, сизнинг чиқишларингиздаги Лўли образи кўпчиликда жуда катта қизиқиш уйғотган. Ушбу концертингизда ҳам Лўли образида намоён бўласизми?
- Ҳа, бу ҳақда жуда кўпчилик сўрашади. Баъзида шу саволдан хафа ҳам бўлиб кетаман. Кўпинча, “Нима учун сизни Нодир лўли дейишади?” деб савол беришади. Чақираётган меҳмонни ким эканлигини нима учун айнан нодир лўли деб чақиришлоари ҳақид қизиқиш йўқ. Тўғри Лўли образи менинг ташриф қоғозимга айланган. Қаерга борсак шу ҳазилимиздан ижро этиб беришимизни сўрашади. Борган жойларимизда кичикроқ лавҳалар намойиш этиб берамиз, албатта. Ҳажвий кўрсатувларимизда ҳам ушбу образдан фойдаланяпмиз. Лекин буни камайтираяпмиз ва бу концертимда ҳам лўли образи бўлмайди. Чунки шу образ билан икки марта саҳнага чиқдим. Агар бошқа концертларимгача лўли образи билан боғлиқ зўр ҳазиллар, яъни олдингиларидан ҳам зўрроқ репертуарлар топсам фойдаланаман, акс ҳолда лўли образига бошқа тўхталмайман.

“САНЪАТКОРНИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ЭЛГА ТАНИАТАДИ. ЛЕКИН...”

- Сизнинг телеведниеда “А кула” номли ҳажвий кўрсатувингиз борлигини биламиз. Лўли образи иштирок этган ҳажвий кўрсатув тайёрлаш  ҳақида ҳам ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
- Ўзим хоҳламадим буни. Ҳар замонда шу кўрсатувимизда бериб бораётганлигимизь ҳам етади менимча. Лекин айнан лўли образи билан боғлиқ кўрсатув тайёрлашга шахсан ўзим қаршиман. Чунки айнан битта образда қайта-қайта намоён бўлавериш санъаткорнинг бошқа қирраларини ҳам намоён қилишига имкон бермайди. Жойи келиб қолса бу образдан фойдаланамиз, албатта. Лекин мунтазам эмас. Кўпчилик шу образни сақлаб қолишимиз кераклигини айтади. Лекин мен бунга қаршиман. 

- Институтни  драма ва кино акёрлиги бўйича тугатган экансиз. Қизиқчилик йўналишида ижод қилишингизга нима ёки ким сабаб бўлган?

- Мен ўзи институтга қизиқчи бўламан деб келганман. Биринчи йил ўқишга келганимда қизиқчилик факультетини қидириб, қўғирчоқ театри актёрлигига топширганман. Айнан қизиқчилик факультети йўқлиги учун иккинчи йил драма ва кино актёрлиги факультетига ҳужжат тоширганман. Ўқиш жараёнида Маъмуржон Умаров каби устозлар шу йўналишда бизга сабоқ беришди.

- Қизиқчиликда сиз учун энг қийини нима?

- Энг қийини, репертуар ва матерал топиш ҳамда халққа манзур келадиган мавзуларни танлаш анчайин қийин. Шунинг учун мен иложи борича, яхши мавзу танлашга ҳаракат қиламан. Репертуар топгандан кейин тўйларда ёки бошқа тадбирларда намойиш этиб, синаб оламиз. Энг муҳими, мавзу танлашга адашмаслик керак.

“ОДАМЛАР БЕСАБР БЎЛИБ КЕТЯПТИ”

- Бир суҳбатингизда ҳозир ҳеч ким телевидениега чиқишга қизиқмайди, деган эдингиз. Сизнингча, ижтимоий тармоқларнинг ривожланаётганлиги телевидениенинг ҳам обрўсига путур етказадими?

- Балки айтгандирман. Лекин санъаткорни халққа телевидениечалик тез танитадиган восита бўлмаса керак. Чунки телевидение  барибир оммавий. Масалан, ўзим  ижтимоий тармоқларда аввал Лўли образи билан танилган бўлсамда, кўпчилик юзимдан танишмасди.Ҳазилларимизни эшитган бўлсада кўчада кўришса танишмасди. “Ий, сиз ўшами?” дейишарди танишгандан кейин. Лекин мана ҳозир телевидениеда “А кула” ҳажвий  кўрсатувини олиб бораётганимдан кейин кўпчилик танийдиган бўлди. Барибир телевидениенинг ўрни бошқача.Албатта, ижтимоий тармоқларнинг ривожланаётганлиги телевидениега таъсир ўтказяпти. Хавотирим борки, одамлар бора-бора телевезор кўрмай қўядими, дейман. Чунки кўпчилик ҳозир жуда бесабр бўлиб кетишган. Узоқ фильм ёки ҳазилларни кўрмай қўйишди. Уларнинг наздида қизиқчиларнинг ҳам ҳазиллари бир дақиқага бормасада. Тармоқларга  6-7 дақиқалик ҳазилларимизни жойлаштирсак дарров “сизларники жудаям узоқ давом этади, қисқароқ қилинглар, кўришга вақт етмаяпти” деб эътироз билдиришади. Одамлар кундан-кун бесабр бўлиб кетишяпти. Ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам ҳозир энг қисқартирилган мутойибаларга талаб катта. Бу жудаям ёмон, деб ўйлайман. Сабаби инсон кўрган ёки ўқиган нарсаси ҳақида бироз ўйлаши ва фикрлаши керак. Афсуски, одамларимиз шундай бўлиб кетишяпти. Китоб ўқиш ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ҳозир кўпчилик китоб ўқимай қўйди. Тармоқлардаги олди-қочди нарсаларни ўқишяпти фақат.
 
- Ижтимоий тармоқларда фаолмисиз?

- Фаол бўлишга ҳаракат қиляпмиз, ижтимоий тармоқлардан узилиб қолмаганмиз. Чунки бу замон талаби . Лекин жудаям муккасидан кетиб, ейидган овқатимизгача тармоқларга жойлайдиган даражада эмасмиз. Кўпинча ҳазилларимизни ўзимиз тармоқларга жойламасак ҳам “Тик Ток” ва “Ютуб” каналларида фаол айланиб турибди. “Инстаграм” каналида ҳам анча ҳазилларимиз айланади.

“ ҲАҚОРАТ ҚИЛГАНЛАРГА МУНОСИБ ЖАВОБИМ БОР”

- Ижтимоий тармоқларда санъаткорларга нисбатан жуда кўп салбий фикрлар билдирилади. Сизда ҳам шундай ҳолатлар  бўлиб турадими ва шундай пайтда уларга қандай муносабат билдирасиз?
 - Ҳа, ҳозир ижтимоий тармоқларда салбий фикрлар жуда кўп бўляпти. Одамларга гапириш учун биздан бошқа мавзу йўқмикин, деб ўйлаб қоламан. Лекин баъзида бунга санъаткорларнинг ўзи ҳам сабабчи бўляпти.Санъткор барчага таниқли инсон бўлганлиги учун у ҳар доим хатти-ҳаракатлари ва гап-сўзларида эҳтиёт бўлиши керак. Одамларнинг гап-сўз қилишларига вазият яратиб бермаслиги керак. 
  Менга нисбатан бундай муносабат бўлмаган ва бўлмайди, деган умиддаман. Бунга йўл қўймаймиз ҳам. Ўзимизнинг ишимизни билиб, ҳазилларимизда меъёрни сақласак яъни белдан пастга тушадиган ҳазиллар қилмасак ҳаммаси яхши бўлади. Лекин баъзида менга нисбатан ҳам ҳақоратли постлар ёзадиганлар топилади. Ижтимоий тармоқларда шундай бир онгсиз, манқурт қатлам борки, ҳеч нима қилмасангиз ҳам сизни ҳақорат қилишга мойил бўлишади. Агар ҳазилларимиз ёқмаса кўрмаслиги мумкин, лекин ҳеч кимнинг бизни ҳақорат қилишга ёки онадан сўкишга ҳаққи йўқ-ку. Шунақаларга ўзига яраша жавоб берамиз, албатта. Агар нимадир айбимиз бўлса, олдимизга келиб, юзма-юз туриб гаплашиши ёки қўнғироқ қилиши мумкин. Лекин ҳақортли сўзлар айтиш, сўкиш бу тарбияли инсонга хос иш, деб ўйламайман.
-  Мухлисларга тилакларингиз.
-  Биз санъаткорларнинг бахтига ҳамиша соғ-омон бўлишсин!  Келаётган янги йил барчамизга қут-барака, бахт ва омад йили бўлсин! Ҳаммангизни 20-декабрь куни соат 15:00 ва 19:0 да бўлиб ўтадиган концертимга таклиф қилиб қоламан.
-  Суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош - Гулруҳ Ёрматова. 
Манба: "Бекажон" газетаси. 2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот