БАХТНИ ЧАҚИР...


   Зебо МИРЗО

БАХТНИ ЧАҚИР...

Бахтни чақир!
Етса нафасинг...
Етмаса ҳам чин дилдан чақир!
Бу дунёда фақат “ҳозир” бор,
Бу дунёда “лаҳза” бор... ахир!
Шу лаҳзани яшаб ўтмоқлик,
Бизга, ахир, насиба – ҳаёт!
Ё абадга айлантирамиз,
Ё мангуга қиламиз барбод!
Ким айтади зулмат деб,
хор деб,
Ким айтади ёруғ дунёни?
Еру Кўкни “Ишқ!” деб биларди –
Ким
Мажнундай севса Лайлони!
Яратганнинг яралмиши – у,
Фақат унга қарама қасддан!
Бир қатим нур,
Бир қатла қайғу,
Қизғон уни балои нафсдан!
Сен ўзингни асра ҳазардан
Ва оламни ўзингдан асра!
Арши Курси,
Лавҳул Маҳфузни
Топтагувчи изингдан асра!
Ўз ўқидан
чиқиб кетмасдан,
Шу Заминни ўз ҳолига қўй!
Интиҳога келиб етмасдан,
Янграб турсин
Ҳаёт деган куй!
Битмасидан уммонлар буткул,
Балиқларин
чиритмай заҳар,
Ўрмонзорлар бўлмасидан кул,
Жонворларин қийратмай башар!..
Осмон томи –
Улуғ тоғларнинг
Тортқиланмай дафиналари,
Кўк асраган жаннат боғларин
Тугаб битмай хазиналари,
Бир-бирин еб
Одамзот насли,
Бир-бирини қириб битмасдан
Ва қалб деган Илоҳий чашма
Нафс комида қуриб битмасдан...
Қутқар!
Ичингдаги Руҳингни,
Руҳ нимадир – ичингдаги Ҳур!
Қутқар!
Ичингдаги Нуҳингни,
Қутқаради ичингдаги Нур!..
Қара!
Қандай бу шодиёна;
Кўклам ял-ял кўйлагин кийди!
О,Табиат – раҳмдил Она!
Фарзандларин ғамини ейди!..
Тонг.
Шуълалар оқади оппоқ,
Паривашдай
ўтар дарахтлар...
Борлиқнинг бор рангларига боқ!
Сачраб кетар дунёга бахтлар!..
Наби ётган...
тошлар каби бўл,
Тангри билан
бўлгин хилватда...
Деразангдан эниб келар гул...
Қушлар билан келар...
албатта!..
Сен ўзингни енгганинг замон,
Енгилади
ҳар қандайин дард!
Дунё сенинг қўлингда ҳамон,
Дунёга сен
кераксан – Пок... Мард!
Қуёш кулиб чиқди кўксингдан,
Қўрқма!
Синдир – Зулмат қафасин!
Ишон!
Вақтни Абадиятга
Қайтаради Сенинг нафасинг!..
...Бахтни чақир!
Етса нафасинг...
Етмаса ҳам чин дилдан чақир!
Бу дунёда
фақат “Севги” бор,
Бу дунёда “лаҳза” бор...
ахир!..

2020 йил, 1 апрель. 
ОНАМГА

Оқ сочлари оппоқ тун унинг,
Умри ҳалол ишққа байроқдир.
Оҳ, юзлари дунёи дуннинг
Гўзалидан чиройлироқдир.

(Бўлолмадим ҳассасичалик),
Отам дардин кўтарган моҳим,
Ушоққина Онам кўнглига
Бир ҳовуч нур бергил, илоҳим!

Ўзи потраб чиққан чашмадай
Ёнингиздан оқдим-у, кетдим.
Ўзгаларга дарё тутдим-у,
Оҳ, Онам-а, Сизни унутдим.

Қалдирғочлар мендан яхшироқ,
Бахт тўкади ҳур қучоғига.
Мен ҳам унинг тирноғиман-у,
Арзимайман, лек тирноғига!

Исмалоқлар бўйини тараб,
Баҳор шошса юрган жойига,
Раббим, мени гул қилиб ярат,
Ҳеч бўлмаса, унинг пойига!..


Илоҳий севги сатрлари


Исминг - юрагимга урилган ханжар,
Суғуриб олсалар ўламан.
Мен сени шу қадар муҳаббат
ва азоб билан...
жим севаман!

Севаман...
Ўлимни севгандай
Ҳар лаҳза руҳимни пичоқлаб,
Мен мангу яшайман,
гўрда ҳам
Дилимда исмингни
қучоқлаб!..

***

СИЗНИ ЖОНДАН СЕВГАН ЭДИ У,
Севган эди ҳаддан ташқари.
Боқмадингиз бирор марта ҳам,
Қолиб кетди бахтлардан нари.

Қолиб кетди Тангри қўлида
Ва ҳеч кимга бермади қайтиб.
Зулматларнинг олис йўлида
Ўтди ойдин қўшиқлар айтиб…

Ёлғизликнинг маъюс қаърида
Аталганди у Сизга ахир.
Ўша Турна Аёл бағрида
Очиларди дунё кутган сир!

Бермадингиз унга бир имкон,
Ё бир назар, ё сокин сурур.
Ғоратларнинг комида бежон,
Мангуликка сўнди ўша Нур!

Аммо тағин тушларингизда
Излаяпсиз не учун, ё-ҳу!
…Чақирасиз энди бир умр,
Қайрилиб ҳам қарамайди У!..

***
Илоҳий бир севги билан
севилган ва...
Унутилган ғариб каби
мени суйгин.
Китобингнинг орасида сақлаб қўйган,
Бўтакўзнинг соғинчидай ёниқ, куйгун.
Атиргулнинг тушларига беркит мени,
Яшир мени,
Тополмасин токи ҳеч ким!
Вужудимда ёниб оққан сенинг қайғунг
Оғусидан қонлар ютай хаста, ичкин.
Севгин мени...
Оғриб севгин, оғриниб сев.
Қаҳр қилсам, тошлар отсам, кечирмайин,
То қояга парчинланган телбадайин
Ишқингни бир афсун каби пичирлайин...
Руҳим аччиқ ишққа ташна,
бир ханжарман –
Таҳликали, тўрт томони ўткир, кескир
Тиккалайин ҳаётингни икки бўлган,
Икки дунёнг эвазига берилган сир.
Бармоғингга
занжир урган қулф эмасман,
Мен – умрингга сиртмоқ солган халқадирман.
Сени шундай андуҳ билан унутаман,
Сенга шундай тўфон билан қалқадурман.
Мени соғин,
минг йил яша,
минг йил соғин.
Севгим қаттиқ,
қаттиқ ҳажру азобим ҳам.
Бетаскин кут,
беқадр кут, бир умр кут,
Мени сенга қайтармасин қодир Эгам!
Гарчанд сен деб кўз юммасдан ўтай,
гарчанд,
Юрагингга ҳеч ким мендек қайтолмасин!
Аммо, қасам шу кўнглимни
бир Худодан
Ўзга кимса меники деб айтолмасин!

2006 йил

***

ДЕРАЗАНИ ЧЕРТИБ...

Деразани чертиб ёмғирлар ўтди
Кечагина бизлар қолдирган издан.
Паришон боғларни туманлар ютди,
Севгилим, не кечди хаёлингиздан?

Ташлаб кетганида маъюс турналар,
Ичида йиғларкан ҳатто тоғлар ҳам.
Севгилим, нечундир бағрим тирналар,
Кўзингиз ногаҳон тортмадими нам?

Дарахт шохларига қўнади бир қуш,
Ёмғирлар тагида ивиб, жунжиккан.
Балки у мендирман, кўраётиб туш
Яна олислардан сизга кўз тиккан.

Бир гўзал ишқ эди бизнинг севгимиз,
Ёруғ лаҳзаларнинг овози тинди.
Қўшилиб келганда хазонлар сели,
Севгилим, ким билан йиғлайсиз энди?

Мен-ку, ўлиб бўлдим, шудир ишқ расми,
Аммо сиз ғамларга чидайсиз қандоқ?
Севгилим, севгилим, оғир эмасми
Бир гўзал севгини топиб, йўқотмоқ?

....Севгилим, ким билан йиғлайсиз энди?...

***

У МЕН КАБИ

У мен каби сенинг ҳақингда
Йиллар бўйи хаёл сурмайди.
Бир лаҳзалик дийдоринг тилаб,
Узоқ-узоқ тушлар кўрмайди!

Ойдай озиб, шамолдай дайди,
Юлдузларга айтмайди эртак.
У мен каби йиғлай олмайди,
Кечалари чинқирса юрак...

У мен каби уйғонмас тунда,
Чиқаролмай сени ўйидан,
Ёстиғининг остида сўлган
Ўша атиргуллар бўйидан!..

У мен каби кезмас телбаҳол,
Кўзларининг ёшини ичиб,
Вужудида уйғонса исён,
Тиғларни ё тошларни қучиб.

У мен каби соғинмас, чунки
У мен каби юз йил кутмаган.
Балки кутган ва лекин мендек,
Тағин ўзга қўлга тутмаган!

У мен каби бўлаолмайди,
Севганида – севгиси доғлиқ.
Бутун умр сендан айрилиб,
Бутун умр ёдингга боғлиқ.

У мен каби ўлаолмайди,
Тирик туриб вужуди – марҳум,
Яшай деса яшай билмайди,
Ҳаётидан айрилган маҳрум.
У мен каби таҳқирланмаган
Қаҳринг, заҳринг, азобинг билан
Лекин мендек тақдирланмаган
Миллион йиллик жавобинг билан!..
У сен учун балки ардоқли,
Ҳаётингнинг азиз шеваси.
Лек мен каби тақиқланмаган,
Кўнглим – Ишқнинг сирли меваси!
У мен каби Одам Атонинг
Севгиси-ла севилган эмас,
Чунки сен деб Қодир Худонинг
Жаннатидан қувилган эмас!..










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот