ҲАЁТ
Мунаввара УСМОНОВА
ҲАЁТ
Эй такаббур, кибру ҳаво,
Бу ҳолингга борми даво.
Қилолмадинг аҳддан жудо,
Сени заҳмат билан енгдим!
Одам боши тошдан қаттиқ,
Қанча андуҳ қилдинг тортиқ.
Не савдо бор бундан ортиқ,
Сени тоқат билан енгдим!
Гоҳи дард, гоҳ дармон бўлдим,
Кимга бахт ё армон бўлдим.
Гоҳ қалқон, гоҳ камон бўлдим,
Сени ибрат билан енгдим!
Ҳаёт, сенга тутиб елкам,
Бирда тўлдим, бирида кам,
Кўксимга ин солди ситам,
Сени ҳасрат билан енгдим!
Эгамнинг айтгани фармон,
Бир сабрман, бир нотавон.
Ҳаёт, сенга бўлсин армон,
Сени раҳмат билан енгдим!
Ўтиб борар оташ фаслим,
Муҳаббатга туташ фаслим,
Билмай ўтдим, недир аслим,
Сени меҳнат билан енгдим!
Ҳар недан дил бўлмас пайҳон,
Этолмайсан бағримни қон.
Ким кимни қилар имтиҳон,
Сени қисмат билан енгдим!