Арзиҳол билан қабулга келган аёл билан анча гаплашдик. Аёл-да, сўзидан аввал кўзига ёш келади. Уни юпатиб кўнглидаги дардини билиб олиш учун ҳам вақт, ҳам сабрли юрак керак бўлади. Ўша куни ҳам шу ҳолат такрорланди.
– Ота-онамиз танлови билан турмуш қурдик, – дея гап бошлади аёл. – Аввалига ҳаётимиз жуда яхши эди. Ўқиганман. Боғча опа бўлиб ишлаб юргандим, қайнонам касал бўлиб ётиб қолгач, уйда қолишга мажбур бўлдим. Умр йўлдошим ёлғиз ўғил бўлгани учун ота ҳовлида яшаймиз. Уч ўғил, бир қизимиз бор. Қайнонам оламдан ўтганига икки йил бўлди. Ўшандан бери эримнинг феъли айниди. Навбатчиман, деб кўпинча уйга келмайди. Уч-тўрт сўм рўзғорга пул бериб туради, ташлаб қўйгани йўқ, аммо бирга ишлайдиган енгилтабиат бир аёлга “илакишиб” қолган, деб эшитдим. Қистовга олганимда бўйнига олмагани билан ҳамма гапнинг охирига етдим. Аёл билан ҳам гаплашдим. Менга: “Эрингни эплаб ол, башарангни қара, кампирга ўхшайсан, бежизга мени танламагандир”, – дейди юзсиз. Уй эримнинг номида. Анави аёл эримдан битта ўғил ҳам туғиб олибди. Эртага нима бўлади, билиб бўлмайди. Уйни менга ёки катта ўғлимнинг номига ўтказишга ёрдам беринг, – деди. Гаплари кўз ёш аралаш тўкилди.
Унинг ёрилиб, қорайиб кетган қўлларига, доғ босиб, ажин инган юзларига разм солиб: “Далага ҳам чиқасизми”, деб сўрадим.
– Йўқ, уйда уч-тўрт бош мол-қўйлар бор. Кенжа фарзандим туғилишидан олдин кўп жанжаллашдик, калтак еган кунларим ҳам бўлди. Аёл эканман-да, эримни қизғаниб, куйиб бир бурда бўлиб қолдим. Шу сабабми, тўртга кирган қизим гапирмайди. Дўхтирлар туғма соқов эмас, қулоғи эшитяпти, кечроқ бўлса ҳам тили чиқиб кетади, деб умидлантиради.
Аёл кетгач, эри ишлайдиган корхонага йўл олдим. Бошлиқ ўринбосари экан. Қандай масала билан борганимни билгач: “Опа, чақирсангиз ўзим борардим”, дея ноқулай аҳволга тушди:
– Аёлимдан норизолигим йўқ. Тўшакка ётиб қолган онамни ўн йил қаради. Миннат қилгани йўқ. Тўрт болани дунёга келтириб, парваришлаб, бир марта “ҳоридим” ё “касалман”, демади. “Дам беринг”, деб оғиз очмади. Беғубор, меҳрибон аёл. Хатони мен қилдим. Қилганда ҳам кечириб бўлмайдиган хато қилдим. Эҳтимол, кейинги ҳаётим мен учун жазодир. Малоҳатга мол-қўйларни сотиб битта машина олайлик, одамга ўхшаб яшаш пайти келди, десам кўнмади. Ўғилларимни ёнига олиб даладан ўт юлиб келади, таппи ёпади, ўз жонининг қадрига етмайди. Ўзига қарашга ҳафсала қилмайди. Атирнинг ҳидига аллергиям бор, дейди. Тўғрисини айтаман, яқинига борсам, гўнг ҳидидан кўнглим айнийди...
Майли, битта соғин сигирни қолдириб, уй-жойларга покиза қараса, ўзига эътибор қилса, рўзғор ками менинг бўйнимда-ку, ташлаб қўярмидим, опа. Йўловчини уйқу чорласа, жой танламайди, дейишади-ку. Мен чиройли, аммо маккор аёлнинг уйида қўним топдим. Битта фарзандли бўлдик. Қандай йўл тутишни билмайман. Уйга борсам, болаларим бегонадек ётсирайдиган бўлган. Қизимнинг забони йўқлигига ўзимни айбдор санаб юрагим оғрийди. Ўзимдан кетган пайтларда кўзимни ёғ босиб, хотинимга қўл кўтардим, гап қайирса, қаерда юрибсиз, деб сўроқласа, сочидан судраган кунларим ҳам бўлди. Биттагина қизим ногирон туғилди. Опа, ота ҳовлимиз ҳақида сўз очдингиз, уй Малоҳатники, болаларимники, мен битта кўйлак билан уйдан чиқиб кетдим. Бу ёғига пешонамдан кўрдим, ўзим пиширган ошни оғзим куйса ҳам ейишга мажбурман, бошқа иложим йўқ. Соғинганда болаларимни, айниқса, қизимни кўргани монелик қилмаса бўлди.
Ҳар иккиси билан суҳбатлашгач, уларнинг тақдирига аралашишга қарор қилдим. Менга дард айта-айта Малоҳат синглимдай бўлиб қолди. Маслаҳатим билан мол-қўйларини сотиб, уйларини таъмирлатди. Ўғиллари ёнига кириб, қақраб ётган ҳовлига кўчатлар экиб боққа айлантиришди. Боғча опа бўлиб ишлай бошлагач, кўпни кўриб фикр қилдими, бинойидек ўзига қараб латофатли аёлга айланди.
Оила изга тушганидан хотиржам эдим. Кунлар, ойлар ўтди. Кунларнинг бирида Малоҳат яшнаб хонамга кириб келди. Бир гапириб ўн кулаётган бахтиёр аёлга қараб ҳавасим келди. Ҳол-аҳвол сўрашга ҳам қўймай гапира кетди:
– Опа, ёзнинг биринчи куни Назо қизимнинг туғилган куни. Аммалари меҳмонга келамиз, деганига суюниб дастурхон ёзиб, роса уриндик. Кутилмаганда қўйни-қўнжини тўлдириб дадаси кириб келди. Қизалоғимга тилла зиракча ҳам олибди, кўриб севинди. Бир-икки оғиз гапни дудуқланиб гапириб қолганига акалари мақтанмоқчи бўлиб минг уринишди, қизалоғим оғзига талқон солгандай, гапирмаса, денг. Мен-ку, индамай, ўчоқ бошига кетдим, ўғилларим дадасини дастурхонга таклиф қилишса кўнмай (хижолат бўлди, шекилли) кетмоқчи бўлиб дарвозага қараб юрган пайт қизалоғим: “Да-да, тетма, қол”, деса бўладими. Отаси қизини қучиб йиғлайвериб, бир аҳвол бўлди. Аллоҳнинг мўъжизасини қарангки, қизим ҳам тутилмай гапира бошлади, ўша кундан бери оиламиз тўкис бўлиб бахтли яшаяпмиз. Энг асосийсини айтайми (кулади), атирдан аллергия бўлмай қолдим. Яқинда ажабмаски, эр-хотин бир бўлиб атир-упа дўкони қуришга тушсак...