ЯНГИ ЙИЛ ОСТОНАСИДА


Амирқул КАРИМ
ЯНГИ ЙИЛ ОСТОНАСИДА

Юрак ҳаприқади – кирар янги йил,
Бир йилга узайди умр карвони.
Туғилган ниятлар оҳорларидан
Кунжакка бекинар йиллар армони.

Бу армон ушалмай қолган орзулар,
Бошга қўнолмаган балки бахт қуши.
Лабга инолмаган инжа табассум,
Ўнгда кўрилмаган кўнгилнинг туши.

Висол умидада зериккан илинж,
Нигоҳ пайқамаган мислсиз ҳайрат,
Сабр адоғида қанотсиз бир эрк,
Ғалаба пойига етмаган ғайрат.

Онам дийдорига камроқ етганим,
Боламга берилмай қолган меҳрлар.
Бобомнинг юртида Ҳисор тоғида
Ваъдамга ишониб толган сеҳрлар.

Яна кўнглим мулки – камтар ижодим,
Уку ҳар йил кутган армон қариси.
Дилимга ташбеҳлар сочиб умидвор
Деҳқон каби кутган илҳом париси.

Қурбимни кутганча паришон бўлган,
Гоҳ ўзим совурган вақтим, имконим.
Савоб иш қилай деб чоғланган кўйи
Фаромуш айлаган азиз инсоним. 

Булар йўқотганим. Шукрки, топдим,
Ёр меҳри, дўстларнинг дийдорларини,
Юракни тўлғади, ғамлар, қувончлар,
Туйдим туйғуларнинг жўйборларини!

Кўзимни қувнатди қанча чиройлар,
Юртим сарҳадлари башх этди ғурур.
Савобли меҳнатда тўйиб ҳоридим,
Бу шавкат елкамда – бағишлар сурур!

Ушбу дам эртадан улуғ умидлар
Дилнинг косасида май каби тўлғин.
Қудрат бер, умримни гулдай безайин,
Севгимдан Ватанни айлайин гулгун.

Олдга етаклайди буюк халқимга
Илдизи вобаста мўъжаз тафаккур.
Илоҳим, барига шукур минг бора,
Ниятга восил қил, Сенга ташаккур!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот