АБОНЕНТ... ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА!


АБОНЕНТ... ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА!
ҳикоя

    Холисхоннинг эри Баҳодир тез-тез сафарга бориб турарди. Геолог бўлгандан кейин боради-да. Холисхоннинг ўзи кўриб-билиб шу одамга теккан. Бир сафар Холисхонни ҳам сафарга олиб кетган. Шу-шу унда бирон марта бўлсин, эрига нисбатан шубҳа уйғонмаганди. Турмуш қуришганига мана ўн йилдан ошди. Бир қиз, бир ўғил фарзанд кўришди. Аммо Яратган ҳаммани ҳам бир синовдан ўтказар экан-да!
    Ўшанда эри “сафарга...”, деб чиқиб кетганига бир ҳафтача бўлиб қолганди. Кутилмаганда тепадаги қўшниси Маҳбубахон ҳовлиқиб келиб қолса бўладими?!

БИРИНЧИ КУН

    Кўриниши ғалати: кўзлари ола-кула, лаблари қийшайиб кетган. Холисхон чопганча унга сув олиб чиқди.
– Эс-песимни чиқариб юбордингиз, тинчликми қўшни?
    Маҳбуба дугонаси келтирган сувни қулт-қулт ичиб бўлиб, ёқасини тишлади.
– Астағфируллоҳ, эй худо ўзинг асра! – деди у аввал. Кейин Холисхонга юзланди:
– Анави “расво” қани?
    Холисхон атрофига аланглади. Ҳайрон бўлди.
– Кимни айтяпсиз?
– Кимни бўларди, эрингизни-да!
– У киши...сафарга кетган! – Холисхон яна ҳеч нимага тушунмади. Бир чеккаси эрини “расво” деб ҳақорат қилгани учун қўшнисидан жаҳли чиқди.
– Сафарга-я, сафарга! – калласини ликиллатиб, лабини бурди аёл. – Сиз бу ерда “сафарга” деб лаллайиб ўтираверинг, хўпми?! У ёқда эрингиз... оқ Жигулисида малласоч хоним билан ўпишиб юраверсин! Ўз кўзим билан кўрдим...
– А? – Холисхон қўрқиб кетди. Оёқ-қўли бўшашиб, кираверишдаги трюмога ўтириб қолди. Энди Маҳбуба пиёлада қолган сувни Холисхоннинг юзига пуркади.
– Дори-порингиз бўлса, ичиб олинг, буёғи унданам даҳшат! Яхшиси, аптекачи Дилоромни чақира қоламиз... 
    Икки аёл бир-бирини қўлтиқлашиб меҳмонхонага ўтди. Холисхон юмшоқ диванга ўтирар экан, бошини чангаллади.
– Шунга экан-да! – деди у йиғламсираб. – Телефон қилсам, нуқул “абонент хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида”, дейди. Неча марта қилдим, жавоб йўқ. Болам-чақам қандай ўтирган экан деб қизиқмайдими, одам деган!? “Пропушен”ни кўриб, қайта қилса ҳам бўлади-ку!
– Ўша экани аниқми? – кўзлари каттариб қайта сўради Холисхон. Унинг ҳамон ишонгиси келмаётганди. Маҳбубанинг энсаси қотди. Бўялган қошларини чимириб, деди:
– Тўчна ўша! Уят ҳам йўқ экан эрингизда, – гапида давом этди у. – Машинани дарахт панасига қўйиб, куппа-кундуз куни ялашиб-юлқашиб ўтиришибди. Бориб шартта эшикни очдим:
– Баҳодир ака, ҳов қўшни, уялмайсизми, – дедим бошимни сараклатиб. У бўлса танимасликка олди. “Ўв хола, эшикни нарёғидан ёпиб қўйинг”, – дейди-я, сурбет. 
– Ҳали кўрасан, хотинингга айтмасамми?! – дедим мен ҳам ер депсиниб.
– Нима девос, хола-пошша, ман ҳали уйланмаганман! – деса бўладими?! Ёнидаги малла сочнинг юбкаси манави ердан, – аёл юбканинг калталигини қўли билан кўрсатди. – Без бўлиб ўтирибди...Уялмаганлар! Лекин эрингиздан кутмагандим буни...
   Холисхон “ув” тортиб йиғлаб юборди. Тепадаги қўшни бирпасда қути-қути дори кўтариб тушди. У ҳам Холисхонга ачинган бўлди.
– Энди, опа, дорилар қутиси минам сотилади-да. Истресс ёмон нарса – ҳамма касалнинг боши. Бир курс “лечена” олмасайиз бўлмайди! – деди. У Холисхонга дори ичириб, укол ҳам қилиб қўйди.
– Дориларнинг пулини эртага берсайиз ҳам бўлаверади! – саховатпешалик қилди у эшикни ёпаётиб.

ИККИНЧИ КУН

    У бугун ишга бормади. Бошини танғиб, касалман, деб ётиб олди. Болалари мактабдан қайтганида, у бир аҳволда ўтирарди. Ҳиссиз кўзлари эшикка қадалган, қўлида уяли телефон... У ҳар сонияда эрининг рақамини терар, у ёқдан бир жикиллаган қиз: “Абонент хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида...”, дебгина чарчамасди. Назарида шу қиз ҳам эрининг хиёнатига шерикдай туюлиб кетди. Жаҳл билан телефонни деворга қаратиб отди-ку! 
    Қизи югуриб меҳмонхонага кирганида, телефон аппарати гиламда сочилиб ётарди.
– Бу бемаза матоҳни ким ўйлаб топган? – ўзини оқламоқчи бўлиб деди Холисхон. – Шуям матоҳми?
– Дадамга сиқиляпсизми? – деди қизи гап нимада эканини тушуниб. – Тоғда ўзи телефон олмайди-ку, ойи. Сабр қилинг, ўзлари телефон қиладилар. Шунга телефонни синдириш шартмиди?!
   Қизи телефоннинг сочилиб кетган батарейкаси-ю, сим картасини солиб, бутлади-да, жимгина онасининг олдига қўйди. 
– Дадангни гапирма, менга. Қаердан келган бўлса, ўша ёққа кетади! Ундан кўра укангга қара, бир нима жиз-биз қил. Аҳволимни кўряпсан-ку!
    Шу пайт эшик жиринглаб, қўшни подъезддаги Вазира опа кириб келди. Қўлида катта сумка. Бу аёл ҳам унга ачинди.
– Вой, тавба-ей, эрингизни эшитиб, ёқа ушлабман. Ҳеч ким “ўшанақа” демайди уни. Қўли кўксидан тушмасди-я! Ярамас, писмайиб ишини битириб юрган экан-да! 
    Бу гаплардан Холисхоннинг баттар юраги сиқилди. Пиқ-пиқ йиғлашга тушди.
– Эрингиз чиройли аёл билан маишатини қилсин, сиз бу ерда йиғлааб ўтиринг. Э, бўмапти, бу ишийз! Ундан кўра, “турецский” халатлардан кўринг, мана. Аёл деган уйдаям ёниб юрсин! Битта-яримтасининг юрагига “ўт қўйинг”, ана! Ўша ярамас эрийз, оёғингизга йиқилмаса, “опа” деманг мени!
    Холисхон жим бўлиб қолди. Кейин сумкага имо қилди.
– Қани кўрсатинг-чи, нималарингиз бор?
– Мана бу бошқа гап! – Вазира опа сумкасидаги нарсаларни кўз очиб юмгунча диванга тахлаб қўйди. Холисхон уларни кийиб ўзини ойнага солди. 
– Бай-бай-бай! – бошини сараклатди Вазира опа унга суқланиб қараркан. – Сиздай лобар аёлни билмаган эрнинг кўзи кўр бўлсин, илоё!
     Вазира опа иккита фалон пулли халатини сотганидан мамнун йўлакка чиқди.
– Пулини маош олганизда берарсиз, айланай! Сиздай лобар аёлга текин берсам ҳам арзир эди-ку, лекин, шерикларим бор-да, – деди у. 

УЧИНЧИ КУН

    Холисхон эрига телефон қилмасликка онт ичганди. Аммо телефон тугмачасини қандай босиб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. “Абонент хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида...” миясига тақиллатиб деди ўша қиз. Ярамас!!! У телефонни деразадан кўчага улоқтирди...Кўрмай ҳам, куймай ҳам деди...
    Ҳартугул, бугун ишга чиқиб, анча чалғиди. Лекин уйга қайтгач, яна яраси янгиланди. Кеча олган халатини кийди-ю, йиғлаб юборди. Шу пайт эшик жиринглаб қолса бўладими?! У кайфиятсиз эшикни очди. Қараса, ён подъезддаги қўшниси Лобар опа қўлида каттагина сумкаси билан турибди. Буни кўриб ҳайрон бўлди.
– Эрингизни эшитдим... – деди у йиғлагудай бўлиб. – Бошидан ўтган табиб дейдилар-ку! Бу эркак зотининг ҳаммасига қирғин келсин! – қарғанди у. 
– Кетса-кетаверсин, ўшанингиз! Ҳали минг пушаймон бўлади, мана мени айтди, дерсиз. Йиғлаб, ёлбориб қайтиб келади!
– Келса ҳам киргизмайман! – алам билан деди Холисхон.
– Қўйинг, йиғламанг, садқаи кўз ёшингиз кетсин! 
– Вой-ей, пиёздоғ қиляпсизми? – кутилмаганда деди аёл. –  Ҳиди гуркураб кетди-я. Дездорант-пездорант сепасизми, ўзи?
     Холисхон халатини ҳидлаб кўрди, кейин савол назари билан қўшнисига қаради. 
– Пиёздоғ қилмаяпман. Ҳиди ҳам келмаяпти...
    Лобар опанинг қошлари чимирилди.
– Бурнингиз ҳид сезадими, ўзи? Ҳозир эркакларам атирга чўмилиб юрипти-ку! Сиз бўлсангиз...
– Манави сочни қаранг энди! Сочми бу, отнинг думими? Яна йиғлаааб ўтирибсиз. Пиёздоғ бадига уриб, қочган-кетган-да?! Атирларнинг “дода”си менда, айланай! Сиз бўлсайиз, пиёздоғ ҳидига ботиииб ўтирибсиз! Шуни ҳам сизга раво кўрмадими, у нокас!
     Холисхон ялт этиб қўшнисига қаради. Балки у ҳақдир?! Эри доим атир суртманг, табиий ҳидингиз ёқади, дерди. Алдаган! Атирга пул кетмасин, деган. Бу мунофиқнинг у билмайдиган яна қанақа нағмалари бор экан-а?
– Қани кўрсатинг-чи, атирларингизни? – сўради Холисхон дадилланиб.
    Жабрдийда бу қўшнисидан атирга қўшиб, шампун, соч бўёғи, қалам, юзига ҳар турли кремлар сотиб олди.
– Пулини... кейинги маошдан берарсиз, – деди қўшниси ҳижолат чекиб.  – Бу ойгисини халатга берармишсиз-ку. Бунақа кунда биз қўшнилар ярамасак, ким ярайди, гиргиттон!
– Тепадаги Мунирани айттириб юбораман. Сочингизни турмаклаб, пардоз қилиб қўяди, – кетаётиб деди у.

ТЎРТИНЧИ КУН

     Қўшни “дом”даги Саломат шиппак кўтариб чиқди. Холисхон халатига мос рангини танлаб олди.

БЕШИНЧИ КУН

     Тўртинчи қаватдаги Тамара опа уни кўчада кўриб қолиб, йиғлаб кўришди.
– Яқинда Туркиядан келувдим. Эрингизни эшитиб, анграйиб қолибман... – деди у йиғламсираб.
– Парво қилманг, ҳамма эр ҳам бир айнийди, ўзи. Поччангиз ҳам хўп куйдирган, бир пайтлар! Мана энди ўтирибди, “онаси-онаси” қилиб. 
– Ҳаммаси ўтиб кетади, – Тамара опа уни юпатди. Кейин Холисхоннинг қоматини чамалаб туриб деди. – Сизга мос бир “даҳшат” кўйлагим бор. Ҳали кечқурун олиб чиқаман...

ОЛТИНЧИ КУН

     Бешинчи “дом”даги Нафисадан сумка билан кўйлагига мослаб туфли сотиб олди. Нафиса ҳам унга роса ачинди.

ЕТТИНЧИ КУН 

     Кўп қаватли уйдаги қўшнилар йиғилишиб, зиёратга борадиган бўлишди. Аёллар Холисхонни ҳам қўярда-қўймай зиёратга олиб кетишди. Одам қанча кўп бўлса, автобус арзонга тушар экан-да...
    Аммо автобус қайтишда уйгача олиб келмади. Жанубий вокзалга ташлаб кетди. Хотин-халаж қий-чув қилиб, такси тўхтатишди. Келиб-келиб Холисхон таксига сиғмай қолса бўладими?! 
     “Таксига пулингиз борми?”, – деб ҳам сўрашмади-я... У вокзалда анча тентираб юрди. 
    Яхшики, кимдир уни ортидан таниб чақирди.
– Холисхон, Холис... – аёл овоз келган томонга ўгирилди. Ўгирилиб  қаради-ю, қотиб қолди.  Чунки шундоқ рўпарасида тоғма-тоғ юрадиган коржомасида эри турарди. Чангу лой бўлиб кетганидан оқ Жигулини таниб бўлмасди. Холисхоннинг юраги зирқ этди. “Ростдан ҳам тоғдан келяптими?!”
– Кеч кирганда вокзалда нима қилиб юрибсан? – ҳайрон бўлди эри. –Телефон қиламан, кўтармайсан?!
– Ўтир машинага!!!

САККИЗИНЧИ КУН

     Холисхоннинг қўшниси Маҳбуба иш билан яна ўша жойга борди. Қараса, таниш оқ Жигули дарахт панасида турибди! Ичида қўшниси бир малласоч аёл билан...
   Маҳбуба Холисхоннинг уйига қандай етиб келганини билмай қолди. Жаҳл билан қўнғироқни басма-бас жиринглатди. Эшик очилиб, остонада унинг эри пайдо бўлди. Уни кўриб, Маҳбубанинг тили айланмай қолди. 
– Янглишибман, шекилли! – деди-ю, айбдор кишидай бўйнини қисиб, секингина пастга тушиб кетди.

ТЎҚҚИЗИНЧИ КУН  

    Холисхонга эри янги телефон олиб берди. Аммо у барибир ишламайди. Қўнғироқ қилишингиз билан бир жикиллаган қиз: ”Абонент хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида!”, – дейди. Чунки... Холисхоннинг қўшнилари қарзини сўрайвериб, жонига тегиб кетишди-да!

Мавлуда ИБРОҲИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот