Она
Қишлоғимга борар йўлларни,
Чимлар босди, йўлим йўқолди.
Дуоларга очиқ қўлларни,
Бугун излаб кўзларим толди.
Онасизлик шунчалар машъум,
Кунларингда маъно қолмагай.
Еганингу, ютганинг заққум,
Кўзларингда қуёш кулмагай.
Онажоним – ҳаёт туморим,
Меҳр учун жонли риштамсиз,
Яхшиларга одил сарбоним,
Оқибатга оқил малҳамсиз.
Сизсизликка кўниколмадим,
Умрим гўё мазмунсиз тушдир,
Сиз экансиз менинг баҳорим.
Энди ҳаёт мангуга куздир.
Кўз ёшимни артади болам,
Найлай, кўкни тутади мотам.
Қалбим менинг қоронғу олам,
Онажоним, бўғзимда нолам.
Жаннатларга муносибимсиз,
Сиз ўзимнинг моҳитобимсиз.
Толейимдан ўргилай бугун,
Сизга фарзанд бўлганим учун.
Муаллиф: Феруза ОРИПОВА – «Саодат» журнали Бош муҳаррир ўринбосари.
Актриса, режиссёр ва сухандон – Насибахоним ИСМОИЛОВА ижросида ўқилди.