Қадим юрт бўлди вайрон
Шу лаҳзада, шу онда
Тебраниб турар жаҳон.
Қай бир юрт ўт ичида,
Қай бири бўлмиш вайрон.
Шу лаҳзада, шу онда
Қайдадир тошар уммон.
Қай тоғда гиёҳ унмас,
Кўксин куйдирар вулқон.
Шу лаҳзада, шу онда
Оналар бўзлар нолон.
Мажолсиз боласига
Тополмас бир бурда нон.
Шу лаҳзада, шу онда
Кимдир бемор, безабон.
Кимдир молу дунё, деб,
Элидан тонди осон.
Шу лаҳзада, шу онда
Ота йиғлар бағри қон,
Тош остида боласи
Қўлин ушлаб берар жон.
Шу лаҳзада, шу онда
Беватан қанча инсон,
Шўр қисматнинг пойида
Гўдаклар бўлди қурбон.
Шу лаҳзада, шу онда
Қадим юрт бўлди вайрон.
БУЮКСАН, СЕНГА ОСОН
НАЖОТ БЕРГИН, ХУДОЖОН!
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира.
Мусаввир - Сарвар ФАРМОНОВ.
7.02.2023 йил.