Иқбол Мирзо шеърлари



Иқбол МИРЗО - Ўзбекистон халқ шоири. 

ТОПАРМАН

Сочлари денгизни топарман,
Оламда тенгсизни топарман.
Ўзимни йўқотсам, йўқотиб,
Бир куни мен сизни топарман.

Майсани қучади ёмғири,
Зуҳрони ўпади Тоҳири.
Мен сизга етарман охири,
Бир куни мен сизни топарман.

Фалакда юлдузлар топишгай,
Юракда кундузлар топишгай.
Интизор бу кўзлар топишгай,
Бир куни мен сизни топарман.

Тайиндир бир куни бормоғим,
Қошингиз силайди бармоғим.
Ҳилолни куйдириб ҳар оҳим,
Бир куни мен сизни топарман.

КЎРМАСАМ БЎЛМАС

Ғамгин юрак, ғамгусор юрак –
Бечорани хўрласанг бўлмас.
Сени бугун кўришим керак,
Сени бугун кўрмасам бўлмас.

Елкамга юк ташлади осмон,
Бу азоблар қўйгайми омон?!
Тушун, сени соғиндим ёмон,
Сени бугун кўрмасам бўлмас.

Балки қуёш кулар эртага,
Очилади гуллар эртага,
Нима бўлса, бўлар эртага,
Сени бугун кўрмасам бўлмас.

Узун кунлар бунчалар маҳзун,
Маҳзун кунлар бунчалар узун?
Мен эртага яшашим учун –
Сени бугун кўрмасам бўлмас.

ҚИЙИН БЎЛДИ

Муҳаббатим рад этдингиз,
Гарчи сўзлар майин бўлди,
Шу майин сўз оҳангида
Тақдиримиз тайин бўлди.

Сизга осон бўлди балки,
Аммо бизга қийин бўлди.
Бағрингиз тош экан, гарчи
Сўзларинги майин бўлди.

Сизни дея оромим йўқ,
Сизни дея уйқум йўқ.
Сизни дея қувончим йўқ,
Сизни дея кулгум йўқ.

Эр йигитга бу қайғудан
Қайғулироқ қайғу йўқ,
Кунларим тундайин бўлди,
Азобим кун сайин бўлди.

Бу дардимни айтолмайман
Бегонага, дўстга ҳам.
Э воҳ, баҳор ўтмай туриб,
Етиб келдик кузга ҳам.

Бу кунимни тиламасман
Душманга ҳам, сизга ҳам,
Кунларим тундайин бўлди,
Азобим кун сайин бўлди.

СЕВГИ

Йўғу боримга боис борлиқсан, севги,
Ягона ёрдан ёлғиз ёрлиқсан, севги.
Юрагимни тарс ёрган лаззатсан, лаззат
Онгимдаги абадий оғриқсан, севги.
Капалак чанг чалганда сочилган чангсан,
Чумоли торта келган тортиқсан, севги.
Момо Ҳаво тўймаган ҳавосан, ҳарир,
Одам Ато сўймаган жонлиқсан, севги.
Чўкаётиб тутганим хассан, мен учун –
Севгилимдан минг карра ортиқсан, севги.

ҚАЧОНДИР

Қачондир довдираб турган қулунлар,
Қуёшни илк бора кўрган қулунлар,
Туёғи чалмашиб турган қулунлар
Учқур саман бўпти аллақачонлар.

Қачондир ургандим унга бошларим,
Пойдевор бўлибди чўтир тошларим.
Кулайми-йиғлайми, азиз даштларим
Боғу чаман бўпти аллақачонлар.

Қачондир осмонни ағдарарди ҳам,
Димоғим ачишди, кўзга келди нам:
Мени елкасида кўтарган акам –
Қадди камон бўпти аллақачонлар.

Қачондир кўзида кўргандим юлдуз,
Юзи олма каби таранг ва қирмиз.
Менга рўмолчасин берган ўша қиз –
Ранги сомон бўпти аллақачонлар.

Қачондир бу ердан юзим буриб мен
Юрибман, юрибман, тинмай юрибман,
Олисда ҳолимни билмай юрибман –
Менга ёмон бўпти аллақачонлар!

ДАДАМ

Ойдай юрагимда доғим бор энди,
Кулфат ўзимники, таскин-далдам йўқ.
Узоқда ишонган боғим бор эди,
Суянган тоғим йўқ – энди дадам йўқ.

Ишим юришмайди, йўлим унмайди,
Дуо берадиган тоза одам йўқ.
Гугуртчўп синади, шамим ёнмайди,
Нури илоҳим йўқ – энди дадам йўқ.

Уйга кирсам ўксиб беради кўнглим,
Кўчада юзимда дарду алам йўқ.
Дада, деб чақирсам кулади ўғлим,
Ўғлим, паноҳим йўқ – энди дадам йўқ.

Ёнингизда менга жой йўқми? Келдим.
Ҳаммадан розиман ўч ва таънам йўқ.
Мен жуда олисни кўзлаган эдим,
Нетай, ҳамроҳим йўқ – энди дадам йўқ.

КЎНГЛИНГДА НИМА БОР

Тақдирга тан керак-ку, аммо,
Гоҳида ўзимга сиғмайман.
Кўнглимда бир тугун муаммо –
Кўнглингда нима бор – билмайман.

Биламан кипригинг ҳар бирин,
Чизаман кўзларинг тасвирин.
Вужудинг қўйнимда, асирим,
Кўнглингда нима бор – билмайман.

Биламан қайси ранг ёқишин,
Нигоҳинг айтади хоҳишинг.
Уйқумда танийман товушинг,
Кўнглингда нима бор – билмайман.

Биламан, лабингда болинг бор,
Зулфингда неча тор толанг бор.
Биламан, қаерда ҳолинг бор,
Кўнглингда нима бор – билмайман.

Дилдорим дейинми, дилбарим,
Беҳуда юракни тилганим.
Бир пулдир дунёни билганим –
Кўнглингда нима бор – билмайман.

АФСУСКИ

Нима қилдим койиб, тақдирдан нолиб,
Бу савдолар қондан ўтган, афсуски.
Дўстлар оҳанг тўла юрагим қолиб
Эшигимга қулоқ тутган, афсуски.

Афсуски, ҳалвога дўнмас ғўралар,
Тойчоққа йўл бермас қари йўрғалар.
Бедилнинг кўзларин кўрган қарғалар
Чорбоғимда тупроқ титган, афсуски.

Афсуски, тушмадим мен ҳам осмондан,
Яхшидан ёмонман, яхши ёмондан.
Жон деб кечиб кетар эдим-ку жондан
Онамнинг кутгани кутган, афсуски.

Афсуски, шаббода судраган хасман,
Куйим ўзимга тан, ўзим сармастман,
Кўчангиздан қайтиб куйлаб ўтмасман,
Азал менга шуни битган, афсуски.

Афсуски, шарҳи йўқ жимлигингизнинг,
Сиз ҳам ўйлармисиз кимлигингизни.
Биламан-ку маккор шумлигингизни –
Шайтон бел олишмай ютган, афсуски.

Афсуски, олдинда кўнгил йўқ, дил йўқ,
Карвон сўнгидаман гиёҳу гул йўқ.
Фожиам шундаки, орқага йўл йўқ,
Имкон қўлдан кетган... кетган... афсуски.

***

Бошинг эгиб, таъзим айла, шукрона айт,
Сени гулдек эркалаган чаман учун.
Осмонларда юрган бўлсанг, тупроққа қайт,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Кўзи қора, юраги оқ шу эл учун,
Тупроқ учун, шу юрт учун, чаман учун,
Улуғ инсон бошлаб берган шу йўл учун,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Элдан кетиб, эл бўлганни ким билади?
Дон ахтарган гўштхўрларга ем бўлади.
Дил қонаса, она тупроқ эм бўлади,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Қачонгача қорнинг ўйлаб ўтадирсан?
Қачонгача кўкдан чалпак кутадирсан?
Ахир, Ватан битта, сен ҳам биттадирсан,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Бунча бино қўйма заррин чопонларга,
Саратонда япроқ бўлгин деҳқонларга,
Суянгани таёқ бўлгин чўпонларга,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Ҳеч кимдан кам эмассан, кам бўлмагайсан,
Ерда қолсанг, офтоб бўлиб кулмагайсан.
Қачон белни маҳкам тортиб боғлагайсан?
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Шу сойлардан сувлар ургин юзингга сен,
Бир бор назар солгин босган изингга сен,
Шу саволни бериб кўргин ўзингга сен,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун? 

     Муаллиф ҳақида маълумот:  Иқболжон Мирзакаримович Мирзаалиев — Ўзбекистон халқ шоири.
    1967 йилнинг 1 май куни таваллуд топган, оилада олти нафар фарзанднинг бешинчиси (тўрт ўғил ва икки қиз). Отаси ўқитувчи бўлиб, болаларининг таълимига катта эътибор берган. Шеъриятга қизиқишни тоғаси, шоир Абдулла Ғулом уйғотган.
   Шеърлар ёзишни 7 ёшдан бошлайди ва маълум вақтдан сўнг маҳаллий газеталар ёш шоирнинг шеърларини чоп этишни бошлашади. У ўз шеърларида озодлик, севги ва табиатни тасвирлаган. Иқбол Мирзо таҳаллуси остида ижод қилган.
    1984 йил Фарғона давлат университетига ўқишга киради ва ўқиш йиллари 1985-1987 йиллар у Томскда ҳарбий хизматни ўтайди. 1989 йил ўқишни тамомлайди.
    1992 йил Тошкентга келади ва “Ўзбекистон табиати” газетасида журналист сифатида фаолиятини бошлаган, кейинроқ, “Ватан” ҳафталигига муҳаррир этиб тайинланган.
    1993 йил унинг илк шеърий тўплами “Юракнинг шакли”, 1994 йил “Кўнгил”, “Сени соғинаман”, 2000 йил “Мени эслайсанми”, 2002 йил “Танланган шеърлар”, 2004 йил “Қўшиқларим” ва “Сени бугун кўрмасам бўлмас”, 2008 йил “Сизни куйлайман” каби тўпламлари чоп этилган.
    1996 йил Ўзтелерадиокомпанияси директор ўринбосари лавозимини эгаллаган.
   Қилган меҳнатлари учун 1999 йил “Шуҳрат” медали билан тақдирланган, шу йили оммабоп тонгги теледастур “Ассалом Ўзбекистон”нинг бош муҳаррири бўлган.
    2006 йил Ёзувчилар уюшмаси раис ўринбосари этиб тайинланган.
    2005 йил Ўзбекистон халқ шоири бўлган.
    2010 йил Олий Мажлис сенатори этиб тайинланган.
    2012 йил Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамият иттифоқи бошқаруви раиси.
    2014 йил Мудофаа вазирлиги ҳарбий маслаҳати аъзоси.
    Ҳозирда "Жадид" газетаси муҳаррири вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
     "Нотиқлик санъати академияси" таълим муассасаси раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент - Раҳимбой Жуманиёз ижросида. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот