САНЪАТКОРНИНГ ОБРЎСИ ҚОЛМАЯПТИ


АБДУВАЛИ  РАЖАБОВ: “САНЪАТКОРНИНГ  ОБРЎСИ ҚОЛМАЯПТИ”

 

 Бугунги суҳбатдошимиз ўзининг дилтортар қўшиқлари билан мухлислар қалбидан жой олган истеъдодли санъаткорларда бири Абдували РАЖАБОВ бўлди. Бизнингу билан кечган суҳбатимиз санъат, ҳаёт ва яратилажак янги қўшиқлар ҳақида бўлди. 

 

- Абдували, кўпчиликни қизиқтирган ва ўзингизга ҳам кўпчилик берган савол бўлса керак, нега кўринмай қолдингиз? Хит қўшиқларингиз нега камайиб кетди?
- Хит қўшиқлар ёзиш фақат менинг қўлимда эмас. Бу борада кўпгина композиторларга мурожаат қиляпмиз. Тинимсиз ижод жараёнидамиз, анча-мунча қўшиқлар ёзяпмиз, албатта. Бу қўшиқлар бугунги кунда қанчалик хит бўляпти бу мухлисларга ҳавола, баҳони улар беришади. Лекин кўпгина қўшиқларимиз мухлисларимизга маъқул келяпти, деб ўйлайман. Чунки кўпчилик куйлаб юрибди. Масалан, “Онажоним” номли қўшиғимиз яқиндагина яратилган бўлсада,  тез орада мухлислар қалбидан жой олишга улгурди.  Ундан олдинги “Нафасим ўзинг”, “Ёр-ёр” номли  қўшиқларимиз ҳам мухлисларимизгат  манзур бўлган эди. Тўғри, олдингига нисбатан камроқ  ижод қилиняпти. Аммо Худо хоҳласа, ўрнини тўлдирамиз, деган умиддаман. Ҳозирги кунда қўшиқларимиз радио ва телеканалларда тинмай айланяпти. Телевидение орқали “Онажоним”  номли клипимиз намойиш этиляпти.
- “Ёмғирлар” таронангизнинг  хит бўлишида  радиобошловчи дўстларингиз Дилмурод Ғуломов ва Жамшид Хожиниёзовларнинг ҳиссаси катта бўлганми яъни радиода тинимсиз айланишига?
- Жамшид Ҳожиниёзов менинг продюссерим бўлган. 2001 йилдан то 2007 йилгача бирга ишлаганмиз. Продюссер ҳамда администираторим бўлган. У пайтда Дилмурод Ғуломов билан яқин ўртоқ бўлганмиз. 2007 йилдан бошлаб эса  Дилмурод мен билан ҳам продюссер  ҳам администратор сифатида ҳамкорлик қила бошлади. Албатта“Ёмғирлар” таронасининг машҳур бўлишида  радиобошловчи сифатида уларнинг ҳиссаси катта. Ушбу қўшиқ  2004 йилда яратилган бўлса 2005 йилларда жуда машҳур бўлган эди.
- Режиссёр Санжар Шодиевнинг “Ўзим сени бой қиламан” фильмида бош қаҳрамон ролини ўйнагансиз. Ушбу фильмдаги воқелар сизнинг ҳаётингизга ўхшайдими?
- Йўқ, бу фильм менинг ҳаётимдан олинмаган. Бир куни бир тадбирда Санжар ака билан бирга борганимиз. Шунда у киши менга  янги бир фильмни суратга олаётганлигини айтиб қолди. “Агар фильмда суратга тушаман десангиз шу фильмга сизни таклиф қиламан”, деди. Аввалига рози бўлмадим. Чунки  бундан олдин “Садоқат” деган фильмда ҳам роль ижро этгандимда  муваффақиятсиз чиққанди. Ўзимни актёр сифатида кўрмагандим. Шундан сўнг “мен энди кинода роль ўйнамайман” деган қарорга келгандим  Шу қароримни Санжар акага айтгандим у киши “Бу фильмда сиз санъаткор ролини ижро этасиз, қийинчилик туғдирмайди”, деди. Хуллас, фильмга тушишга рози бўлдим. Менимча  фильм ёмон чиқмаган. Мухлисларимиз томонидан ҳам илиқ қарши олинди.
- Шундан сўнг яна фильмларга таклифлар бўлдими ва қайсиларида роль ижро этдингиз?
- Албатта, яна таклифлар бўлди. Лекин мен рад этдим. Чунки менинг касбим актёрлик эмас. Мен санъаткорман. Санжар Шодиевнинг фильми санъаткор ҳаёти ҳақида бўлганлиги учун рол ижро этишга рози бўлганман. Шундан сўнг бошқа фильмларга тушмадим.
- Айни кунларда нималар билан машғулсиз?

- Ҳозир икки-учта янги  қўшиқ устида ишлаяпмиз. Жамшид деган бастакор укамиз билан бирга. Ууман олганда янги қўшиқлар устида изланишдамиз. Худо хоҳласа, яқин кунларда мухлислар ҳукмига ҳавола этамиз.

- Концерт беришни ҳам режалаштираяпсизми?

- Тўғрисини айтсам, ҳозирча пойтахтда концерт бериш режамиз йўқ. Лекин вилоятларда концертлар беряпмиз. Яқинда Самарқанд вилояти бўйлаб гастроль сафарида бўлдик. Концертларимиз мухлислар томонидан илиқ қарши олинди. Хурсанд бўлдик, албатта. Яна янги қўшиқлар яратиб ва ўз устимизда ишлаб концерт беришни режалаштираяпмиз.

- Шу йилми?

- Йилини аниқ айтолмайман.  Лекин концерт бериш режамизда бор. Тўғрисини айтсам, кейинги пайтда яратилаётган тароналаримиздан кўнглим тўлмаяпти. Худо хоҳласа, кўнглимдагидек тароналар яратсам албатта, концерт берамиз.

- Телеграм ижтимоий тармоғида фан клубингизнинг канали бор экан. Ушбу канални ҳар доим кузатиб борасизми, уни ким юритади ва Шу ҳақда  ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Албатта,  мухлисларим томонидан ташкилт этилган. Бу каналга ўзим ҳам керакли нарсаларни жойлаб тураман. Канални юритадиган укаларимиз бор, яъни у ишончли қўлларда. Мухлисларимиз ҳам  бор. Каналимизга икки-уч нафар киши бириктириб қўйилган.

- Абдували, санъаткорлар  машҳурликни бир хилда  ушлаб қолиш учун нима қилиши керак, деб ўйлайсиз ва санъат оламида кимларни рейтенги бир хилда кетаётган санъаткорлар  деб ҳисблайсиз?

- Рейтенгни бир хил ушлаб туриш жудаям қийин аслида. Менимча, ижодини ҳар доим  бир хилда ушлаб тура оладиган санъаткорнинг ўзи йўқ.  Агар кузатган бўлсангиз ҳар қандай санъаткорнинг ҳам ижодида бир кўтарилиш ва бир тушиш ҳолатлари бўлади. Ижодда паст ва баланд чўққилар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади.  Катта-катта санъаткорларимизнинг ижодини ҳам кўп кузатганман. Масалан, уларнинг ижоди давомида  орада қанақадир узулишлар бўлади. Ёш жиҳатдан айниқса. Ёшлик , ўрта ёшлилик  ёки кексалик даври. Баъзи санъаткорлар бир марта машҳурлик чўққисига чиқиб, сўнг анча пайтгача кўринмай қолишади ва иккинчи нафас очилиб, яна ижод оламига қайтиб, олдингиданда ёрқинроқ ижод қила бошлашади. Шундай пайтларда орадаги танаффусларни мухлислар унитиб юборишади ва санъаткорнинг ижоди бир зайлда кетяпти, деб ўйлайди. Лекин буни санъаткорнинг ўзи яхши билади.

- Санъат оламидаги нималар сизни ранжитади ва қувонтиради?

- Қувонтирадиган нарсалар чиройли қўшиқ ва мусиқалар, албатта. Кейин мухлисларнинг кайфияти. Айниқса, концер бераётганда уларнинг эътибори ва чақнаб турган кўзларини кўриб, қувониб кетасан киши . Кейин ижодимиз ҳақида илиқ гаплар эшитиш ҳам қувонтирадиган ҳолатлардан бири.  Буни сўз билан ифодалаш қийин. Ранжитадиган ҳолатлар эса баъзи бир  ҳаваскор санъаткорлар  санъат ва санъаткорнинг обрўсини тушириб қўйди. Санъаткорлар эл орасида ҳурмати қолмаяпти.Бунлдан 10 йил олдин одамларнинг санъаткорларга ҳурмати ва эътибори бошқача эди. Кейинги пайтда ҳар хил бўлар-бўлмас қўшиқларнинг кўпайиб кетиши санъаткорларга бўлган ҳурмат ва эътиборни  анча сусайтирди. Шуям қўшиқми, дейдиган ашулалар кўпайиб кетди. Мухлислар учун санъаткор деган ном жуда бир оддий нарсага айланди. Мана шулар мени жуда ранжитади. Ростини айтсам, ижодимнинг сусайишига ҳам мана шу ҳолатлар салбий таъсир кўрсатди. Бир мунча вақт санъатдан кўнглим совигандек бўлди.  Санъаткор ҳам кўпайиб кетди, шуям қўшиқчими, деган гап-сўзларни эшитсам дилим ранжийди,албатта.

- “Инстаграм” тармоғида ўзи ҳақидаги бўлар-бўлмас видеоларни  ва хабарларни жойлаштирадиган санъаткорларга муносабатингиз қандай?

- Бу ҳақда телевидение ва радио орқали берган интервьюларимда жудаям кўп гапирганман. Муносабатим салбий албатта. “Мен ҳозир мана бунақа овқат ейяпман”, “Бунақа жойда ўтирибман” ёки “Ҳозир самолёт билан фалон жойга учиб кетяман”, “Концертга кетяпман” каби изоҳлар билан суратларини инстаграмда кўз-кўз қилиш бу санъаткор учун ортиқча нарсалар. Санъаткор фақат ижодини намойиш қилиши керак. Шахсий ҳаётини ёки айни пайтда нима еб, нима ичаётганини  мухлисларига намойиш қилиш бачканаликдан бошқа нарса эмас. “Инстаграм” тармоғидан мен фотоальбом сифатида фойдаланиш керак деб ўйлайман.  Яъни тарихий воқеаларни муҳрлаб қўйиш учун. Масалан, санъаткор концерт-тадбирлардаги ҳолатини ёки интервью бераётган пайтини суратга олиб, ушбу тармоққа жойлаши мумкин, деб ўйлайман. Яъни  ўзининг ижодини фотоальбом  тарзида  мухлисларга намойиш этиши ва ҳисобот бериши  учун. Масалан,“мана бугун интервью беришга келдим”, деб журналист билан тушган суратини “Инстаграм”га  жойласа бу бошқа гап. Лекин “Мен бугун йўлдаман, чўлдаман, пайшанба куни уйдаман” каби бачкана гаплар ёки қилиқларни намойиш қилиш санъаткор учун уят.

- Санъатда анча йўлни босиб ўтган санъаткор сифатида  ана шундай санъаткорларга бу борада танбеҳлар берганмисиз?

- Гапириш жоиз бўлса, ўрни келса ва ўша танбеҳ берадиган одамингиз  бунга арзиса, албатта, танбеҳ эмасу,маслаҳатимизни беоамиз. Лекин ҳамма ёш санъаткорларга танбеҳ ва насиҳат беришга ваколатлиман, деб ўйламайман. Кейин бу кимгадир ёқади, кимгадир ёқмаслиги мумкин.

- Сизни ўз бизнесига эгабўлган  санъаткрлардан дейишади. Сир бўлмаса қандай бизнес билан шуғулланасиз? Бир мунча вақт санъат оламида кўринмай қолишингизга ана шу бизнес сабаб бўлганми?

- Аввало, санъат оламида бутунлай кўринмай кетганимиз йўқ, ҳар доим халқ назарида бўлиб турдик, деб ўйлайман. Тўғри, ўзимнинг тадбиркорлигим бор. Буни бекитишнинг ҳожати йўқ. Чунки кўпчилик кўришган ва билишади ҳам. Тадбиркорлик  ҳам анча вақт ва диққат-эътиборни талаб қилади. Тўғрисини айтсам, бу ҳолат қайсидир томондан ижодимга таъсир қилади,албатта. Яъни вақт масаласида. Тадбиркорлик билан овора бўлиб, энг кўп вақтимни ижодга бағишлай олмаган пайтларим бўлган. 

- Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз. Нечта фарзандингиз бор ва улар орасида санъатга қизиқадиганлари борми?

- Икки нафар ўғлим бор ва улар ҳали анча ёш. Катта ўғлим Асадбек энди ўн ёшга тўлди. Кичик ўғлим Отабек шу йили мактабга чиқади. Уларнинг санъатга қизиқиш ёки қизиқмаслиги ҳали аниқ эмас. Ҳозирча иккаласи ҳам футболга қизиқишади.

Қисқа саволларга қисқа жавоблар:

- Исмингизни маъносини биласизми?
- Албатта. Исмим Роббининг қули, деган маънони билдиради.
- Тонгда уйғониш сиз учун осонми?
- Олдин қийин эди, ҳозир анча осон.
- Қандай пайтда ва қандай давраларда қўшиқ куйлагингиз келмайди?
- Агар хизмат юзасидан бўлса хоҳлайманми-йўқми куйлашга мажбурман. Лекин бирор жойда ўтирганда қўшиқ куйлаб бер, дейишса ёқмайди ва ҳеч қачон бунга рози бўлмайман Чунки бундай пайтда дам олаётган ёки қўшиқ куйлагим келмаётган бўлади.
- Сизни энг кўп жаҳлингизни чиқарадиган нарса нима?
- Жаҳлим тез чиқади ўзи. Лекин ўзимга тегишли бўлмаган нарсаларга жаҳлим чиқмайди.
- Қайси одатингиздан халос бўлишни истардингиз?
- Тез жаҳлим чиқишидан.
- Телефон қўнғироқларига жавоб беролмасангиз кейин қайтиб қўнғироқ қиласизми?
- Агар у танишим бўлса. Нотаниш рақам бўлса йўқ. Чунки ҳар хил инсон бор.

 Хурсанд ёки хафа бўлган пайтларингиз қандай қўшиқни хиргойи қиласиз?

- Ҳолатга қараб. Хафа бўлганимда маҳзун, хурсанд бўлганимда шўх қўшиқларни албатта.
- Буюртма қўшиқлар ҳам яратсизми? Масалан,  туғилган кун. Ва бошқа маросимларга.
- Ҳа, яратиб турамиз. Шундай қўшиқлардан бири албомимиздан ҳам жой олган. Номи “Қизалоқ”.
- Куннинг қайси қисмини ёқтирасиз? Тонг, туш ва тун...
- Менга эртанги кунинг ўзи ёқади. Шу кунда яшаётганимнинг ўзи бахт мен учун.
- Суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош Гулруҳ  Ёрматова.

2019 йил.

Манба: "Бекажон" газетаси










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот