Ер келинчак баҳор фаслида


Мен тупроқни ҳидлайман

Отам меҳнат қилган далалар,
Тўрт фаслда чорлайди мени.
Чорлар, кекса тутнинг шохида,
Турганидек отамнинг тўни.
Отам айтган дуолар қолган,
Қир ёнида, қайнар булоқда.
Бир муқаддас ифорлар қолган,
 Товонини ўпган тупроқда,
Мен тупроқни ҳидлайман қониб,
Ва авайлаб кўзга суртаман.
Титраб кетар бутун вужудим,
Гул баргига юзим артаман.
Мен тупроқни силаб йиғлайман,
Хотирамда гуллар янтоқлар.
Юрагимга келиб туташган,
Отам ҳар кун  ўтган сўқмоқлар.
Мен тупроқни ҳидлайман қониб,
Соғинч билан қоламан якка.
Шивирлайман,чўчиб кетмасин,
Мусичалар қўнган юракка.
                                        
Она замин

Она замин муқаддасдир,
Оналардек муқаддас.
Оналардек беором у,
Ҳансираб олар нафас.

Бизлар унинг болалари,
Барчамизни боқар у.
Бир муштипар она каби,
Маҳзун, маъюс боқар у.

Она замин томирлари,
Туташган жонимизга.
Унинг меҳри сочилгандир,
Бўғдойзор, донимизга.

Она замин Яратгандан,
Бизлар учун иноят.
Шундай экан уруш нечун?
Нечун талош тожу-тахт.

Она замин ёлворади:
Урушни тўхтанг! Бас!
Она замин муқаддасдир,
Оналардек муқаддас.
***
Момо ер кўйлаги

Момо ерим момомнинг
Рўмолига ўхшайди.
Рўмолини тортқиламанг,
Унинг жони қақшайди.
Момо ерга бошим қўйсам,
Эркалайди, силайди.
Энг чиройли гуллар бериб
Омонликлар тилайди.
Момо ер  муҳаббатидан 
Гуллайди  кўклам чоғлар.
Унинг меҳри ҳимматидан,
 Яшнайди дала боғлар.
Момо ер саховатидан,
Гуллар шаҳар, қишлоқлар.
Момо ернинг томиридан,
Оқиб ётар булоқлар.
***
“Биз тупроқдан яралганмиз”-
Деб, айтарди кексалар.
Билганим шу – одам ердан,
Кўкка қараб юксалар.
Биз туғилдик ер юзида,
Яшадик бахтли, шодон.
Ерда қайғу ва ҳасрат
Бўлмагандек ҳеч қачон.
Ер устида меҳр кўрдик,
Ер устида топдик шон.
Сув келтирдик, боғ яратдик,
Яшнади ота макон.
Оталару, боболарни,
Бир-бир бердик тупроққа.
Уларнинг хотиралари,
Ўхшайди қўнғироққа.
То тирикмиз ер ҳақида,
Қўшиқ, достон, шеъримиз.
Бир кун ўтсак олтин каби,
Тупроқ борар еримиз.
***
Бу тупроқда

Бу тупроқда онам изи бор,
Бу тупроқда отам нафаси.
Бу тупроқда баҳор уйғонар,
Бу тупроқда олам ҳаваси.
 Бу тупроқнинг этакларидан,
Карвон ўтган қўнғироқ чалиб.
Бу тупроқнинг елкаларида,
Бобом ётган тўнини солиб.
Кўклам бунга қайтади қушлар,
Кўклам бунда гуллар олчалар.
Қиш фаслида аёз қамчилар,
Қордан тўшаб оппоқ парчалар.
Йироқ кетсам олис-олисда,
Тортиб турар муқаддас йўллар.
Мен бу ердан кета олмайман,
Оёғимга ўралган гуллар.
***
Ер келинчак баҳор фаслида

Баҳор қирга яшил тўн ёпди,
Тупроқ узра сочди чечаклар.
Ер ҳам кулди, умри узайди,
Лолаларга тўлди этаклар.
Ер уйғонди, қорлар эриди.
Ер елкасин силади шамол.
Кўклам фасли бамисоли ер--- 
Атир сипган нозанин аёл.
Хушбўй ҳидлар таралар ердан,
Ер гуллардан маржонлар тақди.
Чор атрофга ёйиб сепини,
Ер – қириқ кунлик келиндек боқди.
***
Ер – шоир, мусаввир

Кўкламда парланиб ётади тупроқ.
Ер нафас олмоқда, уйғонмоқда ер.
Ер қўшиқ айтади ҳаёт ҳақида,
Муҳаббат ҳақида  айтар ўтли шеър.
Ер – шоир, ёзгани севги ҳақида,
Ҳар сатри вафони этади тасвир.
Тоғларда, қирларда алвон лолалар,
Бу қандай каромат, бу қандайин сир?
Юракнинг қатига жойланар баҳор,
Нафармон рангларда этади таъсир.
Оламни безамиш илоҳий ранглар,
Ер – баҳор фаслида буюк мусаввир.
                                        
Зулфия МЎМИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот