БАХТЛИМИСИЗ, АЗИЗИМ?..


     Одатда икки киши бир жойда ўтириб қолса, мол-давлат, дунё матоҳларидан бошқа арзирли мавзу топилмайди суҳбат учун. Шукр, миннатдорчилик ифодаланган жумлаларни ҳар доим ҳам эшитавермаймиз. Синглим билан суҳбатларимиз ҳам шундай кечарди. Кўз-кўзга тушиб учрашганимиз дақиқамиздан синглим оилавий етишмовчиликлардан нолиб, “бошқалардай мазза қилиб” яшолмаётганидан нолигани нолиган эди. Ҳар қанча уринсам ҳам барибир синглимдаги тушкун кайфият ўрнини шукроналик ва қувончга тўлдирлмасдим.
     Бир куни унинг илтимоси билан бозорга тушдик. Йўлдан ўтаётганимизда катта тезликда келаётган машина бизни уриб юборди. Бир неча чақирим нарига бориб тушдик. Атроф шовқин-сурон бўлиб кетди. Ерда ҳуш беҳуш ётганимда синглимнинг “оёғим” дея инграгани узоқдан қулоғимга чалингандай бўлди. Шу бўйи касалхонада кўзимни очдим. Тиббий текширувлар менда бош мия чайқалиши ва оёқ суягим дарз кетгани, синглимда мия чайқалиши ва оёғи синганини аён қилди.
     Касалхонада ётган кунимиз синглимга қараб:
— Мен яна юриб кетаманми?- дея ўкинч билан сўрардим. Ўйга ботиб, менга таскин беришга уринаётган синглимга:- Биласанми, ҳозир худди ёш боладек чопқиллаб қийгиргим, дарахтларни қучоқлагим, ерга тўкилган баргларни ғижимлаб, “Шитир”лашига мафтун бўлгим келяпти,- дея йиғлардим...
Ҳа, шунақа. Касал бўлганимизда ҳаёт қадрини, яшаш завқини ҳис қилар эканмиз. Бетоб бўлиб бўлиб қолганимизда БАХТли бўлиш учун фақат соғликнинг ўзи етарли эканини мулоаза қиламиз. Ҳар куни шошилиб ишга борамиз. Шошилиб уйга қайтамиз. Кўча-кўйдаги гўзалликларни, кўз қувнатадиган маназараларни қўя турайлик, ҳатто ўз ҳовлимизда очилган атиргулни ҳам хотиржам, завқ билан ҳидламаймиз. Бахт деганда кўз олдимизга ҳашаматли уй, сўнгги русумдаги автомашина, бежирим, қимматбаҳо кийимлари тақинчоқларни тушунамиз. Бахт бизга майда ва жўн туюлган ҳолатлардалигини тафаккур қилмаймиз. Оёғимиз юраётгани, кўзимиз кўраётгани, бурнимиз ҳидлаётгани, қалбимиз ҳис қилаётгани, қорнимиз тўқлиги, устимизда бир хэмас, бир нечта кийимимиз борлиги, яқинларимиз, оиламиз, фарзандларимиз борлиги ва уларнинг соғ-саломатлигини ҳар доим ҳам бахт санайвермаймиз. Қаранг, бахтиёрман дейишга арзирли қанча нарсамиз бор экан. Шукрини тинмай адо этишга муносиб неъматларимиз саноқсиз экан. Сиз эса ношукрликда нолиш ва қачон бойиб кетиш ташвиши билан азиз умрингизни совуриб ўтяпсиз...
Эрталаб уйдан эртароқ чиққанимга ишга автобусда кета қолдим. Бекатдан чиқсам орқа ўриндиқда уч йигитча ўтирган экан. Менимча улар бирор олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун кетишаётганди. Чунки икки йигитнинг қўлида ҳужжатлар солинадиган жилд бор эди. Ўртадаги йигит менга жой бериш тараддудида бир қараб қўйди. Сўнг икки томонида хотиржам ўтириб, нималарнидир муҳокама қилиб кетаётган ўртоқларига қараб у ҳам ўрнидан қўзғалмади. Лекин хижолат бўлиб ўтиргани хатти-ҳаракатларидан билиниб турарди. Менга қайта-қайта қараб қўяр, кўзим тушганида уялиб кўзларини олиб қочарди. “Мени ёш деб ўйлаяпти” деган ўй кўнглимдан кечиб, телефонимга келган хабарларни ўқиб кетавердим. Гарчи кўзим телефонда бўлса-да, психологлигим учун эътиборим уларда эди. Автобус кейинги бекатда тўхтаганди, олтмиш ёшлар атрофидаги онахон чиқдилар. Йигитлар онахонга ҳам жой беришмади. Олдинроқда ўтирган аёл ўрнидан туриб, ёши улуғ аёлни жойига ўтирғизди. Кейинги бекатда йигитлар тушадиган экан, ўринларидан қўзғалиб тушиш ҳаракатини қилишаётган эди ўша ўртада ўтирган йигитга паст товушда “Виждонингиз қийналди а?” деб сўрадим. Йигит кўзларини ҳайрат билан очиб “Буни қаердан билдингиз?- деди.- Жуда қийналдим, хижолат чекдим..” дея узр сўради.
— Ўқишга топшираётган экансиз а?- дедим йигитга. Тасдиқ ишорасини берди. – Сиз тутган йўл мақсадларимизга эришишда тўсиқ бўлади. Ҳеч бир яхшилик изсиз кетмайди. Сизнинг менга ёки бояги онахонга жой беришингиз ҳам кичкина садақа эди. Бу билан сиз йўлингиздаги тўсиқ-ғовларни олиб ташлардингиз. Майли, виждонингиз қийналганининг ўзи ҳам сизга яхши сабоқ бўлибди. Бошқа бундай қилманг, сизга омад ёр бўлсин!..
У менга миннатдорчилик билдириб бекатида тушиб қолди, пушаймонлик ва хижолатчилик акс этган нигоҳлари маъюс эди.
Ёшларимизга айтмоқчи бўлганим, кимнидир ҳурмат қилиш ёки қилмаслик — сизнинг ишингиз. Сиз ўзингизни ҳурмат қилинг. Негаки, сизнинг хатти ҳаракатингиз, атрофдагиларга муносабатингиз тарбиянгиз қай даражада эканини билдиради. Одамлар болаларини кўриб ота-онасини ҳурмат қиладилар. Буни ҳеч қачон унутманг...

Психолог - Дилором Сагдуллаева