МЕНИНГ ЖОНИМ - МАРЖОНИМ
Шеър - кўнгилдан чиқиб, кўнгил сари ошиқади. Ижодкорнинг дил дардини тинглар экансиз, у энди сизнинг ҳам кечинмаларингизга, дардингизга айланади.
Мунира Рамазонованинг "МЕНИНГ ЖОНИМ - МАРЖОНИМ" номли китобида жамланган шеърларини ўқиб, ижодкорнинг шеърларида юракдан юракка кўчиб ўтадиган туйғуни туясиз. Қалби ёруғ шоира муҳаббатнинг хушнуд дамлари, ҳижрон аламлари, инсоннинг инсонга бўлган муносабатларини куйлайди. Унинг ҳаётга бўлган оташин меҳр-муҳаббати акс этган сатрлар мухлислар кўнглидан жой олади, деган умиддамиз.
Муаллиф ҳақида: Мунира РАМАЗОНОВА 1985 йил 10 октябрда Бухоро вилояти Когон шаҳарда туғилган. Ўрта мактабни битиргач, 2004-2008 йиллар ҳамда 2010-2012 йил МРДИнститутининг Санъатшунослик журналистика факультетининг магистратура босқичи таълимини олган. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тарихи музейида бошлиқ вазифасини бажаради. Ижод намуналари республиканинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Оила ва жамият”, “Гулистон”, “Гулхан” каби матбуот нашрларида чоп этилган. 2017 йил “Дориломон кунлар шукуҳи” номли китоби бадиий-публицистик мақолалар нашр этилган. Туркиянинг “Ўзбек адабиёти” журналидаги махсус нашрда шеърлари чоп этилган.
ОНАЖОНИМ
Соғинаман, сиздан йироқман,
Ёнаётир юрак фироқдан.
Онажоним, бедорман бу кун,
Ҳаёт учун мангу сўроқман.
Айбсиз дейсиз фарзандларингиз,
Ёш бола-да, дейсиз-да бизни.
Ғамингизни тўкмайсиз асло,
Билдирмайсиз ташвишингизни.
Сиз ўзингиз тилим, сўзимсиз,
Сиз ўзингиз меҳр кўзимсиз.
Бу дунёда сизсиз нетай мен,
Сиз ўзингиз менинг ўзимсиз.
Меҳрибоним, беғубор онам,
Ғамхўргинам, беозор онам.
Дили озор топган соғинчдан,
Йироқларда менга зор онам.
Истадингиз, инсон бўлдим мен,
Ватан учун қалқон бўлдим мен.
Курашяпман элим-юртим деб,
Шу Ватанга қурбон бўлгум мен.
ОТАЖОНИМИЗ
Фарзандлар йўлида қувониб, ғам еб,
Оёққа қўйдингиз гоҳо йиқилсак.
Сочингиз оқарди болаларим деб,
Ҳозирсиз, отам, деб сизни чақирсак.
Дегаймиз, биз учун умрингиз азиз,
Омон бўлинг, отажонимиз!
Нурли чеҳра билан яшайсиз дилда,
Бахтлимиз гоҳ ҳаёт хушнуд боққан кез.
Гар тупроқ бўлсак-да, сиз босган йўлда,
Демакки, бизнинг ҳам умримиз азиз.
Дегаймиз, биз учун умрингиз азиз,
Омон бўлинг, отажонимиз!
ВАТАН
Туғилдим шу азиз юртда,
Фидо унга тану жоним.
Ошиғингман, ошиғингман,
Эй гуландом, Ватанжоним!
Қирда қирмиз чиройинг бор,
Кўкда ёнган шамси анвор,
Ҳар гул айтар Ҳақдан ахбор,
Ҳақдан салом, Ватанжоним.
Тоғлар томон сафар қилдим,
Руҳимни музаффар қилдим.
Умримни сарбасар қилдим –
Хуш, саранжом, Ватанжоним.
Қаро қошинг, менгинг бўлсам,
Бўйинг бўлсам, энинг бўлсам,
Ўлганда ҳам сенинг бўлсам,
Ўлмам тамом, Ватанжоним!
ПОК СЕВГИ
Чирой очганида ранг-баранг гуллар,
Жамоли юракни мастона қилар.
Дунёда чин севги тантана қилар,
Чин севгига жоним фидо қилурман!
Ҳув баланд тоғлардан келур хуш садо,
Сеҳргар булбулми айлаган наво?
Қушларнинг чуғури тинмайди асло,
Мен севгига жоним фидо қилурман!
ҚАНДАЙ УНУТАМАН
Менинг қалбим ёнаётир, қуёшга бер,
Етим қолган умидимни бардошга бер,
Гарди кетсин, дунёларни кўз ёшга бер,
О, муҳаббат, сени қандай унутаман?!
Қароқларинг қутқусида қайғуларим,
Мунгли-мунгли куйлайди дил чолғуларим,
Эй, сиз менинг шабнамдайин туйғуларим,
О, муҳаббат, сени қандай унутаман?!
Пири комил, кечар бўлдим садойимдан,
Тоғлар қалқиб кетмасалар нидойимдан,
Бир нурли ишқ тилаб беринг Худойимдан...
О, муҳаббат, сени қандай унутаман?!
Фақат сенга сўзлайман дил ярасидан,
Одам излаб одамларнинг орасидан,
Нетай, кетгим келса тошлар орасидан,
О, муҳаббат, сени қандай унутаман?!
СЕВГИ ЎЗИ НИМА?
Севги ўзи нима,
Билмадим ҳамон.
Балки бу қувончдир,
Балки бу ҳижрон.
Нечун севдим сени,
Ақлим лол гоҳи.
Севгимга сабабми
Маъюс нигоҳинг.
Тунги лаҳзаларим
Бедор ўтарди.
Кўзларим йўлингда,
Интиқ кутардим.
Нечун ташлаб кетдинг,
Нечун алдадинг?
Жоним, сени севдим,
Фақат сен дардим...
* * *
Хотиранг қалбимда, ишон, мангудир,
Сенсиз шодликларим, мунгдир, қайғудир.
Охир айтар сўзим фақат сенгадир,
Унута олмасман сени ҳеч қачон.
Қор ёғса, юрагим энтикиб кетар,
Сен севган куйларни тинглайман, нетай.
Сени қўмсаб гўзал ҳаёт ҳам ўтар,
Унута олмасман сени ҳеч қачон.
Сендадир ўйларим, сенда хаёлим,
Орзую армонга қалбим тўлган лим.
О, фақат ўзимга аёндир ҳолим,
Унута олмасман сени ҳеч қачон.
Тақдир чархпалаги тинмай чарх урар,
Бетакрор юлдузлар тўхтамай юрар.
Танамда бу юрак, айт, қандай урар,
Унута олмасман сени ҳеч қачон.
Самога қарасам ёдимга тушар,
Илк бора севганим, куйиб-ёнганим,
Сокин хаёл суриб кўл соҳилида,
“Илк бора” куйини илк бор чалганим.
Ширин хотиралар вужудим чўлғаб,
Ушбу битикларни сенга атадим.
Сен ҳамон ҳаётсан, тириксан дея,
Оғриган юракни аста алдадим.
Унута олмасман сени ҳеч қачон.
ҲАМОН ЁДИМДАСИЗ
Бир йилки, яшадим севгингиз билан,
Қизиғи қолмади ўзга дунёнинг.
Ўзимни ҳар куни ўтга ташладим,
Сиз ҳам бир бор менинг ишқимда ёнинг.
Бир йилки, ҳар куни эслайман сизни,
Бу нотинч тириклик бунча беомон.
Бир йилки, сиз фақат хаёлимдасиз,
Бу хаёл кетади яна сиз томон.
Сездимки, қулайди пахса деворлар,
Тераклар бир-бирин топар бир йилда.
Сиздан менга фақат келди озорлар,
Барибир севаман сизни чин дилдан.
МЕН СИЗНИ ИЗЛАЙМАН
Мен сизни излайман, излайман ҳамон
Боғларни, тоғларни садо қучганда.
Аск-садо келади, кутгил, келурман
Нафис чучмомалар чирой очганда.
Мен сизни излайман, мурғак қалдирғоч
Илк бор само узра ёйганда қулоч,
Изладим боғларга солиб гулдирос,
Билмам қайлардасиз, келмайди овоз.
Кутарман, майлига, гулласин дарахт,
Умидим сўнмасин, руҳ олсин мадад,
Мен сизни излайман, қалбим ошнаси,
Ва бир кун учрашиб қолармиз, албат.
АЁЛ ҚАЛБИ
Аёл қалби гул каби нозик,
Банд-бандидан узмангиз ногоҳ,
Бироқ қалби уммондек чексиз,
Пок дил билан ташлангиз нигоҳ.
Олиб берманг дунё молини,
Сўранг аввал ҳол-аҳволини,
Меҳр ила муҳаббат беринг,
Фидо қилар сизга жонини.
Рўзғорим, деб авайланг уни,
Соғлом бўлса, бахт ҳам ўшадир,
Аёл нотинч, ғамларга ботса,
Бу уй, билинг, бахтсиз гўшадир.
Аёл сабру тоқат тимсоли,
Буюк қудрат яшар қалбида,
Лекин бардош беролмас асло
Хиёнатнинг кичик зарбига.