Менинг Мунаввара синглим


Менинг Мунаввара синглим
Эссе

      Нега мен  уни шу пайтгача кўрмаган, танимаган эканман? Ахир, уни биринчи бор кўрганимда чорак асрдан кўпроқ “Саодат” журналида ишлаб қўйган эдим. Хизмат вазифам юзасидан юртимизнинг, деярли,  барча шаҳару қишлоқларида бўлганман. Республикада довруқли аёлларнинг кўпини таниб суҳбатида бўлганман.  Наҳот,  шу ёшида фақат ўзи туғилиб ўсган Марҳаматдагина эмас, Ўзбекистонда анчагина машҳур бўлган бу аёлнинг исмини бирор марта эшитмаган бўлсам...
    Ҳолбуки, Мунаввархон  ҳали турмушга чиқиб, Усмонова фамилиясини олмасидан аввал ўша пайтларда “Ёш Ленинчи” деб аталадиган ёшлар газетасида чоп этилган долзарб мавзудаги мақоласи туфайли катта давраларнинг назарига тушган экан. “Диёнат  қани?” деб аталган бу мақоласида пахтазорлар устидан ғўза баргларини тўкиш учун самолётларнинг заҳарли дориларни сепиб ўтаётгани, бу оғулар шийпонларда тол беланчакларда улғаяётган гўдаклар ва далада пахта тераётган аёлларнинг жигар хасталигига чалинишига сабабчи бўлаётгани, ҳатто, бир сафар самолётнинг йўли адашиб, заҳарли дорилар тўппа-тўғри болакайларнинг юзига сочилгани ва чалқанча ётган гўдаккиналар нобуд бўлгани ҳақида сўз борар экан. (Бу фожиа юз берганига орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, ҳали ҳануз Мунаввархон ўша воқеалардан сўз очса, кўзларига ёш келади).  Бу ўз вақтида айтилган фикр, ўртага ташланган саволгина эмас, ўша замон учун катта жасорат ҳам эди. Шоиранинг бу сўздаги жасорати (Албатта, бошқа қилган яхши ишлари ҳам инобатга олинган бўлса керак) ўз даврининг нуфузли  мукофоти бўлган ёшлар мукофотига ҳам сазовор бўлган экан. Ҳозир ёшим катта бўлиб, одамлару дунё ишларини унча, мунча англаганимдан сўнг, ўйлайман. Ўша пайтда, яъни шўроларнинг қиличи қайралиб турган замонда бу тарзда  ўзига қарам бўлган халқ учун ҳимояга отланган  одамнинг боши балога қоларди. Балки, шоирани ана шу балолардан  муҳофаза қилиш учун ҳам зудлик билан Ёшлар мукофотини бериб юборишгандир. Юрагида ватан, халқ аталмиш азиз туйғулари амал курсисининг оёқлари остида эзилиб кетмаган, тирик яшаётган баъзи раҳбарлар ўзиникиларни асраш учун шундай йўл ҳам тутишган бир даврларда. Ҳикоя қилаётган воқеаларимдан бироз илгарилаб, ўрни келганида бир воқеани  ҳам айтиб ўтгим келяпти. Матбуотда чоп этилган мақола республика танловида ғолиб деб топилгач,  салмоқлигина пул мукофоти берилган экан. Мунаввархон бу пулни бир сўмини ҳам ишлатмай, Марҳамат туманида фаолият юритаётган «Меҳрибонлик уйи»нинг ҳисоб рақамига ўтказиб берган. Фақатгина ўтказиб берибгина қолмай, ўша ташкилотнинг ходимлари билан бирга дўконларга бориб, болаларнинг ҳаммаларига кийим-кечак, хоналарига керакли буюмлар ҳам олиб берган. Аслида, мен бу воқеаларни анча кейин эшитдим. Менга бу воқеани гапириб берган аёл ўша пайтда вилоятда масъул вазифада ишлаган экан:
– У вақтларда давлат қарамоғидаги етим болаларга ҳозиргидай эътибор йўқ эди. Яшайдиган хоналари ҳам ғарибгина бўларди. «Меҳрибонлик уйи» ходимлари   кўпинча ўз болаларининг эскирган кийимларини олиб келиб, тарбияланувчиларга кийдирар эди. Мунаввархон олиб келган либослари шундай кўз олдимда туради: оппоқ, юмшоқ. Ҳаммасининг ўз ўлчовлари. Болажонлар буларни кийишга кўзлари қиймай, бағрига босиб ўтиришган. Тарбиячилар: – Ҳеч ким олиб қўймайди, энди сизларники бу либослар, кийинглар, – дегачгина бир-бирларига қараб, ҳадиксирабгина кийишган...
   Эҳтимол, бугун саховат жамиятнинг яшаш тамойилларидан бирига айланган бугунги кун учун бу саховатлар бироз оддийроқ кўринар, аммо аҳолимизнинг ўзи ҳам ҳаминқадар кун кечираётган ўша даврлар учун бу оғизни тўлдириб айтишга арзийдиган сахийлик, инсонпарварлик намунаси эди.
    Илк танишувда мен бу нарсалардан мутлақо бехабар эдим. Ҳолбуки, у айнан мен фаолият олиб борган, бораётган соҳада – Марҳамат туманида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишига раҳбарлик қилган экан. Ҳатто, “Эй, қалдирғоч” деб номланган шеъри халқ оғзига тушган,  каттаю кичикнинг севимли хонандаси бўлиб улгурган Озодбек Назарбеков бу шеърни қўшиқ қилиб куйлаган ҳам экан. Мен эса “Саодат” журналининг адабиёт бўлимида ишлаб туриб ҳам шугина ёшида шунча ҳайратомуз ишлар қилган аёл “Соғинч манзили” деб номланган шеърий тўплами билан олдимга келса, танимабман. Ҳозир шу гапларни ёзяпману яна бутун вужудимни айбдорлик ҳисси чулғаб оляпти. Бу нописандлигимдан эмас, тўғриси. Ишга қаттиқ берилиб кетган пайтларимда буткул ўз дунёмда яшайман. Шундай ҳолатда эканман, шекилли, қуруққина қилиб:
–  Мен сизни эшитмаган эканман, – дебман. Кейинчалик у билан яқинлашиб кетганимиздан  сўнг, бундай тарзда қарши олганимдан роса уялдим. Аммо начора, поезд кетиб бўлган, унинг назарида одамларга бепарво бир киши сувратида чизилиб қолган эдим. Эртасидан Мунаввархон бизга ишга келди. Дастлаб бошқа хонада ўтириб иш бошлади. Мен янги ходимимизнинг хонани тартибга солиб, гултуваклардаги гулларнинг тупроғини янгилаб, қайта ўтқазиб юрганларига кўзим тушди. Аммо, айтганимдай, ўз хаёлларим оламида яшаётганим учун ортиқча эътибор қилмадим. Бунинг устига, айни ўша пайтлар ўғлим Нажот Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ўқиётган эди. Шартномасини тўлаш учун бир неча сариқ матбуот газеталарига ҳафтада биттадан ҳикоя тайёрлаб берардим. Улгуриш учун журнал, газета ишидан беш дақиқа вақтим ортсаям, қоғозга энгашардим. 
     Кимнингдир бир оғиз ортиқча гапи ҳам менга малол келарди. Кунлар ўтиб, нима учундир Ойдин опам Мунаввархонни менинг хонамга ўтказдилар. Бир-икки кун орасида бўлса керак, столга чиройли дастурхон ёзиб, оқ сочиқлар қўйиб, чой дамлаб, мени тушликка таклиф қилди. Аввал:
– Сиз бемалол таомланаверинг, мен жуда тез овқатланиб ишимга ўтираман, – деб  таклифини рад қилдим, аммо сал ўтмай ўзимга ўзим одамгарчиликдан чиқиб кетаётгандай бўлиб туюлдим ва ёнига ўтдим. Суҳбатлаша бошладик. Мунаввархон дилбар суҳбатдош эди. У ўзининг, бошқаларнинг бошидан кечирганларни қойиллатиб ҳикоя қилардики, мен ҳар бир дақиқасини тиллога тенг биладиган она унинг ҳикоялари дунёсига кириб кетдим. Кўп ўтмай мен бу  ҳикояларни эшитишга “касал” бўлиб қолдим. Тушлик пайти келишини онамнинг қўнғироғини кутгандай кутардим. Ўтиришимиз билан ҳангома бошланарди. Бу ҳикоялар билан бир тарафдан мен Мунаввархонга боғланиб борардим, уни, ўсган муҳити, ота-онаси, яқинлари билан таниша борардим, иккинчи тарафдан, унинг айтганлари менга янги бир ҳикоя учун туртки берарди. Чунки, ҳар ҳафтада тўрт ё бешта газетага ҳикоя ёзиш учун сюжетни қаердан ҳам топаверади одам... Мен эса ёзишга мажбур эдим, қўлимдан ёзишдан бошқа нарса келмасди. Қўшимча даромад топишнинг бошқа йўлини билмасдим. Ўрни келганида, мен унинг ҳикояларидан сюжет олишим унга бир неча бор муаммо туғдирганлигини ҳам айтиб ўта қолай. Бу воқеалар аслида анча кейин рўй берган, лекин бошқа ўрни бўладими, йўқми, буни билмадим. Мунаввархон “Саодат”нинг руҳига тушиб, ишга астойдил киришиб кетган пайтлар эди. Навбатдаги қаҳрамони билан суҳбатдан сўнг унинг ҳаётидаги фожиали бир нуқтани ичи ачишиб гапириб берди. Кимнингдир ҳаётидаги оғриқли воқеаларни Мунаввархон шундайича эшитиб, ёнидан ўтказиб юборолмасди. Анча пайтгача таъсирида юрарди. Шу сабабли ўша қаҳрамонининг ҳаётидаги оғриқли воқеаларга суҳбат давомида бир-икки бор қайтилган бўлса керак, ҳамхонамдан эшитганларим яхши бир ҳикояга айланиб, қўлимга қалам тутқазди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, сариқ матбуотга тегишли газеталарнинг бирида бу ҳикоя чоп этилди. Эртасига Мунаввархон ранжиганнамо овозда:
– Опа, фалончининг оиласи билан боғлиқ воқеани ҳикоянгизга киритиб юборганмидингиз? – деб сўради.
    Табиийки, тонмадим. Бунинг иложи ҳам йўқ эди.
– Менга ўша санъаткорнинг яқин бир дўсти қўнғироқ қилди. “Дўстим бу оилавий сирини ўзидан ҳам яшириб юрарди. Нима бўлибди-ю, сиз билан суҳбатда тили ечилиб кетиб, айтиб юборибди. Мен бу ҳикояни ёзган аёлни танийман, сиз билан бир хонада ўтиради, демак, сиз унга айтгансиз. Ҳали-ку, дўстим ўқимади, ўқиса, роса эзилади... деб менга бир дунё гап гапирди. Эшитганингизни дарров ёзмасангиз бўларкан... – деди Мунаввархон.
– Мен қаердан билай, ўқимайди, деб ўйлабман... Шундай деб ўйлаганимни айтдим ва ўз айбимни ювиш учун “Мен айтиб бермадим, ўша дўстингиз билан суҳбатлашаётганимизда (санъаткор таҳририятимизга келган,  улар суҳбатлашганда  мен ҳақиқатда ёнларидаги хонада ишлаб ўтиргандим. Аммо бирорта сўзини ҳам эшитмаганман) гапларингизни эшитиб қолиб, ҳикоя қилиб юборибди, дея қолинг, дедим.
– Мен ҳеч қачон ўзимнинг қилган ишимдан тонмайман. Айтибманми, демак, айтибман. Агар ўша санъаткор бир нарса деса, жавобини ҳам топиб бера оламан. Фақат бундан сўнг маслаҳатлашиб ёзсак бўларкан...
   Шундан сўнг ҳамхонам менга ҳикояга сюжет бўладиган воқеаларни гапираётиб, баъзиларига келганда:
– Опа, ёзиб юборманг, – дея кулиб қўярди. Бу воқеага алоқадор инсонлардан чўчиганидан эмас, уларнинг яраларига тегиб кетмаслик учун, яна ҳам тўғрироғи, баъзан  андишаси довюраклигидан ҳам кучли келгани учун эканлигини мен вақтлар ўтиб англадим.
    Ёзганларимда бир қадар тартиб бўлиши учун мен бу шоира синглим қандай гулзордан кўкариб чиққан райҳон (Атайлаб  гул демадим, чунки ўзи гулларнинг орасидан ҳам райҳонни жуда яхши кўради. Бунинг устига, райҳон – асл ўзбаки гул, Мунаввархоннинг табиатида ҳам асл ўзбекча фазилатлар етакчилик қилади. Боз устига, бош неварасининг ҳам исми – Райҳона) қайси гулзордан унганлигига диққат қаратмоқчиман. Битикларимнинг шу нуқтасида  азиз ўқувчиларимизга бир эслатмам бор: мен Мунаввархоннинг сулоласидаги барча ўтганлар ҳақида ёзишни мақсад қилмаганман. Қайсидир фазилати ёки қайсидир яхши иши шоиранинг шаклланишига қандайдир даражада туртки берган азиз аждодларини қисқа сатрларда эслаб ўтмоқчиман, холос. 

Тошпўлат ота

     Номлари сулола тарихига ҳурмат билан ёзилган бу инсон Мунаввархоннинг бобоси, яъни дадасининг отаси бўлади. У киши катта мулк эгаси бўлганлиги боис, шўролар даврида қатағон қилинган. Мол-мулклари мусодара қилинган бўлса-да, қандайдир тадбир туфайли (Бандаси бекорга бой-бадавлат бўлмайди. Тадбиркорлик унга давлат келтирувчи омиллардан бири) бир қанча мол-мулкини асраб қолган. Марғилонда истиқомат қилган пайтда бу шаҳарга яқин жойга баланд иморат қурдирган, қимматбаҳо жиҳозлар билан тўлатилган хоналарга хорижий гиламлар тўшалган экан. (Бу иморат аввалига болалар боғчаси, кейинроқ маҳалла аҳлининг ташаббуси билан масжидга айлантирилади. Пештоқига “Тошпўлатбой ота масжиди”, деб ёзиб қўйилади). 
    Ўша даврларда қатағон қилинганларни сургун қилинган жойида ҳам тинч қўйишмасди. Ҳадеб судра–судра қилиб бездираверганидан бўлса керак, Тошпўлатбой оиласини олиб, тунда  чеккароқ жой – Марҳамат қишлоғида қўним топади. Ўзи билан   озгина буғдой олиб кетишга эришган экан. Шу буғдойларини Марҳамат қирларига сочади   ва ёмғирнинг сувларида буғдой ҳам униб чиқади. 
– Тошпўлатбой марҳаматликларни очликдан асраб қолди, – деган гап юрган экан ўша пайтлари эл орасида. Замон сал осойиш топганида Тошпўлатбой қишлоқда яна уй-жой қурдириб, ҳовлиси ичига катта ҳовуз ковлатади. Унинг атрофига қора тол, қайрағоч дарахти кўчатларини қадаб, маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлайди. Мунаввархонда ҳам шу бобонинг қони бор-да, доим чорасизликдан чора излаб юради. Машаққатларга дуч келса-да, бўй бермайди. Асқад Мухтор домланинг «Бўронларда бордек ҳаловат» деган асари бор. Қаҳрамони қийинчиликлардан куч оладиган аёл. Синглимни шу қаҳрамонга ўхшатгим келади.

Чевар хола

       Бувиниса момо шоиранинг ота тарафдан бувиси бўлган. Улар фақат маҳалласидагина эмас, узоқ – яқинларда “Чевар хола” дея шуҳрат қозонган қўлигул ҳунарманд бўлган. Ҳеч ким бу чеварчалик атлас кўйлакларнинг гулини гулига мослаб тика олмас экан. Одатда, аксарият  тикувчилар тикилган либосдан ортиб қолган матони эгасига қайтармайди. Қийқимларини қуроққа ишлатади ёки бўлмаса ўхшаш матолар келиб қолса, безак сифатида фойдаланади. Бувиниса ая (Айни иши қизиган йилларда у « ая» бўлган, албатта) бировнинг бир парча матосига ҳам хиёнат қилмаган. Агар жуда зарур бўлиб қолса, эгасидан бориб розилигини олиб, ундан  кўрпа-тўшак ёки дастурхон яратиб, фақирликда қийналиб яшайдиган оилаларга туҳфа қилган. Улар сафари қаригач, ҳеч қачон ҳеч кимга ушлатмаган қадрдон қайчисини қолдирар экан:
– Невара қизларимдан бирортасига ҳунарим, албатта, ўтади. Бу қайчини унга беринглар, – дея васият қилган. Бу мерос қайчини қизлар, невара қизлардан бир нечтаси ишлатмоқчи бўлиб қўлига олиб кўрган. Лекин ҳеч бирининг қўли қовушмаган. Фақат Мунаввархонгина бу қайчидан фойдаланган. Ўқувчилигида-ёқ синфдош қизларига фартуклар тикиб берган. Талабалик пайтида оддий бўз матони қозонда қайнатиб, “персоль” кукуни билан қайта ишлашни ўрганган, замонавий урфдаги кўйлакларни тиккан. Турмушга узатилгач ҳам маҳалла қизларининг сепу сарпосини тикиб, “чевар келин” номи билан ҳурмат қозонган. Қайнона ва қайнисингилларига тикиб кийдирган либосларини ҳали ҳамон ҳавас билан гапирадиганлар бор. Ҳозир ҳам кимнинг эгнида ярашиқли либос кўрса, чизгисини “кўзларимга муҳрлаб олдим”, дея боладек қувониб гапиришини кўрганимда, қалам тутган қўлида қайчи ҳам борлигини ҳис этамиз. 

Шоиранинг тоғаси

    Абдумуталиб тоға Мунаввархоннинг оналари Зулфия аянинг акаси бўлган. Касби адабиёт муаллими бўлганлиги учун  хонадонларида каттагина кутубхоналари бор экан. Бўлажак шоира  мутолаага меҳри тушганидан бошлаб, тоғасиникига серқатнов бўлиб қолади. Тоғаси китобхон қизалоқ билан тез-тез суҳбатлашиб тураркан.Тоғаси жиянининг туйғунлиги, ўз тенгдошларидан анча баланд фикрлашидан жуда суюнар, кутубхонасини янгидан янги китоблар билан бойитишга ҳаракат қиларди. Мунаввархон суҳбатларимизнинг бирида раҳматли тоғасини эсларкан, шундай деган эди:
– Тоғам бир куни мендан “Мино қиз, китоб ўқимай қўйдингми?” – деб сўрадилар. Мен: “Кутубхонангиздаги барча китобларни ўқиб бўлдим”, – дедим. Тоғам жавондан китобларни олиб, турли бетларини очиб, менга қаҳрамонлар, воқеалар ҳақида савол бера бошлади. Жавоб бердим. Шунда тоғам:
– Ҳа, энди сенга бошқа китоблар олиб келиб беришим керак экан, – дедилар. Ва шундан сўнг менинг дунёмга “Бинафша атри”, “Чинор”, “Бўронларда бордек ҳаловат” каби ўз даврининг севиб ўқиладиган китоблари кириб кела бошлади.  Шоир бўлишим дадам раҳматликнинг орзуси эди. (Биз қуйида бу орзу билан боғлиқ воқеаларга тўхталамиз), лекин адабий дидимнинг шаклланишида тоғам раҳматлининг катта хизматлари бўлган экан. 

Абдуҳоким ота 

     Бу киши Мунаввархоннинг дадаси.  “Ота қизи” деган ибора бор халқда. Бу ибора ҳар тарафлама  Абдуҳоким ота билан унинг суюкли қизи орасидаги меҳрли муносабатга тўғри келади. Ота (балки, қатор ўғиллардан сўнг тилаб олинган қиз бўлгани учундир, балки, сувратида тоғанинг ўз волидасининг чизгилари кўпроқ бўлгани туфайлидир) шу қизалоғини ҳамма болалари орасида жуда яхши кўрган. Ва уни болалигида негадир “Клавдия” деб эркалатган.
–  Дадам нега мени шундай исм билан эркалашларини сабабини ҳануз билмайман.  Ҳар ҳолда дадамнинг шундай чақиришлари менга ёқарди, – деган эди Мунаввархон болалик хотираларини эслаганда. Кичкина Мино қиз фақат дадасининг эркаси бўлибгина қолмай, уйдаги кўз – қулоғи ҳам эди. У муҳаббат фаслидаги, ўсмир оламига кирган қатор акаларининг ҳар бир қадамини зийрак нигоҳда кузатар эди. Ота эртадан кечгача ишда, рўзғор тирикчилиги билан банд, она, табиийки, болалари у, бу иш қилиб қўйса, оила бошлиғига, имкон қадар, сездирмасликка ҳаракат қилади. Бу, биринчидан, болаларини аяшнинг бир йўли бўлса, иккинчидан, оила бошлиғини ортиқча ташвишга қўймаслик учун қилинган тадбир эди. Лекин ҳарна бўлса-да, қони қайноқ, чарсиллаб турган йигитчаларни кузатиб туриш керак. Донишманд ота яхши кўрган қизалоғи орқали шу назоратни ўйлаб топган бўлса ажабмас.
–  Бир кўзингиз акаларингизда бўлсин, – дея қизига айтганида, ўғиллари ҳам эшитади. Шу “топшириқ”нинг ўзи-ёқ йигитчаларни ҳушёр торттириши аниқ. Аслида, тарбиянинг бу усулини ҳам ўрганиб, оилада татбиқ қилса бўлади.
    Мунаввархоннинг дилида “Мен шоира бўламан” деган истак уйғонишидан аввал Абдуҳоким отанинг дилида “Қизим шоир бўлади” деган ёруғ бир ният уйғонгани ҳақ. Шунинг учун ота қизалоғини бўйи атиргулнинг бўйидай келадиган бўлган пайтида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилоят бўлими бошлиғининг олдига етаклаб боради. У киши  ўша пайтда вилоятнинг катта шоирларидан ҳисобланарди. Ота-бола раҳбар шоирнинг бўшашини анча кутиб ўтиради. Узоқ куттириб, эшигидан чиққан адибга ота:
– Қизим учун дуо қилинг, – дея энди гап бошлаши билан, у ўзининг мажлисга шошаётганини  айтиб, чиқиб кетади. Эртасига яна шу ҳол такрорланади. Ота энди бу гапга астойдил ранжийди.
–  Сиз хафа бўлманг. Мен сизни Марғилонга Жаҳон отин Увайсий яшаган уйига олиб бораман, – дейди. Ва кўп ўтмай Марҳаматдан Марғилонга қараб йўлга тушадилар. Бу табаррук хонадоннинг эшиги зиёратга келганлар учун ҳамиша очиқ эди. У пайтлари мумтоз адабиётимизга у қадар эътибор йўқ. Увайсий момонинг авлодларидан бўлган мезбон чорлови билан шоиранинг яшаб ўтган уйига кириб ўтириб, дуо қилишади. Мунаввархоннинг нигоҳи деворлардаги илгакка илинган шоиранинг либосларига тушади. Улар орасидаги фаранг рўмол  диққатини тортади. Зийрак ота бу нигоҳни дарров сезади ва мезбондан:
– Шу  табаррук рўмолни қизим бир бошига солса, майлими? – дея сўрайди. Рухсат бўлгач, ёпинади. 
– Шу пайтда бутун вужудимни ўзим ҳозиргача ҳеч қачон ҳис қилмаган бир ғалати туйғулар қуршаб олди, – дея эслайди ўша лаҳзаларни. Бошидан рўмолни олаётганида попуги зирагига илашиб қолади, қулоғи қонаб кетган қизалоғини бағрига босган ота, “Йиғламанг, олтиним, бунинг замирида ҳам бир ҳикмат бор”, дея кўз ёшини артади. 
    Балки, буларнинг ҳеч бири тасодиф эмасдир. Шу лаҳзаларда Мунаввархоннинг умрини тақдири илоҳий жафокаш шоирамизнинг, улуғ шоирамизнинг руҳи билан боғлагандир. Тирик шоир бермаган дуо Увайсий онамиздан келгандир... Чунки, ҳаёт сўқмоқлари жуда кўп нуқталарда шу беназир шоирамиз исми билан туташади. Марҳаматда ўзи яшаган кўча Увайсий номи билан аталади. Тошкентда ҳам бир неча йил Увайсий маҳалласида истиқомат қилишган. Айнан шу маҳаллада яшашаётган пайтларида маҳалла гузарида ташкил қилинган кутубхонага шахсий кутубхонасида йиғиб келаётган 1000 дона китобини совға қилади ва шу ерда мамлакатимиз Президенти билан учрашади ва юзма-юз суҳбатлашади. Мамлакат раҳбари ташаббуси билан Марғилондаги Жаҳон отин Увайсий уй музейига саёҳат уюштирилади. Тошкентдаги Увайсий маҳалласида яшаётган бир гуруҳ маҳалла фаоллари зиёратда кўп таассуротлар билан қайтади.
      Мунаввархоннинг кўнглида нурли ёднома бўлиб яшаётган бу хотираларнинг ҳаммаси унинг отаси Абдуҳоким отанинг жажжи қизчасини қутлуғ зиёратгоҳга бошлаб боришидан бошланган. Демак, бу ота бирорта давлат дорилфунунини битирмаган бўлса-да, ҳаётнинг жуда катта-катта мактабларининг сабоғини олган инсон.
    Фақат шоиралик тақдири эмас, таниш, нотаниш инсонларга беминнат яхшилик қилиш, фидойилик каби фазилатлар ҳам синглимизга отамиздан ўтгани ҳақ. Мисолларга ўтамиз. У пайтлари қишлоқда кимдир хасталанса, туман марказидаги касалхонага етиб бориши осон эмасди. Автоуловлар танқислиги, “Тез ёрдам” транспортлари йўқлиги боис, болалар ўлими кўп эди. Абдуҳоким ота оғилхона қозиғига боғланган сигирни сотиб, колхоз гаражида яроқсиз ётган эски “Победа” русумли  машинани сотиб олиб, таъмирлатади. Ва отанинг, умуман оиланинг пешона тери эвазига келган машина ўша ҳудуд учун “Тез ёрдам” вазифасини ўтай бошлайди. Мунаввархон ўзининг хотираларида: – Ота-онамизнинг ўғил фарзандларидан бири гўдак ёшида ҳовузга тушиб кетган. Шифокорлар йўл қийинчилиги сабаб ўз вақтида етиб келолмагани туфайли жигаримиз нобуд бўлган экан. Дадам шундан сўнг “Менинг дилбандим каби бошқалар завол кўрмасин”, деб шахсий машинасини “Тез ёрдам”га айлантирди” деб ёзган бўлса-да, бу отани фидойиликка ундаган ягона сабаб эмас. Агар  бу инсоннинг қалбида одамларга нисбатан катта ҳарфли шафқат бўлмаганида, томирларида қонига қўшилиб фидойилик оқмаганида, бу ҳайратомуз ишга қўл урмасди. Ота ўша пайтлари кечаси, ҳатто, этикларини ечмай ётар эканлар. “Кечаси кимгадир машина керак бўлса, этик кийишга ҳам вақт кетмасин”, деб.
     Отанинг орзулари рўёбга чиқди, Мунаввархон шеърлари билан танилди. Қизалоқлигида у отасига нечоғлик суянса, отасидан  куч олса, камолга етгач, Абдуҳоким ота шоир қизига шунчалик суянди. Биз Мунаввархон билан бир хонада ўтириб ишлардик. Ота қизини соғинса ёки хасталанса, арслондек акалар у кишини юпата олмасди. 
–  Опа, дадам сизни соғинибди, телефонда бир-икки оғиз гапириб юборинг, – дея укалари сим қоқарди. Мунаввархон:
– Дадо, дадо... – дея эркаланиб, яна бир – икки кундан сўнг етиб бораман, – дея юпатарди.
      Ота улуғ ёшга кириб вафот этган бўлса-да, унинг вафоти Мунаввархонга жуда қаттиқ таъсир қилган. То ҳануз Марҳаматга борганида, отанинг қабри пойида йиғлаб тўкилмагунча, қалбида йиғилган ҳасратларни айтиб олмагунча қайтмайди.

Зулфияхон ая

      Бугун тўқсон ёшни қоралаётган  бу онахон шоира синглимизнинг онаси.  Оналикни, рафиқаликни, кайвониликни – бир аёл имконидаги барча фидойиликларни адо этиб келаётган жоннисор она. Ҳали соғлом турмуш тарғиботи, деган гаплар эл ораламасидан бир неча йиллар аввал уйидаги бир этак фарзандларига алоҳида сочиқ, алоҳида чойшаб қилиб, ҳар бирининг чеккасида турли рангли ипакларда исмларини тикиб, белги қилиб қўйган ораста уй бекаси. Катта ҳовлида қайнона, қайноғаларнинг хизматини қилиб, бир этак боланинг парвариши билан “чарчадим” демай, қўлига хино, қошига ўсма қўйишни канда қилмаган. Зулфияхон ая чивиқдаккина жисми билан кунора тандир-тандир нон ёпади, шунча жонга ош-овқат... Ўғил болаларнинг кийимларини айтинг, биттаси ечинса, бир хирмон кир бўлади. Аёл дошқозонларда сув иситиб, тоғора, тоғора кир ювган... Сал кейинроқ йигитчаларнинг бирданига тўрттаси толиби илм бўлади. Ҳар шанба, якшанбада тиббиёт институтида ўқиётган йигитларнинг халат, қалпоқлари ҳам бу кир уюмига қўшилади. Беминнат хизматларининг таърифи бир достон бўлса, кўнгил олиш, кўнгил аяшларининг таърифи яна бир достон... Мунаввархон онаси билан боғлиқ болалигида бўлиб ўтган бир воқеани гапириб берган эди бир муносабат билан, ўрни келганида эслагим келди. Зулфияхон ая уй юмушларидан ортиб, далада ишлашга ҳам чиқар, шунчаки колхозчи эмас, илғорлардан экан. Айниқса, терим пайтида “мингчи”лардан саналиб, ҳар ўн кунликда қўйилган мукофотларга лойиқ кўрилар экан. Кўпинча онаси изидан далага бориб, икки қарич келадиган этакчасига пахта териб юрадиган Мунаввархон онасининг қўшни эгатда пахта тераётган дугонасининг териб, тўкиб қўйган пахтаси устига ўзининг тўла этагини ағдараётганини кўриб қолибди. Табиийки, зийрак Мунаввархон дарров:
– Буви, нега ўзингиз терган пахтани дугонангизнинг этагига тўкиб қўйдингиз? – деб сўрайди. – Ахир, энди пахтангиз оз бўлади-ку, атлас беришмайдими сизга?..
– Қизим, дугонам яқинда болқондай ўғлини тупроққа қўйди. Аввалроқ ҳам қизамиқдан икки фарзанди нобуд бўлганди. Дилбандлари доғида куйиб ётибди. Терган пахтаси кўпайиб, ўн кунликда хонатлас олса, сал кўнгли кўтариларди, ёниб ётган юрагига бир ҳовуч сув сепилармиди, дейман-да... Зулфияхон ая шу гапларни айтиб тағин қўшиб қўяр экан: – Ўзинг ақллисан-ку, бу ҳақда гапириб юрма, ўзи билмайди, билмасин ҳам...
    Бувимнинг шу гапларидан сўнг укамнинг беланчагини тебратиб ўтиришдан зерикиб, далага чопган пайтларимда терган пахталаримни мен ҳам бувимнинг ўша дугонасининг этагига киши билмас тўкиб қўядиган бўлдим...
    Мен синглимдан бу ҳикояни эшитганимда кўзимга ёш келган.     
    Қайси китобда ёзилган, кимлар ёзган бу олтин ҳарфларда битса бўладиган одамийлик қоидаларини... қандай ўқиб, ўзлаштирган бизнинг доно олтинбибиларимиз...Қойил қолмай иложинг йўқ. 
      Шу доноликлар аро ўсиб, улғайгани, ўша булоқлардан сув ичгани учун бўлса керак, Мунаввархонда ҳам кимнингдир  ярим кўнглини бутун қилиш истаги жуда-жуда кучли. Боз устига, жуда зийрак. Унча, мунча одам илғамаган нозик нарсаларга ҳам тез кўзи тушади, тез фаҳмлайди ва жуда тез хулоса қилиб, тўғри йўлни танлайди.  Шоира синглимнинг сабр билан сайқалланган, ўқиш, ўрганиш билан юксалган, заҳмат билан тобланган бугунги камолотида келин бўлиб тушган оиласи аъзоларининг, хусусан турмуш ўртоғи – Тўлқинжоннинг ҳам қандайдир даражада ҳиссалари бор. Фақат  мен бу битикларимда  синглимнинг кўпроқ “Саодат”даги даври ҳақида, ўзим кўзим билан кўрганларим ҳақида ёзишни ният қилганман. Шунинг учун азиз ўқувчиларимизга Мунаввархоннинг “ Бир куни” асари (Бу асарда муаллиф ўзининг дунёқарашига таъсир қилган воқеаларга батафсил тўхталади)ни ўқишни тавсия қиламан-да, эссемиз қаҳрамонининг ўзим билан танишиб, дўстлашган даврларидан бу ёғидаги воқеаларга кўпроқ урғу бераман. Зарурат туғилгандагина, йўл-йўлакай шоиранинг олдинги  ҳаётидан нималардир ҳикоямизга қўшилиши мумкин. 

Синовларда тобланган дўстлик

     “Саодат” журналида битта хонада ўтириб, эту тирноқдек яқин бўлиб кетдик. Мен Мунаввархон ҳақида гап кетганида, ўша кунларда битта таъриф айтар эдим: “Бировга бекордан бекорга тегмайди ҳам, ўзига тегдирмайди ҳам”. Дарҳақиқат, жамоа аъзоларининг ҳам, таҳририятга келиб, кетувчиларнинг ҳам – ҳаммасининг ҳурматини жойига қўярди. Ўзаро суҳбатларда қувноқ, суҳбати жонон аёл каби таассурот қолдирарди. Таҳририятимизга танишми, нотанишми меҳмон келса, қанақа зарур иши бўлса-да, келган жойида тўхтатиб, чой дамларди. Келгувчига бир пиёла чой тутарди. Аммо унинг  одамгарчилиги маълум чегарагача. Ўзигами, бошқагами қилинган ноҳақликни сезган заҳоти ҳавоси ўзгарарди... 
    Бир-икки воқеалар сабаб “Саодат”дан кетди. Шунча йўлига кўндаланг бўлдим, кўнмади. Аммо гина сақламайди. Ўзи айтганидек, арази уч кун. Кейин ўзини тафтиш қилишга тушиб, худойимнинг  кечиримлиларни хуш кўриши эсига келади-да, айнан дилини ранжитган инсон билан борди-келдини давом эттираверади.  Унинг бир шеърида шундай сатрлар бор: 

Энди илий бошлади кўнглим,
Биллур тусга  кирди қалб  гўё.
Мендан минг йил нарида ўлим,
Борлигим чин, бошқаси рўё.

Бўлмасайди дарду ғам, бало,  
Мискину шод яшасам қани.
Кўрсатмасдим ҳеч кимга, асло,
Қалб тубига чўккан лойқани.

   Эҳтимол, бу ўтгуликлар қалби тубига чўккандир... Ёзувчилар уюшмасида иш бошлаган пайтларида ҳам “Саодат” билан қалбан бирга эканини ҳис этдик.
   Ойдин Ҳожиеванинг етмиш йиллик юбилейларини нишонлаш пайтларида  уюшма вакили сифатида Мунаввархон роса жонбозлик кўрсатди. Айниқса, Навоий вилоятида ўтадиган асосий тантаналарнинг баланд даражада ўтиши учун астойдил ҳаракат қилди. Бу тантаналар вилоятда “Умид ниҳоллари “ фестивалининг ўтадиган кунларига тўғри келиб қолгани учун раҳбарларнинг кўпи ҳукумат назарида турган бу фестиваль ишига жалб қилинган, меҳмонхоналар ва санъаткорлар банд пайти экан. Аммо Мунаввархон ўз имкониятларини ишга солиб,  тантаналарни опанинг кўнгли тўладиган даражада ўтказишга эришди, десак бўлаверади. Шоира туғилиб ўсган “Қизилтепа” тумани санъат саройида бўлиб ўтадиган анжуман олдидан жараённи назорат қилиш мақсадида тонгда йўлга тушди. Биз саройга етиб борганимизда ҳамма нарса тахт, саҳнага қўйилган атиргуллар ифори кўнгилларни яшнатиб юборди. Мунаввархон ёнимга келганда қўлининг бир-икки жойи тилиниб, қон сизиб турганини кўриб хавотирландим: “Боғлаб олай десам ҳамманинг кўзи тушади, бошқалар билмасин, опа. Майдон тўла турли атиргуллар очилиб ётибди, саҳнага беш-олтита шар илиб қўйишибди, холос.  
     Нега гул қўймадингиз десам, ҳокимлик гулга пул ажратгани йўқ, дейди бир ходим. Қайчи топиб келиб, турли гуллардан кесиб, саҳнадаги сунъий гуллар ўрнига қадаб чиқдим. Чиройли бўлибдими, – дейди жилмайиб. Мен синглимнинг яна бир жиҳатини кашф қилдим. Ижодий учрашувлар якунланган куни вилоят ҳокими Ойдин опамни табриклагани келди. Вақти ниҳоятда тиғизлиги сезилиб турарди. Аммо ўша тиғиз вақт оралиғида Мунаввархон ҳокимга:
– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Навоий вилояти раҳбари, шоир Баҳриддиннинг вилоят марказига жуда узоқдан қийналиб қатнаши, шаҳардан уй олай деса, аёлванд эканлиги, иложи йўқлигини айтиб, уй олишга ёрдам беришини сўради. Нафосат исмли ногирон ижодкор қизнинг юраги хаста эканини, даво топиши учун операция зарурлигини ҳам айтишга улгурди. Баъзилар қилган яхшиликларини қаерга борса, айтиб, достон қилиб юради ё бўлмаса қилган яхшилиги эвазига ҳамиша тама қилади. Мунаввархон “Яхшилик қилу дарёга ташла, билса балиқ билар, билмаса,холиқ” тарзида яшайдиганлардан. Ўша кунда ҳоким бувадан сўраганлари ижобий ҳал бўлганини ҳам кейинроқ билдик.
–  Ўрни келганда айтиб ўтишим керак.  Менинг ҳам қалбимда оғир жароҳат қолдирган кунлар бўлган. Бу изтиробли кунларда  ёнимда бўлди. Таниш, қадрдон, ҳамкасб сингари куймади, туғишган сингил опасига куйгани каби куйди. Қўлидан келган ёрдамни аямади. Ўзи учун ҳеч қачон ёнига ҳам бормаган эшикларга менинг мушкулим осон бўлиши учун бош урди. Уддалади ҳам. Мен бошимга шундай оғир савдолар тушганида унинг сингил қатори ёнимда маҳкам турганлиги учун ҳамиша миннатдорман. Доим ўз давраларимизда:
– Агар (Ҳозирча бундай ҳолат рўй бермади-ю) бирон сабаб билан Мунаввархон менга маъқул бўлмаган иш қилсаям мен ундан ранжимайман. Ундан ранжиган юрагимни юлиб отаман, деб юраман ва бу шунчаки айтиш эмас, қасамга тенг гап.
     Шу қийинчиликлар ичида яшаб юрганимизда “Саодат” журналида ҳам анча ўзгаришлар бўлган эди. Ойдин опам 2014 йил ниҳоясида ўн саккиз йиллик иш фаолиятидан сўнг нафақага чиқди. Кейинги бир йил давомида журнални бош муҳарриримизга  кўп йиллар ўринбосарлик қилган Маҳмуда Саъдуллаева бошқарди. 2015 йилда болаларнинг нашри бўлган “Тонг юлдузи”да бош муҳаррир бўлган Ферузахон Жалилова раҳбарлик учун танланди. Боладай беғубор қалби бор, яхши дўст, яхши аёл бўлган Ферузахон “Саодат”га 2018 йил май ойигача бош бўлди. Тақдир, насиба экан, шу йили май ойида матбуотнинг бошида турганлар “Саодат”да ўзгариш бўлишини ҳоҳлашди, назаримда, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида масъул лавозимда фаолият олиб бораётган Мунаввара Усмонова журналга бош муҳаррир лавозимига тайинланди. Деярли, барча босма нашрлар каби ўша пайтлари “Саодат” ҳам қийин кунларни бошидан кечираётган эди. Чунки жамиятда обуна борасида “Эркинлик”, “Ихтиёрийлик” деган гаплар айланиб қолган, шунга монанд газета, журналларнинг обунаси ниҳоятда пасайиб кетган эди. Бир нарса десанг, «Обуна мажбурий эмас», деб оғзингга уришарди ўша пайтлар. Яратган эгам бу дунёсида ҳар бандага кўтара оладиган даражада юк  беради, деган гап бор-ку қадимдан келаётган. Мунаввархон иш бошлаганда 5-май сони нашрга тайёрланаётган эди. «Шарқ» нашриёт матбаа уйи билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келаётганимиз учун журналнинг тўртта сонини қарзга босиб берган экан.  Босмахона қарзларидан ташқари, хоналар ижараси, солиқ, яна нималардандир юз миллионлар атрофида (Балки, ундан ҳам кўпроқдир, лекин босмахонадан қирқ олти миллион қарзимиз борлиги аниқ эсимда) қарзимиз бор экан. Мен ҳамиша ижодий ишлар билан шуғулланганим учун ҳисоб-китоб масалалари билан ҳеч қачон ишим бўлмаган. Мунаввархон бунча қарздорликни эшитиб сиқилган бўлса керак, албатта. Лекин жамоага билдирмади. Биринчи йиғилишдаёқ қарз, қийинчиликлар ҳақида ортиқча гапириб ўтирмади, шунчаки  гап орасида қисқагина маълумот бериб:
– Бу менинг муаммом,  қарздорлик масаласи раҳбариятнинг муаммоси, буни ўзимиз ҳал қиламиз, – деди.   
– Сизларнинг вазифангиз журнални сифатли, бугунги талабларга мос ҳолда тайёрлаш, кўнглингизни бўлмай ишлайверинглар, – деб қўшиб қўйди. Мунаввархон иш бошлаган дастлабки кунлардан-оқ: – Бу журнални опичлаб бугунгача олиб келган икки халқ шоири ҳаёт. Устозлардан оқ фотиҳа олиш керак, – деб қолди. Бу пайтда Ойдин опамнинг саломатлигида бироз муаммо бўлиб, уйларида хасталаниб ётган эди. Жамоа билан бирга бордик. Ойдин опам ҳам гулни яхши кўрарди. Учрашувларга борганимизда бошқа ҳадяларга беэътибор бўлса-да, берилган гулларни жуда авайларди. Кетишимизда бирор гулдаста кўринмай қолса:
– Ҳалиги гулим қани? – деб сўрарди. Воажаб, Мунаввархон ҳам гулпараст. Шунинг учун устоз ҳузурига катта гулдаста билан борди. Опадан бошлаётган фаолияти учун дуо олди. Бундан кейинги йил ва ойларда ҳам биз Ойдин опамни тез-тез йўқлаб турдик. Ўшанда Ойдин опамнинг уйидан чиқиб, сўнг Мунаввархон бизни Ҳалима опамнинг ҳузурига бошлади. Ҳалима опам ҳам шифохонада экан. Кирганимизда бироз ҳолсиздай туюлган эди, суҳбат давомида  очилиб кетди. Роса узоқ ўтирдик. Ихлос билан дуо қилди. Бир қучоқ оқ атиргулларни бағрига босиб: “Бу гулларда ажойиб ифор бор эканми”, – дея қувониб ўтиргани ҳамон кўз олдимда. Икки устозга атаб марғилондан хонатлас келтиргани, бир хил гулдаста билан кириб боргани синглимизнинг бу ишларида ҳам устоз, шогирдликка қаттиқ эътиқод қилган ўзбекларга хос бир ибрат кўрганман.
     Шундан сўнг рукнларни янгилаш, дизайнини ўзгартириш ишларига боши билан шўнғиб кетди. Тўғриси, қирқ йилга яқин шу нашрда ишлаганим учун бир маромда меҳнат қиладиган бўлиб қолган эдим. Ёш пайтларимдагидек, ўзимни ўтга, чўғга уравермасдим. Раҳбарга нима маъқул бўлса, у таклиф қилган мавзуларни  муаллифларга буюртма қилардим, келган мақолаларни таҳрир қилардим. Маошимни ҳалоллаб  олардиму лекин ўзимни новатор ходимлардан деб, ҳисобламасдим. Боз устига ўша пайтлари ўғлимнинг дарди билан паришон эдим. Шунда ҳам ишимга хиёнат қилмасликка, юкимни бировга ташлаб қўймасликка ҳаракат қилардим. Боя айтганимдай, бешинчи сонга ҳозирлик кўраётган эдик. Муқовалар дизайни бош муҳарримизга маъқул келмади. Муқовага янги расмлар қилдирди, дизайнернинг ёнида ўтириб ишлади. Лекин кўнгли тўлмади. Бошқа бир нашрнинг тажрибали дизайнерига ёнидан пул бериб, муқовани дизайн қилдирди. Эҳтимол, бу битикларни ўқиётган ўқувчи:
– Нима бўпти, янги келган бошлиқ ҳамма ерда ҳам ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади-да, – дейишлари мумкин. Лекин аксарият раҳбарлар бундай пайтларда бошқалар ҳисобидан ўзини кўрсатади. Беришга эмас, олишга кўпроқ куч беради. Мунаввархон таҳририятга келган кунидан-оқ журнал камини ўз ёнидан тўлдириб келяпти. Журнални  чоп этишдаги мураккабликлар бир тараф бўлса, таҳририят учун жой муаммоси яна бир тараф бўлди. Мунаввархон келганида эски бир хоналарда ўтирардик. Ижара пули арзонроқ бўлгани учун кўримсизгина хоналар танланган эди. Бош муҳаррир келиши билан хоналаримиздаги жиҳозларни янгилади, оқлаб, кўклатди. Табиийки, бу ишларнинг харажатига таҳририят ҳисобида маблағ йўқ эди. Турмуш ўртоғининг қурилиш фирмаси борлиги учун  уларнинг ёрдами билан амалга оширилди бу ўзгаришлар. Сал ўтмай бинонинг янги хўжайинлари бизни бошқалар каби бу амаллаб ўтирган жойимиздан ҳам бадарға қилишди. Бизга берилган хоналар аввал омборхона бўлган экан, баъзи хоналарнинг эшик, деразаларини аввалги эгалари кўчириб кетибди. Эшик, дераза ўринлари бойўғлининг кўзларидек ўшшайиб турарди.Бош муҳаррир яна бел боғлади. Ҳеч кимимиздан бир сўм пул олмади. Уста туширди. Икки ҳафтада уч хона келинчакнинг уйидай ясатилди. Ёлғон бўлмасин, усталарга бир-икки марта ош, овқат қилдик. Ундаям:
– Иложларинг борми, рўзғорларингга малол келмайдими? – деб қайта-қайта сўраган эди. Таъмирлаш яна турмуш ўртоғи Тўлқинжон ҳисобидан бўлди, эшикларни ўғиллари Элёрбек жўнатди. Орадан йил ўтмай, бу ердан ҳам кўчишга тўғри келди. Таҳририятда асосан аёллар ишлаймиз, мардикор бозоридан мардикор ёллаш, машина ташкил қилиш – буларнинг ҳаммасига Мунаввархон балогардон бўлган ўшанда. Ҳозирги жойимизга келгач, жой масаласида ёлчидик. Чиройли хоналарда яйраб ишлаяпмиз. Аммо булар ҳам осмондан тушмаган. Бош муҳаррирнинг мутасадди ташкилотлар олдида обрўси борлиги, қолаверса, журнални тиклаб қўйгани учун эришиб ўтирибмиз ҳозирги қулайликларга. 
    Вақт маъносида яна бироз орқага қайтамиз. Мунаввархон иш бошлаганига бир ой бўлар – бўлмас, журналистларнинг байрами келди: ҳисобимизда бир сўм маблағ йўқ. Ўша йили обуна анча кам бўлган эди.Ферузахон асосан болалар нашрида ишлагани учун хотин-қизлар қўмитаси тизимидагилар уни яхши танишмас, шунинг учун бизга муассис бўлган қўмита тизими ҳам бу борада ёрдам бера олмаган эди. Ҳисобчимиз Тўлқинжон йил бошиданоқ: 
– Обуна пулимиз ярим йилга зўрға етиши мумкин, ҳаракатларингни қилинглар, – деб айтган эди.
     Шундай шароитда ҳам раҳбаримиз тадбиркор дугонаси Шохидахон орқали ҳар биримизга совғалар тайёрлади, гулдасталар туҳфа этиб, қувончимиздан ўзи ҳам хурсанд бўлди. Таҳририятимизда бир пайтлар жуда эски русумдаги музлаткич бор эди. Билмадим, у ишдан чиқиб ташлашиб юборишганмиди ё ҳадеб бузилавергач, безор бўлишиб кимгадир бериб юборишганмиди  (Айтдим-ку, ижодий жараёндан бошқа ҳамма нарсага бепарвоман, деб), хуллас, байрам муносабати билан ўша пайтдаги қўмита раисидан таҳририят учун каттагина музлаткич ҳам ундирди. Ўрни келганида айтиб ўтай, кейинги йили журналистлар байрамида Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси катта совғалар билан ташриф буюрди. Ҳар биримизга биттадан чангютгич, дазмол яна керакли буюмлар ҳам бор...
     У ўзи учун ҳеч қачон бировнинг эшигини (Айниқса, моддий нарса сўраб) тақиллатмайди. Аммо жамоа учун, ҳатто, жамоанинг ҳар бир аъзоси учун керак пайтда эшик қоқади. Мен унинг мана шу фазилатини айтиш учун битикларимга совға  билан боғлиқ воқеаларни киритдим. Унинг учун журналнинг шаъни, ходимларнинг  шаъни, яшаш, иш шароитини яхшилаш ҳамиша катта аҳамиятга эга бўлган. Ва ҳозир ҳам шундай. Минг бир каналлардан одамларга ахборот оқимлари оқиб келиб ётган замонларда журнални асраб қолиш, ҳаётини таъминлаш, яна ҳам тўғрироғи, яшаб қолишини таъминлашни шунчаки иш эмас, бурч билди ва ҳали ҳануз шундай давом этяпти. Ойдан ойга, йилдан йилга қийинчилик билан ўтардик. Бош муҳарриримиз қаердандир, кимлардандир илтимос билан маблағ ундирар, пулимизни гоҳ солиқ, гоҳ яна нималардир олиб қўярди. Ҳаммаси қонуний бўлса-да, раҳбаримиз:
– Ой охирлаган сайин юрагимга ваҳима тушади. Ходимларимга бу ой маош бера олармиканман, деб тунлари кўзимдан уйқу қочиб кетади, – деган эди  бир гал сирлашганимизда. Лекин бирга ишлаётганимизга саккизинчи йил кетаётган бўлса, бирор ой маошсиз ишламадик.  Таътилга чиқмасдан, таътил пулини олмай қолмадик. Байрам, ҳайитларимиз қуруқ ўтмади. Таҳририят ҳисобида пул бўлмаган пайтларда ҳам:
– Сизларни Элёрбек (ўғли) байрам билан табриклаб юборди, – деб конвертга солиб, ҳар биримизга пул тарқатиб чиққан пайтлари бўлди.
– Тўлқин акам (Турмуш ўртоғи) байрамга эҳсон қилди, – деб гуруч тарқатган пайтлари ҳам бўлди. Эҳтимол, ким учундир  бу имконияти бор раҳбарнинг эҳтиёжманд ходимларига оддийгина мурувватидай кўринар, шу ҳақда ёзиш шартмиди, майдалашмаяпсизми, деган фикр билдирар. Шу нарсаларсиз кунларинг ўтмай қолаётганмиди, дер. Кунимиз-ку ўтиб тургандир, лекин раҳбарнининг ҳамиша ва ҳар дамда ходимлари ҳақида қайғуриши айтишга арзийдиган воқеадир. Ахир, жамиятимизда ходимига инсон деб эмас, шунчаки ишчи кучи деб қарайдиган раҳбарлар тўлиб ётибди-ку. Раҳбар томонидан кўрсатилган меҳр бизни – барча ходимларни ишимизга тобора боғлади. Шу боис, тору танглик ичида ҳам журнал сифати йилдан йилга яхшилана борди. Авваллари шароит тақозоси билан йилига тўртта, олтита, кўпи билан саккизта чиққан журнал Мунаввархоннинг даврига келиб, йилига ўн иккита чиқадиган бўлди. Авваллари газета қоғозида (баъзан, баъзидагина тўрт рангда) асосан, икки рангда чоп этиладиган “Саодат” тўрт рангда, ялтироқ қоғозда босиладиган бўлди. “Жаннатим онам”, “Ҳазрати инсонлар ҳазрат онадан” (Буюк аждодларнинг оналари ҳақида), “Олисдаги яқинларимиз”, “Жаҳон адабиётидан” каби рукнларда мунтазам эълон қилинаётган мақолалар, айниқса,  “Жаҳон адабиёти” дурдоналаридан берилаётган намуналар мухлисларимиз эътиборига тушди, тушмоқда. Мунаввархон компьютердаги барча операцияларни жуда яхши билгани учун ҳар битта сон учун ҳикоялар ва жаҳон адабиётидан  намуналарни ўзи танлайди. Баъзан чарчаган пайтларида:
– Опа, ўзингиз топинг ҳикояни... – деб қўяди-да, лекин кўзлари қизариб, эртадан кечгача янги сон учун ҳикоя ўқийди, яхшидан яхшиларини танлайди.
    Журналнинг иккинчи муқовасига имзоси билан илк бор чоп этилаётган юртимизнинг таниқли ёзувчи ва шоирларини қўйишни бошлаган эди. Яна ҳам аниқроғи, устоз Зулфияхоним билан Ғафур Ғулом ҳазратларининг расмларини берган эдик. Шундан буён бу анъанага айланди. Жуда кўп шоир, ёзувчиларга оид расмлар, улар ҳақидаги қисқача маълумотни таваллуд саналари муносабати билан иккинчи муқовада эълон қилдик. Ва бу янгилигимиз адабиёт оламида яхши акс-садо бериб келяпти. Мунаввархон ҳар йили журналимиз рукнларига  янгиликлар қилади. Ўтган йилларда мухлисларимизни дунё маликалари тақдирлари билан таништирган эдик,  кейинги йили “Қўшқаламлар” рукни ўқувчиларимиз диққатини тортди. Бунда биз  илк бор  Нодирабегим билан Амирий ғазалларидан намуналар эълон қилдик. Кейин кетма-кет Зулфияхоним ва Ҳамид Олимжон, Саида Зуннунова ва Саид Аҳмад, Ойдин Ҳожиева ва Иброҳим Ғафуров, Гулчеҳра Жўраева ва Сайёр, Нурали Қобул ва Шаҳодат Исахонова каби шоиру носирлар ижодидан намуналар эълон қилдикки, бу саҳифамиз мухлисларимизга севимли бўлди, яхши фикрлар эшитдик.
    Озарбайжон, Туркия, Тожикистон каби узоқ, яқин давлатларнинг хотин-қизлар журналлари билан алоқани мустаҳкамладик. Буларнинг ҳаммаси меҳнат, албатта. Меҳнатнинг бошини Мунаввархон тортиб юргани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бош муҳарриримиз  журнал саҳифаларида янгиликлар қилиш билан бирга ҳаётимизда ҳам ўзгаришлар қилди. Бизда ишлаб, нафақага чиққан ёки турли сабаблар билан бошқа ишга ўтган, ҳозирда кексайган ёки хаста ходимларни йўқлашни одатга айлантирди. Журналимизнинг бир сонини топширгач, янгисини бошлашдан аввал икки-уч кунлик оралиқ фурсатда шундай савобли ишларни амалга оширардик. Бир пайтлар нашримизда дизайнерлик қилган Зуҳрани, бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган Дилбар Саидовани, журналист Холтош Усмонова, техник муҳаррирлик қилган Адҳамжон Жўрабоев ва бошқаларни йўқлаганимизда ўртада маблағ йиғайлик, десак, Мунаввархон кўнмасди.  
– Ўзларинг чумчуқнинг кўзидай ойлик оласизлар. Шуни ҳам йўлда сочиб ўтирмай, бола-чақаларингга олиб боринглар, – дер эди. Йўқловни асосан ўз ёнидан қиларди. 
    Умуман, қадр, инсоннинг қадри, деган нарса  бош муҳарриримиз учун ҳамиша биринчи ўринда туради. Мен-ку қадрланиш масаласида мутлақо нолимайман. Чунки ҳозиргача учта давлат мукофоти билан тақдирландим. Журналистика соҳасида ҳам таъсис қилинган мукофотларнинг, деярли, барчасини олганман. “Энг улуғ, энг азиз”,  “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Олтин қалам” (Рағбатлантирувчи бўлсаям) ва турли йил номлари билан боғлиқ танловларда ҳам бир неча марта ғолиб бўлганман. Шунингдек, Мунаввархон ҳам бу танловларнинг кўпида мукофотларга сазовор бўлган. Аммо унда “Ўзим олдим-ку, бўлди-да”, тарзидаги фикр йўқ. Ўзига берилганнинг шукрини қилиб ўтиравермайди. “Фалончи мана мунча йилдан буён ишлайди, фалончи ҳеч кимдан кам ижодкор эмас, писмадончи оғир касал, умрининг сўнгги кунларини яшаяптими, Оллоҳ билади. Шулар ҳам меҳнатига муносиб қадрланиши керак-ку”, деб жон куйдираверади. Ҳатто, бухоролик шоира Ибодат Ражабованинг ижодига  бирорта рағбат бўлсайди, деган истагини шу қадар кўп эшитган бўлсам керак, бу шоира  ўтган йили  “Шуҳрат” медали билан мукофотланганида, биринчи бўлиб Ибодатдан ҳам аввал Мунаввархонга қўнғироқ қилибман.
–  Назаримда, сиз бу мукофот учун Ибодатнинг ўзидан ҳам кўпроқ суюнган бўлсангиз керак, – дедим. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Ишхонамизда ҳам йигирма йиллаб тер тўккан ходимларимиз бор эди. Мен бирор марта:
– Мана, бу ходимнинг заҳмати рағбатга муносиб, – демабман. Қўлимдан бирор иш келмаган тақдирда ҳам,  гапириб ҳам қўймабман. Мунаввархоннинг астойдил ҳаракати билан узоқ йиллар “Саодат” журналининг бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Маҳмудахон Саъдуллаева, худди шундай кўз нурини кўп йиллардан буён мусаҳҳиҳ сифатида журнал саҳифаларига тўкиб келаётган Махсумахон Эргашева, журналимизнинг Тошкент шаҳри бўйича мухбири Ҳилола Иброҳимова Оила ва Хотин-қизлар қўмитасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига муяссар бўлишди. Мен ҳаётимда ўзининг қилган яхшилигидан ниҳоятда суюнадиган одамларни кўп кўрмаганман. Мунаввархон ўша ўзи яхшилик қилиб, ўзи суюнадиганлардан бири. Ходимларимиз рағбатлантирилиб, қувониб юришганида:
– Жуда яхши бўлди-да, давлат мукофоти бўлмаса-да, бу ҳам катта эътироф. Бу мукофотнинг ўзидан ҳам номи чиройли, яқинларининг олдида юзлари ёруғ бўлди. Шунча йил ишлаб нима кўрдингиз, демайди-да, энди болалари. Қуда, андаси бор. Муборак бўлсинга, келишади обрў-да... дея суюнади. Ўйлаб кўрсам, у ўзининг иштирокисиз, яъни тавсиясисиз, кимларнингдир саъй-ҳаракати билан тақдирланганлар учун ҳам қувонар экан. Мен бир-икки йил нарисида “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганимда, бутун умр адабиётга таржимон, шоир сифатида хизмат қилган  турмуш ўртоғим – Миразиз Аъзам “Дўстлик” орденига лойиқ кўрилганида, мен яқинда Маданият вазирлиги томонидан таъсис қилинган “Янги Ўзбекистон юлдузлари” миллий танловининг “Йилнинг энг яхши адиби” номинацияси ғолиби бўлганимда, Мунаввархоннинг ўзига сиғмай суюнганларини кўрганман. Унинг қувонишлари ҳам ўзига хос: қўлларини бир-бирига ишқайди, кўзлари порлайди, астойдил, юрак-юракдан қувонади. Қувончи катта бўлганидек, ташвишланиши, қайғуриши ҳам ўзига хос. Олис хотираларни гапирмай, шу бугунги ташвишларини айтиб қўя қолай.
      Битта ходимимизнинг уйга муҳтожлиги бор. Аввал бошланғич тўловли уй ҳақида дарак топди. Топилгач, ходимимизга таътил ва таътил пайтида жамоа шартномасида белгиланган ёрдам пулини расмийлаштирди. Картасига пули ўтгач;
– Пулингизни ишлатиб қўясиз. Қолган маблағ йиғилгунича банкка, депозитга қўйиб қўямиз, – деб ўзи бош бўлиб, шу ишни амалга оширди. 
    Яна бир ходимимиз яқинини операция қилдириш учун фоизга қарз олган экан.Тўлашга имкони бўлмай, фоиз ошиб бораётган, шу туфайли оиласида нотинчлик бўлган. Унгаям таътил расмийлаштириб,  ёрдам пули ёзилди. Қарзидан қутулиб, оиласида хотиржамлик ҳукм сурди.
     Яна бир ходимимизнинг фарзанди операция бўладиган бўлди. Яна шу ҳолат такрорланди.
     Бизга янги ишга ўтган ходимнинг аввалги ишхонасидан қарзи бор экан, фарзандининг ўқишига тўлаш учун молиявий қарз олган экан, ҳисобхонасига “Биз тўлаб берамиз”, деган кафолат хати берди.
     Ҳолбуки, бизнинг ҳисобда ҳам маблағ ошиб-тошиб ётгани йўқ. Мунаввархон ҳар бир обуначини тирноқлаб йиғяпти. Журналнинг ҳар бир сонини сифатли босиб бериш пул, ойлигимиз пул, солиқлар пул... Раҳбар бу ходимларга таътилини вақтида бериб, ёрдам пулини ҳам вақти келганида берса бўлади. Шунда ўзи ҳам журнал учун, маош учун керак бўлганида тўрт томонга чопмайди. Аммо у бундай қила олмайди. Унинг виждони чидамайди. Кимгадир ёрдам керак бўлса, у қараб тура олмайди. Оиласи дарз кетаётган хаёли паришон аёл ҳам, қизи узатиладиган бўлиб турган, ёлғиз бошида тўй, сеп-сидирға қайғуси бор она ҳам унинг ташвиши. 
– Уч боласи билан бошингиздаги томни сиздан тортиб ололмайди. Судга берибдими, уйни болаларига ташлаб кетсин, мен ёнингизда тураман...
– Яхши жойдан чиқса, қизингизни узатаверинг. Мана, биз турибмиз, биримиз хола, биримиз амма бўлиб, аравани тортишиб юборамиз... Мен энди Мунаввархоннинг бундай гапларига ўрганиб қолганман. “Нима учун «Саодат»га фақат муаммоси бор аёлларни ишга оласиз, сиз ҳам бундай маблағ билан ёнингизда турадиган кишиларни тортсангиз бўлмайдими?” – демайман. Баъзан жоним ачиб, десам ҳам:
– Аёлни аёллар журнали қўллаб-қувватламаса, ким қўллайди... – дейди.
–  Маҳкамжонни (рассомимиз) кўрдингиз, олтмишга тўлибди. Камида ўттиз йилдан буён расм чизади. Аммо туғилган кунида фақат оиласи, яқинлари йўқлар экан, холос. Ахир, инсонга ишхонанинг қадри ҳам керак-ку. Рафиқасининг олдида юз-ку шу қадр. Ўғлим Элёрбекка бир оғиз айтгандим, айнан рассомларга хос совға – одам бўйи келадиган тулпор (сувенир) бериб юборибди. Қанчалар суюнганини кўрдингиз-ку... Мунаввархон шу тарзда бировларни суюнтирганига суюнади. Фақат ўз ходимларимизга эмас, бошқаларга ҳам худди шундай бўй, эн бўлиб яшайди.
     Ҳолбуки, ўзининг ҳам катта оиласи бор, фарзандлари оилада ҳам, жамиятда ҳам ўрнини топгани билан, уларнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор, қолаверса, тўқсон  ёшни қоралаган онаизори, ўзи билан қўшиб санаганда ўн нафар ака-укалари, сингиллари бор. Жиянлар... Буларнинг ҳам “тиқ” этган  ташвиши, “йилт” этган шодлигида туриб беради. Боз устига, ҳар қандай даврани шеърию суҳбати билан гуллатиб бергани учун кунда, кунора учрашувлар, тадбирлар... У ҳам пўлатдан яралмаган, инсон. Баъзан кўзлари киртайиб, ранглари сарғайиб юради.
– Нега мен сира хотиржам яшай олмайман? Умрим  тошқину туғёнлар аро ўтади? Ахир, мен ҳам шоирман, бир нарса ёзишим керак-ку. Неча ойдан буён бир сатр шеър ёзмадим. Мени шоирлигим учун ўтқазишган-ку бу курсига. Сувратингизу сийратингиздаги қай бир чизгилар Зулфияхонимни эслатади, дея лутф қилишган-ку. Қачон ёзаман қаламимга келиб турган сўзларни? Бир тарихий қисса бошлаганимга уч йил бўлди, қомпьютеримда битмай ётибди... – дея  маъюсланиб қолади қуёшли кунларда тушдан сўнг қуш қўним фурсатга айлангани чиққанимизда.
      Мен унга:
– Ҳаммасига қўл силтанг, дунёга бир марта келасиз. Нафақангиз бор, эрингизники...Ўғлингиз яхши топади, – дея олмайман. Аксинча:
– Сиз бошқача бўла олмайсиз. Сизни Яратган эгам бандаларининг битмас ишларини битказишга, етмас ишларини етказишга яратган инсонларидансиз. Сиз бугун шунақа тиниб, тинчимас жон бўлиб қолмагансиз. Азал яралмишдан буён феъл атворингиз – шу. Сизда “Менга нима, бўлса, бўлибди-да”, деган туйғунинг ўзи йўқ, –дейман. Ахир, қайси бир раҳбар сиз каби чойнагига дамлаган чойини ёндош хонадаги ходимларига кўтариб чиқади?
– Роса таъми яхши чой экан. Бир пиёлагина дамлаб ичдим. Сизларга ҳам илиндим, – дейди.
     Қайси раҳбар рўзаи рамазон кунида боғидаги  беҳидан мураббо пишириб:
–  Ифторда чой билан ичасизлар. Роса шифобахш беҳи деганлари, – дея каттаю кичикларига тарқатади? Бизни-ку қўяверинг,  сиз Тошкент Аграр университети қошидаги академик лицейда маънавият-маърифат ишлари бўйича ўринбосар лавозимида фаолият олиб борганингизда ҳам турли вилоятлардан келган соддагина оқ кўнгил йигитчалар, қизчаларга ҳам туғишган опадек меҳрибон бўлгансиз. Эшитганим бор: қишнинг қаҳратонида ётоқхонада юқумли касаллик тарқаган. Ётоқхоналар карантинга олинган. Ўқиш корпусининг юқори қаватига кароватларни кўчириб, ётоқхонага айлантиргансиз. Бу мумкин эмас, деб бош кўтариб келган хўжайинларга: “Одамгарчилик деган китобда қонунлар бошқача. Қишнинг чилласида халқимиз итини ҳам кўчага ҳайдамайди. Йигирма кун карантин бўлган ётоқхонага киролмаган ўсмирлар катта шаҳарда қаерда кун кўради? Нимаики хатолик ёки жазо берилса, тортишга тайёрман, аммо бу мусофир болаларни кўчага чиқариб юбормайман”, – деб гапингизда туриб олгансиз. Ош-овқат қилишга шароит йўқ.  Академик лицей атрофидаги маҳаллалардан қозон, ўчоқ олиб келтириб, ўқитувчилар ёрдамида ўтин, чўп ҳам ғамланган. Ҳар куни дош қозонда таом пиширилиб,  ўқувчиларга тарқатилгунча уйингизга кетмай, тик оёқда тургансиз. Маҳалла раислари билан гапиришиб, бақувватроқ оилаларни кўмагидан фойдаланиб, ота-онаси узоқда бўлган, ҳали суяги қотиб улгурмаган, мустақил ҳаётга у қадар тайёргарлиги йўқ ўсмирларни совуқдан, очликдан асрагансиз. Эҳтимол, сизни билмаган одамлар учун бу айтганларимда бироз муболаға бордек туюлар, лекин билган, бирор марта тақдир чизиқлари сиз билан туташган инсонлар бу битикларда заррача муболаға йўқлигини билишади. Ҳеч ким буюрмаса, ҳеч ким сўрамаса ҳам, академик лицейнинг битирувчиларини қизиққан соҳалари бўйича гуруҳларга ажратиб, қўшимча дарслар ташкил қилганингизни, маълум муддат улар имтиҳон топширадиган фанлари бўйича билим олишгач, ўз ёнингиздан пул тўлаб (чунки бу лицейда кўпроқ қишлоқнинг болалари ўқийди, уларнинг ортиқча харажатларга имкони бўлмайди) тест марказига бориб, тест топширтирганингиз, қайси ўқувчининг баллари  қайси бир фандан пастроқ бўлса, ўша фандан қўшимча дарслар олиши учун имкон яратганингизни ҳайрат билан эслашади билганлар. Сиз лицейда ишлаган йилларда битирувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш рейтинглари жуда баланд бўлган.
     Ҳозир сиз билан қайси вилоятга хизмат сафарига борсак, албатта, масъулиятли лавозимда ишлаётган бир шогирдингизга рўпара келамиз. Банк раҳбарлари, ички ишлар ходимлари, бошқарув соҳаси масъуллари... Улар сизнинг худди ўз фарзандига қайғургандек, билим олишлари, институтга киришлари учун жон куйдирганларини гапириб беришади, миннатдорлик билдиришади.
       Яна такрор айтаман, сиз бошқача бўлолмайсиз... Сиз шундай яралгансиз.
    Эҳтимол, менинг, бошқа бировнинг кўзи тушмас, лекин бирровга машинадан тушганингизда ҳам рўпарангиздан чиққан емакхонада идиш юваётган аёлнинг қавариб кетган қўлларини, оёғидаги эскириб кетган ковушини илғайсиз. Ундан ҳол-аҳвол сўрайсиз. Албатта, аёл эътиборга муҳтож. Вилоятдан келиб, тирикчилик илинжида юрибди. Ижара уйда туради. Болаларининг катталари ёнида, кичиклари онасида қолган. Эри Россияга кетганича, дом-дараксиз... Қилмоқчи бўлган харидингиз эсингиздан чиқади. Борингизни аёлга тутқазасиз. Бу билан ҳам қаноатланмай,  уйингизга бориб, бисотингиздан кийим–кечак оласиз, келинингизга тугун тугдирасиз. Яна аёлнинг, мушфиқ аёлнинг ёнига қайтасиз. Бу бир марталик ҳодиса эмас. Бундан бир неча йиллар аввал Мунаввархон бир бемор қариндоши орқасидан саратон касалликлари шифохонасига қатнаб юрганида, йўлда дарахт остида ўсмир боласи билан ўтирган бир аёлга кўзингиз тушади. Аёлнинг аҳволи абгор, кўз ёшлари юзини ювади, йиғидан овози бўғилган. Табиийки, сиз бундай инсон ёнидан индамай ўтиб кета олмайсиз, ҳол сўрайсиз. Ғафур Ғулом айтмоқчи, бошини силашга бир меҳрибон қўлга интиқ бўлиб турган аёл бошини елкангизга қўйиб нолага ўтади.Маълум бўлишича, у саратонга чалинибди. Турмуш ўртоғи ҳам бандаликни бажо келтирибди. “Мен ўлиб қолсам, болаларим кимларнинг қўлига қолади, ким уларга ош- нон бериб, ким бағрига?” деб зориллар экан аёл. Овутиш, тасалли беришлардан сўнг маълум бўлибдики, аёл яна бир неча таҳлиллар топшириши керак экан, таҳлилларга ҳам, кейинроқ муолажа қилинадиган бўлса, улар учун ҳам аёлда маблағ йўқлиги маълум бўлгач, сиз аёлнинг олдига тушасиз. Кулфатдан довдираб юрган ўсмир йигитчани қишлоғига жўнатиб, ўзингиз хастани саратон касалликлари шифохонасида эшикма-эшик олиб юрасиз. Таҳлил натижалари чиққач, умид борлиги маълум бўлгач, уни шифохонага жойлайсиз. Бундай чорасизликларда чўнтагингизда пул бўлмаса қулоғингиз, бармоғингиздаги қимматбаҳо зебу зийнатларини киприк қоқмай сотиб, пулини ишлатиб юбораверасиз, заррача жонингиз ачимайди. Бу бемордан ҳам тез-тез хабар оласиз, етмасини етказиб, битмасини битказасиз. Астойдил ҳаракат иш беради: бемор соғая бошлайди. 
 – У миннатдорчилик сўзларини айта-айта, болаларининг бағрига қайтиб кетди. Бир муддат қўнғироқлашиб турдик. Сўнг телефонлар алмашиб, алоқа узилиб қолди. Орадан анча йиллар ўтди. Ёзувчилар уюшмасида ишлаб юрганимда, пастда бир аёл йўқлаётганини айтишди. Пастга тушсам, бутун вужудидан соғлом нафас уфуриб турган бир аёл турибди, уни дастлаб бирданига танимадим. У менга тўрхалтасидан анор олиб узатгач, эсладим. Бу ўша ҳаётдан умидини узган, раҳматли отасининг: 
–  Сен бош қўйсанг бўладиган бир елка келади, болам, деган тасаллисига ҳам ишонмай, худога нола қилиб ўтирганида, ерданми, кўкданми нажот келиб, шифо йўлига ўтган аёл экан... У сурхондарёлик бўлиб:
– Ҳали тузалиб кетсам, анорбоғимнинг ишларига ярасам, сизга ширин анорлар олиб келаман, дер экан... 
– Тавба, эҳтиёжмандлар доим сизнинг олдингиздан чиқади-я, – дейман баъзан.
     Сиз эса:
– Улар ҳамманинг рўпарасидан чиқади, лекин ҳамманинг кўзи уларни кўравермайди,  – демайсиз. Ҳорғин жилмайиб:
– Худо мени кимларгадир ёрдам беришга қодир қилиб қўйганига шукр, – дейсиз.
      Мунаввархон сабр, шукроналик билан, мана бу йил олтмиш ёшни қарши олди. 
   “Саодат” журнали юз ёшга кирганида раҳбаримиз олтмиш ёшга тўлди.
– Мен юбилей қилмайман, битта одам тўрда ўтириб олиб, атрофидагилар тинмай мақтайди... Менга бу ҳолат унчалик ёқмайди, – деди Мунаввархон йил бошидан-оқ.
– Ўн тўққиз ёшингиздан буён меҳнат қиласиз. Бировларнинг заҳмати устидан юбилей ўтказадиганлар уялишсин, – чин юракдан айтаман бу гапни. Майли, мен маиший хизмат уйида ҳисобчи бўлиб ишлаган йиллари, гимназияда муаллимлик қилган даврлари, ҳокимликда туман хотин-қизларини бошқарган пайтларидан гапирмай қўя қолай. Ўзим билан бирга “Саодат”да меҳнат қилган пайтларида амалга оширган ишлари минбарлар тўрида ўтиришга, астойдил, ярашиқли мақтовларга арзийди. Таҳририятнинг иқтисодини кўтариш учун турли ташкилот раҳбарларидан тортиб,  мамлакатнинг бош вазиригача мурожаат қилишдан ҳайиқмади. Таваккалчилиги, довюраклиги боис биринчи галда фақат бизнинг таҳририят учунгина эмас, ўша пайтда фаолиятда бўлган “Оила ва жамият” газетаси учун ҳам мадад сўради ва сўрагани беҳуда кетмади. Маълум муддат ўтгач, журналда яна моддий танглик бошланганида яна юқори ташкилотларга мурожаат қилиб, асосли сўров эканига ишонтириб, бундан уч йиллар аввал мамлакатимиздаги барча маҳаллаларга обуна қилиш шарафига эришади. Айтишга осон, бу масалани ҳал қилиш учун бош муҳарриримиз қанча эшикларни тақиллатди, қабулларда ўтирди, баҳслашди, тортишди, лекин шу натижага эришди. “Саодат” уч йил ўша ўн минг обунадан келган маблағ билан яшади, меҳнат қилди. Агар пулимиз бор-ку, кейинги йилга Худо пошшо, деб сарф – харажат қилганида, ўзи “Менинг меҳнатим катта-ку,” деб катта-катта маош олганида, бу маблағ аллақачон тамом бўларди. Ҳолбуки, ҳайит, байрамларда ўзига ҳам ҳамма билан баравар мукофот пули ёзади. Техник ходим қанча олса, шунча олади.
   Раҳматли устозимиз Ҳалима опам бир пайтлар Зулфияхонимга ёзган шеърларида:
– Ўзингизни ўзингиз хўп биласиз, маликам... – деган эдилар. Шундай Мунаввархон ҳам ўзининг кимлигини яхши билади. Лекин барибир дунёнинг қай бир бурчагида бегуноҳ болалар ўлиб ётганида, юртимизда шундай яхши шароитлар яратилганига қарамай, боқимандалик, фирибгарлик, жаҳолат, суиқасд каби иллатлардан батамом фориғ бўлолмаётган пайтимизда, адолат сиёсатимизнинг асосий тамойилларидан бири бўлса-да, ҳануз адолатсизликлар юз бериб турган паллада Мунаввархон юбилей қилишни ўзига муносиб кўрмаяпти.
– Майли, опа, китобларимни чиқарсам, бас... Шоирнинг қувонгани шу-да... – дейди.
     Юқорида “Саодат” журналининг юз йиллигидан бежиз гап очмадим. Ўтган йиллари бош муҳарриримизни катта маош бериладиган нуфузли лавозимларга таклиф қилишди. Ҳаммасини рад қилди. Нега? Журналимизнинг юз йиллиги деб.
– Бир нашрнинг юз йил яшаши осонми? Нафсиламрини айтганида, ҳар сони бир китобча. Шунча йиллар давомида элу юртга шунча китоб берибди-ю, у ҳақида бир китоб ёзилмабди... Ахир, ўзбек аёли бошидан нима кечирган бўлса, бу нашр ҳаммасини бошидан кечирган. Қатағон ҳам бўлган, урушга ҳам борган, аскар ҳам бўлган, трактор ҳам минган, дастгоҳ устида ҳам турган, маккажўхори, пахта эккан... Шундай журнал юзга кирадию, китоб, альбом қилмаймизми? Бу журнал саҳифаларига кўз нури тўкилганлар эсланмайдими.... Уларнинг қабрларини топиб зиёрат қилмаймизми? Боши узра икки калима Қуръон ўқиб, изидан дастурхон тузамаймизми? Ахир, уларнинг баъзиларини йўқловчилари ҳам йўқ-ку...
       Мунаввархон мана шу савобли бир мақсад учун катта лавозим, катта маошлардан воз кечди. Аммо буларнинг бари маблағ... Китоб ҳам, альбом ҳам, анжуман, тақдимот ҳам... Бахтимизга, амалдаги Бош вазир ўринбосари, оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси – Зулайҳо Маҳкамова бош муҳаррирнинг кимлигини билади. Мақсадлари, ниятларининг яхшилигига ишонади. Шунинг учун бўлса керак, ёнингиздаман, деяпти.
    Илоҳо, шундай бўлсин. Ёруғ йўлда, яхши ниятлар, пок юрак билан қадамлар ташланаётган йўлларда ёнидагилар кўпаяверсин. Аслини олганда, синглимнинг атрофи ҳеч қачон бўш бўлмаган... Ёди отасининг, қайнота, қайнонасининг хотираси билан нурли... Онаси ҳаёт – кўнгил тўқлиги... Муҳаммадқодир, Абдушоҳид акалари, Шокиржон қайноғаси, Фазилатхон, Муножотхон опалари, Хуршидабону синглиси ҳам мангуликка кетишган бўлса-да, соғинчларидан тўкилган кўз ёшлари кўнглини баҳор ёмғирларидай ювиб туради. Тўлқинжондек меҳри муҳаббатига ҳар ким ҳавас қилса бўладиган турмуш ўртоғи – суянчиғи, бахти баркамол ўғли – Элёрбек, ўзидан тинган қизлари – Моҳларой, Дилсорахон, атрофида доимо парвона Гулрухсор келини, набиралари –  қалб қувончлари,  қатордаги норлари ака-укалари, сингиллари, яқинлари юрагининг қуввати... Ҳар бири унинг битта қўрғони. Улар ҳақида синглим шу қадар кўп гапирадики, фазилатлари билан шу қадар ғурурланадики, баъзиларини кўриб, баъзиларини эшитиб юриб, яхши кўриб қолганман. Мунаввархоннинг дарчасидан қараб ўрганиб қолганим учун бўлса керак, гўё улар менинг Андижондаги яқинларимга ўхшайди. Гап келганида айтиб қўяй, булар-ку, қариндошлари, Мунаввархон ҳеч ким ҳақида ғуборли гап гапирмайди. Агар кимдир  “айтди, деди”ни бошласа ҳам, дарров ўша одамдан бирор фазилат топиб, гапирганнинг оғзига уради. Шунинг учун бўлса керак, ижтимоий тармоқларда айланиб юрадиган салбий фикрлар синглимни айланиб ўтади... 
      Эссени шу нуқталарда якунлашим керак, мен бу битикларимни чоп қилдиришни режалаштираётган нашримнинг имконлари чексиз эмас-ку, дейману яна нималардир, жуда муҳим бир нарсалар қолиб кетаётгандек изимга қарайман.
     Унинг гулпарастлиги... қаерга борса, гул кўчатлари, уруғларини экиб, эккан жойини гулхонага айлантириши... “Опа, шу яқин вақт ичида Нажотбек (ўғлим) ҳовли олсаю, мен ўзим гулларингизни экиб, уйингизни чаманга айлантириб берсам... дея орзу қилишлари... Гуллар ҳақида худди фарзандлари ҳақида гапиргандек, суйиб, суюниб сўзлашлари...
      Кимдир кўнглига ёқмайдиган иш қилса, ловуллаб кетиб, бир кун ўтмай эсдан чиқариши, гина сақламаслиги...
    Ўзи қайсидир бир ходимга номаъқул иши учун:
– Аризангизни ёзинг, – деб,  у чиқиб кетгач, бизга:
– Қандай жамоасизлар? Нега бир-бировларингни ҳимоя қилмайсизлар? Опа, сиз катта бўлиб, нега жим ўтираверасиз? Узр, бошқа қилмайди, биз учун кечиринг, десангиз бўлмайдими? – дея койинишларингиз... 
     Автоҳалокатга учраб, тўшакка михланиб қолган қашқадарёлик қўл жанги бўйича чемпион – Шуҳратжоннинг онаси  қилган қўнғироқдан сўнг вилоятдаги масъул шахсларга:
–  Ахир, чемпион бўлганида шу йигит сизларнинг фахрингиз эди-ку. Нега энди ёрдамингизга муҳтож пайти тез-тез йўқлаб турмайсизлар? Илтимос, қўлланглар, унга ҳамиша шифокор назорати керак, дори-дармон, ётоқ анжомларини алмаштириш дегандай, – дея ёниб-куйиб қўнғироқ қилганларингиз...
      Ёки карманалик  ногирон қизнинг шеърий машқларидан хабар топгач, навоийлик саховатпеша шоира Салима Умаровадан  унга ёрдам беришни сўраганларингиз...
    Ҳолбуки, улар сизнинг хешларингиз эмас, моддий маънода, сиз улардан ҳеч қачон бир тангалик манфаат кўрмагансиз...
    Ёки  америкалик олим, шоир  Жек Маринай журналимизнинг юз йиллиги тантаналари олдидан табриклагани келиб кетгач;
– Қизлар, Маринай жаноблари ўзининг “Саодат” ҳақидаги мақоласи чиққан сонини инглиз тилига таржима қилдириб сайтига қўяр экан. Авваллари хориждаги ўзбеклар ўқияпти, деб суюнардик. Энди жаҳон ўқийди нашримизни. Ўзбек аёлининг дунёга чиқаётган овозида “Саодат”имизнинг ҳам ҳиссаси бўлади, – дея фахрланганларингиз...
    Хотираму бугунимда Мунаввархон билан боғлиқ воқеалар шу қадар кўп эканки, бирини ёзсам, бири қолиб кетадигандек. Йўқ, қолиб кетмайди. Айниқса, одамзотнинг одамларга қилган яхшиликлари унутилмайди. Ахир, ҳазрат Навоийнинг ўз хазинаси ҳисобидан фақирларнинг фарзандларини мадрасаларда ўқитгани ҳақидаги маълумотлар бизгача етиб келган-ку.  Нодирабегимнинг саройга истеъдодли қизларни жамлагани, яқин ўтмишда устоз Зулфияхонимнинг иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаб, катта майдонларга йўллагани... Демак, менинг шоира синглимнинг ибратли ишлари ҳам яна кўп битиклар учун мавзу беради.
       Шу ишонч билан ҳозирча ёзмишларимни тўхтатар эканман, Мунаввархон, Сизга умр вафо қилсин, дейман. Умр вафо қилса, бас, Сиз ўткир қаламингиз билан ҳам, Яратган эгам танлаган инсонларига берадиган куюнчак, муҳаббат тўла қалбингиз, ноҳаллоллик, сохталик, қўрқоқлик аталмиш иллатлардан  йироқ кўнглингиз билан шу яхшилардан ёдгор юртимизга, меҳнаткаш, соддадил халқимизга яна кўп ва хўп хизмат қиласиз...

Қутлибека РАҲИМБОЕВА –
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Шуҳрат" медали соҳибаси.
Манба: «Шарқ юлдузи» ва «Ижод чашмаси» журналлари.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот