Ҳумоюн Акбарга табрик


   “Жадид” адабий, илмий-маърифий, ижтимоий газетаси бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари, шоир, таржимон, публицист, педагог - Ҳумоюн Акбарни таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз!
   Ҳумоюн Акбарга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодига улкан зафарлар тилаймиз!

Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.


   Маълумот: Ҳумоюн Акбар (Акбаров Ҳумоюн) 1964 йилнинг 31 Январь куни Андижон вилоятидаги Бўстон туманида туғилган. 1980-1985 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент давлат Миллий университети (аввалги ТошДУ), 1997-1998 йиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси Халқаро муносабатлар ва давлатлараро алоқалар факультетида таълим олган.       
   Меҳнат фаолиятини 1985 йили Бўз педагогика билим юртида она тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида бошлаб, кейинчалик Республика Таълим марказида услубчи, Халқ таълими вазири ёрдамчиси, Бўз туман халқ таълими бўлими мудири, Халқ таълими вазирлиги Маънавий-маърифий тарбия бошқармаси бошлиғи, Тошкент шаҳар ХТББ  бошлиқ  ўринбосари, шунингдек, “Тарбия” журнали бош муҳаррири, “Ер юзи” журнали бош муҳаррири, “Адиб” нашриёти бош муҳаррири, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири вазифаларида ишлаган. 
   Айни вақтда “Жадид” адабий, илмий-маърифий, ижтимоий газетаси бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишламоқда.
   2005 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. 
   Шоирнинг “Юракдаги рангин камалак” (1997), “Унутилган гул” (1998), “Дилхирож” (1999), “Кўнглим гули” (2005), “Ёшлик бекати” (2008), “Туйғулар рақси” (2010), “Интиҳосиз наволар” (2012), “Гулбонг” (2022) сингари ўндан ортиқ шеърий китоблари чоп этилган. 
   Ҳумоюн публицист сифатида юздан ортиқ мақола ва эсселар эълон қилган. “Қуёш ҳузурига йўл олган карвон” номли эсселар тўплами юртимиз бўйлаб саёҳат тарзида ёзилган. 
   Узоқ изланишлар натижасида ёш ижодкорлар учун “Сим-сим... Мутолаа сирлари” ҳамда “Ижод фалсафаси” тўпламларини тайёрлади. Мазкур китобларда жаҳон адабиётининг ўттиздан ортиқ намояндаларининг мутолаа санъати ва ижод сирлари ҳақидаги мақолалари жамланган. 
   Александр Пушкиннинг “Тумор”, Перси Биши Шеллининг “Ғарб шамоли”, Жеймс Жойснинг “Шеърлар”, Давид Самойловнинг “Тўлқин ва тош” шеърий китобларини, Антон Чеховнинг “Кучук етаклаган хоним” қисса ва ҳикоялар китоби, С. Гессен ҳамда Л. Модзалевскийнинг “Пушкин гурунглари” китоби, Виктор Шкловскийнинг “Лев Толстой” номли биографик романи, Юрий Нагибиннинг “Тиниқ кўллар” ўсмирлар учун қисса ва ҳикоялар тўплами Ҳумоюн таржимасида нашр этилди. Шунингдек, Ли Бо, Жон Мильтон, Артюр Рембо, Лев Толстой, Ҳерман Ҳессе, Редьярд Киплинг, Томас Элиот, Константин Бальмонт, Роберт Рождественский, Велимир Хлебников, Расул Ҳамзатов сингари жаҳон адабиёти намояндалари асарларини таржима қилган. 
   Ёзувчи сифатида кейинги йилларда қатор ҳикоялари марказий нашрларда эълон этилди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот