Номус ва фарзанд
Моҳигул НАЗАРОВА
Номус ва фарзанд
Ҳикоя
Дилафрўз эри Истамжон билан ишлаб кўпроқ пул топиб, қурилиши чала бўлган участкасини бутлаш мақсадида Россиянинг Саратов шаҳрига келди. Эри бу шаҳарда бир неча йилдан бери қурилиш ишлари билан шуғулланар, қишлоқларидан кўпгина йигитларни бу ерга олиб келиб, бригада тузиб, иш билан таъминлаган эди. Шу сабаб келганларининг иккинчи кунида-ёқ, Истамжон бошқа ҳамқишлоқ йигитлар билан шаҳар чеккасида дачалардан бирида қурилиш ва таъмирлаш ишларини бошлаб юборди. Дилафрўз бўлса ишчиларга овқат пиширадиган бўлди.
Дача 2 қаватли бўлиб, дастлабки қурилиш ишлари битган хоналарда яшаш учун имконият бор эди. Шу сабаб 3 та хонада ишчи йигитлар, яна бир хонада Истамжон ва Дилафрўз жойлашишди. Дачанинг эгаси барваста Юрий Владимирович ҳар икки-уч кунда келиб, қурилиш ашёлари билан бирга озиқ-овқат маҳсулотларини, сабзавотларни ташлаб кетарди.
Ўзларича мустақил яшашни ўрганаётган, энди шаҳар кўриб, дунёқараши ўзгараётган ва айни балоғат ёшида бўлган ёш қишлоқ йигитларидан айримлари Дилафрўздан яширинча енгилтак аёлларни дачага олиб келишадиган бўлишди. Буни сезиб қолган Дилафрўз эрига айтиб,уларнинг танобини торттиришга мажбур бўлди. Аммо қурилиш ишлари билан ҳаддан зиёд банд бўлган Истамжон йигитларга гапиравериб-уришавериб чарчади шекилли, охири индамай қўйди.
Унинг бу ҳаракати йигитларга ҳар хил таъсир қилди. Уларнинг кўписи ўзини йиғиб олди. Аммо биргина Соҳибжон дегани тийилмади. Аксинча,бир куни оқ-сариқдан келган Мафтуна деган ёшгина хушсурат тожик қизни дачага етаклаб келди. Маълум бўлишича, қурилиши битган қўшни дачада ижарада яшайдиган бу қиз билан Соҳибжон аллақачон танишиб, севишиб қолишибди. Энг ёмони қиз ҳомиладор бўлиб қолган экан...
Дилафрўзнинг бу ҳолатдан боши қотиб қолди. Истамжонга вазиятни ётиғи билан тушунтирди. Охири эр-хотин маслаҳатлашиб ёшларни никоҳлаб қўйишга қарор қилишди. ”Қишлоққа боргандан кейин ота-онасига ҳаммасини тушунтирамиз, кейин буёғи бир гап бўлар,” – деди Дилафрўз эрига. Тожикистоннинг тоғли туманидан бўлган Мафтунанинг ота-онаси аллақачон вафот этиб кетишган, қиз ҳамқишлоқ дугонасининг холасига қўшилиб ишлаш мақсадида Россияга келиб қолган экан. Хуллас, ҳар икки дачада яшовчи тожигу ўзбеклар биргалашиб дастурхон ёзиб, икки ёшнинг бошини қовуштириб қўйишди. Дачадаги хоналардан бири уларга ажратилди.
Ҳамма ҳангома никоҳдан кейин бошланди. Соҳибжон бу қизни энди қандай қилиб ўзи туғилиб ўсган қишлоққа олиб бориш ҳақида ўйлай бошлади. Унинг отаси кўп йиллар собиқ жамоа хўжалигида агроном бўлиб ишлаган, ҳозир нафақада чиққан, анча обрўли, қаттиққўл инсон эди. Онаси оддийгина уй бекаси бўлиб, уч қиздан кейин кўрган ўғлини папалаб ўстирганди. Соҳибжон 2 йил уриниб, олий ўқув юртига киролмаганди. Кейин эса жўраларига қўшилиб Россияга кетишидан олдин ота- онаси уни йўлдан қайтаришга кўп ҳаракат қилишган, аммо ёлғиз ўғил “Ёзда қайтиб келаман, бир икки сўм пул топай,” – деб уларни зўрға кўндирган эди.
Мафтуна охирги кунларда ҳомиладорлигининг таъсириданми ёки ўзлари қилиб қўйган ишнинг гуноҳлигини энди англадими, инжиқ ва йиғлоқи бўлиб қолди. Икки ёш тез тез уришишар, айрим ҳолларда Соҳибжон келинчакни бир икки шапалоқ уришдан ҳам тоймасди. ”Ҳаммасига сен сабабчисан, деб бақирарди у кўпинча. – Менга сен ҳам, боланг ҳам керакмас!”
Мафтуна бўлса унга ҳеч нима деб жавоб бермас, пиқиллаб йиғлаб ўтираверарди.
Истамжон кўпинча иш билан овора бўлгани сабаб уларнинг орасига тушиш, яраштириб қўйиш кўпинча Дилафрўзнинг зиммасида эди. Ўзларининг биттагина қизлари бўлгани боисиданми, Соҳибжоннинг айниқса “Менга боланг керакмас” – деган таънаси унга жуда қаттиқ ботарди. Чунки, у ёши 30дан ошган бўлса да, эри билан бошқа фарзанд кўришмагани, қанча даволанса-да, ҳозирча натижа йўқлиги сабаб, жуда сиқилиб юрарди. Аслида эрига қўшилиб Россияга келишининг сабабларидан бири ҳам шу эди.
Қайнонаси ҳар икки гапнинг бирида ёлғиз ўғлининг меросхўрсиз ўтиб кетиши мумкин эмаслигини гапиравериб, уни жуда зериктирганди.
Дилафрўз ўйлаб-ўйлаб ёшларни тинчлантиришнинг бир йўлини топди. Эрига ҳам гапнинг учини чиқарган эди, Истамжон “Ўзинг биласан,хотин” – дейишдан нарига ўтмади. Дилафрўз фикрларини жамлаб, нонуштадан кейин икки ёшнинг хонасига йўл олди.
Уларнинг эшиги олдига етгунча гапни нимадан бошлаш ҳақида ўйлаб келаётган Дилафрўз бирдан тўхтаб қолди. Чунки шу пайт хонадан яна йиғи овози эшитилаётганди. ”Менгаям бу бола керакмас, – дерди Мафтуна йиғламсираб. – Менга сиз кераксиз.”
– Сен бўлсанг менга умуман керак эмассан, – деди унга жавобан жеркиб Соҳибжон. ”Унда нега менга тегиндингиз?” – авжига чиқди Мафтунанинг йиғиси. Дилафрўз Соҳибжоннинг нима дейишини тахминан билгани учунми, бошқа чидолмади. Эшикни шаҳд билан очиб, ичкарига кирди.
– Ҳа, янгамулло сизни ҳам жонингизга тегдик-а, жанжал қилавериб? – деди Соҳибжон жилмайишга ҳаракат қилиб. Мафтуна бўлса юзини қўллари билан ёпганча диванда қимирламай ўтирар, кенг кўйлак остида қорни анча билиниб қолганди. Эшик очилганини эшитиб, у бирдан бошини кўтарди. Мафтунанинг кўзларидан оқаётган шашқатор ёшларни кўриб, Дилафрўз гапни нимадан бошлашни билмай қолди. Охири ўзини қўлга олиб, гап бошлади.
– Сизларга шу бола керак эмасми? – деди у кескинроқ овозда.
– Янгамулло, мен уни қандай қилиб қишлоққа олиб бораман, – деди Соҳибжон маҳзун. – Тўғри, мен нотўғри иш қилдим. Мен бошида айтдим, пулини ишлаб топиб бераман, шу болани йўқот деб... Аммо Мафтуна буни хоҳламади. Энди боласи билан бирга қандай кириб борамиз, ахир?
– Энди бу гаплардан ҳеч қандай фойда йўқ, – деб гап бошлади Дилафрўз жиддий оҳангда. – Мен ёнингизга бир маслаҳат билан келдим. Яхшиси, болани бизга беринглар. Соҳибжон, биласиз бизнинг биттагина қизимиз бор. Бу бола шу қизимизга йўлдош, ука бўлади. Аммо битта шарт, кейин ота-оналикка даъво қилмайсизлар. Буёғига бирга яшайсизларми ёки йўқми, бу масалани ўзларингиз ҳал қилинглар.
– Майли, – деди кутилмаганда Мафтуна. – Мен болани туғиб сизга беришга розиман...Менга отасиз боланинг ҳеч кераги йўқ. Ҳали эндигина 18 ёшга кирдим. Ота-онам бўлмаса. Бу одам мени ташлаб кетадиган бўлса, мен бир ўзим қандай эплайман бу болани?
Дилафрўзнинг сўзлари Соҳибжонга ёқиб тушди. Ҳозирги муаммоли вазиятдан чиқиш учун ҳамқишлоқ янгасининг бу таклифи уларга айни муддао бўлиб кўринди. Ёшлар туғилажак фарзандларини Дилафрўзга беришга рози бўлишди.
Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Мафтунанинг кўзи ёриди. Чақалоқ бўлимлигина ўғил бола бўлиб, оппоққиналиги онасига, қоп- қора қош, кўзлари отасига тортган эди. Уни туғруқхонадан олиб келган кун байрам бўлиб кетди. Дилафрўз ва Истамжон худди ўз фарзандларидай чақалоққа парвона эдилар. Унга Суҳроб деб исм қўйишди. Аммо шу кунларда яна бир кутилмаган воқеа юз берди.
Мафтуна чақалоқни ташлаб, бирдан қаергадир ғойиб бўлди. Соҳибжоннинг эса чақалоқ билан бўлари бўлди. Мафтунани изламаган жойи қолмади. Дилафрўз сунъий сут ва озуқалар билан чақалоққа бир илож қилиб қараётган бўлса-да, энди буёғига нима қилишни ўйлаётганди. Аслида у чақалоққа ота-онасининг меҳри тушса, яшаб кетишларидан умидвор бўлиб асраб олиш ҳақидаги гапни, тўғрироғи ҳийлани ўйлаб топган эди. Лекин унинг кутгани юз бермади.
Уч кундан кейин кутилмаганда Мафтуна пайдо бўлди. У дача дарвозасини очган Дилафрўзни маҳкам қучоқлаб олганича ҳўнграб йиғларкан, ”Мени кечиринг, опажон..”, – дея олди холос. Айтишича, юртига кетмоқчи бўлиб, эрининг чўнтагидан пул олибди. Вокзалга бориб, поездга чипта олгач, ўғилчасининг кўзларини, йиғисини эслаб, кетолмабди. Чиптани йиртиб ташлаб, орқасига қайтибди. У йиғламсираб ҳикоя қилаётган пайтида, ичкаридан йиғлаётган чақалоқни кўтариб чиққан Соҳибжон Мафтунани кўриб қотиб қолди. Кейин Суҳробжонни бағрига маҳкам босиб, уларга яқинлашди.
– Қаерда эдинг, – деди у Мафтунага қаттиқ тикилиб. – Боламизни ўйламадингми?
– Мен... мен сиз боланг менга керакмас, деганингиз учун кетмоқчи бўлдим, болангизни ўзингизга ташлаб. Аммо кетолмадим... Мафтуна энтикканча шу сўзларни айтаркан, яна ҳўнграб юборди. – Суҳробжонимни кўзлари, меҳри мени кетишга қўймади. Сўнг қўлларини чўзиб, Соҳибжонга яқинлашди. – Беринг менга уни...
Дилафрўз бир сўз демай, уларга қараб тураркан, кўзларидан оқаётган ёшни сезмасди гўё. “Кўнглида оналик меҳри уйғонибди. Ахир мен шуни хоҳлагандим-ку,аслида” – деб ўйлади ўзича. Соҳибжон бўлса ҳеч нарса демай, хотинига бироз қараб турди-да, болани узатди. Мафтуна чақалоқни бағрига маҳкам босганича, хоналарига кириб кетди.
– Соҳибжон, сиз ота-онангизнинг нима дейишларини, сизларни қандай қарши олишларини ўйламанг, – деди Дилафрўз оҳиста. – Биз ўзимиз акангиз билан бирга бориб, ҳаммасини бафуржа тушунтирамиз.
– Янгамулло, ота-онам бу гапларни ҳаммасини эшитишибди. Ҳамқишлоқ жўраларимдан Алишер уйига телефон қилиб, бу ердаги гапларни онасига айтган экан, бу гап бир кун ўтмай ота-онамнинг қулоқларига етиб борибди. Қишлоқчиликни биласиз, бунақа гап тез тарқалади. Дадамнинг аввалига роса жаҳллари чиқибди-ю, кейин бироз ҳовурларидан тушибдилар, – деди Соҳибжон хўрсиниб. – Бугун эрталаб тоғам телефон қилди. Онам йиғлаб, тоғамникига борибди. Суҳробжоннинг туғилганидан ҳам хабар топишибди. ”Олиб келсин ҳар иккисини, тўйини қилиб берамиз,” – дебдилар онам. Аммо қилган ишимдан жуда уяляпман, янгажон...
Дилафрўз бу воқеанинг хайрли якун топаётганидан хурсанд бўлиб кетди. Соҳибжонга таскин берган бўлиб, хонасига кирди. У ёқ-бу ёқни йиғиштирган бўлди. Кейин Мафтунанинг ёнига борди. Мафтуна ҳам хушхабарни эшитган шекилли, бир сўз демай уни маҳкам қучоқлаб олди. ”Опажоним, сиз менга онамдай яқинсиз, – деди шивирлаб. – Агар сиз бўлмасангиз, билмадим биз нима қилардик...”
Дилафрўз кайфияти яхшиланиб, уларнинг хонасидан чиқди. Воқеаларнинг яхши томонга ўзгараётганидан кўнгли ойдинлашганди. Ўзини анчадан бери қийнаб юрган муаммонинг ўйлаганидан осонроқ ҳал бўлаётганидан қувонди.
Дилафрўз дачанинг орқа томонида ишлаётган эри бошлиқ ишчиларга тушликка овқат қилиш мақсадида ошхонага борди. Қозонга ёғ соларкан, назарида кўнгли айнигандай бўлди. ”Наҳотки, Худойим мени ўз ниятимга етказаётган бўлса, кошкийди... ”Шу ўйдан баданига енгил титроқ югуриб, боши айланиб кетди...