УСТОЗЛАРИМ


Абдулла ОРИПОВ,
   Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ  шоири.
 
УСТОЗЛАРИМ

Менинг устозларим —
Аҳли шуаро,
Руҳимнинг оҳанги — суруридасиз.
Бирингиз китоблар бағридасиз жо,
Бирингиз Чиғатой ҳудудидасиз.

Неларни кўрдингиз?
Олдда нелар бор?
Менга очмадингиз дилларингизни.
Энди мен англадим, Сиз чору ночор
Ўтибсиз у шонли йўлларингизни...

Ҳасаду хусумат
Эзмасин нечоқ,
Сиз шеърдан олибсиз аламни доим.
Олис кечаларда айлабсиз чароқ
Куйиб кўмир бўлган қаламни доим.

Бахтиёр кунларни куйла, деган он,
Шиорлар битибсиз қонингиз билан.
Ўзи йўқ қўрғонга бўлибсиз қалқон,
Соддадил фидойи жонингиз билан.

Номард бу дунёнинг кирдикорлари
Яхшидир, ёмондир — ишингиздадир.
Армонлар, узрлар кетдилар бари,
Кетдингиз — дардингиз ичингиздадир.

Марҳум устозларим,
Раҳматли зотлар.
Энди сиз тинч ётинг маконингизда.
Ўкинманг маломат қилсалар агар,
Абадий бардош бор имконингизда.          

1991

МУАЛЛИМЛАРГА

 Нечоғ бахтиёрман, таъзимда шу тоб
Сизнинг шаънингизга битмоқдаман байт.
Не одам бўлардим, қўлимда китоб
Бирор ҳарф танимай турсайдим лоқайд.
Сиз-ку "Алифбо"дан "Қомус"гача то
Бари-барисини танитган устоз.
Илк бор Сиз кўрсатган дурахшон Зуҳро
Букун шеърим ичра ташбиҳдир мумтоз.
Сиз мўьжаз юракда ёқолган ёғду
Оқибат қуёшдек соча олур нур.
Буюклар ҳаққига қасамёд гап бу:
Сиздан бошланади асли Тафаккур.
Оламда кўп эрур муборак онлар,
Табаррук зотлар ҳам гарчанд кўп эрур.
Сизгадир илк раҳмат, азиз инсонлар,
Мунис муаллимлар, Сизга ташаккур.
   
ҚАЙСАР БОЛА
(Қизиқчилар бисотидан)

Бор экану йўқ экан,
Бир бола бўлган экан.
Ҳаммани сенсирашни
У одат қилган экан.
Отани ҳам сен дермиш,
Онани ҳам сен дермиш.
Бир кун муаллим унга
Шундай деб танбеҳ бермиш:
Сенсирайсан ҳаммани,
Шу жумладан мени ҳам.
Бундай хунук одатни
Ташлагин энди, укам.
Менинг бир маслаҳатим
Натижа берар балким.
Сиз дейман деб барчани
Юз марта ёзиб келгин.
Эртасига болакай
Вазифани бажармиш.
Айтганини юз эмас,
Икки юз бор қайтармиш.
Муаллим шод: "Мен сенга,
Ҳа, ишонган эдим-да".
Бола дермиш: "Сени бир
Хурсанд қилай дедим-да".
     
1994

*  *  *

Шоирга дедилар:  - Сиз бахтли инсон, 
Халқингиз ардоқлар,  ҳамма танийди. 
Шоир жавоб қилди:  - менда бир армон, 
Муаллим десалар мени, қанийди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот