ОНАМНИНГ ГАПИ...


Кеча сим қоқмадинг, кунбўйи кутдим,
Қўлимдан тушмади телфон тунда ҳам.
Овозинг эшитсам, яхши ухлардим,
Оғриб қолмадингми, ўйладим болам?

Иш деб, жон куйдириб юрасан доим,
Заҳматлар чарчатиб қўймасин дейман.
Сақласин, ҳасаду қасддан Худойим,
Болам,тушимда ҳам ғамингни ейман.

Сени йўқлаб келди, кеча бир аёл,
Қизи шеър ёзармиш, мақтади, толдим.
Болалик пайтингга чорлади хаёл,
Шоир бўлганингни сезмай ҳам қолдим.

Ўкинган бўлсанг ҳам, энди ким билар,
Рўзғорим юкини бирга тортганим.
Ўйласам кўксимни чўғдек куйдирар
Суйган китобингни ўтга отганим.

Қачон, қаерларда шеър ёздинг, қизим,
Кимлардир юрибди қизини мақтаб.
Шоир қилдимикан, бешик бошида,
Ойнинг нурларида ўқилган китоб.

Орзуйинг нима деб, сўрамадим ҳам,
Сен моҳир тикувчи бўласан, дедим.
Мум тишлаб яшаган, шоирим болам,
Айтган сўзларимга кирасан, дердим.

Кеча кўп ўйладим, дуолар қилдим,
Кунора сим қоқсанг, нима бўларди?
Айтаман, эртага пенсам чиқар кун
Уканг телфонингга тўлаб қўяди...

   Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот